Хорижий мамлакатлар суд қарорларининг тан олиниши ва ижрога қаратилишининг ҳуқуқий асослари
Ҳар кимнинг, шу жумладан, халқаро иқтисодий фаолият иштирокчиларининг суд орқали ҳимояланиш ҳуқуқи Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси (15, 24, 55, 139-моддалари), қонунчилик ҳужжатлари, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормалари ва тамойиллари ҳамда халқаро шартномалар билан тан олинади ва кафолатланади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 15-моддасига кўра Конституция мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эга, тўғридан-тўғри амал қилади ва ягона ҳуқуқий маконнинг асосини ташкил этади.
Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принцип ва нормалари билан бир қаторда Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқий тизимининг таркибий қисмидир.
Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг қонунида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаси қоидалари қўлланилади.
Шунга кўра иқтисодий судлар томонидан чет эл ташкилотлари, халқаро ташкилотлар, чет эл фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар иштирокидаги ишларни кўришда, шу жумладан чет эл давлат суди ёки арбитраж қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш, шунингдек чет давлат судининг топшириғини бажариш тўғрисидаги ишларни кўришда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Нью-Йорк шаҳрида 1958 йил 10 июнда имзоланган “Чет эл мамлакатлари ҳакамлик қарорларини эътироф этиш ва ижро этиш тўғрисида”ги Конвенция, Киев шаҳрида 1992 йил 20 мартда имзоланган “Хўжалик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ низоларни ҳал этиш тартиби тўғрисида”ги Битим, Минск шаҳрида 1993 йил 22 январда имзоланган “Фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий муносабатлар ва ҳуқуқий ёрдам тўғрисида”ги Конвенция, Кишинев шаҳрида 2002 йил 7 октябрда имзоланган “Фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам ва ҳуқуқий муносабатлар тўғрисида”ги Конвенция, Гаага шаҳрида 1954 йил 1 мартда имзоланган “Фуқаролик процесси масалаларига доир” Конвенция, ҳуқуқий ёрдам бериш ҳақидаги Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари, Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонунчилик ҳужжатлари, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган тамойилларига амал қилишлари лозим.
Шу маънода судлар низоли ишларни кўришда, авваламбор, Конституция билан халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормаларининг устуворлиги тан олинганлигига, Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган халқаро шартномалар миллий қонунчилик нормаларидан устун эканлигидан келиб чиқиб, одил судловни амалга оширишлари, унга риоя қилмаслик эса муайян низонинг нафақат нотўғри ҳал қилинишига ва суд ҳужжатининг ўзгартирилиши ёки бекор қилинишига, айни пайтда, бу давлат томонидан халқаро шартномавий мажбуриятлар бажарилмаслигига ҳам сабаб бўлишига алоҳида аҳамият бериши керак. Чунки, суд қарорининг қонунийлиги ва асослилиги нафақат миллий қонунчилик, балки халқаро ҳуқуқ нормасига мувофиқлиги билан ҳам белгиланади.
Иқтисодий процессуал кодекснинг 248-моддаси биринчи қисмига кўра чет давлатлар судларининг ва арбитражларининг иқтисодиёт соҳасида юзага келадиган низолар ҳамда бошқа ишлар бўйича қабул қилинган ҳал қилув қарорлари, агар бундай қарорларни тан олиш ва ижрога қаратиш Ўзбекистон Республикасининг тегишли халқаро шартномалари ҳамда қонунчилигида назарда тутилган бўлса, улар Ўзбекистон Республикаси иқтисодий судлари томонидан тан олинади ва ижрога қаратилади.
“Хўжалик фаолияти амалга оширилиши муносабати билан юзага келувчи низоларни ҳал этиш тартиби тўғрисида”ги Битим (Киев, 1992 йил 20 март) 7-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги иштирокчиси бўлган давлатлар ваколатли судларнинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарорларини ўзаро тан олади ва ижро этади.
Ҳусан Турсунов, Қашқадарё вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судьяси












