Атроф-муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш барчамизнинг конституциявий бурчимиздир

Маълумки, атроф-муҳитни муҳофаза қилишнинг ҳуқуқий асослари биринчи навбатда Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида ўз аксини топган. Унинг Муқаддимасида ҳам мамлакатимизнинг бебаҳо табиий бойликларини кўпайтириш, ҳозирги ва келажак авлодлар учун асраб-авайлаш ҳамда атроф-муҳит мусаффолигини сақлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилган.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 62-моддасида “Фуқаролар атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга мажбурдирлар” деб белгиланган.

Конституциясимизга мувофиқ ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий захиралар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир.

1996 йил 27 декабрда Ўзбекистон Республикасининг «Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонуни қабул қилинган бўлиб, атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, фуқароларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, стандартлар ва меъёрий ҳужжатлар, ҳаво муҳитига зарар етказганлик учун жавобгарлик каби моддалар мавжуд.

Атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат сиёсатининг устувор йўналишларини белгилаш, табиатни муҳофаза қилиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари бузилишлари профилактикаси, уларни аниқлаш ва олдини олишнинг самарали механизмларини жорий этиш, республика аҳоли пунктларининг санитария ва экологик ҳолати учун давлат органлари, хўжалик юритувчи субъектлар раҳбарлари ва фуқароларнинг шахсий жавобгарлигини кучайтириш, шунингдек, 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги Миллий мақсад ва вазифаларга эришишни таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 30 октябрдаги ПФ-5863-сон Фармони билан  2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг Атроф муҳитни муҳофаза қилиш концепцияси тасдиқланган.

Давлатмиз раҳбари ташаббуси билан 2025 йилга “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” деб ном берилди. Бу қарор мамлакатимизнинг барқарор ривожланиши, юзага келган экологик муаммоларни ҳал қилиш орқали иқтисодий ўсишни таъминлашга қаратилган бир неча муҳим омилга асосланган. Дунё бўйлаб атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатаётган ҳолатлар кўпаймоқда. Жумладан, Ўзбекистон ҳам иқлим ўзгариши, ҳаво ва сув ифлосланиши каби жиддий экологик муаммоларга дуч келмоқда. Атроф-муҳит масаласини асосий кун тартибига олиб чиқиш давлатимизга айни масаларни бартараф қилиш имконини беради, жамоатчиликда эса табиатга эътиборни кучайтиради. Ҳар бир фуқаро атроф муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлши, асраб авайлаши, ундан оқилона фойдаланиши зарур.

Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунларни бузганлик учун жавобгарликка тортиш масалалари Ўзбекистон Республикасининг маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида табиий муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарлик учун маъмурий жавобгарлик меъёрларида белгиланган. Маъмурий кодексда жиноят турига қараб турли миқдорда жарималар тўлаш ва маълум ҳуқуқдан маҳрум қилиш жазолари кўрсатилган. Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг 4-бўлими «Экология соҳасидаги жиноятлар» деб юритилади. Жиноят кодексида Экология соҳасидаги турли жиноятлар учун жарима тўлаш, муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш, ахлоқ тузатиш ишлари, озодликдан маҳрум қилиш чоралари белгиланган.

Судлар томонидан ҳам ваколатли органларнинг даъво аризаларига асосан артоф-муҳитга етказилган зарарни ундириш ҳақидаги ишлар кўриб чиқилиб, суднинг ҳал қилув қарорларига асосан айбдор шахслардан етказилган зарарлар ундириб олинмоқда.

Бугунги кунда дунё миқёсида экологик муаммолар ўсиб бораётган бир вақтда республикамизда артоф-муҳитни асраб авайлаш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳудудларга мевали ва манзарали дарахтлар экиш ишлари олиб борилмоқда.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, барчамиз ўзимизнинг Конституциявий бурчимиз бўлган атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишимиз, келажак авлодлар учун асраб-авайлашимиз зарур.

 

Хуршид Мухторов, фуқаролик ишлари бўйича Касби туманлараро суди раиси