Cудьялар ички ишлар ходимлари учун семинар ўтказди
Қашқадарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати ташаббуси билан вилоят ИИБда ташкил этилган семинар меҳнат муносабатлари ва унга риоя этиш мавзуида бўлиб ўтди.
Унда вилоят суди раиси ўринбосари-фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Камол Намазов маъруза қилиб, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 160-моддасига мувофиқ ходим номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномасини, шунингдек, муддати тугагунига қадар муддатли меҳнат шартномасини бекор қилиш ва ишга тиклаш ҳақидаги даъво аризалари кўриб чиқилиш жараёнида иш берувчи томонидан йўл қўйилаётган хато ва камчиликлар хусусида тўхталиб ўтди.
Семинарда иштирок этган фуқаролик ишлари бўйича судьялар маъруза қилиб, Меҳнат кодексининг 157, 160, 161-моддалари талаблари, шунингдек, хизмат текшируви билан боғлиқ масалалар, меҳнат интизомини бузганлик учун иш берувчи томонидан ходимларга нисбатан қўлланиладиган ва қўлланилиши мумкин бўлмаган жазо чоралари тўғрисида батафсил маълумотлар беришди.
Мансур Нийматов, фуқаролик ишлари бўйича Касби туманлараро суди судьяси