Қашқадарё вилоят судида бир гуруҳ судьялар ва суд ходимларини «Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги» эсдалик нишони билан тақдирлаш маросими бўлиб ўтди

 

Тадбирда вилоятдаги барча судьялар ва суд ходимлари иштирок этишди. Тадбирни Қашқадарё вилоят суди раиси Абдуқаюм Маҳкамов олиб борди.

Тадбир давомида мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлардаги фаол иштироки, жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш борасидаги ҳуқуқий тарғибот ишларига катта ҳисса қўшаётган Қашқадарё вилоят судларида фаолият юритаётган судьялар ва суд ходимларининг фаолиятлари ҳақида илиқ фикрлар айтилди.

 

Абдуқаюм Маҳкамов барча судьялар ва суд ходимларини Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг ўттиз йиллиги байрами муносабати билан муборакбод этар экан, уларнинг меҳнат фаолияти давомидаги ютуқларини ҳам эътироф этиб ўтди. Суд-ҳуқуқ тизимини демократлаштириш, одил судловнинг сифат ва самарадорлигини ошириш, судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, бир сўз билан айтганда, ушбу соҳадаги муҳим ислоҳотларни изчиллик билан амалга оширишдаги фаолиятларида уларга омад тилади.

 

Қашқадарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими

Қашқадарё вилоят судида Президентимизнинг “Янги Ўзбекистон” газетаси бош муҳарририга берган интервьюси ҳамда жорий йилнинг 20 август куни тадбиркорлар билан ўтказган очиқ мулоқотига бағишланган Қашқадарё вилояти судьялари ва суд ходимлари иштирокида учрашув ташкил этилди

Давлатимиз раҳбарининг “Янги Ўзбекистон” газетаси бош муҳарририга берган интервьюси бугун кўпгина корхона ва ташкилотларда, таълим масканларида ва маҳаллаларда кенг ўрганилмоқда. Интервьюда тилга олинган йўналишлар орқали Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт йўли ўзига хос тарзда белгилаб берилган. Юртимиз равнақи йўлида амалга оширилган ишлар, дуч келинган муаммо ва қийинчиликлар, эришилган муваффаққиятлар тилга олинган.

Яна бир муҳим воқелик, жорий йилнинг 20 август куни Президентимизнинг тадбиркорлар билан ўтказган очиқ мулоқотида ишбилармонлик  муҳитини янада ривожлантирилиши учун катта қулайликлар, имтиёзлар яратилди. Давлатимиз раҳбарининг очиқ мулоқоти  юртимиз тадбиркорлари томонидан илиқ кутиб олинди. Қашқадарё вилоят судида ўтказилган тадбир ҳам айнан Президентимизнинг “Янги Ўзбекистон” газетаси бош муҳарририга берган интервьюсининг мазмун-моҳияти ва Президентимизнинг тадбиркорлар билан ўтказган очиқ мулоқотига бағишланди. Тадбирни Қашқадарё вилоят судининг раиси Абдуқаюм Маҳкамов олиб борди. Тадбир давомида Қарши давлат университети ижтимоий фанлар кафедраси катта ўқитувчиларининг мавзу доирасидаги маърузалари ҳам тингланди.

Президентимиз ўз интервьюларида судлар фаолияти ҳақида тўхталар экан, “Аждодларимиз азалдан “Зулм қилма, инсофли бўл, халқ учун адолат қўрғонини бунёд эт”, деб ёш авлодга йўл-йўриқ кўрсатганлар. Биз ҳам суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ этишда ана шундай содда ва ҳаётий талаблардан келиб чиқдик. Хусусан, “Судьянинг онгида – адолат, тилида – ҳақиқат, дилида – поклик бўлиши керак” деган ғояни илгари сурдик ва амалга оширишни бошладик”, – деган фикрлари бугунги cуд-ҳуқуқ соҳасидада олиб борилаётган ислоҳотларнинг нечоғлик одилона амалга оширилаётганлигини ифодалайди. Ўтган қисқа давр мобайнида юртимизда одил судловни амалга ошириш, судларнинг шаффофлиги ва  чинакам мустақиллигини таъминлашда муваффаққиятли ишлар амалга оширилганлигини таъкидлаш ўринли.

Тадбир давомида ўтган йиллар давомида тадбиркорларга яратилган шароитлар, қўлланилган имконият ва переференциялар ҳам атрофлича таҳлил қилинди. Давлатимиз томонидан тадбиркорликни ривожлантириш учун яратиб берилаётган шароитлар, тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган бир қатор қарорлар, меъёрий ҳужжатлар қабул қилингалиги ҳам эътироф этиб ўтилди.

Мухтасар қилиб айтганда, мамлакатимизда нафақат суд-ҳуқуқ тизимини демократлаштириш, одил судловнинг сифат ва самарадорлигини оширишда, балки барча соҳада олиб борилаётган изчил ислоҳотлар аввало ҳалқ манфаатини кўзлаб амалга оширилаётганлиги билан муҳим аҳамият касб этади.

 

Тадбир якунида мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлардаги фаол иштироки, жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш борасидаги ҳуқуқий тарғибот ишларига қўшган салмоқли ҳиссаси учун Қашқадарё вилоят судларида фаолият юритаётган бир гуруҳ судьялар ва суд ходимлари Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг ўттиз йиллиги байрами муносабати билан фахрий ёрлиқлар билан тақдирландилар. Уларнинг меҳнат фаолияти давомидаги ютуқлари эътироф этиб ўтилди.

 

Қашқадарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими

 

Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши раиси Холмўмин Ёдгоров томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қашқадарё вилоятидаги Халқ қабулхонасида сайёр қабул ўтказилди

Фуқароларнинг суд-ҳуқуқ соҳасидаги мурожаатларини тинглаш, бу борадаги долзарб масалаларни ўрганиш ва уларни ҳал қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши раиси Холмўмин Ёдгоров томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қашқадарё вилоятидаги Халқ қабулхонасида сайёр қабул ўтказилди.

Сайёр қабулда Қашқадарё вилоят суди раиси Абдуқаюм Маҳкамов, Қашқадарё вилоят Маъмурий суди раиси Холис Муҳаммедов ва Қашқадарё вилоят суди раисининг ўринбосарлари иштирок этишди.

Мамлакатимизда инсон ҳақ-ҳуқуқлари ва унинг манфаатларини ҳимоя қилиш энг устувор вазифага айланди. Ташкил этилган сайёр қабулда суд қарорлари ва ажримлардан норози бўлган, ҳуқуқий маслаҳат ва кўмак сўраб келган фуқароларнинг мурожаатлари тингланди ва мурожаатларнинг адолатли, қонуний ечимини таъминлаш учун ҳар бир мурожаат атрофлича ўрганилди.

Сайёр қабул давомида 13 нафар фуқароларнинг мурожаатлари тингланди. Шундан 1 нафари жиноят ишлари бўйича, 8 нафари фуқаролик ишлари бўйича мурожаат қилишган бўлса, 4 нафар фуқаро одил судловдан розилиги бўйича мурожаат қилишиб, миннатдорчилик билдиришди. Мурожаатларнинг адолатли, қонуний ечимини таъминлаш учун ҳар бир фуқаролар билан очиқ мулоқот ўтказилиб, уларнинг суд-ҳуқуқ соҳасидаги ҳуқуқлари ва эркинликларини янада изчил ва самарали муҳофаза қилиниши юзасидан тушунтиришлар берилди.

Бугунги кунда ҳар бир масъул раҳбар халқ билан бирга яшаб, ҳалқ билан бирга унинг дарди, муаммоларини тинглаб, ўрганиб, муаммоларни жойида ҳал этишга ҳаракат қилишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Зеро замон ва давр талаби шуни тақозо қилмоқда. Ўтказилган ушбу сайёр қабул давомида ҳам аҳолининг суд-ҳуқуқ соҳасидаги мурожаатлари Судьялар олий кенгаши раиси, Қашқадарё вилоят судлари раислари ва ўринбосарлари томонидан ўрганилиб, уларнинг ечими бўйича тегишли тартибда амалий ёрдам бериш чоралари келишиб олинди. Аҳолининг муаммо ва ташвишларини ҳал этиш, оғирини енгил қилиш йўлида олиб борилаётган бу каби ишлар юртдошларимизнинг ҳуқуқий маданиятини оширишга,  давлатга, судларга ва эртанги кунга бўлган ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

 

Қашқадарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими

Қашқадарё вилоят судида “Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд тизимида коррупциянинг олдини олиш чора-тадбирлари” мавзусида семинар ўтказилди

Қашқадарё вилоят судида Судьялар олий кенгаши томонидан “Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд тизимида коррупциянинг олдини олиш чора-тадбирлари” мавзусида семинар ўтказилди. Онлайн тарзда ўтказилган тадбирда Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятида фаолият юритувчи судьялар ҳамда суд фахрийлари иштирок этишди.

Тадбирда таъкидланганидек, сўнгги йилларда Ўзбекистонда судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, малакали кадрларни танлаш, судьялик касбига тайёрлаш ва тайинлаш тизимини такомиллаштириш, шунингдек, фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини ошириш бўйича изчил ишлар олиб бориляпти. 2020 йил 7 декабрь куни Президентимиз томонидан имзоланган «Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самардорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармон тизимдаги ислоҳотларнинг янги босқичига асос солди. Фармонга мувофиқ, коррупция ҳолатларининг олдини олиш мақсадида судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Судьялик лавозимига номзодлар ва судьяларнинг психологик портрети бўйича касбга муносиблигини баҳолашга кўмаклашувчи электрон дастур — психологик тест ишлаб чиқилди. Судья фаолиятининг самардорлигини электрон рейтинг орқали очиқ ва шаффоф баҳолашни таъминлайдиган аниқ мезонлар, хусусан, рейтинг дастурини амалиётга татбиқ этиш чоралари кўрилаётганлиги қайд этилди.

Шунингдек, судлар фаолиятидаги суд қарорини ўз вақтида расмийлаштириш, ижрога қаратишдаги камчиликлар, судьяларнинг маъсулиятини ошириш, ягона суд амалиётини жорий этиш ва одил судлов самарадорлигини таъминлаш бўйича тавсиялар берилди. Семинар давомида Судьялар олий кенгаши веб-сайтининг “Судларда коррупция фактлари тўғрисида шикоятларни йўллаш механизми”, “2020-2021 йилларда суд тизимида аниқланган коррупция фактлари, ҳамда уларнинг келиб чиқиш сабаблари”, судьялар томонидан судьялар одоб-ахлоқ кодекси талабларини бузиш фактлари ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Тадбир якунида иштирокчилар қонун устуворлигини таъминлаш, суд тизимида очиқлик ва шаффофликни янада кенгроқ жорий қилиш, коррупция ҳолатларни бартараф этиш бўйича ўзаро фикр алмашишди.

 

Қашқадарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими

Қашқадарё вилояти прокуратурасида Қарши шаҳрида бир гуруҳ шахслар томонидан спорт мураббийи Элбек Раҳимовнинг ўлдириб кетилгани билан боғлиқ жиноят тафсилотлари хусусида матбуот анжумани бўлиб ўтди

Қашқадарё вилояти прокуратурасида Қарши шаҳрида бир гуруҳ шахслар томонидан спорт мураббийи Элбек Раҳимовнинг ўлдириб кетилгани билан боғлиқ жиноят тафсилотлари хусусида Ўзбекистон Бош прокуратураси, Олий суд ҳамда Ички ишлар вазирлиги раҳбарлари ва масъул ходимлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Айтиш жоизки, ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида ушу-санда бўйича жаҳон чемпиони, MMA жангчиси Элбек Раҳимов ўлдириб кетилгани ҳақидаги хабарлар жамоатчиликнинг кенг муҳокамасига сабаб бўлди. Маълумот учун, жорий йил 17 август куни Қарши шаҳрида бир гуруҳ шахслар одамлар кўз ўнгида спорт мураббийи Элбек Раҳимовни уриб, калтаклаган. Сўнг, машинага ўтқазиб, номаълум томонга олиб кетган. Бир гуруҳ шахслар унга оғир тан жароҳатлари етказиб, спортчини Чироқчи туманига ташлаб кетган. Кўрсатилган тиббий ёрдамларга қарамасдан Элбек Раҳимов шу куни шифохонада вафот этган. Анжуманда Қарши шаҳрида бир гуруҳ шахслар томонидан спорт мураббийи Элбек Раҳимовнинг ўлдириб кетилгани билан боғлиқ жиноят тафсилотлари ҳақида журналист ва блогерларга маълумот берилди.

Ўзбекистон Республикаси Бош Прокурори Ниғматилла Йўлдошев ушбу жиноят тафсилотлари ҳақида тўхталар экан марҳум Элбек Раҳимов жиноят содир этган фуқаро Боймирзаев билан олдиндан низоли вазиятда бўлганини таъкидлади. Маълумотларга кўра, Тезкор ҳаракатлар натижасида ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилган. Иш доирасида гумонланувчи шахслар ишга жалб қилинган.

Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов томонидан бу мудҳиш жиноятнинг ташкилотчиси Боймирзаев кеча қамоққа олингани маълум қилинди. “Бу жиноят учун қонуний чоралар кўрилади. Бу воқеа жиддий назоратга олинади. Бу жанжалнинг бошланиши авввало икки спортчининг илк кураши – спорт мусобақасидан келиб чиққан. Улар бири ютиб бири ютқизгани сабаб низо юзага келган. Улар ҳеч кимга мурожаат қилмаган. Ўзларича “разбор” қилиб олмоқчи бўлган. Албатта бу жараёнлар масъул ташкилотлар томонидан эътиборга олиниши керак эди. Бу масала ҳам назорат қилинади. Керак бўлса хизмат текшируви ҳам ўтказилади”, деди ички ишлар вазири.

Олий суд раиси Козимжон Комилов вазиятга изоҳ берар экан бу бўйича суд иши барча учун очиқ тарзда ўтказилиши маълум қилди.

Шундан сўнг ОАВ вакиллари мазкур жиноят бўйича ўзларини қизиқтирган саволларга масъуллардан жавоб олишди.

 

Қашқадарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими

КОНСТИТУЦИЯ УСТУНЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШНИНГ МУҲИМ ҲУҚУҚИЙ ҲУЖЖАТИ

Барчамизга маълумки, Конституциявий суд инсоният тарихида фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, Конституциянинг устунлигини таъминлаш ва уни муҳофаза қилиш мақсадида ташкил этилади. Конституциявий судлов – демократик давлатчиликнинг муҳим сифат белгисидир.

1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Конституцияда конституциявий назоратни амалга оширувчи махсус орган – қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятларнинг ҳужжатлари Конституцияга қанчалик мослигига доир ишларни кўрадиган Конституциявий судни ташкил этиш ва фаолият юритиш белгиланди. 1995 йил 30 августда эса “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги алоҳида Қонун қабул қилинди.

Кейинчалик, 2017 йил 31 майда “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги янги таҳрирдаги Қонуни қабул қилинди.

Мазкур қонунлар ўтган давр мобайнида Конституцияни ҳимоя қилиш, унинг нормалари ва принципларини ҳамда унда қатъий мустаҳкамланган инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш йўлида муҳим ҳуқуқий ҳужжат бўлиб келди.

Ҳеч иккиламасдан Конституциявий судни инсон ва фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларининг ҳимоячиси бўлган судлов органи дейиш мумкин ва Конституциявий суднинг мустақиллигини таъминлаш алоҳида аҳамият касб этади.

Давлат ҳокимияти тизимини изчиллик билан такомиллаштириш ва мазкур ҳокимиятни мунтазам ўзгараётган ижтимоий муносабатлар билан уйғунлашиб бориши Конституциявий суд фаолиятини қайта кўриб чиқишни ва такомиллаштириш тақозо қилганлиги сабабли 2021 йил 27 апрелда «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги янги таҳрирдаги Қонуни қабул қилинди.

Қонунга кўра, Конституциявий суд доимий фаолият юритувчи суд ҳокимияти органи бўлиб, қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимият ҳужжатларининг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисидаги ишларни кўради.

Конституциявий суд конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари муайян ишда қўлланилган ва Конституцияга мувофиқ бўлмаган қонунда бузилган деб ҳисобловчи фуқаролар ҳамда юридик шахсларнинг шикоятларини ҳам кўриб чиқиши белгиланди.

Қонун таҳрири 13 боб ва 101 моддадан иборат (аввалги таҳририда 5 боб ва 45 та модда бўлган) бўлиб, унда эски таҳрирдаги Қонундан фарқли бўлган бир қатор янгиликлар мавжуд.

Жумладан, Конституциявий суд ўзи киритган қонун лойиҳасини Қонунчилик палатасида кўриб чиқиш чоғида иштирок этиш учун ўз вакилини тайинлайди, суд таркибига киритилган судьялар сони, раис ва унинг ўринбосарини қўшган ҳолда, 7 нафардан 9 нафаргача оширилди.

Бундан ташқари, Қонунда Конституциявий суд судьяларининг мустақиллигини таъминлашга қаратилган қатор янгиликлар жорий этилди.

Хусусан, Конституциявий суд судьясининг ваколат муддати қайта кўриб чиқилди. Илгари Конституциявий суд судьясининг ваколат муддати беш йилни ташкил этган бўлса, янги қонунга кўра биринчи марта сайланганда беш йилни, навбатдаги сайланганда ўн йилни ташкил этади. Аввалги қонунда айни бир шахс икки мартадан ортиқ Конституциявий суднинг судьяси этиб сайланиши мумкин эмаслигига доир қоида янги қонунда ҳам сақланиб қолди. Демак, аввал Конституциявий суднинг судьяси бўлиш муддатининг энг кўп узоқ муддати 10 йилни ташкил этган бўлса, эндиликда бу муддат 15 йилни ташкил этади. Қонунда Конституциявий суд раиси ва унинг ўринбосари Конституциявий суд мажлисида унинг судьялари орасидан сайланиши назарда тутилиб, уларнинг ушбу лавозимдан озод қилиниши тартибга солинмаганди. Янгиликлардан яна бири, Конституциявий суд раиси ва унинг ўринбосари ёзма аризаларига кўра Конституциявий суд томонидан эгаллаб турган лавозимидан озод қилинишлари мумкин.

Бундан ташқари, илгари Конституциявий суд судьясига олий ёки биринчи малака даражаси берилган бўлса, эндиликда биринчи малака даражаси Конституциявий суд томонидан бериладиган бўлди (аввал – иккала малака даражалари Президент томонидан берилган).

Янги Қонуннинг 14-моддасига кўра, Конституциявий суд судьясига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси ўта оғир жиноят содир этганлик ёки одамнинг ўлимига сабаб бўлган бошқа қасддан жиноят содир этганлик айби қўйилган ҳоллардагина қўлланилиши мумкин. Бундай қоида Конституциявий суднинг собиқ судьясига нисбатан ҳам қўлланилади.

Конституциявий суд раиси Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг, уларнинг органларининг, шунингдек Олий суд Пленумининг мажлисларида иштирок этиши мумкин. Конституциявий суд ишларини юритиш коллегиал тарзда амалга оширилади (илгари – ишларни кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш тўрт судьядан кам бўлмаган таркибда коллегиал тарзда амалга оширилган).

Янги Қонуннинг аҳамиятга молик томонларидан яна бири бу – «Конституциявий судга мурожаат қилиш. Мурожаатни дастлабки тарзда кўриб чиқиш ва ўрганиш. Ишни кўриш учун қабул қилиш»-деб номланган 5-бобидир.

Унга кўра, Конституциявий судга мурожаат қилувчи субъектлар қаторига ҳисоб палатаси аъзолари (илгари – ҳисоб палатаси раиси), Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ, Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили билан бирга, фуқаролар ва юридик шахслар ҳам киритилди.

Яъни, агар қонун фуқаролар ва юридик шахсларнинг фикрича, уларнинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларини бузаётган бўлса, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ келмаса ҳамда судда кўрилиши тугалланган муайян ишда қўлланилган бўлса ва судда ҳимоя қилишнинг барча бошқа воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, улар қонуннинг Конституцияга мувофиқлигини текшириш тўғрисидаги шикоят билан Конституциявий судга мурожаат этишга ҳақлидир.

Давлат ичидаги барча қонун, кодекс, фармон, қарор, низом ва бошқа ҳужжатлар Конституцияга мос бўлиши шарт.

Хулоса қилиб айтганда, халқимизнинг ҳоҳиш-иродасини ифода этган Конституциямизни ўрганиш, унинг мазмун-моҳиятини чуқур англаб етиш, тарғиб этиш ва унга қатъий риоя этиш ҳар биримизнинг жамият олдидаги муқаддас бурчимиздир.

Янги Қонун Конституциявий суд фаолиятининг самардорлигини ва нуфузини ошириш, мустақиллигини мустаҳкамлаш, ваколатларини кенгайтириш билан бир қаторда, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишга ва Конституция устунлигини таъминлашга хизмат қилади.

 

Қашқадарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судьяси Ш.Бахтиёров

Қашқадарё вилоят судида коронавирусга қарши навбатдаги профилактик эмлаш (вакцинация) ишлари ташкил этилди

Қашқадарё вилоят суди биносида вилоят судлари судьялари, суд ходимлари ва уларнинг оила аъзолари учун коронавирусга қарши навбатдаги эмлаш ишлари амалга оширилди.

Ўз соғлиги ва келажагига бефарқ бўлмаган суд ходимлари ва уларнинг оила аъзолари учун Қашқадарё вилоят суди раиси ташаббуси билан шифокор ва мутахассислар маслаҳати ҳамда коронавирусга қарши профилактик эмлаш (вакцинация) ишлари ташкил этилди.

Бугунги мураккаб  шароитдан келиб чиқиб шуни таъкидлаш мумкинки, аҳолининг касалликка чалинишининг олдини олиш ва касалликка қарши иммунитет ҳосил қилишнинг энг самарали йўли бу – коронавирусга қарши профилактик эмлаш (ваксинация)дир.

Қашқадарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими

 

Аёлларнинг оилада ҳам, жамиятда ҳам ўз ўрни бор

Бугунги кунда аёллар ва эркаклар тенг ҳуқуқларга эга бўлган шароитда умргузаронлик қилмоқдамиз ва ҳатто ҳозирда хотин-қизларга берилган имтиёз ва имкониятлар ҳар қачонгидан яхшироқ десак муболаға бўлмайди.

Мамлакатимиз ҳуқуқий давлат ва демократик жамият қуриш йўлида дадил одимлаб борар экан, хотин-қизларнинг эркаклар билан барча соҳада тенглигини таъминлашга, уларни улуғлаш ва қадрлашга, қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган миллий ҳуқуқ тизими яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бинобарин, барча қонун ҳужжатларимизга асос ҳисобланмиш Конституциямиз ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат Кодекси, Оила Кодекси, Фуқаролик Кодекси, Жиноят Кодекси, “Ўзбекистон Республикасида ногиронларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид сиёсат тўғрисида”ги, “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги, “Меҳнат муҳофазаси тўғрисида”ги, “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги, “Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш тўғрисида”ги, “Таълим тўғрисида”ги ва бошқа норматив ҳуқуқий ҳужжатларда асосий мақсад юртимиз аёлларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга, опа-сингилларимизнинг фаоллигини оширишга, уларга маънавий-руҳий мадад беришга, қолаверса, уларни турли таҳдидлардан ҳимоя қилишга қаратилган.

Дарҳақиқат, хотин-қизларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган барча қонун ҳужжатлари халқаро ҳуқуқий меъёрларга асосланган бўлиб, мамлакатимиз Марказий Осиёда биринчилардан бўлиб аёллар ҳуқуқини халқаро меъёр ва ҳуқуқий стандартларга мувофиқлигини таъминлаш мақсадида аёллар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги, аёлларнинг сиёсий ҳуқуқлари ҳақидаги, оналикни муҳофаза қилиш ҳақидаги халқаро конвенцияларга қўшилган.

Ривожланган давлатларни кузатар эканмиз аёлларга бўлган эътиборни, уларнинг жамиятда ва давлат органлари ва ташкилотларининг юқори поғоналарини эгаллаганликларини кўриб хулоса қилишимиз мумкин. Бироқ, ўринли савол туғилади, ҳар доим ҳам шундай бўлганмикан?!

Аёллар ҳуқуқлари учун курашнинг асосий майдони АҚШ бўлиб, бу ерда мустақиллик учун кураш кетаётган бир пайтда тарихга жаҳондаги илк феминист сифатида кирган Эбигейл Смит Адимс “Биз қабул қилинишида шахсан иштирок этмаган қонунларга бўйсунмаймиз” деган эди. Тўғрироғи, бу даъватдан олдин ҳам аёллар ҳуқуқсизлигига қарши эътирозлар бўлган бўлсада, ё уларга эътибор берилмаган ёхуд чиқишлар бостирилган, қаҳрамонлар эса қолганларга “ўрнак” сифатида шафқатсиз жазоланган.

1405 йилда Кристина Пизанская ўзининг “Аёллар туғёнлари тўғрисида» китобида уйда таълим олиш ва сиёсий ҳаётда иштирок этиш каби ғояларни илгари суради, бироқ замондошларидан ҳеч ким унинг чақириқларига эътибор қилмайди. Франциялик аёллар ҳуқуқлари ҳимоячиси Олимпи де Гуж эса ўзининг “Аёллар ҳуқуқлари тўғрисидаги декларация” китоби учун жазоланади.

1804 йилда Европадаги Машҳур Напалеон томонидан фуқаролик кодексига аёллар ҳуқуқларини буғувчи қоида киритилади. Унда “Аёллар ҳеч қандай фуқаролик ҳуқуларига эга бўлмайдилар ва эркакларнинг васийлигида турадилар” деб қайд этиб ўтган.

Ҳаммаси 1848 йилги АҚШда имзоланган “Ҳиссиётлар декларацияси”дан кейин ўзгариб кетади. Бу ҳужжатда жаҳон тарихида илк марта бугунги кунда деярли ҳар кун қулоғимизга чалинадиган “аёллар ва эркаклар тенг яратилган” деган сўзлар бор эди. Бу ҳужжат ўшанда том маънода курашнинг янги тўлқинини бошлаб берган. Аёллар аввало сиёсий ҳуқуқларга эга бўлишга алоҳида эътибор берадилар ва бу мантиқий жиҳатдан олиб қаралса тўғри йўналиш бўлган эди.

Сиёсий ҳуқуқларнинг дастлабкиси ва шу билан биргаликда асосийси ўша вақтда сайлаш ҳуқуқи эди. Бу соҳада Америка Қўшма Штатлари биринчи бўлди. 1850 йилда АҚШда “Биринчи аёллар умуммиллий съезди” бўлиб ўтади ва аёлларнинг сайлов ҳуқуқлари бўйича миллий ассосация ташкил этилади.

Бугун мамлакатимизда ҳам аёллар ҳуқуқлари ҳимоясига алоҳида аҳамият қаратилганлиги боис барча хотин-қизларимиз эъзоз ва эҳтиромда.

 

Нурбек АБДУЛЛАЕВ, Қашқадарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судьяси

Халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгашининг навбатдаги сессиясида Қашқадарё вилоят суди раиси Абдуқаюм Маҳкамовнинг ахбороти тингланди

Халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгашининг VI чақириқ йигирма олтинчи сессияси бўлиб ўтди. Сессия кун тартибига қўйилган масалалар юзасидан мутасадди раҳбарларнинг маърузалари тингланди. Унда сўз олган Қашқадарё вилоят суди раиси Абдуқаюм Маҳкамовнинг Қашқадарё вилоят судлари томонидан 2021 йил биринчи ярим йиллик давомида амалга оширилган ишлар юзасидан ахбороти тингланди.

 

— Қашқадарё вилоят судлари томонидан 2021 йилнинг биринчи ярим йиллиги давомида 1670 шахсга нисбатан 1205 та жиноят иши кўрилган, 1376 тасига айблов ҳукми чиқарилган, 283 тасининг иши ҳаракатдан тугатилган, шундан 254 таси ярашув асосида тугатилган. 18080 шахсга нисбатан 13.553 та маъмурий иш кўрилган. Фуқаролик судлари томонидан 9457 та иш кўрилган.  Иқтисодий судлар томонидан 7 289 та иш мазмунан кўрилган, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари иштирокида 1102 та иқтисодий иш кўрилиб, уларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланиб, тадбиркорлик субъектлари фойдасига 133 млрд. 360 млн. сўм ундирилган. 96та жиноят иши бўйича 110 та асоссиз айбловлар судланувчиларнинг зиммасидан чиқарилган.

Барча инстанцияда 27 шахсга нисбатан оқлов ҳукми чиқарилган. 13 та реабилитация этилган шахсларга давлат ҳисобидан 501.339.224 сўм моддий зарар ундириш белгиланган.

Ёшлар агентлигининг кафолат хати асосида 4 шахсга, Маҳалла фуқаролар йиғини кафолат хати асосида 16 шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланган, – дейди А. Маҳкамов.

Қашқадарё вилоят, туманлараро, туман  ва шаҳар судларига 8.388 та мурожаат келиб тушган.

Мазкур мурожаатларнинг 1.017 таси умумий мурожаатлар ва 3.832 таси шахсий ва сайёр қабуллар жараёнида келиб тушган бўлса, 3.435 таси Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал ва халқ қабулхоналари орқали, 21 та Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг виртуал қабулхонаси орқали, 83 та Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг виртуал қабулхонаси орқали келиб тушган.

Мурожаатларнинг 1.798 таси суд қарорлари юзасидан, 332 таси суд ҳужжатлари ижроси юзасидан, 5 таси суд ҳужжатини вақтида ололмаётганлиги юзасидан, 31 таси судьяларнинг хатти-ҳаракатлари юзасидан, 6таси суд ходимларининг хатти-ҳаракатлари юзасидан, 8 таси мурожаатига вақтида жавоб ололмаётганлиги юзасидан, 57 таси иш вақтида кўрилмаётганлиги юзасидан, 5.922 таси бошқа масалалар бўйича келиб тушган аризаларни ташкил этади.

Келиб тушган мурожаатларни ўрганиш натижаларига кўра 111 таси қаноатлантирилган, 8.049 тасига тушунтириш берилган, 30 таси тааллуқлилигига кўра қуйи судларга юборилган, 121 таси тегишлилиги бўйича бошқа идораларга юборилган, 7 таси аноним мурожаатлар бўлганлиги боис кўрмасдан қолдирилган, – деди Қашқадарё вилоят суди раиси.

Шунингдек, 2021 йил 1-ярим йиллигида Қашқадарё вилоят фуқаролик ишлари бўйича туманлараро ва туман судлари томонидан жами 9457 та фуқаролик иши кўриб тамомланган, шундан 6843 та даъво талаблари қаноатлантирилган, 884 та даъво талаблари рад қилинган, 336 та фуқаролик иши бўйича иш юритиш тугатилган ва 1394 та фуқаролик иши бўйича даъво аризалари кўрмасдан қолдирилган.

Никоҳдан ажратиш билан боғлиқ жами 1884 та фуқаролик иши кўрилиб, шундан 1115 таси қаноатлантирилган, 153 та фуқаролик ишлари бўйича тарафларни ярашиб кетишига эришилиб иш юритишдан тугатилган, 489 та даъволар рад қилинган, 127 та даъво ариза кўрмасдан қолдирилган.

Алимент ундириш билан боғлиқ жами 65 та фуқаролик иши кўрилиб, шундан 53 таси қаноатлантирилган, 4 таси рад қилинган, 3 та иш юритишдан тугатилган, 5 та даъво ариза кўрмасдан қолдирилган. Алимент ундириш билан боғлиқ жами 2224 та суд буйруқлари чиқарилган.

Кўрилган ишлардан 477 таси меҳнат низолари билан, 3387 таси оила низолари билан, 189 таси уй-жой низолари билан, 271 таси мулк ҳуқуқи билан, 54 таси коммунал хизмат бўйича қарздорлик, зарар ундириш, 3671 таси битим билан, 240 таси ер низолари билан, 51 таси истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан, 279 таси зарар билан, 457 таси юридик аҳамиятга эга бўлган фактлар бўйича ишлар, 381таси даъво тартибида кўрилган бошқа ишларни ташкил қилади.

Кўрилган ишлар бўйича Республика бюджетига 2.389.573.915 сўм давлат божи ихтиёрий тўланган, 5.274.530.415 сўмлик далат божини ундириш ҳақидаги ижро хўжжатлари ижро қилиш учун Мажбурий ижро бўлимларига юборилган.

Кўрилган фуқаролик ишлари бўйича 111.359.542.904 сўм моддий ва 619.150.421 сўм маънавий зарарлар ундириш белгиланган.

 

 

Қашқадарё вилоят иқтисодий судлари томонидан 2021 йил 6 ойи давомида жами 7 289 та (ўтган йилнинг шу даврида 7007) иқтисодий ишлар мазмунан ҳал этилиб, шундан 4 193 таси (3 371) ёки 57,3 фоизи сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилган.

Фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларга оид 5 791 та (3 380).        (Ташкилотлар ўртасидаги низолар)

Маъмурий-ҳуқуқий муносабатларга оид 1 203 та (3501).  (Давлат ташкилотлари ва юридик шахслар ўртасидаги низолар)

Ташкилот ва фуқароларнинг банкротлигига оид 275 та (109).

Корпоратив муносабатларга оид 20 та (17). (Таъсисчилар ўртасида низолар).

 

Қашқадарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими

Қарши шаҳрида “Суд этикаси. Миллий ва хорижий тажриба” мавзусида судьялар ва суд ходимлари учун тренинг ўтказилди

Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби ва АҚШнинг халқаро ривожланиш бўйича агентлигининг Ўзбекистонда ҳуқуқий ислоҳотлар дастури билан ҳамкорликда ўтказилган ушбу тренингда Судьялар олий мактаби ўқитувчи ва масъул ходимлари ҳамда Қашқадарё вилоятидаги судьялар ва суд ходимлари иштирок этишди.

Тадбир давомида иштирокчилар суд этикасининг долзарб масалалари, хорижий давлатларнинг суд этикаси бўйича қонунчилиги ва амалиёти, Судьялар одоб-ахлоқ қоидаларига оид ишлаб чиқилган ўқув қўлланма билан таништирилди ҳамда тажриба алмашилди.

Тренинг иштирокчиларига “Судьяларнинг одоб-ахлоқ кодекси” ҳар бир судья учун одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ касбий фаолиятида ва хизматдан ташқари вақтда мажбурий бўлган юксак одоб-ахлоқ талаблар белгилаши, ушбу талабларга барча судья ва суд ходими риоя қилиши лозимлиги, ушбу Кодекс судьялар ваколатини амалга оширишга ҳақлилиги ва судьялик мақомига муносиблигининг муҳим шарти эканлиги тушунтирилди.

 

Одил судлов ва судьялар одоб-ахлоқи соҳасидаги халқаро стандартлар, “Судьяларнинг одоб-ахлоқига оид Бангалор принциплари”, судьяларнинг мустақиллиги ва холислиги принципи, судьялар ва суд ходимлари фуқаролар билан мулоқотда хушмуомала бўлишлари,  ҳамда судлар томонидан чиқариладиган қарорлар беғараз бўлиши, ҳозирги давр талаби сифатида судьяларнинг ҳалол ва пок бўлишлари лозимлиги ҳақида маълумотлар амалиётдан мисоллар келтирилган ҳолда тушунтириб ўтилди.

 

 

Тренинг иштирокчилари томонидан суд тизимидаги ислоҳотлар, судьяларнинг мустақиллигини таъминлашдаги кафолатлар, судьяларнинг фуқароларни рози қилиш ҳамда суд ишларини адолатли кўриб чиқишни янада такомиллаштириш чоралари, амалиётдаги мавжуд муаммолар ҳамда уларни бартараф этиш усуллари юзасидан қатор таклифлар билдирилди.

Тренинг интерактив машғулотлар кўринишида давом этиб, иштирокчиларга судьялар фаолияти давомида бошқарув маҳорати, ишчанлик мулоқоти ва вужудга келадиган турли стресс ва стрессни келтириб чиқарувчи ҳолатларни бошқариш, иш жараёнларини тўғри ташкил этиш ва оқилона хулосалар чиқариш салоҳиятини ошириб боришга оид касбий кўникмаларини шакллантириш учун нималарга эътибор қаратиши лозимлиги каби керакли маълумотлар берилди.

                    Қашқадарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими

Skip to content