Суд тизимидаги ислоҳотлар
Давлатимиз раҳбари “Суд идорасига иши тушган ҳар бир шахс ушбу даргоҳда қонун ва адолат устувор эканига ишонч ҳосил қилиши лозим. Янги Ўзбекистонда ҳар қандай баҳсли масалага адолатли ечим фақат одил суд томонидан топилиши керак. Судьялар ишига ҳар қандай аралашув кескин жазоланади, уларнинг хавотирсиз ишлаши учун барча зарур шароитлар яратилади. Қанчалик қийин бўлмасин, суд тизимидаги ислоҳотларимизни албатта давом эттирамиз”, деб таъкидлаган.
Дарҳақиқат, мустақил суд тизими адолатли жамиятнинг асосий устуни ҳисобланади. Иқтисодиётнинг ривожланиши, айниқса, унга киритиладиган инвестициялар суд тизимига бевосита боғлиқ. Суд одил судловнинг олий нуқтаси, шу сабабли унинг ролини ошириш эса ҳуқуқий давлат барпо этиш йўлидаги қонуний жараён ҳисобланади, айнан шундай ёндашув туфайли суд-ҳуқуқ тизимида сўнгги йиллар мобайнида амалга оширилган ислоҳотларга назар ташлайдиган бўлсак, ушбу даврни ҳеч иккиланмасдан суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ этишнинг янги даври деб аташ мумкин, боиси ушбу даврда суд-ҳуқуқ тизимини либераллаштириш, суд ҳокимияти мустақиллигини янада мустаҳкамлаш, одил судлов сифати ва самарадорлигини ошириш, суд ҳимоясини таъминлашда ортиқча бюрократик тўсиқлар ва тизимда мавжуд бир қатор камчиликларни бартараф этиш, соҳани ислоҳ этиш, маъмурий қонунчилигида инсонпарварлик тамойилларини кучайтиришга йўналтирилган ишларнинг кўлами ва миқёси ниҳоятда кенгайиб, янги босқичларга кўтарилиб, дадил қадамлар ташланди.
Хусусан, ислоҳотлар самараси ўлароқ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-4966-сонли Фармони асосида маъмурий судлар ташкил этилиб, улар зиммасига давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг қарорлари ва хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо беришдек ғоятда муҳим ҳамда масъулиятли вазифа юкланганди.
Кейинчалик маъмурий судлар фаолияти Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 июлдаги “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6034-сонли Фармони билан такомиллаштирилиб, туман (шаҳар) маъмурий судлари негизида оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўришга ихтисослаштирилган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро маъмурий судлар ташкил этилди. Бунда асосий эътибор нафақат судларга бўлган ташқи таъсир ва аралашувларни бартараф этиш, балки мазкур тоифадаги ишларнинг ҳажмидан келиб чиқиб бутун республика бўйича судьялар ўртасида адолатли иш ҳажмини тақсимлашга ҳам қаратилди.
Бундан ташқари жаҳон миқёсидаги мураккаб жараёнларни ва мамлакатимиз босиб ўтган тараққиёт натижаларини чуқур таҳлил қилган ҳолда кейинги йилларда «Инсон қадри учун» тамойили асосида халқимизнинг фаровонлигини янада ошириш, иқтисодиёт тармоқларини трансформация қилиш ва тадбиркорликни жадал ривожлантириш, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини сўзсиз таъминлаш ҳамда фаол фуқаролик жамиятини шакллантиришга қаратилган ислоҳотларнинг устувор йўналишларини белгилаш мақсадида Президентимизнинг 2022 йил
28 январь кунги ПФ-60-сонли Фармонлари билан 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тасдиқланди.
Мазкур Фармонда қайд этилганидек, инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш, мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш, миллий иқтисодиётни жадал ривожлантириш ва юқори ўсиш суръатларини таъминлаш, адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш, маънавий тараққиётни таъминлаш ва соҳани янги босқичга олиб чиқиш, миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда умумбашарий муаммоларга ёндашиш, мамлакатимиз хавфсизлиги ва мудофаа салоҳиятини кучайтириш, очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсат олиб бориш назарда тутилди. Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, бу каби ислоҳотлар келгусида инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатлари муҳофазасини кучайтириш, ишларни судда кўриш сифатини оширишга хизмат қилади.
Зоҳид Эшмирзаев, Шаҳрисабз туманлараро иқтисодий суди раиси