Ҳалол ризқ – баракали турмуш ва хотиржам ҳаётнинг кафолатидир!
Отамнинг сўзларига кўра, йигит киши бир кун вояга етиб, қўлидан иш келиб, ризқ талабида остонасидан чиқади. Шунда олдида икки йўл пайдо бўлади: ўзи ва оиласи учун сабр билан ҳалол ризқ харидори бўлиши ёки кўпроқ даромад илинжида ҳаром йўлни танлаб, бировларнинг ҳақига тажовуз қилиш.
Илм ўрганиш, ҳунар ўрганиш, бирор касбни эгаллашдан мақсад, аввало, ризқдир. Ўз касб-корига ҳалоллик билан ёндашиш кишининг эл-юрт орасида ҳурматини зиёда қилиб, ёш-қарининг дуосини олишига, уларнинг меҳрини қозонишига сабабчи бўлади. Бироқ, кимки нопокликни ва ҳаром йўл билан ризқ топишни одат қилса, аниқки, ҳаловатини йўқотиб, халқнинг нафратига дучор бўлади.
Жамиятда ҳар кимнинг ўз ҳуқуқлари билан бирга, бурчи ва масъулияти ҳам бор. Шифокор беморнинг саломатлиги учун, ўқитувчи талабанинг сабоғи учун, деҳқон зироати учун масъул бўлса, судлар адолат учун масъулдир. Масъулият турли кўринишда бўлса ҳам мазмун-моҳияти бир хил: ҳамманинг мақсади ўз эл-юртига фидокорона ва садоқатли хизмат қилиш, ватанининг сиёсий ва иқтисодий барқарорлиги йўлида саъй-ҳаракат қилиши лозим.
Жумладан суд ходимлари ҳам Ватанимиз олдидаги ўз мажбуриятларимизни бажариш йўлида халқимизнинг судларга бўлган ишончини ошириш, мамлакатимизда қонун устуворлигини таминлаш учун бор куч-ғайратимизни йўналтиришимиз, юртимиз озод ва обод ҳолда равнақ топиши учун муносиб ҳиссамизни қўшмоғимиз шарт.
Бу шарафли йўлда садоқатимизни, ўз касбимизга бўлган муҳаббатимизни, буюк халқимизнинг юксак ишончини қозонишга бўлган иштиёқимизни кўрсата олишимиз лозим.
Шунингдек, ҳар биримиз учун ҳалоллик, ўз касбига виждонан ёндашиш, зиммамизга юклатилган вазифаларни сидқидилдан бажариш устувор вазифа бўлиши керак. Зеро, ҳалол меҳнат соҳибларининг доимо топганида барака бўлиб, хотиржамликда ҳаёт кечиради.
Адҳам Абдиев, Жиноят ишлари бўйича Китоб туман судининг судья ёрдамчиси