Йўл қоидаси – умр фойдаси
Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда ҳар бир соҳада бўлгани каби суд-ҳуқуқ соҳасида ҳам қонун устуворлиги ва жазо муқаррарлиги таъминланиб келмоқда.
Шунга қарамасдан, кундан-кунга сони ошиб, инсонларнинг бевақт ўлимига, соғлиғига жиддий зарар етишига сабаб бўлаётган йўл-транспорт ҳодисалари билан боғлиқ жиноятлар содир этилаётганлиги ачинарли ҳолат.
Деярли ҳар куни ижтимоий тармоқлар орқали жамиятимизда бу каби мудҳиш ҳолатлар содир этилаётганлигининг гувоҳи бўляпмиз.
Судлар томонидан маст ҳолда йўл-транспорт ҳодисаси содир этиб, фуқаронинг ўлимига ёки соғлиғига зарар етказиш билан боғлиқ жиноят содир этган шахсларга нисбатан кескин чоралар қўлланиб келинмоқда.
Шунга қарамасдан, мамлакатимизда транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш билан боғлиқ жиноятлари сони ортаётганлиги кузатилмоқда.
Масалан, Б.Янгиев 2020 йил 14 май куни соат 7:38ларда спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳолда, Самарқанд вилояти Булунғур тумани “У.Расулов” кўчаси 136-уйда яшовчи А.Насимовнинг номига расмийлаштирилган “АГБПАЗ-3742” русумли 30 F 948 KA давлат рақамли автомашинани транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларсиз Қарши тумани “Боғобод” ҚФЙ “Тўқманғит” қишлоғи ҳудудидан ўтувчи А-380 “Ғузор-Бухоро-Нукус-Бенау” автомобил йўлининг 60-километрида бошқариб бориб, йўлнинг ўнг обочина қисмида жойлашган “CAR WASH” метан ёқилғи қуйиш шаҳобчаси рўпарасида “Йўл-ҳаракати қоидалари”нинг 63-бандидаги, транспорт воситасини орқага ҳаракатлантиришда ҳайдовчи йўл ҳаракати ҳавфсизлигини таъминлаш ва бошқа йўл ҳаракати қатнашчиларига халақит бермаслиги шартлиги тўғрисидаги талабларга амал қилмасдан, автомашинаси билан орқа томонга ҳаракатланаётганида йўлнинг четида турган пиёда Д.Ризаевни уриб юбориб, йўл-транспорт ҳодисаси содир этиши оқибатида Д.Ризаев оғир тан жароҳати олиб, воқеа жойида вафот этган.
Мазкур иш судда кўрилиб, Б.Янгиевга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 266-моддасининг 2-қисми билан транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан 2 йил муддатга маҳрум қилиб, 6 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Кўриб турганимиздек, Б.Янгиев қилмишига яраша жазо олди, бироқ фарзандларига ота, турмуш ўртоғига суюкли ёр, ота-онасига ардоқли фарзанд бўлган марҳум Д.Ризаев эса ҳаётдан бевақт кўз юмди, бебаҳо аталмиш унинг навқирон умри эрта хазон бўлди.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, барчамиз бирдек қонунларга, транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларига амал қилишимиз даркор.
Фозил Юсупов, Қашқадарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси