Қашқадарё вилоят судида видеоконференцалоқа тарзида семинар машғулоти ташкил этилди

Маълумки, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган муҳим ва устувор йўналишлардан келиб чиқиб, судлар фаолияти самарадорлигини ошириш, ишни судга қадар юритишда тарафларнинг тенглиги ва тортишуви принципини амалда таъминлаш, шунингдек, тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя қилинишига эришиш мақсадида жорий йилнинг 10 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Ушбу Фармоннинг қабул қилиниши мамлакатимиз суд-тергов амалиётидаги муҳим босқич бўлди.

Қашқадарё вилоят судида мазкур Фармоннинг мазмун ва моҳиятини ўрганиш юзасидан видеоконференцалоқа тарзида семинар машғулоти ташкил этилди. Унда жиноят ишлари бўйича судьялар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар масъуллари иштирок этишди.

Ушбу Фармон инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини янги босқичга кўтариш, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясининг кафолатларини кучайтириш, аҳолининг ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз.

Семинар машғулоти иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга масъуллар томонидан батафсил жавоблар олишди.

 

Қашқадарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими

Фарзандга ғамхўрлик – муқаддас бурч

Оила қурган эр-хотин олдида турган энг шарафли ва масъулиятли вазифалардан бири фарзанд кўриш ва унга келажакда миллатига, ота-онасига, жамиятига манфаат келтирадиган қилиб, муносиб тарбия беришдир. Бироқ айрим оилаларда юзага келаётган тушунмовчиликлар сабаб фарзандлар тақдири издан чиқиб, сарсон ва саргардон бўлмоқда.

2017 йилда қонуний никоҳдан ўтган ёш оила тинч рузғор тебратиб, аҳил турмуш кечиришган. Ҳамма тушунмовчиликлар 2023 йилнинг август ойида эрнинг ҳорижга ишлаш учун кетганидан сўнг бошланади.

Қайнота ва қайнонанинг ўз келинига нисбатан ишончсизлиги сабаб оилада келиб чиққан низо туфайли 2023 йил сентябрь ойида аёл 2 нафар фарзандини олиб, уйдан чиқиб кетади. Кейинчалик эр томон 1 нафар вояга етмаган фарзандларини кўриш учун олиб кетиб, онаси тарбиясига беришдан бош тортган.

Низо юзасидан даъвогар Д.А. (исм-шариф ўзгартирилган) жавобгар А. К.га нисбатан болани олиб бериш ҳақида судга мурожаат қилган.

Унинг даъво талаби фуқаролик ишлари бўйича Шаҳрисабз туманлараро судининг 2024 йил 17 январдаги ҳал қилув қарори билан қаноатлантирилиб, жавобгар тарбиясидаги бир нафар вояга етмаган фарзанди даъвогар, яъни онаси тарбияси ва қарамоғига олиб берилган.

Жавобгар томонидан Қашқадарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатига берилган апелляция шикоятида Д.А.нинг тарбиясига ва унинг уйида боланинг тўлақонли баркамол инсон қилиб вояга етказишига ишончи йўқлигини важ қилиб кўрсатган.

Қашқадарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанцияси ишни кўриб чиқиб, 2024 йил 13 августдаги ажрими билан фуқаролик ишлари бўйича Шаҳрисабз туманлараро судининг 2024 йил 17 январдаги ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

Суд вояга етмаган болани онаси тарбиясига олиб бериш ҳақида хулосага келди. Вояга етмаган, норасида фарзанднинг тарбиясини ўз ҳолига ташлаб қўйиб, унинг келажагига бефарқ ва лоқайд қараб туриб бўлмайди.

Зеро ёш авлоднинг ахлоқ ва одоби, таълим ва тарбияси тўғрисида ғамхўрлик қилиш муқаддас бурчимиздир.

 

Камол Намазов, Қашқадарё вилоят суди раиси ўринбосари – фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси

Судланганликнинг ҳуқуқий аҳамияти

Маълумки, судланганлик фақат шахснинг содир этган жинояти учун ҳукм қилиниш факти билан боғлақ. Яъни, шахсга нисбатан жазо тайинланган айблов ҳукми қонуний кучга кирган кундан бошлаб судланган деб ҳисобланади. Суд томонидан жазодан озод қилинган шахс эса, судланмаган деб ҳисобланади.

Шахсни жазодан озод қилиш, ҳатто жиноий жазо ўрнига унга нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси ёхуд, агарда мақкум вояга етмаган бўлса, тарбиявий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланилган ҳолларда ҳам, унинг судланганлигини келтириб чиқармайди.

Судланганлик – бу шахс учун салбий, биринчи навбатда, жиноят-ҳуқуқий хусусиятдаги оқибатларнинг келиб чиқаришига олиб келган, жазонинг муайян тури ва миқдорига ҳукм қилинишидан келиб чиққан шахснинг алоҳида ҳуқуқий ҳолатидир.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 77-моддасининг 3-қисмида, судланганлик жиноят қонунида назарда тутилган ва фақат шахс томонидан янги жиноят содир этилган ҳоллардагина ҳуқуқий аҳамиятга эгалиги кўрсатилган.

Шахсни ҳукм қилиш деганда, шахсни қилмишида жиноят таркибининг барча элементлари мавжуд бўлган аниқ жиноятни содир этишда айбдор деб топиш, шунингдек бу шахсга нисбатан муайян турдаги ва миқдордаги жазонинг тайинланиши тушунилади. Жазонинг тури ва миқдори шахсни судланган деб топиш ва ҳисоблаш учун аҳамиятга эга эмас, лекин, бу судланганликнинг тугалланиши ёки олиб ташланишига таъсир қилади.

Шахсни судланган деб топишнинг бошланғич вақтини ҳукм кучга киргандан кейинги вақт деб белгилайди. Жиноят-процессуал қонунга мувофиқ, ҳукм унинг апелляция шикояти бериш ёки протест билдириш муддати ўтиши билан қонуний кучга киради. Апелляция шикояти берилган ёки протест билдирилган тақдирда ҳукм, агар у бекор қилинмаган бўлса, ишни юқори суд кўриб чиққан куни қонуний кучга киради.

Судланганликнинг жиноий-ҳуқуқий аҳамияти қуйидагилардан иборат:

-шахсда судланганлик ҳолатининг мавжудлиги хавфли ва ўта хавфли рецидивист деб топилишига таъсир этади (ЖКнинг 34 чоддаси);

-шахсни жиноий жавобгарликдан озод қилишга тўсқинлик қилади;

-қилмишни квалификация қилишга таъсир кўрсатади (ЖКнинг 140-моддаси);

-жазо тайинлашда оғирлаштирувчи ҳолат сифатида эътироф этилади;

-судланганлик озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлашда жазони ижро этиш муассасаси турини аниқлашга таъсир қилади (ЖКнинг 50-моддаси);

-алоҳида тартибда жазо тайинланишига сабаб бўлади.

Шу ўринда судланганлик ҳолати қачон тугалланган деб ҳисобланиши ҳақида тўхталсак.

Шахснинг судланганлик ҳолати қуйидаги пайтларда тугалланади:

а) шартли ҳукм қилинганларга нисбатан — синов муддати тугаган кундан бошлаб;

б) мажбурий жамоат ишлари, хизмат бўйича чеклаш ёки интизомий қисмга жўнатиш тарзидаги жазоларини ўтаб чиққач;

в) жарима жазоси ижро этилган кундан кейин, шунингдек муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки ахлоқ тузатиш ишлари жазолари ўталганидан кейин бир йил ўтгач;

г) озодликни чеклаш жазоси ўталганидан кейин — икки йил ўтгач;

д) беш йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси ўталганидан кейин — тўрт йил ўтгач;

е) беш йилдан ортиқ, лекин ўн йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси ўталганидан кейин — етти йил ўтгач;

ж) ўн йилдан ортиқ, лекин ўн беш йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси ўталганидан кейин — ўн йил ўтгач.

Судланганлик ҳолати тугалланганда эса, шахс судланмаган деб ҳисобланади. Судланганлик ҳолатининг тугалланиши шахснинг янги жиноят содир этиши билан узилади. Бундай ҳолда, судланганликнинг биринчи жиноят бўйича тугалланиш муддати айбдорнинг охирги жиноят учун жазони ҳақиқий ўтаб бўлганидан сўнг ҳисобга олинади. Судланганлик ҳолати туталланиши билан унинг барча хуқуқий оқибатлари бекор бўлади ва шахс янги жиноят содир этган тақдирда, унинг жиноий жавобгарлигини оғирлаштирувчи ҳолат деб ҳисобланмайди.

Маълумки, собиқ тузум даврида, айниқса, ўтган асрнинг 30-йилларида сиёсий қатағонлардан мерос бўлиб қолган бир аламли, аччиқ ва адолатсиз чеклов, қараш бўлган. Яъни, бир жиноят учун бутун авлод жавоб бериши, отасининг қилмиши учун фарзандлари ёки ака учун ука жавоб бериши қанча йиллар давомида инсонлар ҳуқуқи паймол бўлиши, эркин ишлаш, эркин касб танлаш имкониятидан маҳрум этилишига олиб келган. Мазкур «тизим» халқимизга нисбатан адолатсиз бўлганини яхши биламиз.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Конституциямиз қабул қилинганининг 25 йиллигига бағишланган маросимда ҳам яқин қариндошлари судланган, деб фуқароларни ишга қабул қилмаслик ёки юқори лавозимларга тайинламаслик билан боғлиқ масалага алоҳида тўхталган эди. Бунинг замирида кенг маъно, кўплаб юртдошларимизни чуқур ўйлантириб келган масала бор. Яқин-яқингача ҳам отаси учун боласи сиқувга олинган ёки аксинча ҳолатлар йўқ эмасди.

Айтиш керакки, судланганлик шахснинг ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлмаслиги демократия талабларидан келиб чиқади.

Айнан Президентимиз таклиф ва ташаббуси билан янги Конституциямизда, шахснинг судланганлиги ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлиши мумкин эмаслиги қатъий норма киритилди.

Шахснинг судланганлиги ва ундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклашга асос бўлиши мумкин эмаслиги Конституцияга киритилиши умуминсонийлик тамойилларига мувофиқ экани энг муҳим асослардан биридир.

 

Шаҳзод Бахтиёров, Қашқадарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси

Конституцияга киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳияти

Янги таҳрирдаги Конституцияда инсон қадрини юксалтириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини тўғридан-тўғри муҳофаза этишга оид нормалар сони сезиларли даражада оширилганлигини эътироф этиш мумкин.

Эндиликда судлар ва бошқа давлат органлари, мансабдор шахслар қарорлар қабул қилишда Конституцияга таяниши мажбурий этиб белгиланди. Бу эса ҳар бир фуқарога Конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларидан
тўғридан-тўғри фойдаланиш имкониятини яратади.

Янгиланган Конституцияда сифатли таълим, малакали тиббий ёрдам, оилалар, болалар, аёллар, қариялар ва ногиронлиги бор шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, муҳтожларни уй-жой билан таъминлаш, бандлигини таъминлаш, хавфсиз меҳнат шароитини яратиш, камбағалликни қисқартиришга қаратилган қатор нормалар ҳам белгиланди.

Шунингдек, Янги Конституцияда фуқаролик жамияти институтлари фаолиятининг кафолатига қаратилган алоҳида норма ҳам белгиланганлиги ННТлар фаолияти мамлакатнинг бутун ҳудуди бўйлаб олий юридик кучга эга бўлишини таъминлайди.

Фуқароларнинг ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг бюджет жараёнида иштирок этиш тартиби ва шакллари қонун билан белгиланиши алоҳида норма сифатида ўз аксини топди.

Ушбу норма мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида жамоатчилик назоратининг турли шаклларидан самарали фойдаланишда ННТлар ҳуқуқларини тўлақонли таъминлаб беради.

Хулоса ўрнида, Конституциявий ислоҳотлар ҳуқуқий тизим тараққиётининг муҳим омили ҳисобланиб, мамлакатимиз тараққиёти, аҳолининг турмуш фаровонлигини янада яхшилашга хизмат қилади.

 

Шерқул Холиқов, фуқаролик ишлари бўйича Косон туманлараро суди раиси

Skip to content