Аёллар ва болалар ҳуқуқлари – давлат сиёсатининг устувор йўналиши
Сўнгги йилларда инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва жамиятда адолат тамойилларини мустаҳкамлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Айниқса, аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масаласи бугунги кунда жамият тараққиёти билан бевосита боғлиқ бўлган муҳим ижтимоий вазифалардан бири сифатида қаралмоқда. Чунки ҳар қандай давлатнинг келажаги, аввало, соғлом оила муҳитига, фарзандларнинг тўғри тарбиясига ва жамиятда аёлларнинг муносиб ўрнига боғлиқ ҳисобланади.
Шу сабабли мамлакатимизда аёллар ва болаларнинг ҳуқуқий, ижтимоий ҳамда маънавий жиҳатдан ҳимоясини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ана шу ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида 2026 йил 3 март куни қабул қилинган “Аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча ташкилий-ҳуқуқий чоралар тўғрисида”ги ПФ-33-сонли Президент Фармони алоҳида аҳамиятга эга бўлди.
Мазкур Фармон аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсатини янада такомиллаштириш, мавжуд муаммоларга замонавий ва самарали ечим топиш ҳамда жамиятда зўравонликка нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга қаратилган муҳим ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади.
Фармоннинг қабул қилинишига сабаб бўлган омиллар орасида жамиятда учраб турадиган оилавий низолар, маиший зўравонлик ҳолатлари, айрим ҳудудларда кузатиладиган эрта никоҳ муаммоси ҳамда аёллар ва болаларнинг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш зарурати каби масалаларни кўрсатиш мумкин.
Ушбу ҳужжатда аёллар ва болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишнинг янги механизмлари, профилактик чора-тадбирлар, ижтимоий қўллаб-қувватлаш усуллари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятини такомиллаштиришга доир қатор вазифалар белгиланган. Бу Фармоннинг аҳамияти шундаки, у фақат муаммоларни бартараф этишга эмас, балки уларнинг келиб чиқиш сабабларини бартараф қилишга ҳам қаратилган комплекс чора-тадбирларни назарда тутади. Яъни мазкур ҳужжатда ҳуқуқий, ижтимоий, таълимий ва маънавий омилларни бирлаштирган ҳолда муаммога кенг қамровли ёндашув кўзда тутилган.
Фармонда алоҳида эътибор қаратилган масалалардан бири – эрта никоҳ ҳолатларининг олдини олишдир. Эрта никоҳ кўп ҳолларда ёшларнинг таълим олиш имкониятларини чеклаб қўяди, уларнинг ижтимоий фаоллигини камайтиради ва баъзан саломатлик билан боғлиқ жиддий муаммоларга ҳам сабаб бўлиши мумкин. Шу сабабли давлат сиёсатида бу масалага жиддий эътибор қаратилиб, ёшларни оила қуришга масъулият билан ёндашишга ундашга қаратилган чора-тадбирлар белгиланган. Хусусан, никоҳдан олдин ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш, уларга оилавий муносабатлар, ўзаро ҳурмат ва масъулият ҳақида тушунча бериш каби ташаббуслар муҳим аҳамият касб этади. Бу орқали нафақат эрта никоҳ ҳолатларининг олди олинади, балки келажакда барқарор ва мустаҳкам оилаларни шакллантириш учун зарур бўлган ижтимоий ва маънавий асос яратилади. Шунингдек, 21 ёшдан кейин оила қурган ёшларга муайян имтиёзлар бериш каби чоралар ҳам ёшларни аввало таълим олиш, касб-ҳунар эгаллаш ва иқтисодий мустақилликка эришишга рағбатлантиришга хизмат қилади.
Фармонда таълим соҳасига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Айрим ҳолатларда турли ижтимоий сабаблар туфайли аёллар таълимни тўлиқ давом эттира олмаслиги мумкин. Масалан, ҳомиладорлик, фарзанд тарбияси ёки оилавий шароит туфайли ўқишдан вақтинча узилиш ҳолатлари учрайди. Мазкур Фармон ана шундай вазиятларга тушиб қолган талабаларга “иккинчи имконият” бериш ғоясини илгари суради. Яъни, ҳомиладор талаба-қизлар ёки кичик ёшдаги фарзанд тарбияси билан шуғулланаётган талабаларга таълимни давом эттириш учун қўшимча шарт-шароитлар яратилади. Уларга масофавий таълим шаклидан фойдаланиш, ўқишни қайта тиклаш ёки фанлар фарқини ўзлаштирган ҳолда таълимни давом эттириш имкониятлари берилиши назарда тутилган. Бу каби ташаббуслар аёлларнинг билим олиш ҳуқуқини таъминлашга, уларнинг ижтимоий ҳаётда фаол иштирок этишига ва келажакда мустақил шахс сифатида шаклланишига хизмат қилади. Чунки билимли ва мустақил фикрлай оладиган аёллар жамият тараққиётида муҳим ўрин тутади.
Фармонда маиший ва оилавий зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш масаласига ҳам жиддий эътибор қаратилган. Жамиятда баъзан учраб турадиган бундай ҳолатлар нафақат аёллар ва болаларнинг ҳуқуқларини поймол қилади, балки бутун оила муҳитига салбий таъсир кўрсатади. Шу сабабли мазкур ҳужжатда зўравонликка қарши курашишнинг янги механизмларини жорий этиш назарда тутилган. Хусусан, жабрланган шахсларни ҳимоя қилиш тизимини кучайтириш, уларга тезкор ёрдам кўрсатиш ва ҳуқуқий ҳимояни таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор берилган. Масалан, ҳимоя ордери берилган аёлларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида махсус рақамли хизматлардан фойдаланиш, зарур ҳолатларда тезкор ёрдам чақириш имкониятларини яратиш каби ташаббуслар амалга оширилиши мумкин. Бундай механизмлар зўравонлик қурбонларини ҳимоя қилиш билан бирга, бундай жиноятларнинг такрорланиш эҳтимолини ҳам камайтиради. Шу билан бирга зўравонлик содир этган шахсларнинг руҳий ҳолатини ўрганиш, уларга нисбатан тегишли профилактик чоралар кўриш ҳам назарда тутилган.
Фармонда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятини такомиллаштириш масаласи ҳам муҳим ўрин тутади. Аёллар ва болаларга нисбатан содир этилган жиноятлар билан ишлашда юқори даражадаги касбий тайёргарлик ва эҳтиёткорлик талаб этилади. Шу сабабли бундай ишлар билан шуғулланувчи терговчилар, прокурорлар ва судьялар учун махсус тайёргарлик тизимини такомиллаштириш, уларнинг малакасини ошириш каби вазифалар белгиланган. Бу орқали жабрланган шахслар билан ишлаш жараёнида инсонпарварлик ва адолат тамойилларини таъминлаш мақсад қилинган. Шунингдек, жиноятларнинг олдини олишга қаратилган профилактик ишлар, маҳаллаларда ва таълим муассасаларида ҳуқуқий тарғибот ишларини кучайтириш ҳам мазкур фармонда кўзда тутилган муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.
Фармоннинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, у жамиятда зўравонликка нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришни ҳам назарда тутади. Чунки фақат ҳуқуқий чоралар билан муаммони тўлиқ ҳал қилиш қийин. Бунинг учун жамиятда инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш, оилавий муносабатларда ўзаро ҳурмат ва масъулият маданиятини шакллантириш муҳим аҳамиятга эга. Шу мақсадда оммавий ахборот воситалари, таълим муассасалари ва фуқаролик жамияти институтлари иштирокида кенг тушунтириш ишларини олиб бориш, оилавий қадриятларни тарғиб қилиш, зўравонликнинг ҳуқуқий ва ижтимоий оқибатлари ҳақида аҳолининг ҳуқуқий онгини ошириш каби чора-тадбирлар амалга оширилиши режалаштирилган. Бу ташаббуслар жамиятда инсон қадрини улуғлаш ва ўзаро ҳурматга асосланган ижтимоий муҳитни шакллантиришга хизмат қилади.
Умуман олганда ПФ–33-сонли Президент Фармони аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида янги босқични бошлаб берувчи муҳим ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади. Унда назарда тутилган чора-тадбирлар нафақат зўравонлик ҳолатларининг олдини олишга, балки барқарор ва соғлом оила муҳитини шакллантиришга ҳам хизмат қилади. Энг муҳими, мазкур Фармон жамиятда инсон ҳуқуқларига ҳурмат руҳини мустаҳкамлаш, аёллар ва болаларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш ҳамда мамлакатда адолат ва барқарорликни таъминлаш йўлида муҳим қадам сифатида аҳамият касб этади.
Аҳрор Ғоппоров, Қашқадарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси






