МАСЪУЛИЯТСИЗ ОТА
Бугун жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судида ўз фарзандининг моддий таъминотидан бўйин товлаган отага нисбатан маъмурий иш кўриб чиқилди. У вояга етмаган уч нафар фарзандини боқишдан бош тортди. Натижада суд қарори билан унга ўн беш сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди…
Сиртдан қараганда масала ўз ечимини топгандек, муаммога нуқта қўйилгандек бўлиб туюлади. Аммо, ҳақиқатдан ҳам шундаймикин? Ўйлаб қоласан киши: “Нима бўляпти одамларга? Ориятни қаёққа қўйдик? Бизнинг ўзбек йигитлари учун, айниқса бу гап ўлимдан оғир эмасми?..”
Ахир, ота-боболаримиз тарихда, ўзининг болалари билан бир сафда минг-минглаб етим-есирларнинг бошини силагани учун ҳам ҳозиргача болажон халқ сифатида улуғланиб келади-ку! Бу бўлса ўз пушти-камаридан тўраган, наслининг давомчиси бўлган болаларни боқишдан бош тортаяпти – мантиқ қани?! Қизиғи шундаки, фарзандлари ўзиники эканини инкор этмаяпти, тўлов қобилияти ҳам бор, фақат тўламоқчи эмас. Нега? Майиб-мажруҳ, ногирон-нотавон бўлса эди, балки тушуниш мумкин бўларди. Аммо, соппа-соғ, бардам-бақувват. Судга кела туриб ҳам қайсидир ошхонада зиғир мойига қилинган ошдан бўккан бўлса керак, устига-устак, ҳазми таом деб, бижиллоқ ичимликлардан симиргани кекириб қўйишларидан сезилиб турибди. Ўз нафси, қорни учун пул аямаслиги аён, аммо уч нафар қизалоғи учун бир чақа ҳам бермоқчи эмас.
Алимент ундириш учун арз қилган онанинг қаватида турган уч ёшли қизалоқ, отасини кўриб унга томон талпинди. Бу ерда бўлаётган гап-сўзларни ҳали англаш ёшида эмас – шунисига ҳам шукур! Дадажон, деб бориб отасининг оёғини қучди. Атрофдаги кишиларнинг беихтиёр кўзлари ёшланди. Ҳақиқатдан ҳам таъсирчан ҳолат! Мана шу даъватнинг ўзи ҳар қандай тошбағир одамнинг ҳам дийдасини юмшатади, аммо бунга кор қилмади. Бисотининг бир бўлагини боласига бериб, уни бахтиёр қилишдан ўн беш сутка ўтириб чиқишни афзал билди…
Мен башоратчи эмасман. Нарса ва ҳодисаларнинг нима бўлишини олдиндан айтиш қобилиятим йўқ. Лекин, катта ҳаётий тажрибам, суддаги фаолиятим давомида тўплаган кўникмаларимга таяниб бир нарсани аниқ айтишим мумкин. Бунинг каби кишилар учун ўн беш суткалик қамоқ жазоси – санаторияда дам олиш билан тенг тушунча. Аммо, охират бор олдда: унинг оғушида ором бўлмайди, мана шу норасидаларга етказган азоблари учун охиратнинг оқибати оғриқли кечади. Бу ҳақда мустақил ҳаётга – оила остонасига қадам қўяётган ҳар бир йигит-қиз жиддий ўйлаб кўриши лозим.
Шаҳриддин Эшимов, жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судининг судьяси