Судларда архив ишини юритиш, архив ишини тўғри ташкил этиш мавзусида семинар машғулоти ўтказилди

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг архив мудири Т.Шаймарданов бошчилигида Қашқадарё вилоятининг барча туманлараро, туман, шаҳар судларининг архив мудирлари, архивариуслари ҳамда Қашқадарё вилоят архив иши худудий бошқармаси мутахассиси А.Суяровлар иштирокида семинар машғулоти ўтказилди.

Видеоконференцалоқа режимидаги семинарда вилоят, туманлараро, туман (шаҳар) судлари архивларида ишларни “Архив иши тўғрисида”ги Қонун ва Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 5 апрелдаги 101-сонли қарори билан тасдиқланган “Архив ҳужжатларини жамлаш, давлат ҳисобига олиш, сақлаш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида”ги Низом ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий суд Раёсатининг 2024 йил 29 февралдаги РС-08-24-сонли қарори билан тасдиқланган судларда иш юритиш тартиби тўғрисидаги Йўриқнома асосида иш фаолиятини олиб бориш тўғрисида тушунтиришлар берилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 16 январдаги “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-11-сонли ҳамда “Одил судлов фаолиятини амалга оширишни самарали ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-12-сонли Фармонларида белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича чора тадбирлар режаси тасдиқлангани, унинг 27.2-бандига асосан судларнинг архивида қоғоз шаклида сақланаётган ишлар ва ҳужжатларни электрон шаклга ўтказиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан топшириқ ижроси бўйича амалга оширилаётган ишлар, юзага келаётган муаммолар тўғрисида фикр алмашилди.

Семинар иштирокчилари билан мавзу юзасидан қизғин савол жавоблар, ўзаро фикр алмашишлар бўлиб ўтди.

 

Қашқадарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими

Алоҳида судьялар – тергов судьялари лавозими жорий қилинади

Мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари замирида аввало, инсон қадрини улуғлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ эркинликлари, қонуний манфаатларини кафолатли таъминлаш каби эзгу мақсадлар мужассам.

Президентимизнинг 2024 йил 10 июнь кунидаги “Тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишонли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги Фармони судлар фаолиятида очиқлик, шаффофликни таъминлаш билан бир қаторда, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтиришга хизмат қилади.

Мазкур фармонга мувофиқ Судьлар олий кенгашига Олий суд билан биргаликда 2025 йилнинг 1 январига қадар тергов судьси лавозими жорий этиладиган судларни юқори малакали ва масьулиятли қадрлар билан таъминлаш вазифаси юклатилган.

Жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида процессуал қарорларга санкция бериш масаласи жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида алоҳида судьялар – тергов судьялари томонидан кўриб чиқилиши тартиби жорий этилади;

-жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида тергов судьяси лавозими киритилади;

жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида тергов судьяси томонидан процессуал қарорларга берилган санкциялар фақатгина апелляция инстанциясида Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Ўзбекистон Республикаси ҳарбий суди томонидан якка тартибда қайта кўриб чиқилиши тартиби белгиланди;

тергов судьяларига маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати берилади;

тергов судьялари томонидан кўриб чиқиладиган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юқори инстанцияларда қайта кўриб чиқишнинг амалдаги тартиби сақлаб қолинади.

Фармонга мувофиқ тергов судьясига қуйидаги жиноят материалларини, шу жумладан санкциялар ва мажбурлов чораларини қўллаш масаласини кўриб чиқиш ваколати берилади:

– қуйидагилар бўйича санкциялар:

– қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш билан боғлиқ илтимоснома;

– қамоқда сақлаш ёки уй қамоғи муддатини узайтириш масалалари билан боғлиқ илтимоснома;

– паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги илтимоснома;

– мурдани эксгумация қилиш ҳақидаги илтимоснома;

– почта-телеграф жўнатмаларини хатлаш тўғрисидаги илтимоснома;

– тинтув ўтказиш ҳақидаги илтимоснома;

– телефонлар ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларни эшитиб туриш, улар орқали узатиладиган ахборотни олиш ҳақидаги илтимоснома;

– мол-мулкни хатлаш тўғрисидаги илтимоснома;

– қуйидагилар бўйича мажбурлов чоралари:

– айбланувчини лавозимидан четлаштириш тўғрисидаги илтимоснома;

– шахсни тиббий муассасага жойлаштириш ҳақидаги илтимоснома;

– айбланувчининг тиббий муассасада бўлиши муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимосномаси;

– ушлаб туриш муддатини 48 соатга қадар узайтириш тўғрисидаги илтимоснома;

– прокурорнинг гувоҳ ва жабрланувчининг (фуқаровий даъвогарнинг) кўрсатувларини олдиндан мустаҳкамлаш тўғрисидаги илтимосномаси.

Тергов судьяси ўз фаолиятини мустақил амалга ошириб, фақат қонунга бўйсунади ҳамда тергов судьясига одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган ҳар қандай вазифалар юклатилишига йўл қўйилмайди;

Тергов судьяларини лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод қилиш, шунингдек, судьялар корпусини шакллантириш қонунда белгиланган тартибга мувофиқ амалга оширилади;

Тергов судьясининг ташкилий фаолиятига раҳбарлик тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Ҳарбий суд раислари томонидан амалга оширилади.

Қонун устуворлигини, ижтимоий адолатни, фуқаролар тинчлиги ва тотувлигини таъминлаш тергов судьяси фаолиятининг асосий йўналишларидан бири этиб белгиланди.

Тергов судьяси лавозими учун штат бирликлари судларнинг мавжуд штат бирликлари ҳамда 2025–2027 йиллар учун ажратиладиган қўшимча штат бирликлари ҳисобидан шакллантирилади.

Қолаверса бу жиноят ишларини кўриш жараёнида иш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатларни синчиковлик билан тўлиқ ва ҳолисона текшириб чиқиш, судланувчиларнинг барча важларини текшириш ва тараф томонидан келтирилган илтимосномаларни батафсил кўриб чиқишга мустаҳкам ҳуқуқий замин яратади.

Энг асосийси, Фармонда тергов судьяси ўз фаолиятини мустақил амалга ошириб, фақат қонунга бўйсуниши ҳамда тергов судьсига одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган ҳар қандай вазифалар юклатилишига йўл қўйилмаслиги белгиланади.

Қисқаси, суд-ҳуқуқ тизимидаги бу муҳим ўзгаришлар фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш, жиноят ишлари бўйича судларнинг иш юкламасини камайтириш ҳамда судьяларнинг жиноят ишларини кўриб чиқиш жараёнларида қонуний, асосли ва адолатли қарор қабул қилиши учун имкониятлар яратади.

 

Нурбек Абдуллаев, Қашқадарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси

Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясининг муҳим қадами

Сўнгги йилларда Янги Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар орасида инсон  ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг қонунчилик ва ташкилий-ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш, халқаро стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 55-моддасида ҳар ким ўз ҳуқуқ ва эркинликларини қонунда тақиқланмаган барча усуллар билан ҳимоя қилишга ҳақли.

Ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади.

Ҳар кимга бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш учун унинг иши қонунда белгиланган муддатларда ваколатли, мустақил ҳамда холис суд томонидан кўриб чиқилиши ҳуқуқи кафолатланади деб белгиланган.

Aдолатли ва холис судьялар ҳам инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Судьялар келиб чиқиши ва мақомидан қатъий назар ишда иштирок этувчи барча томонларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаши шарт.

Конституциямизнинг 19-моддасида Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий мавқеидан қатъий назар қонун олдида тенгдирлар деб белгиланган.

Суд тизимининг мустақиллиги унинг бошқа бирор-бир органга бўйсунмаслиги кераклигини англатади. Суд тизими ички ва ташқи барча босим ва тортишишлардан холи бўлиши керак. Суд тизимининг мустақиллиги барча демократик мамлакатларда одамларнинг асосий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун муҳим ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 136-моддасида судьялар мустақиллиги ва уларнинг фақат қонунга бўйсуниши белгиланган. Шу сабабли тергов судьяси ўз фаолиятини мустақил амалга ошириб, фақат қонунга бўйсунади ҳамда тергов судьясига одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган ҳар қандай вазифалар юклатилишига йўл қўйилмайди.

Президентимизнинг 2024 йил 10 июндаги “Тезкор қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқи ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-89-сонли Фармони ҳам ўтган йиллар мобайнида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидан олиб борилган ислоҳотларнинг ўзвий давоми сифатида муҳим қадам бўлди.

Мазкур фармонга асосан энг аввало, жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида процессуал қарорларга санкция бериш масаласи жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида алоҳида судьялар – тергов судьялари томонидан кўриб чиқилиши тартиби жорий этилади ҳамда жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларига тергов судьяси лавозими киритилади.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, жиноят ишлари бўйича гумонланувчиларга нисбатан маълум бир санкция бериш ҳозирги кунда жиноят ишлари бўйича судлар томонидан амалга оширилиб келинмоқда. Мазкур Фармонга асосан санкция бериш масаласи янги ташкил этилаётган тергов судьяларига берилиши шахснинг қонун билан қўриқланадиган ҳуқуқ ва манфаатларини яна бир бор ҳуқуқий ҳимоясини кўчайтиришнинг муҳим омили хисобланади.

Қонунчилигимизга янги тергов судьяси атамаси кириб келди. Тергов судьяси  жиноят ишларини юритишнинг судга қадар бўлган босқичларида фаолият олиб борувчи, айблов ва ҳимоя тарафининг ҳаракатларини мувофиқлаштириб ва назорат қилиб турувчи ҳамда уларнинг ўз ҳуқуқ ва ваколатларини амалга оширишлари учун зарурий шарт-шароитларни яратиб берувчи масъул мансабдор шахс ҳисобланади.

Жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида тергов судьси томонидан процессуал қарорларга берилган санкциялар фақатгина апелляция инстансиясида Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Ўзбекистон ҳарбий суди томонидан якка тартибда қайта кўриб чиқилиши тартиби белгиланди.

Тергов судьяларига маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати берилади ва тергов судьялари томонидан кўриб чиқиладиган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юқори инстансияларда қайта кўриб чиқишнинг амалдаги тартиби сақлаб қолинади.

Фармонга асосан тергов судьяларига қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш билан боғлиқ илтимоснома;

қамоқда сақлаш ёки уй қамоғи муддатини узайтириш масалалари билан боғлик, илтимоснома;

паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги илтимоснома;

мурдани эксгумация қилиш ҳақидаги илтимоснома;

почта-телеграф жўнатмаларини хатлаш тўғрисидаги илтимоснома;

тинтув ўтказиш ҳақидаги илтимоснома;

телефонлар ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларни эшитиб туриш, улар орқали узатиладиган ахборотни олиш ҳақидаги илтимоснома;

мол-мулкни хатлаш тўғрисидаги илтимоснома;

б) қуйидагилар бўйича мажбурлов чоралари:

айбланувчини лавозимидан четлаштириш тўғрисидаги илтимоснома;

шахсни тиббий муассасага жойлаштириш ҳақидаги илтимоснома;

айбланувчининг тиббий муассасада бўлиши муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимосномаси;

ушлаб туриш муддатини қирқ саккиз соатга қадар узайтириш тўғрисидаги илтимоснома;

в) прокурорнинг гувоҳ ва жабрланувчининг (фуқаровий даъвогарнинг) кўрсатувларини олдиндан мустаҳкамлаш тўғрисидаги илтимосномаси.

Фармонга асосан қонунчиликда белгиланган тартибда тергов судьясига юклатилган вазифаларни адолатли ва холисона бажариш тергов судьяси фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгиланди. Бу судьялар суд жараёнида ҳал қилувчи рол ўйнайди. Улар адолатни таъминлаш ва барча иштирок этувчи томонларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаш учун жавобгардир.

Хулоса қилиб айтганда, суд-тергов фаолияти соҳасидаги ислоҳотлар Конституция устуворлиги, фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини ошириш, тергов устидан суд назоратини кучайтиришга қаратилган навбатдаги муҳим қадамдир.

 

Хуршид Мухторов, фуқаролик ишлари бўйича Касби туманлараро суди раиси

Жиноят ишлари бўйича Кўкдала туман судининг сайёр суд мажлиси бўлиб ўтди

Суд раиси Ўктам Расулов ва судья Азиз Олимовлар томонидан Кўкдала туман ҳокимлиги биносида ўтказилган очиқ сайёр суд мажлисида бир қатор жиноят ва маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишлар кўриб чиқилди.

Суд ҳукми билан айбли деб топилиб, бугунги кунда озодликни чеклаш жазосини ўтаб келаётган 4 нафар маҳкумларнинг содир қилган қилмишидан пушаймонликлари, жиноятининг оқибатларини тушуниб етганликлари инобатга олиниб, инсонпарварлик тамойиллари кўра белгиланган жазосидан муддатидан илгари шартли озод қилинди.

Сайёр суд мажлиси давомида жиноят ишлари бўйичап Кўкдала туман суди раиси Ўктам Расулов бугунги кунда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар, қонунчиликка киритилаётган сўнгги ўзгартириш ва қўшимчалар хусусида ўз фикрларини билдириб ўтар экан, жамиятда ҳар қандай қонун бузилиши ҳолатлари учун жазо муқаррарлигини, қонун ҳамма учун баробар эканлигини таъкидлади.

 

Қашқадарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими

Инсон қадри учун тамойили асосида янги босқич – суд-тергов амалиёти инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатлари

Мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини инсон қадри учун тамойили асосида янги босқичга кўтариш, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясининг кафолатларини кучайтириш, шунингдек, аҳолининг ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Шу билан бирга, суд-тергов амалиёти инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш бўйича самарали механизмлар тўлиқ ишга солинмаганлиги, шунингдек, жиноят содир этганликда айбланаётган шахснинг эркинлик ва шахсий дахлсизликка оид конституциявий ҳуқуқларини суд орқали ишончли таъминлаш чораларини кучайтириш зарурати мавжудлигини кўрсатади.

Шунга мувофиқ ҳамда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган устувор йўналишлардан келиб чиқиб, судлар фаолияти самарадорлигини ошириш, ишни судга қадар юритишда тарафларнинг тенглиги ва тортишуви принципини амалда таъминлаш, шунингдек, тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя қилинишига эришиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 10 июндаги “Тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-89-сонли Фармонга асосан 2025 йил 1 январдан бошлаб жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида процессуал қарорларга санкция бериш масаласи жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида алоҳида судьялар — тергов судьялари томонидан кўриб чиқилиши тартибини жорий этиш; жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида тергов судьяси лавозимини киритиш; жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида тергов судьяси томонидан процессуал қарорларга берилган санкциялар фақатгина апелляция инстанциясида Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди томонидан якка тартибда қайта кўриб чиқилиши тартибини белгилаш; тергов судьяларига маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколатини бериш; тергов судьялари томонидан кўриб чиқиладиган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юқори инстанцияларда қайта кўриб чиқишнинг амалдаги тартибини сақлаб қолиш белгиланди.

Тергов судьясига қуйидаги жиноят материалларини, шу жумладан санкциялар (қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш билан боғлиқ илтимоснома; қамоқда сақлаш ёки уй қамоғи муддатини узайтириш масалалари билан боғлиқ, илтимоснома; паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги илтимоснома; мурдани эксгумация қилиш ҳақидаги илтимоснома; почта-телеграф жўнатмаларини хатлаш тўғрисидаги илтимоснома; тинтув ўтказиш ҳақидаги илтимоснома; телефонлар ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларни эшитиб туриш, улар орқали узатиладиган ахборотни олиш ҳақидаги илтимоснома; мол-мулкни хатлаш тўғрисидаги илтимоснома) ҳамда қуйидагилар бўйича мажбурлов чоралари(айбланувчини лавозимидан четлаштириш тўғрисидаги илтимоснома; шахсни тиббий муассасага жойлаштириш ҳақидаги илтимоснома; айбланувчининг тиббий муассасада бўлиши муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимосномаси; ушлаб туриш муддатини қирқ саккиз соатга қадар узайтириш тўғрисидаги илтимоснома)ни қўллаш масаласини кўриб чиқиш ваколати бериладиган бўлди.

Шунингдек, қонунчиликда белгиланган тартибда тергов судьясига юклатилган вазифаларни адолатли ва холисона бажариш, қонун устуворлигини, ижтимоий адолатни, фуқаролар тинчлиги ва тотувлигини таъминлаш, фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини суд йўли билан самарали ҳимоя қилиш тергов судьяси фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгилаб берилди.

Бундан ташқари, қонунда белгиланган тартибда тергов судьяси ўз фаолиятини мустақил амалга ошириб, фақат қонунга бўйсунади ҳамда тергов судьясига одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган ҳар қандай вазифалар юклатилишига йўл қўйилмайди, тергов судьяларини лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод қилиш, шунингдек, судьялар корпусини шакллантириш қонунда белгиланган тартибга мувофиқ, амалга оширилади.

Тергов судьясининг ташкилий фаолиятига раҳбарлик тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди раислари томонидан амалга оширилади.

Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, ушбу ислоҳот давлат ва жамиятни тубдан модернизация қилиш, энг аввало, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини янги босқичга кўтариш, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясининг кафолатларини кучайтириш, шунингдек, аҳолининг ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлашга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.

 

Ориф Қурбонов, Қашқадарё вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судьяси

Қашқадарё вилояти судлари мутасаддилари томонидан Қарши туманида сайёр қабул ташкил этилди

Жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, аҳолининг ҳуқуқий мавзудаги мурожаатларига ечим излашга қаратилган ишларни жонлантириш мақсадида Қашқадарё вилоят судлари масъуллари томонидан Қарши тумани “Чорағил” маҳалла фуқаролар йиғинида суд-ҳуқуқ масалалари бўйича сайёр қабул ташкил этилди.

Cайёр қабул давомида турли масалаларда ҳуқуқий маслаҳат ва кўмак сўраб келган 15 нафар фуқароларнинг мурожаатлари тингланди. Фуқароларнинг мурожаатлари суд масъуллари томонидан атрофлича ўрганилди. Кўмак сўраб келган фуқароларга ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

Сайёр қабул доирасида ўтказилган жиноят ишлари бўйича Қарши туман судининг сайёр суд мажлисида Қарши туман ИИБ Пробация гуруҳи назорати остида турган 10 нафар маҳкум жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди

 

Қашқадарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими

 

Ўзбекистон – инсон қадри ва манфаатлари улуғланган юрт

Бугун юртимизда кенг кўламда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларнинг бош мақсадларидан бири – мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш ҳамда халқимиз учун фаровонлиги учун муносиб турмуш шароитини яратиб беришдан иборатдир.

Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан илгари сурилган “Инсон қадри учун” тамойили бугун ҳар бир соҳадаги ислоҳотларимизда намоён бўлмоқда. Ўзбекистон “Инсон – жамият – давлат” деган янги тизим асосида олдинга қараб дадил интилмоқда.

Хусусан, инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси доирасида шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларни таъминлаш борасида мақсадли чоралар амалга оширилмоқда.

Хабарингиз бор Нью-Йорк шаҳридаги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош қароргоҳида БМТ Бош Ассамблеяси 78-сессиясининг умумсиёсий мунозаралари бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади.

Мамлакатимиз раҳбари ўз нутқида ҳамжиҳатлик ва амалий ҳамкорлик руҳини сақлаш, умумий манфаатларни мавжуд зиддиятлардан юқори қўйган ҳолда мамлакатларни жипслаштириш зарурлигини таъкидлаб ўтар экан, Ўзбекистонда янгиланган Конституция бўйича ўтказилган умумхалқ референдуми миллий тараққиётимизнинг устувор йўналишларини белгилаб берганини таъкидлади. Асосий қонунимизда миллати, тили ва динидан қатъи назар, барча фуқароларнинг тенглиги, инсон ҳуқуқлари, сўз ва виждон эркинлиги принципларига садоқат яна бир бор тасдиқланганлиги, ушбу ҳуқуқий асосда қабул қилинган “Ўзбекистон – 2030” тараққиёт стратегияси Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадларига уйғун эканлигини таъкидлади.

Дарҳақиқат, қабул қилинган «Ўзбекистон – 2030″ стратегияси етти йилга мўлжалланган, ривожланишимизга хизмат қиладиган муҳим ҳужжат бўлди. Унда барча соҳа ва йўналишларда бир қатор устувор мақсад ҳамда вазифалар ўз аксини топган.

“Ўзбекистон – 2030» стратегияси тўртинчи йўналиши “Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар”деб номланган бўлиб, Конституция ва қонунларнинг устуворлигини, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашни суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг бош мезонига айлантириш кўзда тутилган.

Бугун гувоҳи бўлаётганимиздек, суд ҳокимиятининг мустақиллигини кучайтириш ва унинг фаолиятида очиқликни таъминлаш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Суд тизимида одиллик ва шаффофлик мезонларини янада мустаҳкамлаш, ҳар бир соҳада адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш, инсон қадрини юксалтириш, унинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлардан кўзланган энг асосий мақсадлардандир.

Мамлакатимиз фуқароларининг қонуний манфаатларини, ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли таъминлаш демократик янгиланишларнинг йўналишларидан ҳисобланади. Бунда эса давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, суд-ҳуқуқ идоралари, шунингдек, мансабдор шахслар давлат амалдорлари фаолияти устидан парламент назоратини кучайтириш орқали инсон ҳуқуқларининг таъминланишига, “Инсон қадри учун” ғоясидан келиб чиқадиган, ислоҳотларимизнинг амалдаги ифодасини кўришга эришиш мумкин.

Юртимизда бу каби амалга оширилаётган туб ислоҳотлар “Инсон қадри учун” деган устувор тамойилнинг тўла рўёбга чиқишида, ҳар бир ислоҳот инсон ва унинг бахт-саодати учун, халқ манфаати учун хизмат қилиши шубҳасиз.

 

Мўмин Астанов, Қашқадарё вилоят суди раиси ўринбосари – иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси

Ахборот хавфсизлиги – давр талаби

Маълумки, жамиятда ахборотлаштириш соҳасидаги муносабатларнинг кенгайиши билан бир қаторда мамлакатимизда ушбу соҳадаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган янги ижтимоий муносабатлар — ахборот хавфсизлигини таъминлаш долзарб масалалардан бирига айланди.

Бош Қомусимизнинг 33-моддасига мувофиқ, ахборотни излаш, олиш ва тарқатишга бўлган ҳуқуқни чеклашга фақат қонунга мувофиқ ҳамда фақат конституциявий тузумни, аҳолининг соғлиғини, ижтимоий ахлоқни, бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жамоат хавфсизлигини ҳамда жамоат тартибини таъминлаш, шунингдек давлат сирлари ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сир ошкор этилишининг олдини олиш мақсадида зарур бўлган доирада йўл қўйилади.

Бу борада, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 191-моддасида назарда тутилган жиноий жавобгарликка эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ бўлади.

Жумладан, ЖКнинг 191-моддасида қонунга хилоф равишда ахборот тўплаш, уни ошкор қилиш ёки ундан фойдаланиш учун жиноий жавобгарлик белгиланган бўлиб, унга кўра, сир тутиладиган фан-техника, ишлаб чиқариш, иқтисодиёт, савдога оид ёки бошқа шу каби ахборотни эгасининг розилигисиз ошкор қилиш ёки ундан фойдаланиш мақсадида ҳар қандай усулда тўплаш —

базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан;

Сир тутиладиган фан-техникага, ишлаб чиқариш, иқтисодиёт, савдога оид ва бошқа шу каби ахборотни эгасининг розилигисиз қасддан ошкор қилиш ёки ундан фойдаланиш хўжалик юритувчи субъектга кўп миқдорда зарар етказган бўлса, — базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатдан тўрт юз саксон соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Шу боис сир тутиладиган фан-техника, ишлаб чиқариш, иқтисодиёт, савдога оид ёки бошқа шу каби ахборотни эгасининг розилигисиз ошкор қилиш ёки ундан фойдаланиш мақсадида ҳар қандай усулда тўплаганлик учун жиноий жавобгарлик борлигини ёдда тутишимиз лозим.

 

Шаҳзод Бахтиёров, Қашқадарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси

ТАДБИРКОРНИНГ ҲАҚЛИ ЭЪТИРОЗИГА САБАБ БЎЛГАН БОЖХОНА ДАЪВОСИ нега асоссиз деб топилди?

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 15-моддасига асосан Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларининг устунлиги сўзсиз тан олинади.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эга, тўғридан-тўғри амал қилади ва ягона ҳуқуқий маконнинг асосини ташкил этади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 55-моддасига кўра ҳар кимга бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш учун унинг иши қонунда белгиланган муддатларда ваколатли, мустақил ҳамда холис суд томонидан кўриб чиқилиши ҳуқуқи кафолатланиши белгиланган.

Шу маънода, иқтисодий судлар томонидан иқтисодий суд ишларини юритишнинг энг муҳим вазифаларидан бири ҳам корхона, муассасалар, ташкилотлар ва фуқароларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишдир.   

Бугун тадбиркорларнинг қонуний манфаатлари устуворлигини таъминлаш, уларнинг эркин фаолият кўрсатиши учун ҳар томонлама имконият яратиш,  қонун ҳужжатларида тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган барча бартараф этиб бўлмайдиган зиддиятлар ва ноаниқликларга чек қўйиш, суд идоралари, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар фаолиятининг энг асосий йўналишларидан бирига айланди.

            Бошқача айтганда, иқтисодий судлар томонидан ҳам тадбиркорлар билан давлат органлари, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар ўртасидаги низоларни кўриб чиқишда тадбиркорлик фаолияти субъекти ҳуқуқларининг устуворлиги принципига алоҳида эътибор қаратилаётганлиги натижаси ўлароқ айрим давлат органлари томонидан тадбиркорларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлинаётганлиги ҳам бор гап.

Хусусан, суд Қашқадарё вилоят Божхона бошқармаси ва “CKD-Xamkor” хусусий корхонаси ўртасида 69 509 780 сўм миқдорида божхона тўловини ундириш билан боғлиқ низоли ҳолатлар бўйича ҳам ана шундай хулосаларга келиб, пировардида тадбиркорлик субъекти ҳуқуқининг устуворлиги таъминланди.

Кези келганда шуни ҳам айтиш жоизки, божхона идоралари ва тадбиркорлар ўртасидаги даъволар шунчаки оддий низо бўлиб қолмасдан ишни кўрувчи ҳар бир судьядан соҳага оид биргина Кодекс ёки Қонунни эмас, балки кўплаб Қонун ва қонуности ҳужжатларини эринмасдан кўриб чиқишни, тарафларнинг важларини обдон ўрганиб чиқишни ва иш ҳужжатларини синчиклаб текширишни тақозо этади.

Гап шундаки, биринчи инстанция судининг 2024 йил 27 февралдаги ҳал қилув қарори билан даъвогар вилоят Божхона бошқармасининг даъво талаби қаноатлантирилиб, жавобгардан 69 509 780 сўм сўм божхона тўлови ундирилган.

Бундан норози бўлиб берилган апелляция шикоятида келтирилган важлар далиллар асосида судлов ҳайъатида атрофлича ўрганиб чиқилиб, охир-оқибатда тадбиркорнинг ҳақли эканлиги, божхона тўлови асоссиз  ҳисобланганлиги ва ундирилганлиги аниқланди.

Хўш, бунинг сабаб ва омиллари нимада эди, келгусида бундай тоифадаги ишларни кўришда шундай хато ва камчиликларга такроран йўл қўймаслик учун нималарга жиддий эътибор қаратишимиз лозим бўлади?

Суд муҳокамаси давомида аниқланган ҳолатларга кўра “СKD-Xamkor” хусусий корхонаси номига Туркманистон давлатининг “Камил Топар” корхонаси томонидан юк ҳужжатлари асосида оғирлиги 161 250 кг.га тенг бўлган “Битум нефтяной дорожный вязкий марки МБК-Г-55” товари юборилган бўлиб, “СKD-Xamkor” хусусий корхонаси томонидан тақдим қилинган юк ҳужжатлари яъни Бирлашган Араб Амирлигининг “Kartech Trade Fze” ташкилоти томонидан берилган инвойис асосида товарнинг фактура қиймати ҳар бир тоннаси учун 420 АҚШ долларида 10007/26.09.2022/0002668 ва 10007/12.10.2022/0002806-тартиб рақамли божхона юк декларациялари (кейинги ўринларда БЮД) билан “Эркин муомалага чиқариш” (Им-40) божхона режимига расмийлаштирилган.

Вилоят божхона бошқармаси товарлар “Эркин муомалага чиқариш” божхона режимига расмийлаштирилганидан сўнг 2023 йил 13 февраль куни “товарлар чиқариб юборилганидан кейинги божхона назоратини ўтказиш ҳақида” қарор қабул қилиниб, ушбу қарор асосида 10007/26.09.2022/0002668 ва 10007/12.10.2022/0002806-тартиб рақамли БЮДларни расмийлаштириш жараёнида тақдим этилган юк кузатув ҳужжатлари ва маълумотлар қайта ўрганиб чиқилиб, товарнинг қийматига аниқлик киритиш мақсадида Туркманистон Республикасининг Божхона хизматига халқаро сўровнома юбориш учун Божхона қўмитасига 2023 йил 25 февралдаги 4/04-23-0629-сонли хат юборилган.

Туркманистон Республикаси Божхона хизматининг 2023 йил 15 майдаги 03/1653-сонли жавоб хати ва унга илова қилинган ҳужжатлар (инвойс, экспорт БЮД)да “Камил Топар” корхонаси томонидан юборилган товарларнинг қиймати ҳар бир тоннаси учун 2366 Туркман манати (676,9 АҚШ доллари)да эканлиги маълум қилинган.

Шунга кўра, божхона органи томонидан 2023 йил 07 июнда комиссиявий хулоса тайёрланиб, хусусий корхона томонидан тақдим қилинган 10007/26.09.2022/0002668 ва 10007/12.10.2022/0002806-тартиб рақамли БЮДлар бўйича 69 509 780 сўм қўшимча божхона тўловлари ҳисобланган, ўз навбатида суд эса даъвони қаноатлантириш тўғрисида барвақт хулосага келган.

Чунки Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 302-моддасига кўра олиб кириладиган товарнинг божхона қийматини аниқлаш усуллари келтирилган бўлиб, улар қуйидаги усулларни қўллаш орқали амалга оширилади:

олиб кириладиган товарга доир битимнинг қиймати бўйича;

айнан бир хил товарга доир битимнинг қиймати бўйича;

ўхшаш товарга доир битимнинг қиймати бўйича;

қийматларни чегириб ташлаш асосида;

қийматларни қўшиш асосида;

захира усул.

“СKD-Xamkor” хусусий корхонаси ва “CARTECH TRADE FZE” компанияси ўртасида 2022 йил 3 январда тузилган 22-F003-сонли нефть маҳсулотлари етказиб бериш бўйича импорт шартномасига асосан 605.0 тонна, умумий қиймати 241 000 АҚШ доллари миқдорида битум маҳсулоти етказиб берилган бўлиб, 2022 йил 26 сентябрдаги 10007/26.09.2022/0002668-сонли божхона юк декларацияси бўйича 38.500 кг бўлган битум маҳсулоти, “CARTECH TRADE FZE” компаниясининг 2022 йил 14 сентябрдаги                            22-F003/06-сонли инвойсига асосан ҳар бир тоннаси учун 420,0 АҚШ доллари миқдорида 16.170 АҚШ доллари миқдорида, 2022 йил 12 октябрдаги 10007/12.10.2022/0002806 сонли божхона юк декларацияси бўйича 122.750 кг битум маҳсулоти учун “Kartech Trade Fze” компаниясининг 2022 йил 14 сентябрдаги 22-F003/07-сонли инвойсига асосан ҳар бир тоннаси учун 420,0 АҚШ доллари миқдорида 51.555 АҚШ доллари миқдорида тўловлар амалга оширилган.

Тадбиркорлик субъекти ва “CARTECH TRADE FZE” компанияси ўртасида тузилган ушбу шартноманинг 2.4-бандида шартноманинг умумий қиймати 735 000 АҚШ долларини ташкил этиши кўрсатилган.

Хусусий корхонаси томонидан тақдим этилган шартнома, юк ҳужжатлари, декларация ва инвойслар асосида даъвогар Божхона кодекснинг 302-моддаси талаби бўйича биринчи усулни қўллаган ҳолда олиб киритилган товарга доир битимнинг қиймати бўйича дастлаб божхона қийматини аниқлаган ва божхона тўловини ҳисоблаган. Жавобгар эса ушбу тўловларни ўз вақтида тўлаб берган.

Мазкур ҳолатда олиб кириладиган товарга доир битимнинг қиймати бўйича аниқлаш усули олиб кириладиган товарнинг божхона қийматини аниқлашнинг асосий усули ҳисобланиб, даъвогар товарга нисбатан ушбу усулни қўллаган.

Божхона кодексининг 306-моддасида товарнинг божхона қийматини аниқлашда декларант ёки божхона брокери томонидан фойдаланилган маълумотлар ҳужжатлар билан тасдиқланган бўлмаса, товарнинг божхона қийматини аниқлашда 1-усулдан фойдаланмаслик белгиланган.

Ҳолбуки, даъвогар томонидан олиб киритилган товарга нисбатан 1-усул асосида божхона қиймати декларант тақдим этган битим, божхона декларацияси ва бошқа ҳужжатлар билан аниқланган.

Бундан ташқари суд даъвогар вакилларининг олиб кирилган товарларнинг ҳар бир тоннаси учун божхона қиймати 2366 Туркман манатида (676.9 АҚШ доллари) ҳисобланиши лозимлиги ҳақидаги важларини асоссиз деб ҳисоблади.

Чунки, божхона қийматини ҳисоблашга асос бўлган шартнома Туркманистон ҳудудида фаолият кўрсатувчи тадбиркорлик субъекти билан эмас, балки Бирлашган Араб Амирлигида жойлашган “CARTECH TRADE FZE” компанияси билан тузилган.

Тадбиркор номига келган товарлар божхона декларациясида ҳам товарлар БАА давлатидан келганлиги ва товар сертификатида ушбу товарлар БАА давлатида ишлаб чиқарилганлиги қайд этилган.

Мазкур компания томонидан 2022 йил 18 октябрда берилган хатда тарафлар ўртасида тузилган шартнома бўйича товарнинг мулкдори “CARTECH TRADE FZE” компанияси ҳисобланиши, етказиб берувчи эса “Камил Топар” корхонаси эканлиги қайд этилган.

Бундан ташқари, банк маълумотига кўра шартномага асосан хусусий корхона томонидан етказиб берилган маҳсулотлар учун тўловлар айнан “CARTECH TRADE FZE”

компаниясига  ўтказиб берилган.

Албатта, ҳар қандай ҳолатда ҳам иш ҳолатларидан келиб чиқиб, суд ўзининг адолатли ва холис хулосасини беради.

Зеро, одил судловни амалга оширишда тадбиркорлик фаолияти субъектларининг давлат органлари, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар билан ўзаро муносабатларида тадбиркорлик фаолияти субъекти ҳуқуқларининг устуворлиги принципига қатъий амал қилинади, адолат ва қонунийлик таъминланади.

 

Муҳиддин БОЗОРОВ, Ҳусан ТУРСУНОВ, Қашқадарё вилоят суди судьялари

Мансаб сохтакорлиги жинояти ва мазкур жиноят учун тайинланадиган жазо турлари

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 209-моддасида мансаб сохтакорлиги жинояти учун жавобгарлик чоралари белгиланган.

Мансаб сохтакорлиги, яъни давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи мансабдор шахсининг ғаразгўйлик ёки бошқа манфаатларни кўзлаб расмий ҳужжатларга била туриб сохта маълумотлар ва ёзувлар киритиши, ҳужжатларни қалбакилаштириши ёки била туриб сохта ҳужжатлар тузиши ва тақдим этиши фуқароларнинг ҳуқуқларига ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатларига ёхуд давлат ёки жамоат манфаатларига жиддий зарар етказилишига сабаб бўлса, — базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки беш йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан икки йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ўша ҳаракат:

а) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан;

б) уюшган гуруҳ манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, — базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Мансаб сохтакорлигининг предмети – шахсини тасдиқловчи, жисмоний ва юридик шахсларга ҳуқуқ бериш ёки ундан маҳрум қилиш ёхуд мажбурият юклаш ёки ундан озод қилиш ёки бошқа ҳуқуқий аҳамиятга эга бўлган факт ва воқеаларни тасдиқловчи, ҳуқуқий оқибатларга олиб келадиган, давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи мансабдор шахси томонидан қабул қилинган (тасдиқланган), лозим даражада тузилган ва зарурий реквизитлари мавжуд бўлган ёзма ёки электрон ҳужжат.

Расмий ҳужжатлар билан бир қаторда ваколатли давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи мансабдор шахси томонидан гувоҳлантирилган хусусий ҳужжатлар ҳам мансаб сохтакорлигининг предмети бўлиши мумкин.

Мансаб сохтакорлиги жиноятини содир этиш жамият ривожланишига тўсиқ бўлади, шунингдек фуқароларнинг давлат органлари ҳамда бошқа ташкилотлар мансабдор шахсларига бўлган ишончини йўқолишига олиб келади.

Жиноят ишлари бўйича Косон туман суди томонидан 2023 йилда мансаб сохтакорлиги жиноятини содир этганлиги учун 28 нафар мансабдор шахсга нисбатан жиноят иши кўриб чиқилиб, 23 нафар мансабдор шахсга нисбатан айблов ҳукми чиқарилган.

2024 йилнинг 1-чораги давомида мансаб сохтакорлиги жиноятини содир этганлиги учун 6 нафар мансабдор шахсга нисбатан жиноят иши кўриб чиқилиб, 6 нафар мансабдор шахсга нисбатан айблов ҳукми чиқарилган.

 

Фозил Юсупов, жиноят ишлари бўйича Косон туман суди раиси

Skip to content