Табиатга зиён етказганлар жазоланди

Бугунги кунда экологик барқарорлик ва табиатни асраш ҳар бир давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир. Ўрмонлар табиатнинг бебаҳо бойлиги ва биохилма-хилликни сақлаш, инсон ҳаёти учун соғлом муҳит яратишда беқиёс аҳамиятга эга. Шу боис мамлакатимизда ўрмонларни муҳофаза қилиш, уларни кўпайтириш ва тиклаш масаласи қатъий назоратга олинган.

Шу билан бирга айрим фуқароларнинг шахсий манфаати ёки беэътиборлиги сабабли дарахтларнинг ноқонуний кесилиши, ўрмон майдонларига зарар етказиш ҳолатлари ҳали-ҳамон учраб турибди. Бундай ҳоллар нафақат экологик мувозанатга путур етказади, балки қонунчилигимизга зид ҳисобланади.

Жиноят ишлари бўйича Яккабоғ туман судида шу каби жиноят иши кўриб чиқилди. Иш ҳужжатларига кўра судланувчи Э.Д Яккабоғ ихтисослашган Давлат ўрмон хўжалигига қарашли “Лангар” ўрмончилик бўлимининг участкаси ўрмончи вазифасида ишлаб келиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008-йил 9-сентябрдаги 203-сонли Қарори билан тасдиқланган “Ўрмон қўриқчилиги тўғрисида”ги Низомнинг 2-бўлими 4-бандига кўра, унга ўрмон дарахтларини ўзбошимчалик билан кесишдан, ўғирлаш, йўқ қилиш ва ўрмон тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бошқа бузилишларидан муҳофаза қилиш ҳамда ўрмон дарахтларини ўзбошимчалик билан кесиш билан боғлиқ ноқонуний хатти-ҳаракатларни тўхтатиш чора-тадбирларини кўриш вазифалари юклатилган бўлсада, ўзига юклатилган вазифаларини виждонсиз бажарган.

Шунингдек, судланувчи У.Ғ Яккабоғ ихтисослашган Давлат ўрмон хўжалигига қарашли “Лангар” ўрмончилик бўлимининг ўринбосари (ўрмон устаси) вазифасида ишлаб келиб, мансабга совуққонлик билан қараши натижасида “Ўрмон қўриқчилиги тўғрисида”ги Низомнинг 12-бандига кўра, унга ўрмон бўлимидаги ўрмонларни қўриқлаш, муҳофаза қилиш, улардан фойдаланиш ва уларни такрорий кўпайтириш соҳасидаги маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ҳужжатлар ва баённомалар тузилишининг тўғрилигини текшириш, ўзбошимчалик билан кесилган ёки шикастланган ўрмонни моддий-пул жиҳатидан баҳолаш, ўрмон усталари, ўрмончилар ва вақтинчалик ёнғин қоровулларига йўл-йўриқ бериш ва уларга юклатилган мажбуриятларнинг ўз вақтида ва аниқ бажарилишини назорат қилиш, ўрмон бўлимида дарахтларни кесиш қоидаларига риоя қилинишини назорат қилиш, қоидабузилишлари аниқланган тақдирда тегишли баённомалар тузиш, ўрмон айланмалари ва участкаларни тафтиш қилиш мажбуриятлари юклатилган бўлса-да, ўз вазифасини лозим даражада бажармай лоқайдлик ва виждонсизларча муносабатда бўлган.

Оқибатда тергов жараёнида аниқлашнинг имкони бўлмаган шахслар томонидан 1-сархад “Қўнгғизли”, “Қоракамар” ва “Сарихалқа” участкаларидан 209 туп ҳар хил диаметрдаги табиий ҳолда ўсган Зарафшон арчаси ва Учқат дарахтлари таг қисмидан кесилганлиги, 664 туп Зарафшон арчаси ва Учқат дарахтлари ўсишдан тўхтамайдиган даражада шикастланиши оқибатида 236.278.000 сўмлик жуда кўп миқдордаги табиий ҳолда ўсган Учқат ва Зарафшон арчаларини кесиб кетилиб, нобуд қилинишига сабабчи бўлган.

Кўриб чиқилган жиноят иши доирасида ушбу шахслар томонидан белгиланган ўрмон майдонида кўплаб дарахтларнинг ноқонуний кесилгани, табиатга катта миқдорда зарар етказилгани аниқланди.

Жиноят ишлари бўйича Яккабоғ туман судининг ҳукми билан Э.Д Ўзбекистон Республикаси ЖК 172-моддасида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга Ўзбекистон Республикаси ЖК 172-моддаси билан ЖК 45-моддаси қўлланиб, давлат иштирокидаги ташкилотларда моддий жавобгарлик вазифасида ишлаш ҳуқуқидан 1 йилга маҳрум қилиб, иш ҳақининг 20 фоизи миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 1 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Судланувчи У.Ғ Ўзбекистон Республикаси ЖК 207-моддасининг 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга ЖК 45-моддаси қўлланиб, давлат иштирокидаги ташкилотларда мансабдорлик ва моддий жавобгарлик вазифасида ишлаш ҳуқуқидан 1 йилга маҳрум қилиб, иш ҳақининг 20 фоизи миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 1 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Кўриб чиқилган жиноят иши шуни кўрсатадики, қонун талабларини бузишнинг ҳар қандай кўриниши ўз жазосисиз қолмайди. Шу билан бирга, бундай ҳолатларнинг олдини олишда аҳолининг экологик онгини юксалтириш, ўрмонларни муҳофаза қилишга қаратилган кенг кўламли ишларни давом эттириш муҳим аҳамият касб этади. Зеро, табиат умумий уйимиз. Уни асраш эса ҳар биримизнинг бурчимиздир.

 

Нурбек Абдуллаев, жиноят ишлари бўйича Яккабоғ туман суди раиси