Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 15-моддасига асосан Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларининг устунлиги сўзсиз тан олинади.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эга, тўғридан-тўғри амал қилади ва ягона ҳуқуқий маконнинг асосини ташкил этади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 55-моддасига кўра ҳар кимга бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш учун унинг иши қонунда белгиланган муддатларда ваколатли, мустақил ҳамда холис суд томонидан кўриб чиқилиши ҳуқуқи кафолатланиши белгиланган.
Шу маънода, иқтисодий судлар томонидан иқтисодий суд ишларини юритишнинг энг муҳим вазифаларидан бири ҳам корхона, муассасалар, ташкилотлар ва фуқароларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишдир.
Бугун тадбиркорларнинг қонуний манфаатлари устуворлигини таъминлаш, уларнинг эркин фаолият кўрсатиши учун ҳар томонлама имконият яратиш, қонун ҳужжатларида тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган барча бартараф этиб бўлмайдиган зиддиятлар ва ноаниқликларга чек қўйиш, суд идоралари, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар фаолиятининг энг асосий йўналишларидан бирига айланди.
Бошқача айтганда, иқтисодий судлар томонидан ҳам тадбиркорлар билан давлат органлари, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар ўртасидаги низоларни кўриб чиқишда тадбиркорлик фаолияти субъекти ҳуқуқларининг устуворлиги принципига алоҳида эътибор қаратилаётганлиги натижаси ўлароқ айрим давлат органлари томонидан тадбиркорларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлинаётганлиги ҳам бор гап.
Хусусан, суд Қашқадарё вилоят Божхона бошқармаси ва “CKD-Xamkor” хусусий корхонаси ўртасида 69 509 780 сўм миқдорида божхона тўловини ундириш билан боғлиқ низоли ҳолатлар бўйича ҳам ана шундай хулосаларга келиб, пировардида тадбиркорлик субъекти ҳуқуқининг устуворлиги таъминланди.
Кези келганда шуни ҳам айтиш жоизки, божхона идоралари ва тадбиркорлар ўртасидаги даъволар шунчаки оддий низо бўлиб қолмасдан ишни кўрувчи ҳар бир судьядан соҳага оид биргина Кодекс ёки Қонунни эмас, балки кўплаб Қонун ва қонуности ҳужжатларини эринмасдан кўриб чиқишни, тарафларнинг важларини обдон ўрганиб чиқишни ва иш ҳужжатларини синчиклаб текширишни тақозо этади.
Гап шундаки, биринчи инстанция судининг 2024 йил 27 февралдаги ҳал қилув қарори билан даъвогар вилоят Божхона бошқармасининг даъво талаби қаноатлантирилиб, жавобгардан 69 509 780 сўм сўм божхона тўлови ундирилган.
Бундан норози бўлиб берилган апелляция шикоятида келтирилган важлар далиллар асосида судлов ҳайъатида атрофлича ўрганиб чиқилиб, охир-оқибатда тадбиркорнинг ҳақли эканлиги, божхона тўлови асоссиз ҳисобланганлиги ва ундирилганлиги аниқланди.
Хўш, бунинг сабаб ва омиллари нимада эди, келгусида бундай тоифадаги ишларни кўришда шундай хато ва камчиликларга такроран йўл қўймаслик учун нималарга жиддий эътибор қаратишимиз лозим бўлади?
Суд муҳокамаси давомида аниқланган ҳолатларга кўра “СKD-Xamkor” хусусий корхонаси номига Туркманистон давлатининг “Камил Топар” корхонаси томонидан юк ҳужжатлари асосида оғирлиги 161 250 кг.га тенг бўлган “Битум нефтяной дорожный вязкий марки МБК-Г-55” товари юборилган бўлиб, “СKD-Xamkor” хусусий корхонаси томонидан тақдим қилинган юк ҳужжатлари яъни Бирлашган Араб Амирлигининг “Kartech Trade Fze” ташкилоти томонидан берилган инвойис асосида товарнинг фактура қиймати ҳар бир тоннаси учун 420 АҚШ долларида 10007/26.09.2022/0002668 ва 10007/12.10.2022/0002806-тартиб рақамли божхона юк декларациялари (кейинги ўринларда БЮД) билан “Эркин муомалага чиқариш” (Им-40) божхона режимига расмийлаштирилган.
Вилоят божхона бошқармаси товарлар “Эркин муомалага чиқариш” божхона режимига расмийлаштирилганидан сўнг 2023 йил 13 февраль куни “товарлар чиқариб юборилганидан кейинги божхона назоратини ўтказиш ҳақида” қарор қабул қилиниб, ушбу қарор асосида 10007/26.09.2022/0002668 ва 10007/12.10.2022/0002806-тартиб рақамли БЮДларни расмийлаштириш жараёнида тақдим этилган юк кузатув ҳужжатлари ва маълумотлар қайта ўрганиб чиқилиб, товарнинг қийматига аниқлик киритиш мақсадида Туркманистон Республикасининг Божхона хизматига халқаро сўровнома юбориш учун Божхона қўмитасига 2023 йил 25 февралдаги 4/04-23-0629-сонли хат юборилган.
Туркманистон Республикаси Божхона хизматининг 2023 йил 15 майдаги 03/1653-сонли жавоб хати ва унга илова қилинган ҳужжатлар (инвойс, экспорт БЮД)да “Камил Топар” корхонаси томонидан юборилган товарларнинг қиймати ҳар бир тоннаси учун 2366 Туркман манати (676,9 АҚШ доллари)да эканлиги маълум қилинган.
Шунга кўра, божхона органи томонидан 2023 йил 07 июнда комиссиявий хулоса тайёрланиб, хусусий корхона томонидан тақдим қилинган 10007/26.09.2022/0002668 ва 10007/12.10.2022/0002806-тартиб рақамли БЮДлар бўйича 69 509 780 сўм қўшимча божхона тўловлари ҳисобланган, ўз навбатида суд эса даъвони қаноатлантириш тўғрисида барвақт хулосага келган.
Чунки Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 302-моддасига кўра олиб кириладиган товарнинг божхона қийматини аниқлаш усуллари келтирилган бўлиб, улар қуйидаги усулларни қўллаш орқали амалга оширилади:
олиб кириладиган товарга доир битимнинг қиймати бўйича;
айнан бир хил товарга доир битимнинг қиймати бўйича;
ўхшаш товарга доир битимнинг қиймати бўйича;
қийматларни чегириб ташлаш асосида;
қийматларни қўшиш асосида;
захира усул.
“СKD-Xamkor” хусусий корхонаси ва “CARTECH TRADE FZE” компанияси ўртасида 2022 йил 3 январда тузилган 22-F003-сонли нефть маҳсулотлари етказиб бериш бўйича импорт шартномасига асосан 605.0 тонна, умумий қиймати 241 000 АҚШ доллари миқдорида битум маҳсулоти етказиб берилган бўлиб, 2022 йил 26 сентябрдаги 10007/26.09.2022/0002668-сонли божхона юк декларацияси бўйича 38.500 кг бўлган битум маҳсулоти, “CARTECH TRADE FZE” компаниясининг 2022 йил 14 сентябрдаги 22-F003/06-сонли инвойсига асосан ҳар бир тоннаси учун 420,0 АҚШ доллари миқдорида 16.170 АҚШ доллари миқдорида, 2022 йил 12 октябрдаги 10007/12.10.2022/0002806 сонли божхона юк декларацияси бўйича 122.750 кг битум маҳсулоти учун “Kartech Trade Fze” компаниясининг 2022 йил 14 сентябрдаги 22-F003/07-сонли инвойсига асосан ҳар бир тоннаси учун 420,0 АҚШ доллари миқдорида 51.555 АҚШ доллари миқдорида тўловлар амалга оширилган.
Тадбиркорлик субъекти ва “CARTECH TRADE FZE” компанияси ўртасида тузилган ушбу шартноманинг 2.4-бандида шартноманинг умумий қиймати 735 000 АҚШ долларини ташкил этиши кўрсатилган.
Хусусий корхонаси томонидан тақдим этилган шартнома, юк ҳужжатлари, декларация ва инвойслар асосида даъвогар Божхона кодекснинг 302-моддаси талаби бўйича биринчи усулни қўллаган ҳолда олиб киритилган товарга доир битимнинг қиймати бўйича дастлаб божхона қийматини аниқлаган ва божхона тўловини ҳисоблаган. Жавобгар эса ушбу тўловларни ўз вақтида тўлаб берган.
Мазкур ҳолатда олиб кириладиган товарга доир битимнинг қиймати бўйича аниқлаш усули олиб кириладиган товарнинг божхона қийматини аниқлашнинг асосий усули ҳисобланиб, даъвогар товарга нисбатан ушбу усулни қўллаган.
Божхона кодексининг 306-моддасида товарнинг божхона қийматини аниқлашда декларант ёки божхона брокери томонидан фойдаланилган маълумотлар ҳужжатлар билан тасдиқланган бўлмаса, товарнинг божхона қийматини аниқлашда 1-усулдан фойдаланмаслик белгиланган.
Ҳолбуки, даъвогар томонидан олиб киритилган товарга нисбатан 1-усул асосида божхона қиймати декларант тақдим этган битим, божхона декларацияси ва бошқа ҳужжатлар билан аниқланган.
Бундан ташқари суд даъвогар вакилларининг олиб кирилган товарларнинг ҳар бир тоннаси учун божхона қиймати 2366 Туркман манатида (676.9 АҚШ доллари) ҳисобланиши лозимлиги ҳақидаги важларини асоссиз деб ҳисоблади.
Чунки, божхона қийматини ҳисоблашга асос бўлган шартнома Туркманистон ҳудудида фаолият кўрсатувчи тадбиркорлик субъекти билан эмас, балки Бирлашган Араб Амирлигида жойлашган “CARTECH TRADE FZE” компанияси билан тузилган.
Тадбиркор номига келган товарлар божхона декларациясида ҳам товарлар БАА давлатидан келганлиги ва товар сертификатида ушбу товарлар БАА давлатида ишлаб чиқарилганлиги қайд этилган.
Мазкур компания томонидан 2022 йил 18 октябрда берилган хатда тарафлар ўртасида тузилган шартнома бўйича товарнинг мулкдори “CARTECH TRADE FZE” компанияси ҳисобланиши, етказиб берувчи эса “Камил Топар” корхонаси эканлиги қайд этилган.
Бундан ташқари, банк маълумотига кўра шартномага асосан хусусий корхона томонидан етказиб берилган маҳсулотлар учун тўловлар айнан “CARTECH TRADE FZE”
компаниясига ўтказиб берилган.
Албатта, ҳар қандай ҳолатда ҳам иш ҳолатларидан келиб чиқиб, суд ўзининг адолатли ва холис хулосасини беради.
Зеро, одил судловни амалга оширишда тадбиркорлик фаолияти субъектларининг давлат органлари, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар билан ўзаро муносабатларида тадбиркорлик фаолияти субъекти ҳуқуқларининг устуворлиги принципига қатъий амал қилинади, адолат ва қонунийлик таъминланади.
Муҳиддин БОЗОРОВ, Ҳусан ТУРСУНОВ, Қашқадарё вилоят суди судьялари