КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШ: СУД-ҲУҚУҚ ТИЗИМИДАГИ ИСЛОҲОТЛАР ЯНГИ БОСҚИЧДА

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 2025 йил 5 март куни коррупцияга қарши курашиш бўйича муҳим йиғилиш бўлиб ўтди. Ушбу тадбирда давлат бошқаруви, иқтисодиёт, ҳуқуқ ва суд тизимидаги коррупциявий хавфларни бартараф этиш масалалари кенг муҳокама қилиниб, тизимли ислоҳотларнинг натижалари таҳлил қилинди.

Йиғилишда суд тизимидаги сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар таҳлил қилинар экан, коррупцияга қарши курашишда судларнинг ҳал қилувчи ўрни борлиги яна бир бор таъкидланди. Бироқ, ушбу соҳада ҳали ҳам тизимли камчилик ва муаммолар мавжудлиги қайд этилди.

Хусусан, суд қарорларининг ижроси, судлар фаолиятининг очиқлиги ва суд ҳокимиятининг мустақиллиги каби масалалар ҳанузгача жамоатчилик орасида турли саволларга сабаб бўлаётгани айтилди. Шу нуқтаи назардан, коррупциявий омилларни бутунлай йўқотиш бўйича қатъий чоралар кўрилиши белгилаб берилди. Энг аввало, судьялар фаолиятининг мутлақо мустақил бўлишини таъминлаш, ҳар қандай босим ва ноқонуний таъсир эҳтимолини йўқ қилиш, суд жараёнларида тарафларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари тенглигини кафолатлаш муҳимлиги таъкидланди. Буларнинг барчаси жамиятда қонун устуворлиги ва адолатни таъминлашга хизмат қилиши лозим.

Рақамлаштириш жараёнларини янада жадаллаштириш – суд-ҳуқуқ тизимидаги коррупцияга қарши курашнинг энг самарали воситаларидан биридир. Суд тизимида электрон ҳужжат айланишини кенг жорий этиш, барча суд қарорларини ягона электрон платформада жамлаш, судьялар фаолияти ва суд мажлисларининг мониторингини юритиш орқали коррупциявий омилларни камайтириш мумкин. Шу билан бирга, коррупциявий жиноятлар билан боғлиқ суд ишларини махсус мониторинг қилиш ва уларнинг натижалари юзасидан очиқ ҳисоботлар эълон қилиб бориш зарурлиги, ушбу чора-тадбирлар коррупция хавфини камайтириш билан бирга суд тизимининг самарадорлигини оширишга хизмат қилиши ҳам йиғилишда таъкидлаб ўтилди.

Жамоатчилик назоратини кучайтириш ва фуқароларнинг суд қарорларига бўлган эътирозларини тезкор ва қулай шаклда кўриб чиқиш механизмини ишлаб чиқиш бўйича янги ташаббуслар илгари сурилди. Юртбошимиз суд жараёнларини аҳолига янада яқинлаштириш, суд ҳокимиятининг халқ олдида ҳисобдорлигини ошириш ва коррупция хавфини пасайтириш бўйича фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш муҳимлигини қайд этди.

Шунингдек, коррупция билан боғлиқ суд ишларини юритишда ягона ёндашувни шакллантириш, суд қарорларининг шаффофлиги ва адолатлилигини таъминлаш мақсадида халқаро тажрибани ўрганиш ва мослаштириш чоралари белгиланди.

Йиғилиш якунида коррупцияга қарши курашиш бўйича тизимли чора-тадбирлар изчил давом эттирилиши, суд-ҳуқуқ тизимида янада чуқур ислоҳотлар олиб борилиши ҳамда коррупцияга қарши курашда ҳуқуқий ва институционал ёндашувлар такомиллаштирилиши лозимлиги белгиланди.

Хусусан, коррупцияга оид суд ишларининг натижалари ҳақида мунтазам очиқ ҳисобот бериш, давлат бошқаруви ва суд тизими фаолиятига оид барча маълумотларнинг очиқлигини таъминлаш, фуқаролар учун суд хизматларини янада қулайлаштириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.

Мазкур йиғилиш жараёнида Президентимиз томонидан илгари сурилган ташаббуслар суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларнинг чуқурлашишига, адолат ва қонун устиворлигининг мустаҳкамланишига хизмат қилади. Узоқ муддатли истиқболда бу ёндашув нафақат коррупцияни камайтириш, балки мустаҳкам ҳуқуқий давлат барпо этишда муҳим ўрин тутади.

 

Аҳрор Ғоппоров, Қашқадарё вилоят судлари судьяларининг малака ҳайъати раиси

Коррупцияга қарши курашишда барча масъул

Ҳар бир жамиятнинг ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий соҳаларига катта зиён етказадиган, давлатнинг барқарор ривожланишига тўсқинлик қиладиган муаммолардан бири шубҳасиз коррупциядир. Мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш борасида олиб борилаётган изчил ишлар ўз самарадорлигини кўрсатиши шубҳасиз бўлиб, бу ҳар бир соҳадаги ўзгаришлар, жамиятнинг ҳар томонлама ривожланишида намоён бўлмоқда. Бугун коррупцияга қарши курашишнинг самарасини ошириш мақсадида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Жорий йилнинг 5 март куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида коррупциянинг олдини олиш бўйича ишлар натижадорлиги ва келгусидаги устувор вазифаларга бағишланган кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди.

Йиғилишда давлат раҳбари коррупциянинг олдини олиш ва унинг хавфларини камайтириш бўйича амалга оширилган ишлар натижаларини таҳлил қилиш билан бирга келгусидаги устувор вазифаларни белгилаб берди.

Мухокама қилинган мавзулар орасида коррупцияга қарши курашишнинг янада самарали механизмларини ишлаб чиқиш, кадрларнинг жамиятга хизмат қилишга бўлган муносабатини ўзгартириш ва коррупцияга қарши курашиш соҳасида аниқ натижаларга эришиш учун янги ислоҳотларни жорий қилишга алоҳида эътибор қаратилди

Коррупция ҳар қандай жамиятнинг тараққиётига тўсиқ бўлиши билан бирга, фуқароларнинг давлатга бўлган ишончини заифлаштиради. Шу боис Юртбошимиз коррупцияга қарши курашиш масаласини давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида қайд этиб, айниқса, суд-ҳуқуқ тизимини янада шаффоф, адолатли ва халқчил қилиш зарурлигини алоҳида таъкидлади.

Суд тизимига турли аралашувларга йўл қўймаслик, судлар мустақилигини таъминлаш, тизимдаги шаффофликни ошириш масаласи йиғилиш кун тартибидаги асосий масалалардан бири бўлди. Хусусан, давлат органлари ёки мансабдор шахслар томонидан чиқарилган ноқонуний қарорларни бекор қилиш ҳолатлари бўйича очиқ маълумотлар базасини юритиш, суд қарорларини оммага тақдим этиш ва суд мажлисларини онлайн тарзда кузатиш имкониятларини янада кенгайтириш таклиф этилди.

Бу ташаббуслар суд тизимига нисбатан ишончни ошириб, унинг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини кучайтиришга хизмат қилиши қайд этилди. Шу билан бирга суд қарорларини муҳокама қилиш ва уларнинг адолатлилиги юзасидан очиқ ҳисоботлар эълон қилиш амалиётини йўлга қўйиш ҳам коррупциянинг олдини олишга ёрдам беради.

Коррупцияга қарши кураш фақат жазолаш билан эмас, балки профилактика, шаффоф бошқарув ва кучли институтлар орқали ҳам олиб борилиши зарур. Ушбу жараёнда нафақат суд органлари, балки бутун жамият фаол иштирок этиши керак.

Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш бўйича олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар ўз самарасини беради. Шаффофлик, рақамлаштириш, ижтимоий жавобгарлик ва қонунчиликни яхшилаш орқали давлат тизимини ислоҳ қилиш коррупциянинг олдини олиш ва уни камайтиришга хизмат қилмоқда. Бу ҳаракатлар келажакда мамлакатнинг ривожланишини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

 

Дилфуза Шамсиева, Қашқадарё вилояти судлари судьялари малака ҳайьати раиси ўринбосари

Коррупция – бугуннинг долзарб масаласидир

Коррупция нафақат давлат ва иқтисодиётга, балки жамиятнинг ижтимоий ва маданий ривожланишига, келажагига ҳам катта таъсир кўрсатади. У давлат ва жамиятга нисбатан ишончни пасайтириб, одамлар орасида тенгсизлик, адолатсизлик ва табақачиликнинг ривожланишига сабаб бўлади.

Коррупцияга қарши самарали курашиш жамиятнинг барқарорлигини ва тараққиётини таъминлайди. Ушбу масалага етарлича эътиборнинг қаратилиши ҳар бир фуқаро ва давлат ташкилотларининг ўз вазифаларини адолат ва шаффофлик билан бажаришини таъминлайди, давлат ҳар соҳада ривож топади, тараққий этади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида коррупциянинг олдини олиш бўйича ишлар натижадорлиги ва келгусидаги устувор вазифаларга бағишланган кенгайтирилган йиғилиш ҳам мазкур мавзуларни ўз ичига олди.

Унда ислоҳотлар ҳал қилувчи босқичга кираётган ҳозирги вақтда юртимизда коррупциядан холи муҳит яратиш бўйича ишларга баҳо бериб, келгуси вазифаларни аниқ белгилаб олиш зарурлигини таъкидланди.

Президентимиз юртимизда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича аниқ тизим яратилганлиги, алоҳида қонунлар қабул қилиниб, Парламент палаталарида масъул қўмиталар, Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгаш ва агентлик ташкил қилинганлиги, энг муҳими, жамиятда коррупция муаммосини жамоатчилик муҳокамасига олиб чиқадиган очиқ тизим, очиқ муҳит яратилгани, айниқса, оммавий ахборот воситаларининг бу борадаги ўрни ва таъсири ортиб бораётгани ва қувонарлиси очиқлик бўйича халқаро рейтинглардаги мамлакатимизнинг ўрни 138 поғонага яхшиланиб, Марказий Осиёда биринчи, дунёда 30-ўринга кўтарилганлиги қайд этилди

Йиғилишда давлатимиз раҳбари суд тизимида коррупциявий хавф-хатарларни олдини олиш, одил судлов сифати ва самарадорлигини ошириш доимо диққат марказида бўлиши зарурлигини таъкидлади. Сўнгги йилларда судлар мустақиллигини таъминлаш бўйича катта ислоҳотлар амалга оширилганлигини эътироф этаркан, айрим идоралар томонидан судга таъсир ўтказишга уринишлар ҳали-ҳануз давом этаётганлигини айтиб ўтди.

Шунингдек, судлар фаолиятига ҳар қандай аралашиш одил судловга соя солиш, деб баҳоланиши ва бу бўйича сўров ҳам, жавобгарлик ҳам қаттиқ бўлишини эслатиб ўтди.

Эътироф этиш жоиз, Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилган ислоҳотлар коррупцияга қарши курашиш соҳасида муайян ютуқларга эришишга имкон берди. Бу жараённинг келгусида босқичи аниқ ва самарали чоралар асосида ривожланишга йўналтирилган. Мазкур йиғилишда айтиб ўтилган устувор вазифалар коррупцияга қарши курашишда тўсқинликларни аниқлаш ва бартараф этишда муҳим ҳисобланади.

 

Қаҳрамон Боймуродов, Қашқадарё вилояти судлари судьялари малака ҳайьати аъзоси

КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШИШ ЯНГИ БОСҚИЧДА

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 5 март куни “Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгаш” йиғилишида иштирок этди.

Мазкур  йиғилишда Президентимиз нутқ сўзлаб, унда коррупцияни жамият танасидаги «саратон» деб атади ва унинг мамлакат учун жиддий таҳдид эканлигини, коррупция ислоҳотлар йўлидаги энг катта тўсиқлигини, бунинг оқибатида жаҳон иқтисодиёти йилига 3 триллион доллар зарар кўришини, бу глобал хавф эканидан далолат беришини таъкидлади.

Шунингдек, Президент коррупцияга қарши курашишда кенг жамоатчиликни фаол иштирок этишга чақириб, оммавий ахборот воситаларининг бу борадаги ролини ошириш зарурлигини билдирди.

Коррупцияга қарши курашишда энг долзарб масалалардан бири бўлган давлат хизматчилари даромадларини декларация қилиш масаласи кўтарилди. Унга кўра қонун лойиҳаси 1 апрелгача жамоатчилик муҳокамасига қўйилиши ва парламентга киритилиши топширилди.

Шу билан бирга коррупциянинг ортиқча ҳашамат ва дабдаба билан боғлиқ бўлишини таъкидлаб, коррупцияни енгиш учун биринчи навбатда ортиқча ҳашамат ва дабдаба деган ўқ илдизларни қуритиш шартлиги айтилди.

Йиғилишда айниқса судларга аралашишни қатъиян ман қилиш ва судлар фаолияти доимий равишда давлатимиз раҳбари назарида экани, судлар фаолиятига ҳар қандай аралашиш одил судловга соя солиш деб баҳоланиши, бундай аралашувлар учун жавобгарликни кучайтириш кераклиги таъкидлаб ўтилди.

Шунингдек, адвокатлар ўртасидаги фаолиятни тўсиқсиз амалга ошириш учун зарур қонунлар ишлаб чиқилиши белгиланди.

Прокурорлар ва ички ишлар органларининг секторлардаги иштироки ортиқча бюрократияни яратмаслиги лозимлиги, ҳар бир ҳудудда ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларни рўйхатга олишда янги технологияларни жорий этиш топширилди. Бош прокуратура ва ички ишлар вазирлиги ўз ишларини яхшилаш ва бир-бирини назорат қилиш учун янги йўналишларга ўтиши зарурлиги таъкидланди.

Давлатимиз раҳбари маърузаси сўнгида коррупцияга қарши курашишда кенг жамоатчиликни, суд тизимини ва барча давлат органларини фаол иштирок этишга чақирди.

 

Фозил Юсупов, Қашқадарё вилояти судлари судьялари малака ҳайьати аъзоси

Хизмат кўрсатиш шартномасининг мазмуни ва моҳияти ҳамда шартномавий муносабатлардаги қонун талабига риоя қилишнинг аҳамияти

Тадбиркорлик фаолиятининг асосини шартнома муносабатлари ташкил қилади. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси 353-моддасининг биринчи қисмига кўра икки ёки бир неча шахснинг фуқаролик ҳуқуқлари ва бурчларини вужудга келтириш, ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги келишуви шартнома дейилади.

“Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Респуликаси Қонунининг 3-моддаси талабига кўра тарафлардан бири шартлашилган муддатда тадбиркорлик фаолияти соҳасида товарларни бериш, ишларни бажариш ёки хизматлар кўрсатиш мажбуриятини оладиган, иккинчи тараф эса товарларни, ишларни, хизматларни қабул қилиб олиш ва уларнинг ҳақини тўлаш мажбуриятини оладиган келишув хўжалик шартномаси дейилади. Одатда шартномалар маълум бир соҳада тарафлар ўртасида вужудга келган муносабатларни тартибга солади. Ана шу шартномалардан бири бу – ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномаси ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 703-моддасига кўра ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномаси бўйича ижрочи буюртмачининг топшириғи билан ашёвий шаклда бўлмаган хизматни бажариш, буюртмачи эса бу хизмат учун ҳақ тўлаш мажбуриятини олади.

Ушбу бобнинг қоидалари алоқа хизмати, тиббиёт, ветеринария, аудиторлик, маслаҳат, ахборот хизматлари, таълим бериш, сайёҳлик хизмати ва бошқа хизматлар кўрсатиш шартномаларига татбиқ этилади. Ушбу Кодекснинг 37, 39, 40, 43, 44, 45, 46, 48, 49 ва 51-бобларида назарда тутилган шартномалар бўйича кўрсатилган хизматлар бундан мустасно.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 705-моддасига кўра буюртмачи ўзига кўрсатилган хизматлар ҳақини ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномасида кўрсатилган муддатларда ва тартибда тўлаши шарт.

Ижрочи ўзи айбдор бўлмагани ҳолда хизматни бажара олмаган тақдирда буюртмачи ижрочига унинг харажатларини тўлаши шарт, бунда ижрочининг хизмат (хизматлар) кўрсатишдан озод қилиниши муносабати билан олган ёки олиши мумкин бўлган фойдаси чегириб қолинади. Буюртмачининг айби билан хизматни бажариш мумкин бўлмай қолган тақдирда агар қонунчиликда ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса хизматлар баҳоси бутунлай тўланиши керак.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 706-моддасига ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномасини бузганлик учун ижрочининг жавобгарлиги белгиланган бўлиб, унга кўра ижрочи ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномасини умуман ёки тегишли даражада бажармаган ҳолларда у келтирилган зарарни буюртмачига батамом тўлаши шарт, лекин бу тўлов шартномада назарда тутилган хизматлар баҳосининг икки бараваридан ортиқ бўлиши мумкин эмас.

Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш вақтида ижрочи мажбуриятини умуман ёки тегишли даражада бажармаган ҳолларда ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномасида ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилгандан кучайтирилган жавобгарлик назарда тутилиши мумкин.

Бундан ташқари Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 707-моддасида ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномасини бекор қилиш тартиби белгиланган бўлиб, унга мувофиқ буюртмачи хизматларнинг белгиланган баҳосини батамом тўлаш шарти билан ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномасини бекор қилишни талаб қилишга ҳақли, шартнома ижрочининг айбли ҳаракатлари туфайли бекор қилинган ҳоллар бундан мустасно.

Ижрочи шартнома бекор қилиниши туфайли буюртмачига етказилган зарарнинг ҳаммасини тўлаш шарти билангина ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномасини бекор қилишни талаб қилишга ҳақли, шартнома буюртмачининг айби билан бекор қилинган ҳоллар бундан мустасно.

Кундалик ҳаётда юридик шахс, ҳатто жисмоний шахслар ҳам хизмат кўрсатиш шартномаси тузиш орқали бир-бирлари билан шартномавий ҳуқуқий муносабатларга киришадилар.

Хусусан, бунга тиббиёт, ахборот, таълим бериш, сайёҳлик хизматлари ва бошқа шу каби хизматларни мисол қилиб келтиришимиз мумкин.

Албатта, айнан барча шартномавий ҳуқуқий муносатбатлар бўйича келиб чиқадиган низолар судлар томонидан мазмунан кўриб чиқилган ҳолда ҳал этилади.

Хусусан, Шаҳрисабз туманлараро иқтисодий суди томонидан 2023 йилда 36 та, 2024 йилда эса 38 та хизмат кўрсатиш шартномасидан келиб чиққан низолар билан боғлиқ ишлар кўриб чиқилган.

Бу эса ушбу шартнома бўйича низоларни сони ортаётганлигидан далолат беради.

Таъкидлаб ўтиш жоизки, кўпчилик ҳолатларда шартнома тарафлари шартномани профессионал даража тузиш чораларини кўрмайди. Бу эса ўз-ўзидан шартнома тарафлари ўртасида турли низоларни келиб чиқишига сабаб бўлади.

Шу сабабли тарафлар шартномаларни имзолашга тайёрлаш жараёнида “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида” Ўзбекистон Респуликаси Қонунининг 21-моддаси талабларидан келиб чиққан ҳолда хўжалик юритувчи субъектларнинг юридик хизмати ёки жалб этилган адвокатлар томонидан қонунчиликка мувофиқлиги юзасидан текшириб кўрилса мақсадга мувофиқ бўлади.

Хулоса қилиб айтганда, кундалик ҳаётда жисмоний ва юридик шахслар хизмат кўрсатиш юзасидан шартномавий ҳуқуқий муносабатга киришиши табиий. Шартномаларни профессионал даражада тузмаслик, турли низоларни келиб чиқишига сабаб бўлади.

Шу сабабли шартнома тарафларига нафақат ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномаси, балки бошқа шартномаларни тузишда ҳам профессионал юрист ва адвокатлар хизматидан фойдаланиши тавсия этилади.

 

Зоҳид Эшмирзаев, Шахрисабз туманлараро иқтисодий суди раиси

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА РАҚАМЛИ ДАЛИЛЛАР БИЛАН ИШЛАШ ТИЗИМИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ: ЯНГИ ҚОНУН ҲУЖЖАТЛАРИДАГИ ЎЗГАРИШЛАР ВА УЛАРНИНГ АҲАМИЯТИ

Рақамли технологияларнинг жадал ривожланиши ҳуқуқий тизимнинг ҳам мос равишда такомиллаштирилишини талаб этади. Ўзбекистон Республикаси рақамли далиллар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш мақсадида бир қатор қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритди. Ушбу мақолада мазкур ўзгаришлар, уларнинг аҳамияти ва рақамли далиллар билан боғлиқ ҳуқуқий жараёнларнинг самарадорлигини оширишга қаратилган чора-тадбирлар ёритилади.

2024 йил 21 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига рақамли далиллар билан ишлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун билан Жиноят-процессуал кодекси, Фуқаролик-процессуал кодекси, Иқтисодий процессуал кодекс, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ва Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексга рақамли далиллар тушунчаси ҳамда улар билан ишлаш тартибини белгиловчи нормалар киритилди.

Ушбу қонун билан рақамли далилларни тўплаш, тақдим этиш, мустаҳкамлаш, кўздан кечириш, текшириш ва баҳолаш, сақлаш, қайтариш ҳамда йўқ қилиш тартиби белгиланди. Хусусан, жиноят иши доирасида гувоҳ, жабрланувчи, гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи ва бошқа шахслар электрон маълумотларни электрон жисмдан бошқа электрон жисмга кўчириш орқали тақдим этиш ҳуқуқига эга бўлди.

Шунингдек, рақамли далилларнинг кўчирма нусхаларини масъул шахсларга ёки судга қоғозда чоп этилган шаклда тақдим этиш имконияти яратилди. Бироқ, бундай қоғоздаги шакл ёзма далил деб ҳисобланмайди. Рақамли далилдан кўчирма нусха олишга, унинг яхлитлиги ва айнан ўхшашлиги сақланган ҳолда йўл қўйилади. Бу эса рақамли далилнинг асл нусхасининг мавжудлигини таъминлайди.

Рақамли далиллар замонавий ҳуқуқий амалиётда муҳим аҳамият касб этмоқда. Улар электрон шаклда сақланган маълумотлар бўлиб, суд ишларида ёки бошқа ҳуқуқий жараёнларда далил сифатида қўлланилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг янги қонун ҳужжатларида рақамли далиллар қуйидаги жиҳатлар бўйича тартибга солинди:

  • уларнинг ҳуқуқий мақоми ва ишончлилиги аниқлаштирилди;

– рақамли далилларни олиш, қайта ишлаш ва судга тақдим этиш тартиби белгиланди;

– далилларнинг яхлитлиги ва ишончлилигини таъминлаш учун техник воситалардан фойдаланиш қоидалари аниқланди.

Янги қонун ҳужжатларига мувофиқ қуйидаги муҳим ўзгаришлар амалга оширилди:

– жиноят-процессуал кодексига рақамли далилларни суд томонидан қабул қилиш шартлари белгилаб берилди;

– фуқаролик-процессуал ва Иқтисодий процессуал кодексларида электрон маълумотларни далил сифатида кўриб чиқиш тартиби аниқланди;

– рақамли далиллар билан боғлиқ жараёнларни назорат қилиш ва уларнинг ишончлилигини таъминлаш бўйича махсус экспертиза тизими жорий этилди.

Рақамли далилларнинг ишончлилигини таъминлаш муҳим ҳуқуқий масалалардан бири ҳисобланади. Ушбу мақсадда қуйидаги тамойиллар жорий этилди:

– далилларнинг ҳақиқийлигини тасдиқлаш учун криптографик усуллардан фойдаланиш;

– электрон далилларни сақлаш ва узатиш жараёнларида киберхавфсизлик чоралари кўриш;

– далиллар билан ишлашда махсус мутахассисларнинг иштирокини таъминлаш.

Янги қонунчиликка мувофиқ рақамли далиллар суд томонидан қуйидаги шартлар асосида қабул қилинади:

– далилларнинг манбаси ва уларнинг ҳақиқийлиги тасдиқланган бўлиши керак;

– электрон маълумотлар қоғоз шаклда ёки расмий электрон ҳужжат сифатида тақдим этилиши мумкин;

– далилларнинг ўзгартирилмаганлиги ишончли техник воситалар ёрдамида текширилиши лозим.

Киритилган ўзгаришлар рақамли далилларнинг ишончлилигини оширишга ёрдам беради, бу эса суд жараёнларини тезлаштиради ва ишончли қарорлар қабул қилиш имкониятини беради.

Ўзбекистон Республикасида рақамли далиллар билан ишлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонун ҳужжатларидаги ўзгаришлар ҳуқуқий жараёнларнинг замонавий технологиялар билан уйғунлашувига хизмат қилади. Ушбу ўзгаришлар суд ишларининг янада адолатли ва шаффоф бўлишини таъминлаб, фуқаролар ва ташкилотларнинг ҳуқуқий манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш имконини яратади. Келгусида рақамли далиллар билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш ва халқаро тажрибаларни қўллаш масалалари долзарб бўлиб қолмоқда.

 

Руслан Заиров, Қашқадарё вилоят судининг судьяси

Соғлиққа қарши жиноятлар

Конституциямизнинг 27-моддасига кўра, ҳар ким эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга.

Агар бошқа шахснинг шахсий дахлсизлиги бузилиб, унинг соғлиги ва ҳаётига хавф соладиган тажовузлар қилинса ва шикаст етказилса, Жиноят кодексининг 104-111-моддаларида назарда тутилган жиноий жавобгарлик вужудга келади.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 109, 105 ва 104-моддасида кўрсатилган жиноятлар қасддан содир қилинадиган жиноятлар тоифасига кириб, баданга етказилган тан жароҳатининг оғирлик даражасига кўра бир-биридан фарқланади.

Соғлиқнинг қисқа вақт, яъни олти кундан ортиқ, аммо йигирма бир кундан кўп бўлмаган муддатга ёмонлашувига ёки умумий меҳнат қобилиятининг унча узоқ бўлмаган муддатга йўқотилишига сабаб бўлган қасддан баданга шикаст етказганлик учун Жиноят кодекси 109-моддасида, содир этилаётган пайтда ҳаёт учун хавфли бўлмаган ва Жиноят кодексининг 104-моддасида назарда тутилган оқибатларга олиб келмаган, лекин соғлиқнинг узоқ вақт, яъни камида йигирма бир кун, аммо тўрт ойдан кўп бўлмаган даврда ёмонлашувига ёки умумий меҳнат қобилиятининг ўн фоиздан ўттиз уч фоизигача йўқолишига сабаб бўлган қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказганлик учун Жиноят кодекси 105-моддаси 1-қисмида жавобгарлик чоралари белгиланган бўлиб, агар мазкур жиноятларни биринчи марта содир қилган шахс етказилган зарарларни қопласа ва жабрланувчи ярашиш истагини билдирса жиноят иши ярашганлик муносабати билан тугатилиши мумкин.

Жиноят кодекси 104-моддасида қасддан баданга оғир шикаст етказиш натижасида кўриш, сўзлаш, эшитиш қобилиятининг йўқолиши, бирор бир аъзонинг ишдан чиқиши, руҳий ҳолатнинг бузилиши, меҳнат қобилиятининг салмоқли қисми йўқолиши, ҳомиланинг тушиши, баданнинг тузалмайдиган даражада хунуклашиши каби оғир оқибатлар келиб чиқса, уч йилдан бошлаб ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазо чораси қўлланилиши мумкин.

 

Орзимурод Шукуров, Қашқадарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судьяси     

Cудьялар ички ишлар ходимлари учун семинар ўтказди

Қашқадарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати ташаббуси билан вилоят ИИБда ташкил этилган семинар меҳнат муносабатлари ва унга риоя этиш мавзуида бўлиб ўтди.

Унда вилоят суди раиси ўринбосари-фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Камол Намазов маъруза қилиб, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 160-моддасига мувофиқ ходим номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномасини, шунингдек, муддати тугагунига қадар муддатли меҳнат шартномасини бекор қилиш ва ишга тиклаш ҳақидаги даъво аризалари кўриб чиқилиш жараёнида иш берувчи томонидан йўл қўйилаётган хато ва камчиликлар хусусида тўхталиб ўтди.

Семинарда иштирок этган фуқаролик ишлари бўйича судьялар маъруза қилиб, Меҳнат кодексининг 157, 160, 161-моддалари талаблари, шунингдек, хизмат текшируви билан боғлиқ масалалар, меҳнат интизомини бузганлик учун иш берувчи томонидан ходимларга нисбатан қўлланиладиган ва қўлланилиши мумкин бўлмаган жазо чоралари тўғрисида батафсил маълумотлар беришди.

 

Мансур Нийматов, фуқаролик ишлари бўйича Касби туманлараро суди судьяси

Тергов судьялари учун семинар ташкил этилди

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига асосан жорий йилдан бошлаб жиноят ишлари бўйича судларда тергов судьялари ўз фаолиятини бошлашди. Қашқадарё вилоятида фаолиятини бошлаган тергов судьялари учун видеоконференцалоқа режимида семинар ташкил этилди.

Унда вилоят суди раиси ўринбосари-жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Ўткир Мамадалиев тергов судьяларининг вазифалари ва мажбуриятлари юзасидан тушунтиришлар бериб ўтди.

Шунингдек, судларда паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги илтимосномаларни кўриб чиқиш билан боғлиқ ишларда эътибор қаратилиш лозим бўлган жиҳатлар хусусида тегишли тавсиялар берилди.

 

Қашқадарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими

Суд тизимидаги бугунги ва эртанги ислоҳотлар: Жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида тергов судьяси лавозими ва судлар фаолиятида сунъий интеллект технологиялари жорий этилади

Бугунги кунда ижтимоий-иқтисодий муносабатлар қонун йўли билан тартибга солинаётгани, қабул қилинаётган қонунлар замирида инсонпарварлик ва одиллик ғояси мужассамлашганлиги ҳар биримизни қувонтиради.

Сўнгги йилларда юртимизда айнан Конституция ва қонунларга асосланган давлат қуриш учун амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг салмоғи ҳар қачонгидан ошди десак муболаға бўлмайди.

Бу жараёнда инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадрият ҳисобланадиган фуқаролик жамияти асослари мустаҳкамланди.

Шу билан бирга суд ҳокимияти ҳам қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятдан, сиёсий партиялардан, фуқаролик жамиятининг бошқа институтларидан мустақил ҳолда иш юритувчи, қонун устуворлиги ва адолат тантанаси йўлида фаолият олиб борадиган алоҳида мустақил тизим сифатида шаклланди.

Биргина жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида суд-ҳуқуқ соҳасида бир қатор амалий ишлар қилинди.

Хусусан, суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш институти такомиллаштирилиб, қонуний кучга кирмаган суд қарорларини шикоят (протест) асосида апелляция тартибида, қонуний кучга кирган суд қарорларини кассация тартибида, апелляция ёки кассация тартибида кўрилган суд қарорларини тафтиш тартибида қайта кўриш амалиёти жорий этилди.

Шунингдек, қонуний кучга кирган суд қарорларини кассация тартибида кўриш бўйича ваколатлар вилоят ва унга тенглаштирилган судларга ўтказилиб, юқори судлар томонидан суд қарорларини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун қуйи инстанция судларига юбориш амалиёти тугатилди.

Соҳа учун янгилик сифатида баҳоланган ислоҳотлардан яна бири тизимда тергов судьяси институтининг жорий этилаётганлиги бўлди.

2024 йил 10 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони имзоланди.

Мазкур фармонга кўра, бугунги кунда суд-ҳуқуқ тизимидаги замонавий талаблар ва халқаро стандартлар асосида ишни судга қадар юритиш босқичида тергов судьяси лавозими жорий этилиши белгиланди.

Хусусан, 2025 йил 1 январдан жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида тергов судьяси лавозими жорий этилади. Тергов судьялари судга қадар иш юритув даврида процессуал қарорларга санкция бериш ва мажбурлов чораларини қўллаш масаласини ҳамда маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқади.

Фармонга мувофиқ қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш, қамоқда сақлаш ёки уй қамоғи муддатини узайтириш, паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш, мурдани эксгумация қилиш, почта-телеграф жўнатмаларини хатлаш, тинтув ўтказиш, телефонлар ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларни эшитиб туриш, улар орқали узатиладиган ахборотни олиш, мол-мулкни хатлаш каби илтимосномаларга тергов судьяси санкциялар бериши мумкин.

Шунингдек, айбланувчини лавозимидан четлаштириш, шахсни тиббий муассасага жойлаштириш, айбланувчининг тиббий муассасада бўлиши муддатини узайтириш, ушлаб туриш муддатини 48 соатга қадар узайтириш, прокурорнинг гувоҳ ва жабрланувчининг (фуқаровий даъвогарнинг) кўрсатувларини олдиндан мустаҳкамлаш тўғрисидаги каби илтимосномалар бўйича мажбурлов чораларини қўллаши мумкин.

Алоҳида таъкидлаш керакки, жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида тергов судьяси томонидан процессуал қарорларга берилган санкциялар фақатгина апелляция инстанциясида Қорақалпоғистон суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди томонидан якка тартибда қайта кўриб чиқилади.

Бундан ташқари, 2023 йил 16 январдаги “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Фармони билан 2023–2026 йилларга мўлжалланган суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли стратегияси тасдиқланган эди.

Стратегия доирасида одил судловни таъминлашнинг устувор вазифаларидан бири сифатида судлар фаолиятида сунъий интеллект технологияларини жорий этиш белгиланган.

Дўнё бўйлаб кўплаб жабҳаларда самарали фойдаланиб келинаётган сунъий интеллект технологияларининг судлар фаолиятида босқичма-босқич жорий этилиши, соҳада бутун бир яхлит тизим яратилишига ва инсон омили натижасида келиб чиқиши мумкин бўлган камчиликларга йўл қўймаслик ва уларни ўз вақтида аниқлаб, ўз ўрнида бартараф этишга, шунингдек суд қарорларининг сифатли ва тушунарли ёзилишини таъминлаш билан бирга, иш ҳажмини ҳам бир мунча камайтиришга имкон яратади.

Иш бўйича суднинг ҳукмини ёки қарорини инсон қўли билан яратилган электрон тизим тайёрлашини тасаввур қилиш қийин, албатта.

Аммо, халқаро тажрибалардан кўринишича сунъий интеллектга эга технологиялар фуқаролик ёки жиноий иш юритиш усулларини ислоҳ қилиш имкониятига эга. У судьяларга суд муҳокамасининг турли босқичларида турли вазифаларни бажаришга кетадиган вақтни қисқартириш орқали ёрдам беради.

Шу боис сунъий интеллектдан ҳуқуқий тартиб-қоидаларни соддалаштириш, такрорий вазифаларни автоматлаштириш ва такомиллаштириш орқали ишларни тез ҳал этишда фойдаланиб келинмоқда.

Сунъий интеллектдан судларда судьяларнинг иш юкини камайтириш, ишларни ҳал қилиш вақтини қисқартириш ва яхшилаш учун фойдаланиш  мумкин, бироқ сунъий интеллект томонидан ёзилган суд қарорларининг жозо тайинлаш қисмида содир этилган қилмиш учун тайинланиши лозим бўлган жазо тури ва миқдори фақатгина судья томонидан мустақил тарзда белгиланади.

Ишончимиз комилки, соҳада амалга оширилаётган мазкур ислоҳотлар ўз навбатида иш бўйича барча ҳолатлар суд томонидан ҳар томонлама текширилиб, далилларга холисона баҳо берилиши ва ишнинг ҳақиқий ҳолатларини аниқланишига, натижада оқлов ҳукмлари кўпайишига асос яратиб, фуқароларнинг судга бўлган ишончининг ошишига замин яратади.

 

Адҳам Абдиев, жиноят ишлари бўйича Китоб туман судининг судья ёрдамчиси

Skip to content