“Террор” атамаси лотинчадан таржимада “қўрқув”, “даҳшат” деган маънони англатади. Терроризм эса террор сиёсати ва амалиётининг қўлланиши, яъни сиёсий рақибларни бартараф этиш мақсадида жисмоний зўрлик ишлатиш, уларни жисмонан йўқ қилиб ташлаш, ўлдириш маҳсулидир.
Бугунги кунда терроризм алоҳида бир мамлакат доирасидагина амалга оширилаётгани йўқ, у бир давлат ҳудудидан ташқарига чиқмоқда ва халқаро терроризм деб номланган ҳодисага айланмоқда. Халқаро терроризм – бу халқаро миқёсда содир этиладиган, одамларнинг беҳуда ҳалок бўлиши, шаҳарларнинг бузилиши, давлатларнинг вайрон бўлиши, улар иқтисодий ривожланиш даражасининг пасайиши ва ҳоказоларга сабаб бўладиган ижтимоий хавфли қилмишлар йиғиндисидир.
Терроризмга қарши курашни кучайтириш бўйича аксарият мамлакатларда кўп томонлама конвенциялар ва қонунлар қабул қилинди. Жумладан, Ўзбекистон Республикасида “Терроризмга қарши кураш тўғрисида” махсус қонун қабул қилинди (2000 йил 15 декабрь).
Қонунда давлат органларининг терроризмга қарши кураш соҳасидаги ваколатлари, террорчиликка қарши операциянинг ўтказилиши, террорчилик ҳаракати оқибатида етказилган зарарни қоплаш ва жабрланган шахсларнинг ижтимоий реабилитацияси, терроризмга қарши курашда иштирок этаётган шахсларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимояси, террорчилик фаолиятида иштирок этганлик ҳамда терроризмга қарши кураш тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик каби масалалар ҳуқуқий асослаб берилган.
Шунингдек, террорчилик ҳаракатларига қарши халқаро даражада курашиш учун БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 2001 йил 28 сентябрда қабул қилинган 1375-сон Резолюцияси ҳам алоҳида аҳамият касб этади. Хусусан, мазкур ҳужжатда терроризмни қўллаш амалиёти қораланган ва тақиқланган, давлатларнинг ушбу ижтимоий хавфли ҳодисага қарши курашишга бўлган иродаси мустаҳкамланган.
Халқаро ҳуқуқда терроризмга қарши курашишга йўналтирилган қатор конвенциялар мавжуд. Масалан, Терроризмни йўқ қилиш ҳақидаги Европа Конвенцияси (Страсбург, 1977 йил 27 январь), Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлатлари иштирокчиларининг терроризмга қарши курашиш бўйича ҳамкорлиги ҳақидаги шартномаси (Минск, 1999 йил 4 июнь), Бомбани қўллаш билан боғлиқ терроризмга қарши кураш тўғрисидаги халқаро конвенция (Нью-Йорк, 1997 йил 15 декабрь), Терроризм, сепаратизм ва экстремизмга қарши кураш тўғрисидаги Шанхай конвенцияси (Шанхай, 2001 йил 15 июнь) ва ҳ.к.
Терроризм жиноий ҳаракатнинг энг оғир кўринишларидан бири бўлиб, айбдор атрофдагиларда қўрқув, ғалаён уйғотишга, уларнинг меъёрий одати ва ижтимоий фойдали фаолиятини тўхтатиб қўйишга, ҳокимият ва бошқарув органларига қаршилик қилиб, ўзининг ноқонуний мақсадларига эришишга ҳаракат қилади.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 155-моддасига мувофиқ, Терроризм – халқаро муносабатларни мураккаблаштириш, давлатнинг суверенитетини, ҳудудий яҳлитлигини бузиш, хавфсизлигига путур етказиш, уруш ва қуролли можаролар чиқариш, ижтимоий-сиёсий вазиятни беқарорлаштириш, аҳолини қўрқитиш мақсадида давлат органини, халқаро ташкилотни, уларнинг мансабдор шахсларини, жисмоний ёки юридик шахсни бирон бир фаолиятни амалга оширишга ёки амалга оширишдан тийилишга мажбур қилиш учун зўрлик, куч ишлатиш, шахс ёки мол-мулкка хавф туғдирувчи бошқа қилмишлар ёхуд уларни амалга ошириш таҳдиди билан содир этилса – саккиз йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади;
-вазиятни беқарорлаштириш ёки давлат органлари томонидан қарор қабул қилинишига таъсир кўрсатиш ёхуд сиёсий ёки бошқа ижтимоий фаолиятга тўсқинлик қилиш мақсадида давлат ёки жамоат арбоби ёхуд ҳокимият вакилининг давлат ёки жамоатчилик фаолияти муносабати билан унинг ҳаётига суиқасд қилиш ёки унинг баданига шикаст етказиш – ўн йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади;
-ушбу ҳаракатлар одам ўлишига ёки бошқа оғир оқибатларнинг келиб чиқишига сабаб бўлса – ўн беш йилдан йигирма беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Терроризмни тайёрлашда иштирок этган шахс, агар у ҳокимият органларига ўз вақтида хабар бериш ёки бошқа усул билан оғир оқибатлар юзага келишининг ҳамда террорчилар мақсадлари амалга оширилишининг олдини олишга фаол кўмаклашган бўлса, башарти бу шахснинг ҳаракатларида жиноятнинг бошқа таркиби бўлмаса, жиноий жавобгарликдан озод этилади.
Анвар Элмуродов, Қашқадарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси