Ярашув институтининг жорий қилиниши – инсонпарварлик принципининг яққол ифодасидир

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида либераллаштириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар инсонпарварлик принципининг ҳаётий ифодаси сифатида ўзини намоён этмоқда.

Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 4 октябрдаги ЎРҚ-720-сонли Қонунига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси янги 212-моддаси билан тўлдирилди.

Унга кўра кодекснинг 40-моддасида (туҳмат), 41-моддасида (ҳақорат қилиш), 45-моддасида (фуқароларнинг турар жойи дахлсизлигини бузиш), 46-моддасида (фуқарога маънавий ёки моддий зарар етказиши мумкин бўлган маълумотларни ошкор этиш), 461-моддасида (шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш), 52-моддасида (енгил тан жароҳати етказиш), 612-моддасида (мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш), 104-моддасида (экинзорларни пайҳон қилиш, қишлоқ хўжалик экинларининг далада тўплаб қўйилган ҳосилига зарар етказиш ёки уни йўқ қилиб юбориш, кўчатларга шикаст етказиш), 133-моддасида (транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши жабрланувчига енгил тан жароҳати ёки анча миқдорда моддий зарар етказилишига олиб келиши), 134-моддасида (ҳайдовчиларнинг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши транспорт воситаларининг ёки бошқа мол-мулкнинг шикастланишига олиб келиши), 183-моддасида (майда безорилик) ҳамда 200-моддасида (ўзбошимчалик) назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир этган шахс агар у ўз айбига иқрор бўлса, жабрланувчи билан ярашса ва етказилган зарарни бартараф этса, маъмурий жавобгарликдан озод этилиши мумкин.

Юртимизда босқичма-босқич амалга оширилаётган бу каби суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг асосий мақсади, инсоннинг қонун билан қўриқланадиган ҳуқуқ ва манфаатларини самарали ҳимоя қилишдир.

 

Фозил Юсупов, жиноят ишлари бўйича Косон туман суди раиси  

Ярашилганлиги муносабати билан маъмурий жавобгарликдан озод қилиш институтининг мазмун ва моҳияти тўғрисида семинар-машғулоти ташкил этилди

Қарши шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси биносида жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар суди раиси Анвар Элмуродов томонидан профилактика инспекторлари учун семинар-машғулоти ўтказилди. Мазкур семинар-машғулотида Қарши шаҳар ИИО ФМБ раҳбарияти ҳамда Қарши шаҳрида хизмат ўтаётган барча профилактика инспекторлари иштирок этишди.

Семинарда жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар суди раиси Анвар Элмуродов томонидан ҳудуд профилактика инспекторларига, Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 4 октябрдаги ЎРҚ-720-сонли Қонуни билан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига киритилган “Ярашилганлиги муносабати билан маъмурий жавобгарликдан озод қилиш” институтининг мазмун ва моҳияти хусусида тўлиқ маълумот бериб ўтилди. Унинг ўзига хос хусусиятлари ва амалиётда қўллаш жиҳатлари юзасидан, шунингдек, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни расмийлаштиришда йўл қўйилаётган хато ва камчиликлар профилактика инспекторлари эътиборига етказилиб, келгусида бу тоифадаги ишларни тўғри расмийлаштириш борасида тегишли тушунтиришлар берилди. Тадбир давомида Қарши шаҳар ИИО ФМБ раҳбарияти ҳамда ҳудуд профилактика инспекторлари ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

 

Қашқадарё вилоят суди жамоатчилик  ва ОАВ билан алоқалар бўлими

Ота-онанинг фарзандлари олдидаги бурчи

Маълумки, оилани моддий таъминлаш ҳар бир эркакнинг бурчи ҳисобланади. Оиладаги эр-хотиннинг ўзаро муносабатлари, болани тарбиялашдаги тенглиги ва мажбуриятлари қонунчилигимизда ўз аксини топган.

“Алимент” сўзи лотинчадан олинган бўлиб, “озиқ-овқат”, “нафақа”, “таъминот”, “боқиш учун маблағлар” деган маъноларни англатади.

“Алимент” деганда қонунчиликда, оиланинг бир аъзоси томонидан бошқа бир аъзоси ёки аъзоларини моддий таъминлаш учун мажбурий тўланадиган маблағ деб тушунилади. Вояга етмаган фарзандига моддий таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган ота(она)дан суднинг ҳал қилув қарори ёки суд буйруғига асосан алимент ундирилади.

Алимент шахснинг иш ҳақи ва бошқа даромадига нисбатан мунтазам (ҳар ойда, ҳар чоракда ва шу каби) тўланадиган қатъий пул миқдорида, мулк бериш йўли билан, шунингдек, бошқа усулларда ҳам тўланиши мумкин.

Алимент тўлаётган эр (хотин) алиментни ихтиёрий равишда шахсан ёки ўз аризасига кўра ишлаб турган жойида, пенсия, нафақа, стипендия ва бошқа турдаги маблағ олаётган жойида тўлайди. Алиментнинг ихтиёрий равишда тўлаб турилиши алимент ундирувчини алимент ундириш ҳақидаги даъво ёки ариза билан хоҳлаган вақтда судга мурожаат қилиш ҳуқуқидан маҳрум этмайди.

Алимент мажбуриятларида фақатгина эр (хотин) ўртасидаги алимент мажбуриятлари эмас, балки вояга етган фарзандларнинг муомалага лаёқатсиз ота(она)сига нисбатан алимент тўлаш ва бошқа мажбуриятлар ётади.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 474-моддасида,  моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш, яъни уларни моддий жиҳатдан таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслик ўн беш сутка муддатга маъмурий қамоққа олишга ёки ушбу Кодексга мувофиқ маъмурий қамоқ қўлланилиши мумкин бўлмаган шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлиши кўрсатилган.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 122-моддасининг биринчи қисмида эса, моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш, яъни уларни моддий жиҳатдан таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслик, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса-икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш;

иккинчи қисмида, ўша қилмиш хавфли рецидивист томонидан содир  этилган бўлса – икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши назарда тутилган.

Қонунга мувофиқ, агар шахс алимент мажбуриятлари бўйича қарздорликни тўлиқ тўлаган бўлса, у жавобгарликдан озод қилинади.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, ҳар бир шахс ўзининг оиласи, жамият олдидаги масъулиятини ҳис этиб яшаса, ўз бурчини адо этса, шунда келажак авлодларимиз ҳеч кимдан кам бўлмасдан, ватанимиз равнақи ва тараққиётига наф келтирадиган фарзандлар бўлиб ўсиб-улғаяди.

 

Фозил Юсупов, жиноят ишлари бўйича Косон туман суди раиси

Қашқадарё вилоят суди ва Қашқадарё вилоят Адлия бошқармаси ҳамкорлигида ўқув семинари ташкил этилди

Қашқадарё вилоят суди ва Қашқадарё вилоят Адлия бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган “Давлат органлари ва ташкилотларида меҳнат қонунчилигига риоя этилиши” мавзусида ўтказилган ўқув семинарида вилоят давлат органлари ва ташкилотларининг раҳбар ўринбосарлари, юридик хизмат ходимлари ва кадрлар бўйича масъул ходимлари иштирок этишди. Тадбир ташкилотчилари томонидан Меҳнат кодекси ва бошқа меҳнат қонунчилигига доир қонун ҳужжатлари ҳақида батафсил тушунчалар берилди. Қашқадарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлари томонидан 2021 йилда ишга тиклаш билан боғлиқ ишларнинг кўриб чиқилганлиги, хусусан, 2021 йил ҳамда жорий йилнинг биринчи чораги давомида халқ таълими, мактабгача таълим, соғлиқни сақлаш, олий ва ўрта махсус таълим ва солиқ органлари соҳасида ишга тиклаш юзасидан фуқаролик ишлари бўйича даъво аризалари кўриб чиқилганлиги юзасидан маълумотлар бериб ўтилди.

Қашқадарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлари томонидан  2021 йил ҳамда 2022 йилнинг биринчи чораги давомида Халқ таълим соҳасига ишга тиклаш юзасидан 62 та, Мактабгача таълим соҳасига ишга тиклаш юзасидан 12 та, Соғлиқни сақлаш соҳасига оид ишга тиклаш юзасидан 22 та, Олий ва ўрта махсус таълим соҳасига ишга тиклаш юзасидан 4 та ҳамда Давлат солиқ қўмитаси соҳасига оид ишга тиклаш юзасидан 5 та фуқаролик ишлари бўйича даъво аризалари қаноатлантирилиб, даъвогарлар ишга тикланган. 2021 йил давомида даъвогарларнинг ишга тикланиши натижасида 1.217.607.330 сўмлик иш ҳақлари ундириб берилган. Юқоридаги келтириб ўтилган ташкилот ва идораларга нисбатан киритилган даъво аризаларининг қаноатлантирилишига асос ушбу ташкилот ва идоралар томонидан ходимни ишдан бўшатишга оид меҳнат қонунчилиги талабларига тўлиқ риоя қилинмаган ҳолда буйруқ расмийлаштирилиши сабаб бўлган.

Қашқадарё вилояти суди фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман судлари томонидан одил судловни амалга ошириш, қонун устуворлигини таъминлаш ва фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда меҳнат низолари билан боғлиқ ишларни кўришда бир қатор ишлар амалга оширилган. Ноқонуний ишдан бўшатилган шахсни қайта эгаллаб турган лавозимига тиклаш, мажбурий прогул учун иш ҳақи ундириш, ишдан бўшатиш тўғрисидаги мансабдор шахсларнинг қарор ва буйруқларини ғайриқонуний деб топиш каби фуқаролик ишлари шулар жумласидандир. Мазкур ўқув семинарини ташкил этишдан кўзланган мақсад ҳам давлат органлари ва ташкилотларида меҳнат қонунчилигига риоя этилишини таъминлаш ва меҳнат қонунчилиги талабларига тўлиқ риоя қилинмаган ҳолда буйруқлар расмийлаштирилиши оқибатида юзага келадиган муаммоларнинг олдини  олишдан иборатдир.

 

Қашқадарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими

“Ярашув институти” ўзининг ижобий самарасини бермоқда

“Ярашув институти”нинг афзал жиҳатларидан биринчиси бу амалиётда жабрланувчига етказилган зарарнинг қисқа вақтда ва тўлиқ тарзда қопланиши таъминланади, қонуний манфаатлари ҳимоя қилинади.

Бундан ташқари, ҳуқуқбузарлик содир этган шахс жиноий жавобгарликдан озод этилгани учун жавобгарликка тортилмаган ҳисобланиб, уни кечириш орқали тарбиявий таъсир кўрсатилади.

Судлар томонидан ярашув институтининг самарали қўлланилаётгани инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари устувор қадрият сифатида эъзозланаётганининг яққол тасдиғидир. Халқимизнинг тарихий анъаналарига мос тушадиган ярашув институти эндиликда маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларга нисбатан ҳам қўлланилмоқда.

Жиноят қонунчилигида ярашув институти самарали қўлланилиб келинаётгани жамиятимизда инсонпарварлик тамойилини кучайтиришга, тарафларнинг манфаатларига ва келгусида жиноятчиликнинг олдини олишга ижобий таъсир кўрсатгани натижасида ушбу ислоҳотларнинг давоми сифатида Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига “Ярашув институти” жорий этилиб, ярашув институти маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларга ҳам татбиқ этилмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 4 октябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонуни билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган қўшимча ва ўзгартишларга кўра, 12 турдаги маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахс ўз айбига иқрор бўлса, жабрланувчи билан ярашса ва етказилган зарарни бартараф этса, суд уни маъмурий жавобгарликдан озод этиб ишни тугатиши мумкин бўлишини белгиловчи норма сифатида 212 – модда киритилди.

Бу янгиликнинг қонунчиликка киритилиши амалда яқин қариндошлар, қўни-қўшни, таниш-билишлар ўртасида ўзаро келишмовчилик рўй берганда уларнинг ўзаро ярашганлиги ҳолатида ҳам маъмурий жавобгарликка тортилиши, жазо чораси қўлланишининг олдини олиш ва бу яқин инсонлар ўртасида адоват давом этишига, уларнинг орасига совуқчилик тушишига барҳам беради. Ярашув институтининг асосий шарти маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахснинг ўз айбига иқрор бўлиши, жабрланувчи билан ярашиб, етказилган зарарни бартараф қилишида, яъни жабрланувчи ва ҳуқуқбузарнинг ўзаро ярашганлигидадир. Аҳамиятли жиҳати шундаки, ярашганлиги муносабати билан тугатилган ишларда ҳуқуқбузар маъмурий жавобгарликка тортилмаган ҳисобланади ва бу ўз ўрнида “ҳақорат қилиш” ва “туҳмат қилиш” каби маъмурий преюдиция талаб қиладиган жиноятларнинг камайишига ҳам хизмат қилади.

Шуни унутмаслик керакки, ярашувга тушувчи шахс ҳуқуқбузарликни бир йил ичида такроран содир этса ярашганлик муносабати билан маъмурий жавобгарликдан озод этилмайди.

Биргина жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар суди томонидан 2021 йил октябрь ойидан ҳозирги кунга қадар жами 146 та 259 шахсга нисбатан бўлган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар ярашув асосида тугатилганлигининг ўзи ҳам “Ярашув институти” ўзининг қай даражада ижобий самарасини бераётганлигини кўрсатади.

 

Анвар Элмуродов, жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар суди раиси  

Қашқадарё вилоят суд органлари масъуллари Миришкор туманида сайёр қабул ўтказишди

Қашқадарё вилоят судлари масъуллари томонидан Миришкор тумани  аҳолиси учун ўтказган сайёр қабулда фуқароларнинг суд-ҳуқуқ масалаларига оид мурожаатлари ўрганиб чиқилди.

Қабул давомида ҳар бир мурожаат атрофлича ўрганилиб, 17 нафар фуқароларга ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. Жиноят ишлари бўйича Миришкор туман судининг сайёр қабул доирасида ўтказган сайёр суд мажлисида оилалар ўртасидаги низолар сабаб 20 та шахсга нисбатан кўрилган маъмурий ишлар яраштирув орқали тугатилди.

Сайёр қабул давомида Қашқадарё вилоят судлари масъуллари томонидан фуқаролар билан очиқ мулоқот ўтказилиб, суд-ҳуқуқ соҳасида фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини янада изчил ва самарали муҳафаза қилиш юзасидан тушунтиришлар берилди ва фуқароларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди.

 

Қашқадарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими

ДИҚҚАТ, ТАНЛОВ!

Қашқадарё вилоят, туман, шаҳар ва туманлараро судларининг қуйидаги бўш иш ўринларига танлов эълон қилинади:

– Қашқадарё вилоят судининг катта консультант вазифасига 1 нафар, (Қашқадарё вилоят суди Раёсатининг 2022 йил 22 январдаги РС-2-22-сонли қарорига кўра қуйи судда камида 1 йиллик узлуксиз меҳнат стажига эга бўлиш талаб этилади)

– Қашқадарё вилоят судининг судья катта ёрдамчиси вазифасига 1 нафар, (Қашқадарё вилоят суди Раёсатининг 2022 йил 22 январдаги РС-2-22-сонли қарорига кўра қуйи судда камида 1 йиллик узлуксиз меҳнат стажига эга бўлиш талаб этилади)

– Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судининг судья ёрдамчиси вазифасига 1 нафар;

– Фуқаролик ишлари бўйича Қарши туманлараро судининг судья ёрдамчиси вазифасига 2 нафар.

Танловда олий юридик маълумотли, Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган шахслар қатнашиши мумкин.

Номзодлар очиқлик, шаффофлик, тенглик принциплари асосида Комиссия томонидан белгиланган тартибда суҳбатдан ўтказилади.

 

Аризалар 2022 йил 25 май, соат 17:00 га қадар қабул қилинади.

Мурожаат учун тел: (75) 221-0558.

Электрон почта манзили: jib.qash.mh@sud.uz

Манзил:  Қашқадарё вилоят суди (180108, Қарши шаҳри Бунёдкорлик кўчаси 10a уй)

МАСЪУЛИЯТСИЗ ОТА

Бугун жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судида ўз фарзандининг моддий  таъминотидан бўйин товлаган отага нисбатан маъмурий иш кўриб чиқилди. У вояга етмаган уч нафар фарзандини боқишдан бош тортди. Натижада суд қарори билан унга ўн беш сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди…

Сиртдан қараганда масала ўз ечимини топгандек, муаммога нуқта қўйилгандек бўлиб туюлади. Аммо, ҳақиқатдан ҳам шундаймикин? Ўйлаб қоласан киши: “Нима бўляпти одамларга? Ориятни қаёққа қўйдик? Бизнинг ўзбек йигитлари учун, айниқса бу гап ўлимдан оғир эмасми?..”

Ахир, ота-боболаримиз тарихда, ўзининг болалари билан бир сафда минг-минглаб етим-есирларнинг бошини силагани учун ҳам ҳозиргача болажон халқ сифатида улуғланиб келади-ку! Бу бўлса ўз пушти-камаридан тўраган, наслининг давомчиси бўлган болаларни боқишдан бош тортаяпти – мантиқ қани?! Қизиғи шундаки, фарзандлари ўзиники эканини инкор этмаяпти, тўлов қобилияти ҳам бор, фақат тўламоқчи эмас. Нега? Майиб-мажруҳ, ногирон-нотавон бўлса эди, балки тушуниш мумкин бўларди. Аммо, соппа-соғ, бардам-бақувват. Судга кела туриб ҳам қайсидир ошхонада зиғир мойига қилинган ошдан бўккан бўлса керак, устига-устак, ҳазми таом деб, бижиллоқ ичимликлардан симиргани кекириб қўйишларидан сезилиб турибди. Ўз нафси, қорни учун пул аямаслиги аён, аммо уч нафар қизалоғи учун бир чақа ҳам бермоқчи эмас.

Алимент ундириш учун арз қилган онанинг қаватида турган уч ёшли қизалоқ, отасини кўриб унга томон талпинди. Бу ерда бўлаётган гап-сўзларни ҳали англаш ёшида эмас – шунисига ҳам шукур! Дадажон, деб бориб отасининг оёғини қучди. Атрофдаги кишиларнинг беихтиёр кўзлари ёшланди. Ҳақиқатдан ҳам таъсирчан  ҳолат! Мана шу даъватнинг ўзи ҳар қандай тошбағир одамнинг ҳам дийдасини юмшатади, аммо бунга кор қилмади. Бисотининг бир бўлагини боласига бериб, уни бахтиёр қилишдан ўн беш сутка ўтириб чиқишни афзал билди…

Мен башоратчи эмасман. Нарса ва ҳодисаларнинг нима бўлишини олдиндан айтиш қобилиятим йўқ. Лекин, катта ҳаётий тажрибам, суддаги фаолиятим давомида тўплаган кўникмаларимга таяниб бир нарсани аниқ айтишим мумкин. Бунинг каби кишилар учун ўн беш суткалик қамоқ жазоси – санаторияда дам олиш билан тенг тушунча. Аммо, охират бор олдда: унинг оғушида ором бўлмайди, мана шу норасидаларга етказган азоблари учун охиратнинг оқибати оғриқли кечади. Бу ҳақда мустақил ҳаётга – оила остонасига қадам қўяётган ҳар бир йигит-қиз жиддий ўйлаб кўриши лозим.

 

Шаҳриддин Эшимов, жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судининг судьяси  

ДИҚҚАТ, ТАНЛОВ!

Қашқадарё вилоят, туман, шаҳар ва туманлараро судларининг қуйидаги бўш иш ўринларига танлов эълон қилинади:

– Қашқадарё вилоят судининг катта консультант вазифасига 1 нафар, (Қашқадарё вилоят суди Раёсатининг 2022 йил 22 январдаги РС-2-22-сонли қарорига кўра қуйи судда камида 1 йиллик узлуксиз меҳнат стажига эга бўлиш талаб этилади)

– Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судининг судья ёрдамчиси вазифасига 1 нафар;

– Фуқаролик ишлари бўйича Қарши туманлараро судининг судья ёрдамчиси вазифасига 2 нафар;

Танловда олий юридик маълумотли, Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган шахслар қатнашиши мумкин.

Номзодлар очиқлик, шаффофлик, тенглик принциплари асосида Комиссия томонидан белгиланган тартибда суҳбатдан ўтказилади.

 

Аризалар 2022 йил 25 май, соат 17:00 га қадар қабул қилинади.

Мурожаат учун тел: (75) 221-0558.

Электрон почта манзили jib.qash.mh@sud.uz

Манзил:  Қашқадарё вилоят суди (180108, Қарши шаҳри Бунёдкорлик кўчаси 10a уй)

Skip to content