Аёллар ва болалар ҳуқуқлари – давлат сиёсатининг устувор йўналиши

Сўнгги йилларда инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва жамиятда адолат тамойилларини мустаҳкамлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Айниқса, аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масаласи бугунги кунда жамият тараққиёти билан бевосита боғлиқ бўлган муҳим ижтимоий вазифалардан бири сифатида қаралмоқда. Чунки ҳар қандай давлатнинг келажаги, аввало, соғлом оила муҳитига, фарзандларнинг тўғри тарбиясига ва жамиятда аёлларнинг муносиб ўрнига боғлиқ ҳисобланади.

Шу сабабли мамлакатимизда аёллар ва болаларнинг ҳуқуқий, ижтимоий ҳамда маънавий жиҳатдан ҳимоясини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ана шу ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида 2026 йил 3 март куни қабул қилинган “Аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча ташкилий-ҳуқуқий чоралар тўғрисида”ги ПФ-33-сонли Президент Фармони алоҳида аҳамиятга эга бўлди.

Мазкур Фармон аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсатини янада такомиллаштириш, мавжуд муаммоларга замонавий ва самарали ечим топиш ҳамда жамиятда зўравонликка нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга қаратилган муҳим ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади.

Фармоннинг қабул қилинишига сабаб бўлган омиллар орасида жамиятда учраб турадиган оилавий низолар, маиший зўравонлик ҳолатлари, айрим ҳудудларда кузатиладиган эрта никоҳ муаммоси ҳамда аёллар ва болаларнинг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш зарурати каби масалаларни кўрсатиш мумкин.

Ушбу ҳужжатда аёллар ва болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишнинг янги механизмлари, профилактик чора-тадбирлар, ижтимоий қўллаб-қувватлаш усуллари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятини такомиллаштиришга доир қатор вазифалар белгиланган. Бу Фармоннинг аҳамияти шундаки, у фақат муаммоларни бартараф этишга эмас, балки уларнинг келиб чиқиш сабабларини бартараф қилишга ҳам қаратилган комплекс чора-тадбирларни назарда тутади. Яъни мазкур ҳужжатда ҳуқуқий, ижтимоий, таълимий ва маънавий омилларни бирлаштирган ҳолда муаммога кенг қамровли ёндашув кўзда тутилган.

Фармонда алоҳида эътибор қаратилган масалалардан бири – эрта никоҳ ҳолатларининг олдини олишдир. Эрта никоҳ кўп ҳолларда ёшларнинг таълим олиш имкониятларини чеклаб қўяди, уларнинг ижтимоий фаоллигини камайтиради ва баъзан саломатлик билан боғлиқ жиддий муаммоларга ҳам сабаб бўлиши мумкин. Шу сабабли давлат сиёсатида бу масалага жиддий эътибор қаратилиб, ёшларни оила қуришга масъулият билан ёндашишга ундашга қаратилган чора-тадбирлар белгиланган. Хусусан, никоҳдан олдин ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш, уларга оилавий муносабатлар, ўзаро ҳурмат ва масъулият ҳақида тушунча бериш каби ташаббуслар муҳим аҳамият касб этади. Бу орқали нафақат эрта никоҳ ҳолатларининг олди олинади, балки келажакда барқарор ва мустаҳкам оилаларни шакллантириш учун зарур бўлган ижтимоий ва маънавий асос яратилади. Шунингдек, 21 ёшдан кейин оила қурган ёшларга муайян имтиёзлар бериш каби чоралар ҳам ёшларни аввало таълим олиш, касб-ҳунар эгаллаш ва иқтисодий мустақилликка эришишга рағбатлантиришга хизмат қилади.

Фармонда таълим соҳасига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Айрим ҳолатларда турли ижтимоий сабаблар туфайли аёллар таълимни тўлиқ давом эттира олмаслиги мумкин. Масалан, ҳомиладорлик, фарзанд тарбияси ёки оилавий шароит туфайли ўқишдан вақтинча узилиш ҳолатлари учрайди. Мазкур Фармон ана шундай вазиятларга тушиб қолган талабаларга “иккинчи имконият” бериш ғоясини илгари суради. Яъни, ҳомиладор талаба-қизлар ёки кичик ёшдаги фарзанд тарбияси билан шуғулланаётган талабаларга таълимни давом эттириш учун қўшимча шарт-шароитлар яратилади. Уларга масофавий таълим шаклидан фойдаланиш, ўқишни қайта тиклаш ёки фанлар фарқини ўзлаштирган ҳолда таълимни давом эттириш имкониятлари берилиши назарда тутилган. Бу каби ташаббуслар аёлларнинг билим олиш ҳуқуқини таъминлашга, уларнинг ижтимоий ҳаётда фаол иштирок этишига ва келажакда мустақил шахс сифатида шаклланишига хизмат қилади. Чунки билимли ва мустақил фикрлай оладиган аёллар жамият тараққиётида муҳим ўрин тутади.

Фармонда маиший ва оилавий зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш масаласига ҳам жиддий эътибор қаратилган. Жамиятда баъзан учраб турадиган бундай ҳолатлар нафақат аёллар ва болаларнинг ҳуқуқларини поймол қилади, балки бутун оила муҳитига салбий таъсир кўрсатади. Шу сабабли мазкур ҳужжатда зўравонликка қарши курашишнинг янги механизмларини жорий этиш назарда тутилган. Хусусан, жабрланган шахсларни ҳимоя қилиш тизимини кучайтириш, уларга тезкор ёрдам кўрсатиш ва ҳуқуқий ҳимояни таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор берилган. Масалан, ҳимоя ордери берилган аёлларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида махсус рақамли хизматлардан фойдаланиш, зарур ҳолатларда тезкор ёрдам чақириш имкониятларини яратиш каби ташаббуслар амалга оширилиши мумкин. Бундай механизмлар зўравонлик қурбонларини ҳимоя қилиш билан бирга, бундай жиноятларнинг такрорланиш эҳтимолини ҳам камайтиради. Шу билан бирга зўравонлик содир этган шахсларнинг руҳий ҳолатини ўрганиш, уларга нисбатан тегишли профилактик чоралар кўриш ҳам назарда тутилган.

Фармонда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятини такомиллаштириш масаласи ҳам муҳим ўрин тутади. Аёллар ва болаларга нисбатан содир этилган жиноятлар билан ишлашда юқори даражадаги касбий тайёргарлик ва эҳтиёткорлик талаб этилади. Шу сабабли бундай ишлар билан шуғулланувчи терговчилар, прокурорлар ва судьялар учун махсус тайёргарлик тизимини такомиллаштириш, уларнинг малакасини ошириш каби вазифалар белгиланган. Бу орқали жабрланган шахслар билан ишлаш жараёнида инсонпарварлик ва адолат тамойилларини таъминлаш мақсад қилинган. Шунингдек, жиноятларнинг олдини олишга қаратилган профилактик ишлар, маҳаллаларда ва таълим муассасаларида ҳуқуқий тарғибот ишларини кучайтириш ҳам мазкур фармонда кўзда тутилган муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.

Фармоннинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, у жамиятда зўравонликка нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришни ҳам назарда тутади. Чунки фақат ҳуқуқий чоралар билан муаммони тўлиқ ҳал қилиш қийин. Бунинг учун жамиятда инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш, оилавий муносабатларда ўзаро ҳурмат ва масъулият маданиятини шакллантириш муҳим аҳамиятга эга. Шу мақсадда оммавий ахборот воситалари, таълим муассасалари ва фуқаролик жамияти институтлари иштирокида кенг тушунтириш ишларини олиб бориш, оилавий қадриятларни тарғиб қилиш, зўравонликнинг ҳуқуқий ва ижтимоий оқибатлари ҳақида аҳолининг ҳуқуқий онгини ошириш каби чора-тадбирлар амалга оширилиши режалаштирилган. Бу ташаббуслар жамиятда инсон қадрини улуғлаш ва ўзаро ҳурматга асосланган ижтимоий муҳитни шакллантиришга хизмат қилади.

Умуман олганда ПФ–33-сонли Президент Фармони аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида янги босқични бошлаб берувчи муҳим ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади. Унда назарда тутилган чора-тадбирлар нафақат зўравонлик ҳолатларининг олдини олишга, балки барқарор ва соғлом оила муҳитини шакллантиришга ҳам хизмат қилади. Энг муҳими, мазкур Фармон жамиятда инсон ҳуқуқларига ҳурмат руҳини мустаҳкамлаш, аёллар ва болаларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш ҳамда мамлакатда адолат ва барқарорликни таъминлаш йўлида муҳим қадам сифатида аҳамият касб этади.

 

Аҳрор Ғоппоров, Қашқадарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси                    

Аёллар ва болалар ҳуқуқлари қонун ҳимоясида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 3 мартдаги “Аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча ташкилий-ҳуқуқий чоралар тўғрисида”ги ПФ-33-сонли Фармони мамлакатимизда аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш, ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда жамиятда соғлом ижтимоий муҳитни шакллантиришга қаратилган муҳим норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан бири бўлди.

Ушбу Фармон инсон ҳуқуқларини таъминлаш, оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш борасида олиб борилаётган давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади.

Бугунги кунда дунёнинг кўплаб давлатларида аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, оилавий зўравонликка қарши курашиш, ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш масалалари давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Жамият тараққиёти кўп жиҳатдан оиладаги соғлом муҳитга боғлиқдир. Агар оилада тинчлик, ҳурмат ва ҳамжиҳатлик бўлса, бу жамиятда ҳам барқарорликни таъминлайди.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда аёллар ва болаларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш, уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш ҳамда гендер тенглигини таъминлаш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Мазкур Фармон ҳам айнан шу жараёнларнинг мантиқий давоми сифатида қабул қилинди. Фармон қабул қилинишининг асосий сабабларидан бири жамиятда айрим ҳолларда учраб турадиган тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш, аёллар ва болаларнинг ҳуқуқларини янада самарали ҳимоя қилиш зарурати билан боғлиқдир.

Фармонда аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилган. Аёлларга нисбатан зўравонлик ва тазйиқ ҳолатларининг олдини олиш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш, психологик ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тизимини ривожлантириш муҳим вазифалардан бири сифатида белгиланган.

Шунингдек, Фармонда аёлларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамиятдаги ижтимоий фаоллигини ошириш, бандлигини таъминлаш ва иқтисодий мустақиллигини кучайтириш бўйича ҳам қатор чора-тадбирлар назарда тутилган.

Аёллар жамиятнинг муҳим қисми бўлиб, уларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Шу боис Фармонда аёлларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтиришга қаратилган комплекс чора-тадбирлар белгиланган.

Мазкур Фармон болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратади. Болалар жамиятнинг келажаги ҳисобланади. Шу сабабли уларнинг соғлом, хавфсиз ва барқарор муҳитда вояга етиши муҳим аҳамиятга эга. Фармонга мувофиқ болаларга нисбатан зўравонлик, тазйиқ ёки бепарволик ҳолатларининг олдини олиш, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилади. Болаларни ҳимоя қилиш бўйича давлат органлари, таълим муассасалари ва жамоатчилик ташкилотлари ўртасида ҳамкорликни кучайтириш ҳам Фармоннинг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади.

Фармонда ёшлар ўртасида эрта никоҳларнинг олдини олиш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Эрта никоҳлар кўпинча ёшларнинг таълим олиши ва касб-ҳунар эгаллашига тўсқинлик қилади ҳамда уларнинг соғлигии ва келажакдаги ҳаётига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Шу боис вояга етмаган шахсларни турмушга ундаш ёки мажбур қилиш каби ҳолатларга нисбатан жавобгарлик чораларини кучайтириш назарда тутилган. Бу эса ёшларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда уларнинг келажакдаги ҳаётини барқарор ташкил этишга хизмат қилади.

Фармонда таълим олаётган талаба хотин-қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳам муҳим йўналишлардан бири сифатида кўрсатиб ўтилган. Ҳомиладор ёки ёш фарзанди бор талаба қизларга ўқишни давом эттириш учун қўшимча имкониятлар яратиш назарда тутилган. Бу эса аёлларнинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлаш ҳамда уларнинг жамиятдаги ижтимоий ва иқтисодий фаоллигини оширишга хизмат қилади. Таълим олиш имкониятининг кенгайиши эса келажакда малакали мутахассисларнинг кўпайишига ёрдам беради.

Ушбу Фармон мамлакатимизда аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш ҳамда жамиятда барқарорликни таъминлашга қаратилган муҳим ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади ва у орқали аёллар ва болаларнинг манфаатлари янада ишончли ҳимоя қилинади, ёш оилаларга давлат томонидан кенг кўламли ёрдам кўрсатиш имконияти яратилади. Келгусида мазкур Фармон асосида амалга ошириладиган чора-тадбирлар жамиятимизнинг янада ривожланишига, фуқароларнинг фаровон турмуш кечиришига ҳамда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашга хизмат қилади.

 

Алишер Ўралов, жиноят ишлари бўйича Қамаши туман суди раиси

Аёллар ва болалар ҳуқуқлари ҳимоясининг янги босқичи

Сўнгги йилларда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар мамлакат тараққиётининг барча йўналишларига ижобий таъсир кўрсатиб, халқимизнинг турмуш сифати ва фаровонлигини оширишга хизмат қилмоқда.

Айниқса, инсон манфаатлари устуворлиги, фуқароларнинг кафолатланган ҳуқуқларини таъминлаш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимларини такомиллаштириш бўйича амалга оширилган ишлар жамиятнинг ҳар бир қатлами ҳаётида сезиларли ўзгаришларга сабаб бўлди.

Бугунги кунда хотин-қизлар ҳамда вояга етмаганларга нисбатан содир этилаётган турли хил зўравонлик ҳолатларига қатъий жазо чораларини белгилаш билан бир қаторда бундай салбий ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ҳар қандай кўринишдаги зўравонликни инкор этадиган, унга тоқат қила олмайдиган муҳит яратиш бугунги куннинг долзалб масаласи хисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Констиутциясида алоҳида XIV боб Оила, болалар ва ёшлар масалаларига бағишланиши ҳам Республикамизда оила болаларнинг ҳуқуқлари устувор эканлигидан далолат беради.

Аёллар ва болалар ҳуқуқлари қонуний ҳимоясини таъминлаш борасида бир қанча қонунлар қабул қилиниб, амалдаги қонунларга тегишли ўзгартиришлар киритилиб келинмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил
3 мартдаги “Аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-33-сонли Фармонининг қабул қилиниши хотин-қизлар ҳамда болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг ҳар қандай кўринишига чек қўйиш борасида янада мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор яратилишига хизмат қилади.

Ушбу Фармон билан никоҳ ёшига етмаган шахс билан ҳақиқатда никоҳ муносабатларига киришиш ҳолатларининг (эрта никоҳ) олдини олишга эришиш, ота-оналарнинг ўз вояга етмаган фарзандлари учун масъулиятини янада ошириш, молиявий мустақилликка эришган ва оила қуришга ҳар томонлама тайёр бўлган ёшлар ўртасида никоҳ тузишни рағбатлантириш, аёллар ва болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш тизимини такомиллаштириш орқали уларнинг сонини кескин қисқартириш, шунингдек, бундай ҳолатга учраган шахсларни қўллаб-қувватлаш тизимини жорий этиш каби аниқ мақсадалар белгилаб берилган.

Бундан ташқари, Фармон билан эрта турмуш қуриш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида кенг жамоатчиликнинг ташаббуси ва халқаро ташкилотлар тавсиялари асосида тайёрланган никоҳ ёшини камайтиришнинг аниқ (тугал) асосларини белгилаш тўғрисидаги таклифлари маъқулланган ва ёшларнинг ўз ҳаёт йўлини онгли равишда белгилашига кўмаклашиш, шунингдек, никоҳ шартномаси тузилишини рағбатлантириш мақсадида
2027 йилдан бошлаб ҳар иккала тараф камида 21 ёшга тўлганда биринчи маротаба никоҳ тузган ёш оилалар учун давлат томонидан қўшимча имтиёз ва бошқа шаклдаги қўллаб-қувватлаш чоралари тақдим этилиши, ушбу оилалар Ижтимоий реестрга киритилган тақдирда, оилалар аъзоларига уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш, ривожлантириш, даромадларини ошириш ёки мураккаб вазиятдан чиқариш учун тақдим этиладиган молиявий кўмаклар (субсидия, ссуда, грантлар) қонунчилик ҳужжатларида белгиланган миқдорлардан 1,5 бараварга оширилган ҳолда берилиши, никоҳ шартномасини тузган никоҳланувчиларни никоҳни қайд этиш учун белгиланган давлат божидан озод этиш тартиби қўлланиши белгилаб берилди.

Олий таълим муассасларида таҳсил олаётган хотин-қизларимизга ҳам бир қатор имтиёзлар кўзда тутилган.

Жумладан, ҳомиладор талаба-қизларга ёки 3 ёшгача бўлган фарзанд тарбияси билан шуғулланувчи талабаларга олий таълим олиш учун “иккинчи имконият” яратиш мақсадида 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб курсдан курсга қолган ёхуд талабалар сафидан чиқарилган шахсларга, истисно тариқасида, фанлар фарқини қайта ўзлаштириш шарти билан таълимни давом эттириш имкони яратиш, талабалар фанлар фарқини мустақил ўзлаштириши учун қўшимча муддат бериш ва бошқа зарур шарт-шароитлар ташкил этиш каби имтиёзлар берилган.

Ўзбекистон халқаро ҳамжамиятнинг тўлақонли аъзоси сифатида БМТнинг бир қатор муҳим ҳужжатларига, жумладан, “Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида”ги Конвенция (CEDAW) ва “Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги Конвенцияга қўшилган.

Давлатимиз раҳбарининг Фармони мазкур халқаро ҳужжатларда белгиланган “гендер тенглик”ва “инсон шаънини ҳимоя қилиш” тамойилларини миллий қонунчилигимизда янада мустаҳкамлади.

Инсон шаъни, қадри ва эркинлигини таъминлашда халқаро стандартларга мос ҳуқуқий механизмларнинг жорий этилиши Ўзбекистон Республикаси Конституциясида мустаҳкамлаб қўйилган, ҳар бир фуқаро учун муносиб ҳаёт кечириш ҳуқуқининг кафолатини яратиб беради.

 

Хуршид Мухторов, фуқаролик ишлари бўйича Касби туманлараро судининг раиси

Суд-ҳуқуқ тизимини халққа яқинлаштирувчи ислоҳотлар

Ҳаммамизга маълум, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасини халқимиз катта иштиёқ ва олқишлар билан кутиб олишди. Чунки, бу мамлакат тақдири, халқ келажаги ва тараққиёт йўли белгилаб бериладиган тарихий воқеа бўлди.

Мурожаатноманинг асосий қисми 2026 йилда амалга ошириладиган энг муҳим 6 та устувор йўналишдан иборат бўлди.

Унда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, қонун устуворлиги ва адолат тамойилларини мустаҳкамлашга қаратилган чора-тадбирлар ҳам белгилаб берилди. Судларнинг мустақиллиги, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналиши эканлиги алоҳида таъкидланди ва суд-ҳуқуқ тизимини халққа яқинлаштиришга қаратилган ишлар изчил давом эттирилиши хусусида айтиб ўтилди.

Яъни,

  • терговни рақамлаштириш орқали инсон ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш, бунда жиноят ҳақидаги аризани қабул қилишдан бошлаб, ишни судга ўтказишгача бўлган босқичларга сунъий интеллект технологиялари жорий этилиши ва инсон омили қисқартирилиши,
  • 2026 йилдан тергов судьяларига санкция ва мажбурлов чораларини ўзгартириш ҳамда бекор қилиш ваколатларини ҳам бериш,
  • жамиятда шов-шувга сабаб бўлаётган жиноятлар жамоатчилик вакиллари иштирокида кўриб чиқилиши мақсадида “халқ вакиллари ҳайъати” институтини босқичма-босқич жорий этиш,
  • мажбурий ижро жараёнига самарали муқобил механизмлари сифатида соҳага сунъий интеллектни жорий этиш,
  • наркожиноятларга қарши курашишни умуммиллий ҳаракатга айлантириб, жамиятда бу иллатга муросасиз муҳит яратиш,
  • уюшган жиноий гуруҳларга қарши кескин курашиш,

аёллар ва болаларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш,

  • коррупцияга қарши курашиш бўйича 2026 йилда “фавқулодда ҳолат” эълон қилиниши, Президент Администрацияси Комплаенс хизмати бу тизимни 1 январдан бошлаб барча давлат идоралари ва ташкилотларида ишга тушириб, мансабидан қатъий назар, порахўрлик ва суиистеъмолчилик бўйича ҳар бир ҳолат юзасидан Президент Администрацияси Комплаенс хизмати шахсан Президентга ахборот киритиб бориши белгилаб берилди.

Судларнинг ҳақиқий мустақиллигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш устувор вазифа этиб белгиланди. Адолатли суд фуқароларнинг давлатга бўлган ишончини мустаҳкамловчи энг асосий омил эканлиги Мурожаатномада яна бир бор таъкидланди.

Шу тариқа, Мурожаатномада белгиланган мазкур ташаббус суд-ҳуқуқ тизимини янада инсонпарвар, шаффоф ва самарали қилишга қаратилган бўлиб, фуқароларнинг судга ва қонунга бўлган ишончини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.

Умуман олганда, замонавий давлат бошқаруви ва адолатли суд-ҳуқуқ тизимини шакллантиришга қаратилган мазкур устувор йўналиш Янги Ўзбекистонни барпо этиш, инсон қадрини улуғлаш ва қонун устуворлигини таъминлаш йўлидаги ислоҳотларнинг мустаҳкам пойдевори ҳисобланади.

 

Дилфуза Шамсиева, Қашқадарё вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси

Skip to content