Сўнгги йилларда Янги Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар орасида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг қонунчилик ва ташкилий-ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш, халқаро стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 55-моддасида ҳар ким ўз ҳуқуқ ва эркинликларини қонунда тақиқланмаган барча усуллар билан ҳимоя қилишга ҳақли.
Ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади.
Ҳар кимга бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш учун унинг иши қонунда белгиланган муддатларда ваколатли, мустақил ҳамда холис суд томонидан кўриб чиқилиши ҳуқуқи кафолатланади деб белгиланган.
Aдолатли ва холис судьялар ҳам инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Судьялар келиб чиқиши ва мақомидан қатъий назар ишда иштирок этувчи барча томонларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаши шарт.
Конституциямизнинг 19-моддасида Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий мавқеидан қатъий назар қонун олдида тенгдирлар деб белгиланган.
Суд тизимининг мустақиллиги унинг бошқа бирор-бир органга бўйсунмаслиги кераклигини англатади. Суд тизими ички ва ташқи барча босим ва тортишишлардан холи бўлиши керак. Суд тизимининг мустақиллиги барча демократик мамлакатларда одамларнинг асосий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун муҳим ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 136-моддасида судьялар мустақиллиги ва уларнинг фақат қонунга бўйсуниши белгиланган. Шу сабабли тергов судьяси ўз фаолиятини мустақил амалга ошириб, фақат қонунга бўйсунади ҳамда тергов судьясига одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган ҳар қандай вазифалар юклатилишига йўл қўйилмайди.
Президентимизнинг 2024 йил 10 июндаги “Тезкор қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқи ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-89-сонли Фармони ҳам ўтган йиллар мобайнида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидан олиб борилган ислоҳотларнинг ўзвий давоми сифатида муҳим қадам бўлди.
Мазкур фармонга асосан энг аввало, жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида процессуал қарорларга санкция бериш масаласи жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида алоҳида судьялар – тергов судьялари томонидан кўриб чиқилиши тартиби жорий этилади ҳамда жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларига тергов судьяси лавозими киритилади.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, жиноят ишлари бўйича гумонланувчиларга нисбатан маълум бир санкция бериш ҳозирги кунда жиноят ишлари бўйича судлар томонидан амалга оширилиб келинмоқда. Мазкур Фармонга асосан санкция бериш масаласи янги ташкил этилаётган тергов судьяларига берилиши шахснинг қонун билан қўриқланадиган ҳуқуқ ва манфаатларини яна бир бор ҳуқуқий ҳимоясини кўчайтиришнинг муҳим омили хисобланади.
Қонунчилигимизга янги тергов судьяси атамаси кириб келди. Тергов судьяси жиноят ишларини юритишнинг судга қадар бўлган босқичларида фаолият олиб борувчи, айблов ва ҳимоя тарафининг ҳаракатларини мувофиқлаштириб ва назорат қилиб турувчи ҳамда уларнинг ўз ҳуқуқ ва ваколатларини амалга оширишлари учун зарурий шарт-шароитларни яратиб берувчи масъул мансабдор шахс ҳисобланади.
Жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида тергов судьси томонидан процессуал қарорларга берилган санкциялар фақатгина апелляция инстансиясида Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Ўзбекистон ҳарбий суди томонидан якка тартибда қайта кўриб чиқилиши тартиби белгиланди.
Тергов судьяларига маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати берилади ва тергов судьялари томонидан кўриб чиқиладиган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юқори инстансияларда қайта кўриб чиқишнинг амалдаги тартиби сақлаб қолинади.
Фармонга асосан тергов судьяларига қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш билан боғлиқ илтимоснома;
қамоқда сақлаш ёки уй қамоғи муддатини узайтириш масалалари билан боғлик, илтимоснома;
паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги илтимоснома;
мурдани эксгумация қилиш ҳақидаги илтимоснома;
почта-телеграф жўнатмаларини хатлаш тўғрисидаги илтимоснома;
тинтув ўтказиш ҳақидаги илтимоснома;
телефонлар ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларни эшитиб туриш, улар орқали узатиладиган ахборотни олиш ҳақидаги илтимоснома;
мол-мулкни хатлаш тўғрисидаги илтимоснома;
б) қуйидагилар бўйича мажбурлов чоралари:
айбланувчини лавозимидан четлаштириш тўғрисидаги илтимоснома;
шахсни тиббий муассасага жойлаштириш ҳақидаги илтимоснома;
айбланувчининг тиббий муассасада бўлиши муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимосномаси;
ушлаб туриш муддатини қирқ саккиз соатга қадар узайтириш тўғрисидаги илтимоснома;
в) прокурорнинг гувоҳ ва жабрланувчининг (фуқаровий даъвогарнинг) кўрсатувларини олдиндан мустаҳкамлаш тўғрисидаги илтимосномаси.
Фармонга асосан қонунчиликда белгиланган тартибда тергов судьясига юклатилган вазифаларни адолатли ва холисона бажариш тергов судьяси фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгиланди. Бу судьялар суд жараёнида ҳал қилувчи рол ўйнайди. Улар адолатни таъминлаш ва барча иштирок этувчи томонларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаш учун жавобгардир.
Хулоса қилиб айтганда, суд-тергов фаолияти соҳасидаги ислоҳотлар Конституция устуворлиги, фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини ошириш, тергов устидан суд назоратини кучайтиришга қаратилган навбатдаги муҳим қадамдир.
Хуршид Мухторов, фуқаролик ишлари бўйича Касби туманлараро суди раиси