Хотин-қизлар орасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш жамият барқарорлигининг муҳим омили
Жамиятда қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш билан чамбарчас боғлиқ. Бу борада хотин-қизлар орасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ҳамда ҳуқуқий тарбияни кучайтириш долзарб вазифалардан бири ҳисобланади.
Бугунги кунда давлатимиз томонидан хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ижтимоий фаоллигини оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу ислоҳотлар хотин-қизлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Хотин-қизлар орасида содир этилаётган ҳуқуқбузарликларнинг асосий сабаблари орасида ҳуқуқий билимнинг етарли эмаслиги, ижтимоий-иқтисодий қийинчиликлар, оилавий муаммолар, ишсизлик ҳамда айрим ҳолларда психологик босимлар муҳим ўрин тутади. Шу боис, профилактика ишларини олиб боришда фақат ҳуқуқий чоралар билан чекланиб қолмасдан, комплекс ёндашувларни қўллаш зарур.
Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда ҳуқуқий тарбия ва ҳуқуқий саводхонликни юксалтириш ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқий билимларни ошириш мақсадида давра суҳбатлари, очиқ мулоқотлар, ҳуқуқий семинар ва тренинглар ташкил этиш, оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий тармоқлар орқали тушунтириш ишларини олиб бориш самарали натижа бермоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 1 мартдаги “Оила ва хотин-қизлар билан ишлаш, маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, оила ва хотин-қизлар билан ишлаш, маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари белгиланган. Ушбу қарор асосида хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги ўрни ва фаоллигини ошириш, гендер тенглик кафолатларини таъминлаш, илмий фаолиятга кенг жалб қилиш каби вазифалар белгиланган.
Шунингдек, профилактика инспекторлари, маҳалла фаоллари, хотин-қизлар қўмиталари, таълим муассасалари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш муҳим аҳамият касб этади. Айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож, муаммоли оилалардаги хотин-қизлар билан индивидуал тартибда иш олиб бориш, уларга психологик, ҳуқуқий ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш жиноятчиликнинг барвақт олдини олишга хизмат қилади.
Қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлашда хотин-қизларнинг фаол иштирокини таъминлаш ҳам муҳим масаладир. Ҳуқуқий онги юксак, ўз ҳақ-ҳуқуқларини яхши биладиган аёл жамиятда қонун устуворлигини таъминлашга, ёш авлодни қонунийлик руҳида тарбиялашга муносиб ҳисса қўша олади. Зеро, она тарбияси келажак жамият пойдеворидир.
Хотин-қизлар орасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш, ҳуқуқий саводхонлик ҳамда ҳуқуқий тарбияни юксалтириш узвий боғлиқ жараёндир. Бу борада давлат органлари, жамоат ташкилотлари ва кенг жамоатчиликнинг ҳамжиҳатликдаги саъй-ҳаракатлари барқарор, адолатли ва ҳуқуқий жамиятни барпо этишнинг муҳим кафолатидир.
Файёза Қамбарова, Қашқадарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси






