Қарши туманлараро иқтисодий суди судьялари томонидан “Инсон ҳуқуқлари – олий қадрият” мавзусида учрашув ташкил этилди

Қашқадарё вилоят Юридик техникумида “Инсон ҳуқуқлари – олий қадрият” мавзусида учрашув ташкил этилди. Унда Қарши туманлараро иқтисодий суди раиси Л.Абдуллаев, судьялар У.Латипов, Ж.Ачилов, юридик техникуми ўқитувчилари ва талаба ёшлар иштирок этишди.

Тадбирда сўзга чиққан судьялар Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПҚ-46-сонли Қарорига мувофиқ, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш, ҳимоя қилиш ва уларга риоя қилиш масалалари давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланиши, инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси доирасида шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларни таъминлаш борасида мақсадли чоралар амалга оширилаётганлигини таъкидлаб ўтишди. Шунингдек, инсон ҳуқуқлари соҳасида таълимни такомиллаштириш юзасидан ёшларни тенглик, инсон ҳуқуқларига амал қилиш ва камситмаслик руҳида тарбиялаш ҳамда инклюзив, тинч ва осойишта жамиятни яратишга имкон берувчи таълим беришга қаратилган вазифалар белгилаб берилганлиги хусусида ҳам ўз фикр ва мулоҳазаларини билдиришди.

 

Қашқадарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими

Қашқадарё вилоят суди томонидан “Коррупция – ривожланишимизга тўсиқ” мавзусида йиғилиш ташкил этилди

Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитга салбий таъсир кўрсатадиган коррупциявий омилларга қарши муросасиз курашиш ва жамиятда қонун устуворлигини таъминлашга барча бирдек масъулдир. Бу борада эса коррупциянинг келиб чиқишига имкон яратаётган шарт-шароитларни ўз вақтида бартараф этиш муҳим саналади. Қашқадарё вилоят суди томонидан “Коррупция – ривожланишимизга тўсиқ” мавзусида йиғилиш ташкил этилди.

Қашқадарё вилоят судида судьялар ва ходимларнинг оила аъзолари билан ҳамкорликда уларнинг касбий маҳоратини ошириш, коррупция ва хизмат мавқеини суистеъмол қилиш ҳолатларининг олдини олишга қаратилган доимий равишдаги ҳамкорлик йўлга қўйилган. Ташкил этилган навбатдаги йиғилишда ҳам вилоятдаги судлар судьялари, ходимлари ва уларнинг оила аъзолари иштирок этишди.

Йиғилишда судья ва суд ходими, ҳалол, ҳақиқатпарвар, ўзининг шахсий манфаатларини жамоатчилик манфаатлари билан мослаштириб бориши, шунингдек меҳнатсеварлик, хушмуомалалик, адолатли қарор чиқариш каби фазилатларини ўзида сингдириши ва аҳлоқий иммунитетини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратиши лозимлиги таъкидланди.

 

Қашқадарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими

Қашқадарё вилоят судида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонининг мазмун-моҳиятига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди

Маълумки, 2023 йилнинг 16 январ куни Президентимизнинг “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Мазкур Фармонда суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, судлар фаолияти самарадорлиги ва одил судлов сифатини оширишга қаратилган кенг қамровли чора-тадбирлар белгиланди. Қашқадарё вилоят судида Фармоннинг мазмун ва моҳиятини ўрганиш юзасидан йиғилиш бўлиб ўтди.

Президентимиз томонидан 2023 йил 16 январда имзоланган иккита тарихий ҳужжат – “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳамда “Одил судлов фаолиятини амалга оширишни самарали ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонлари суд-ҳуқуқ соҳасидаги муҳим қадамлардан бири бўлди. Ташкил этилган йиғилишда сўзга чиққанлар мазкур фармоннинг мазмун ва моҳияти ҳақида ўз фикр ва мулоҳазаларини билдиришди.

 

Қашқадарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими

Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашнинг муҳим омили

Янги Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс даври пойдеворини яратишда, энг аввало, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, уни олий қадрият даражасига кўтариш муҳим аҳамият касб этади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатли ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар янги босқичга кўтарилиб, давом эттирилиши маълум қилинди. Унга кўра, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш давлатнинг конституциявий мажбурияти сифатида белгиланиши лозимлиги, суд-ҳуқуқ тизимида адолат ўрнатиш бўйича кўплаб ишлар амалга ошириш кераклиги, шу билан бирга, одил судловни таъминлаш бўйича ҳали қўлимиз етиб бормаган масалалар жуда кўплиги, афсуски, ҳозир ҳам тергов сифати пастлиги, судларда одамларнинг оворагарчилиги, суд қарорлари ижро этилмай қолаётгани билан боғлиқ ҳолатлар учраётганлиги алоҳида таъкидланди.

Шунингдек Мурожаатномада қисқа муддатда ҳуқуқ-тартибот идораларини янгича ишлашга ўргатадиган, одил судлов сифатини оширадиган тизим яратилиши, энг аввало, одамларимизнинг жойларда судма-суд сарсон бўлиб юришларига барҳам берилиши бунинг учун адолатли ҳукм ва қарор чиқариш бўйича вилоят судларининг ваколати ҳам, масъулияти ҳам оширилиши илгари сурилди. Тинтув ўтказиш, телефон сўзлашувини эшитиш ва мулкни хатлашга санкцияни прокурордан судга ўтказилади. Энди терговчи жиноятга алоқадор деб, ҳар қандай мулкни ҳатлаб қўя олмайди. Бундан буён мулк ҳуқуқини чеклашга оид ҳар қандай ҳаракат фақат суд орқали бўлади. Тергов сифатини ошириш бўйича ҳам тизимли чоралар кўрилади. Тергов шахсни айблаш учун эмас, жиноятни фош этиш орқали ҳақиқатни аниқлаш учун ишлаши керак.

Шу билан бирга судда ишларни кўришда қатнашадиган алоҳида прокурорлар корпуси шакллантирилади. Улар махсус ўқитилади, ишни судда кўришда холис, мустақил бўлиши қонун билан белгиланади. Одил судловни таъминлашда ҳимоячига берилган ҳуқуқлар ҳам қайта кўриб чиқилиб, етмайдиган ваколатлар берилади. Энди судларга жиноят иши фақат айблов хулосаси билан эмас, балки ҳимоячининг фикри билан бирга қабул қилинади. Айбланувчининг ҳимоячидан воз кечиши бўйича ҳар бир ҳолат прокурор, суд томонидан синчиклаб ўрганиладиган тизим жорий қилинади.

Зеро, давлат ва жамиятни тубдан модернизация қилишда, энг аввало, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, суд мустақиллигини таъминлаш, одил судловга эришиш, қонунийликни мустаҳкамлаш муҳим аҳамият касб этади.

Илғор хорижий тажрибалар асосида маъмурий судлар фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш, маъмурий судларга ҳоким қароридан норози бўлиб мурожаат қилинган тақдирда, ишларни экстерриториал тартибда, яъни бошқа ҳудудда ҳам кўриш амалиёти жорий қилинади. Вазирлар ҳам, ҳокимлар ҳам бир ҳақиқатни яхши тушуниб олиши керак. “Ўзбекистонда мулк ва инвестициянинг ҳимоячиси қайсидир ҳоким ёки вазир эмас, фақат Конституция, қонун ва суд бўлади. Бу борада Халқаро тижорат судини Ўзбекистонда ташкил қилиш бўйича ҳам амалий ишлар бошланди. Юқоридаги барча ташаббусларни Конституцияда тўғридан-тоғри муҳрлаб қўйиш лозим”, – дейилди Мурожаатномада.

Ҳақиқатан ҳам бундай муҳим ўзгаришлар, судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, айниқса, суд бирон-бир мансабдор шахснинг қўли етадиган идорага айланиб қолишига мутлақо йўл қўймаслик, судга босим ўтказгани учун жавобгарликни кучайтиришга қаратилган чоралар соҳа ходимларининг ўзига бўлган ишончини оширди.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш керакки, суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакатимизда қонун устуворлигини ва ижтимоий адолатни, фуқаролар тинчлиги ва тотувлигини таъминлашга қаратилгани билан алоҳида аҳа­мият касб этади.

 

Музаффар Раупов, Қашқадарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судяси

16 нафар маҳкумга нисбатан инсонпарварлик далолатномалари қўлланилди

Жиноят ишлари бўйича Муборак туман судида бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида бир гуруҳ маҳкумларга нисбатан инсонпарварлик далолатномалари қўлланилди. Очиқ суд мажлиси давомида Муборак туманида жойлашган 33-сонли манзил-колонияда озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаётган 16 нафар маҳкумларга нисбатан инсонпарварлик далолатномалари қўлланилди.

Жумладан, 3 нафар маҳкумнинг Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 73-моддасига асосан муддатидан илгари шартли озод қилинди. 13 нафар маҳкумларнинг жазолари эса Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 74-моддасига асосан ахлоқ тузатиш ишлари жазоларига алмаштирилди ва ўз оиласи бағрига қайтди.

 

Қашқадарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими

Skip to content