Суд тизимидаги бугунги ва эртанги ислоҳотлар: Жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида тергов судьяси лавозими ва судлар фаолиятида сунъий интеллект технологиялари жорий этилади
Бугунги кунда ижтимоий-иқтисодий муносабатлар қонун йўли билан тартибга солинаётгани, қабул қилинаётган қонунлар замирида инсонпарварлик ва одиллик ғояси мужассамлашганлиги ҳар биримизни қувонтиради.
Сўнгги йилларда юртимизда айнан Конституция ва қонунларга асосланган давлат қуриш учун амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг салмоғи ҳар қачонгидан ошди десак муболаға бўлмайди.
Бу жараёнда инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадрият ҳисобланадиган фуқаролик жамияти асослари мустаҳкамланди.
Шу билан бирга суд ҳокимияти ҳам қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятдан, сиёсий партиялардан, фуқаролик жамиятининг бошқа институтларидан мустақил ҳолда иш юритувчи, қонун устуворлиги ва адолат тантанаси йўлида фаолият олиб борадиган алоҳида мустақил тизим сифатида шаклланди.
Биргина жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида суд-ҳуқуқ соҳасида бир қатор амалий ишлар қилинди.
Хусусан, суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш институти такомиллаштирилиб, қонуний кучга кирмаган суд қарорларини шикоят (протест) асосида апелляция тартибида, қонуний кучга кирган суд қарорларини кассация тартибида, апелляция ёки кассация тартибида кўрилган суд қарорларини тафтиш тартибида қайта кўриш амалиёти жорий этилди.
Шунингдек, қонуний кучга кирган суд қарорларини кассация тартибида кўриш бўйича ваколатлар вилоят ва унга тенглаштирилган судларга ўтказилиб, юқори судлар томонидан суд қарорларини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун қуйи инстанция судларига юбориш амалиёти тугатилди.
Соҳа учун янгилик сифатида баҳоланган ислоҳотлардан яна бири тизимда тергов судьяси институтининг жорий этилаётганлиги бўлди.
2024 йил 10 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони имзоланди.
Мазкур фармонга кўра, бугунги кунда суд-ҳуқуқ тизимидаги замонавий талаблар ва халқаро стандартлар асосида ишни судга қадар юритиш босқичида тергов судьяси лавозими жорий этилиши белгиланди.
Хусусан, 2025 йил 1 январдан жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида тергов судьяси лавозими жорий этилади. Тергов судьялари судга қадар иш юритув даврида процессуал қарорларга санкция бериш ва мажбурлов чораларини қўллаш масаласини ҳамда маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқади.
Фармонга мувофиқ қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш, қамоқда сақлаш ёки уй қамоғи муддатини узайтириш, паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш, мурдани эксгумация қилиш, почта-телеграф жўнатмаларини хатлаш, тинтув ўтказиш, телефонлар ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларни эшитиб туриш, улар орқали узатиладиган ахборотни олиш, мол-мулкни хатлаш каби илтимосномаларга тергов судьяси санкциялар бериши мумкин.
Шунингдек, айбланувчини лавозимидан четлаштириш, шахсни тиббий муассасага жойлаштириш, айбланувчининг тиббий муассасада бўлиши муддатини узайтириш, ушлаб туриш муддатини 48 соатга қадар узайтириш, прокурорнинг гувоҳ ва жабрланувчининг (фуқаровий даъвогарнинг) кўрсатувларини олдиндан мустаҳкамлаш тўғрисидаги каби илтимосномалар бўйича мажбурлов чораларини қўллаши мумкин.
Алоҳида таъкидлаш керакки, жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида тергов судьяси томонидан процессуал қарорларга берилган санкциялар фақатгина апелляция инстанциясида Қорақалпоғистон суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди томонидан якка тартибда қайта кўриб чиқилади.
Бундан ташқари, 2023 йил 16 январдаги “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Фармони билан 2023–2026 йилларга мўлжалланган суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли стратегияси тасдиқланган эди.
Стратегия доирасида одил судловни таъминлашнинг устувор вазифаларидан бири сифатида судлар фаолиятида сунъий интеллект технологияларини жорий этиш белгиланган.
Дўнё бўйлаб кўплаб жабҳаларда самарали фойдаланиб келинаётган сунъий интеллект технологияларининг судлар фаолиятида босқичма-босқич жорий этилиши, соҳада бутун бир яхлит тизим яратилишига ва инсон омили натижасида келиб чиқиши мумкин бўлган камчиликларга йўл қўймаслик ва уларни ўз вақтида аниқлаб, ўз ўрнида бартараф этишга, шунингдек суд қарорларининг сифатли ва тушунарли ёзилишини таъминлаш билан бирга, иш ҳажмини ҳам бир мунча камайтиришга имкон яратади.
Иш бўйича суднинг ҳукмини ёки қарорини инсон қўли билан яратилган электрон тизим тайёрлашини тасаввур қилиш қийин, албатта.
Аммо, халқаро тажрибалардан кўринишича сунъий интеллектга эга технологиялар фуқаролик ёки жиноий иш юритиш усулларини ислоҳ қилиш имкониятига эга. У судьяларга суд муҳокамасининг турли босқичларида турли вазифаларни бажаришга кетадиган вақтни қисқартириш орқали ёрдам беради.
Шу боис сунъий интеллектдан ҳуқуқий тартиб-қоидаларни соддалаштириш, такрорий вазифаларни автоматлаштириш ва такомиллаштириш орқали ишларни тез ҳал этишда фойдаланиб келинмоқда.
Сунъий интеллектдан судларда судьяларнинг иш юкини камайтириш, ишларни ҳал қилиш вақтини қисқартириш ва яхшилаш учун фойдаланиш мумкин, бироқ сунъий интеллект томонидан ёзилган суд қарорларининг жозо тайинлаш қисмида содир этилган қилмиш учун тайинланиши лозим бўлган жазо тури ва миқдори фақатгина судья томонидан мустақил тарзда белгиланади.
Ишончимиз комилки, соҳада амалга оширилаётган мазкур ислоҳотлар ўз навбатида иш бўйича барча ҳолатлар суд томонидан ҳар томонлама текширилиб, далилларга холисона баҳо берилиши ва ишнинг ҳақиқий ҳолатларини аниқланишига, натижада оқлов ҳукмлари кўпайишига асос яратиб, фуқароларнинг судга бўлган ишончининг ошишига замин яратади.
Адҳам Абдиев, жиноят ишлари бўйича Китоб туман судининг судья ёрдамчиси