Қашқадарёда республика ишчи гуруҳи иштирокидаги оммавий сайёр қабуллар давом этмоқда

Қашқадарё вилоятида республика ишчи гуруҳининг фуқаролар муаммолари билан ишлашни самарали ташкил этиш ва ечимини кутаётган масалаларни «маҳаллабай» ўрганган ҳолда жойида ва тезкор ҳал этишга қаратилган оммавий сайёр қабуллар давом этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг сайёр қабуллар ўтказиш ҳақидаги топшириғига асосан Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг ўринбосари Х.Тўрахужаев томонидан 2022 йил 26 июн куни Қашқадарё вилоятининг Ғузор, Деҳқонобод ва Нишон туманлари аҳолиси учун ўтказилган сайёр қабулларида жами 23 нафар фуқаролар қабул қилинди.

Қабул қилинган фуқароларнинг 11 таси жиноят ишлари бўйича,
7 таси фуқаролик ишлар бўйича, 4 таси маъмурий ишлар буйича,
1 таси ҳарбий суд буйича судларга оид мурожаатларни ташкил этади.

Шундан 16 та фуқаронинг оғзаки мурожаати, 7 та фуқаронинг ёзма мурожаатлари қабул қилинди.

Жами 23 та мурожаатлардан 16 таси бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди, 7 та мурожаат бўйича аризалар Олий суд томонидан кассация тартибида ҳамда вилоят суди томонидан апелляция тартибида ҳал қилиш учун қабул қилинди.

Жиноят ишлари бўйича судлар томонидан жазодан озод қилиш бўйича киритилган тақдимномалар асосида судлар томонидан 9 нафар маҳкумлар Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 73-моддасига кўра жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 74-моддасига асосан 13 нафар маҳкумларнинг жазоси енгилроғи билан алмаштирилди. Ўзбекистон Республикаси ЖИКнинг 113-моддасига асосан 50 нафар маҳкумларнинг сақлаш шароитлари ўзгартирилди.

Фуқаролик ишлари бўйича судлар тмонидан иш ҳақини ундириш юзасидан,  алимент ундириш юзасидан суд буйруғи чиқарилиб, ижрога қаратилди. Ажрашиш ёқасига келиб қолган оилалар билан суҳбат ўтказилиб, оилалар яраштирилди.

Муаммолари ҳал бўлган фуқаролар Ўзбекистон Республикаси Президенти номига ёзма ташаккурнома билдиришди.

Республика ишчи гуруҳининг Қашқадарё вилоятидаги оммавий сайёр қабуллари давом этмоқда.

 

Қашқадарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими

Қашқадарёда ўттизга яқин вазирлик ва идора раҳбарлари иштирокида оммавий сайёр қабуллар бошланди

Фуқаролар муаммолари билан ишлашни самарали ташкил этиш ва ечимини кутаётган масалаларни «маҳаллабай» ўрганган ҳолда жойида ва тезкор ҳал этиш мақсадида Қашқадарё вилоятида республика ишчи гуруҳининг оммавий сайёр қабуллари бошланди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг сайёр қабуллар ўтказиш ҳақидаги топшириғига асосан Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг ўринбосари Х.Тўрахужаев томонидан 2022 йил 25 июн куни Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳри, Косон ва Қарши туманлари аҳолиси учун ўтказилган сайёр қабулларида жами 47 нафар фуқаролар қабул қилинди.

Қабул қилинган фуқароларнинг 15 таси жиноят ишлари бўйича,
17 таси фуқаролик ишлар бўйича, 9 таси маъмурий ишлар буйича,
6 таси иқтисодий ишлар буйича судларга оид мурожаатларни ташкил этади.

Шундан 21 та фуқаронинг оғзаки мурожаати, 26 та фуқаронинг ёзма мурожаатлари қабул қилинди.

Жами 47 та мурожаатлардан 21 таси бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди, 26 та мурожаат бўйича аризалар Олий суд томонидан кассация тартибида ҳал қилиш учун қабул қилинди.

Оммавий сайёр қабул доирасида жиноят ишлари бўйича судлар томонидан жазодан озод қилиш бўйича киритилган тақдимномалар асосида ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўтаётган маҳкумлар жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди.

Фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан иш ҳақини ундириш юзасидан,  алимент ундириш юзасидан суд буйруғи чиқарилиб, ижрога қаратилди. Ажрашиш ёқасига келиб қолган оилалар билан суҳбат ўтказилиб, оилалар яраштирилди.

Иқтисодий ишлар бўйича судлар томонидан суд мажлисларида тадбиркорлар(даъвогар)нинг даъво талаблари қаноатлантирилди.

Республика ишчи гуруҳининг Қашқадарё вилоятидаги оммавий сайёр қабуллари давом этмоқда.

 

Қашқадарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими

Судьяларнинг аҳоли билан очиқ мулоқотлари давом этмоқда

Маълумки, оилалар ва маҳаллалардаги ижтимоий-маънавий муҳитга салбий таъсир кўрсатувчи омилларнинг сабаб ва шарт-шароитларини аниқлаш ҳамда бартараф этишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларида жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, шу жумладан, хотин-қизлар ҳуқуқбузарлиги профилактикаси, вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ҳамда ҳуқуқбузарликларга доир ишларда ва уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга кўмаклашишда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг давлат органлари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари билан яқин ҳамкорлиги муҳим ўрин тутади.

Қашқадарё вилоят суди судьяларининг аҳоли билан ўтказиб келаётган очиқ мулоқотлари 2022 йил 24 июнь куни Қарши шаҳридаги “Комилон”, “Мағзон”, “Қарши” ва “Наврўз” МФЙларида давом эттирилди.

Учрашувда Қашқадарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьялари Ш.Бахтиёров, Ш.Ражабов ва А.Ғоппоровлар иштирок этишиб, номусга тегиш, гиёҳвандлик воситалари билан ноқонуний муомала қилиш, одам савдоси, ўғирлик жиноятлари ҳамда коррупцияга қарши кураш хусусида маърузалар қилишди.

Бундан ташқари, суд-ҳуқуқ соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар, ушбу ислоҳатларнинг асл мақсади аҳолининг одил судловга бўлган ишончини ошириш, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш ва қонунийликни мустаҳкамлаш эканлиги ҳамда муҳим сиёсий жараён – Конституциявий ислоҳотлар ҳақида маълумотлар берилди.

 

 

Қашқадарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими

“Менинг маҳаллам – менинг судьям” институти амалда

Маълумки, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жиноятчиликка қарши курашиш, шунингдек фуқароларнинг ҳуқуқий масалалар юзасидан муаммоларини тизимли ҳал этиш ва аҳолининг ҳуқуқни онгини доимий ошириб бориш давр талаби.

Айни шу мақсадда жорий йилнинг 23 июн куни Қашқадарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьялари Ш.Бахтиёров, Ш.Ражабов ва А.Ғоппоровлар Қарши шаҳридаги “Қарлиқхона”, “А.Темур”, “Наво” ва “Кат” маҳалла фуқаролар йиғинларида ташкил қилинган учрашувларда, иштирок этишиб, қасддан одам ўлдириш, соғлиққа ва жамоат тартибига қарши жиноятлар хусусида маърузалар қилишди.

Учрашувлар давомида судьялар суд-ҳуқуқ соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар, ушбу ислоҳатларнинг асл мақсади аҳолининг одил судловга бўлган ишончини ошириш, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш ва қонунийликни мустаҳкамлаш эканлиги ҳамда муҳим сиёсий жараён – Конституциявий ислоҳотлар ҳақида ҳам маълумотлар беришди.

Шунингдек, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликнинг барвақт олдини олиш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, вояга етмаганлар ва ёшларни Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш бўйича ўз фикрларини билдирдилар.

 

Қашқадарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими

Кимлар фуқаролик ишлари бўйича судларда давлат божини тўлашдан озод қилинади?

2017 йил 13 июн куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган суд органлари тизимида одил судловни таъминлаш борасидаги ишларнинг аҳволи, муаммолар ва истиқболдаги вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев – адолат халқимиз учун азал-азалдан тинч ва фаровон ҳаёт мезони, барча эзгуликлар манбаи бўлиб келгани, Соҳибқирон Амир Темур бобомиз “Куч – адолатда” деган ҳикматга амал қилиб, давлат бошқарувини ташкил қилиш, эл-юртнинг тинчлиги ва ободлигини таъминлашга эришганини қайд этиб, бугунги кунда мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат, фуқаролик жамияти барпо этишда қонун ва адолат устуворлигини таъминлаш энг муҳим вазифа бўлиб қолаётганини таъкидлади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 44-моддасига мувофиқ ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади.

Жисмоний ва юридик шахслар вакиллари фуқаролик ишлари бўйича судларга мурожаат қилишда даъво ариза, даъвони асословчи ҳужжатлар, почта харажати ва даъвонинг баҳоси бўлган давлат божи тўланганлиги тўғрисидаги ҳужжатни тақдим қилади.

Хўш, давлат божи нима?

Давлат божи юридик аҳамиятга молик ҳаракатларни амалга оширганлик ва бундай ҳаракатлар учун ваколатли муассасалар ва мансабдор шахслар томонидан ҳужжатлар берганлик учун олинадиган мажбурий тўловдир. Давлат божи ставкалари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади. Юридик аҳамиятга молик ҳаракатлар амалга оширилиши ва ҳужжатлар берилиши хусусида ваколатли муассасалар ва мансабдор шахсларга мурожаат қилаётган юридик ва жисмоний шахслар давлат божини тўловчилардир. Давлат божи ундириладиган ҳаракатлар амалга оширилгунига қадар нақд пулли ёки нақд пулсиз шаклда тўланади. Тўловчининг давлат божини нақд пулсиз шаклда тўлаганлиги факти банкнинг тўлов ижро этилганлиги тўғрисидаги белгиси бўлган тўлов топшириқномаси билан тасдиқланади. Тўловчининг давлат божини нақд пул шаклида тўлаганлиги факти Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси белгилаган шаклда банк томонидан тўловчига бериладиган белгиланган шаклдаги квитанция ёки тўловни амалга оширган мансабдор шахс ёхуд давлат органи ва ташкилотнинг кассаси томонидан тўловчига бериладиган квитанция билан тасдиқланади.

Кимлар фуқаролик ишлари бўйича судларга мурожаат қилишда давлат божи тўлашдан озод қилинган?

Ўзбекистон Республикасининг “Давлат божи тўғрисида”ги қонуни
8-моддасида фуқаролик ишлари бўйича судларда давлат божини тўлашдан озод қилинган жисмоний ва юридик шахсларнинг қатъий рўйхати келтирилган бўлиб, улар қуйидагилар:

1) даъвогарлар — иш ҳақини ундириш тўғрисидаги даъволар ва меҳнат ҳуқуқлари муносабатларидан келиб чиқадиган бошқа талаблар юзасидан;

2) даъвогарлар — алиментлар ундириш тўғрисидаги даъволар юзасидан;

3) даъвогарлар — меҳнатда майиб бўлганлиги ёки соғлиғининг бошқача тарзда шикастланганлиги, шунингдек боқувчиси вафот этганлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги даъволар юзасидан;

4) даъвогарлар — қонунга хилоф равишда ҳукм этганлик, жиноий жавобгарликка тортганлик, маъмурий жазо берганлик туфайли жисмоний шахсга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш билан боғлиқ низолар юзасидан;

5) даъвогарлар — жиноят туфайли етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги даъволар юзасидан;

5.1) даъвогарлар — тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга етказилган маънавий ва моддий зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги даъволар юзасидан;

6) юридик ва жисмоний шахслар — алиментларни ундиришга доир фуқаролик ишлари билан боғлиқ ҳужжатларни уларга берганлик учун;

7) қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда бошқа шахсларнинг қонун билан муҳофаза қилинадиган ҳуқуқлари ҳамда манфаатлари ҳимоя қилинишини сўраб судга ариза билан мурожаат этган юридик ва жисмоний шахслар;

8) юридик ва жисмоний шахслар — давлат ижрочисининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоятлар юзасидан;

9) тадбиркорлик субъектлари тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ бўлган ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузадиган давлат органлари ҳамда бошқа органларнинг қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга мурожаат қилганда;

10) истеъмолчилар — ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилиши билан боғлиқ даъволар юзасидан;

11) товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) хавфсиз бўлиши ва сифати устидан назоратни амалга оширувчи давлат органлари ва истеъмолчиларнинг жамоат бирлашмалари — истеъмолчиларнинг (истеъмолчилар номуайян доирасининг) манфаатларини кўзлаб бериладиган даъволар юзасидан;

12) даъвогарлар — ўрмон дарахтларини ўзбошимчалик билан кесиш ҳамда ўрмондан фойдаланиш, ўрмонни қўриқлаш ва муҳофаза қилишнинг тартиби ва шартларини бошқача тарзда бузиш туфайли ўрмон фондига етказилган зарарни ундириш тўғрисидаги ишлар юзасидан;

13) давлат органлари — ўзбошимчалик билан қурилган иморатларни бузиш тўғрисидаги даъволар юзасидан, шунингдек жисмоний шахсларга тегишли бўлган, тарихий, илмий, бадиий қимматга ёки ўзга маданий қимматга эга бўлган мол-мулкни жисмоний шахслар бу мол-мулкка хўжасизларча муносабатда бўлган ҳолларда жисмоний шахслардан давлат мулкига олиб қўйиш тўғрисидаги ишлар юзасидан;

14) Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва унинг ҳудудий бошқармалари — палата аъзоларининг манфаатларини кўзлаб қилинган даъволар бўйича, шунингдек давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан қилинган шикоятлар юзасидан;

15) нодавлат нотижорат ташкилотлари — ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузаётган давлат органларининг ғайриқонуний қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга шикоят қилганда;

16) фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича ҳудудий кенгашлар — фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари манфаатларини кўзлаб қилинган даъволар бўйича, шунингдек фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузаётган давлат бошқаруви органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органларнинг, улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга шикоят қилганда;

17) ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмалари, шунингдек уларнинг муассасалари, ўқув-ишлаб чиқариш корхоналари ва бирлашмалари — барча даъволар юзасидан;

18) Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг ҳудудий бўлинмалари — пенсионерлардан (нафақа олувчилардан) ортиқча (ноқонуний) тўланган пенсияларнинг ва нафақаларнинг суммаларини ундириш билан боғлиқ даъволар юзасидан;

19) Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда унинг жойлардаги органлари — кўчиш жойига бормаган ёки кўчиб борган жойларини ўзбошимчалик билан тарк этган кўчириб келтирилувчиларга нисбатан кўчиш билан боғлиқ бўлган харажатларнинг ўрнини қоплаш тўғрисида тақдим этилган даъволар юзасидан;

20) Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва унинг жойлардаги органлари — атроф-муҳитни ифлослантирганлик, табиатдан ўзбошимчалик билан фойдаланганлик ва табиий ресурслардан фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилиш тартиби ва шартларини бошқача тарзда бузганлик туфайли табиий объектларга ва комплексларга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш ҳақидаги, шунингдек қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари учун мажбурий тўловлар бўйича қарздорликни ундириш тўғрисидаги даъволар юзасидан;

21) Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва унинг жойлардаги органлари — сув тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик туфайли давлатга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш учун маблағларни давлат даромадига ундириш тўғрисидаги даъволар юзасидан;

22) суғурта фаолиятини тартибга солиш ва назорат қилиш органи — мажбурий суғурта операциялари билан боғлиқ ишлар юзасидан;

23) давлат солиқ хизмати органлари, молия ва божхона органлари — барча ишлар ҳамда ҳужжатлар юзасидан, шунингдек алоҳида юритиладиган ишлар бўйича судга аризалар берганлик учун;

24) ички ишлар органлари — алиментлар ва бошқа тўловларни тўлашдан бўйин товлаётган шахсларни қидириш учун қилинган харажатларни ундириш тўғрисидаги ишлар юзасидан;

25) прокуратура органлари — давлатнинг, юридик ва жисмоний шахсларнинг манфаатларини кўзлаб қилинган даъволар ҳамда бериладиган аризалар юзасидан;

26) адлия органлари — давлатнинг, юридик ва жисмоний шахсларнинг манфаатларини кўзлаб қилинган даъволар ҳамда бериладиган аризалар юзасидан;

27) ундирувчи ёки давлат ижрочиси — қонунда назарда тутилган тақдирда, қарздорни ёки унинг мол-мулкини қидириш бўйича харажатларнинг ўрнини қарздор томонидан қоплаш тўғрисидаги ишлар юзасидан;

28) Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва туманлар фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари — фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг манфаатларини кўзлаб қилинган даъволар юзасидан, шунингдек фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузаётган давлат бошқаруви органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг манфаатларини кўзлаб қилинган шикоятлар юзасидан;

29) Ўзбекистон Республикасининг Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва унинг ҳудудий органлари — ўз зиммасига юклатилган ваколатларига мувофиқ судлар кўриб чиқиши учун киритиладиган даъволар юзасидан;

30) Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ва унинг ҳудудий органлари, Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги Бўш турган объектлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш маркази ҳамда унинг ҳудудий органлари — ўз зиммасига юклатилган ваколатларига мувофиқ судларга кўриб чиқиш учун киритиладиган даъволар ва аризалар юзасидан;

31) Ўзбекистон Республикаси Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги ва унинг ҳудудий органлари — ўз зиммасига юклатилган ваколатларига мувофиқ судлар кўриб чиқиши учун киритиладиган даъволар юзасидан;

32) мулкдорлар — хусусий мулк ҳуқуқини амалга ошириш билан боғлиқ бўлган ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги тўғрисида давлат органлари ва бошқа органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга шикоят қилиш ҳақидаги ишлар юзасидан;

33) якка тартибдаги қурувчи билан шартномага кўра қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибда уй-жой қурилиши чоғида зиммасига буюртмачи вазифасини бажариш қонунчиликка мувофиқ юклатилган юридик шахс — қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибда уй-жой қуриш масалалари юзасидан якка тартибдаги уй-жой қурувчилар билан низоларни ҳал қилиш тўғрисидаги даъволар бўйича;

34) қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибда уй-жой қуриш учун имтиёзли кредитлар бериш қонунчиликка мувофиқ қайси тижорат банкларининг зиммасига юклатилган бўлса, ўша тижорат банклари — қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибда уй-жой қуриш учун берилган имтиёзли ипотека кредитлари юзасидан қарз олувчиларнинг кредиторлик қарзларини ундириш тўғрисидаги даъволар бўйича;

35) чет эл инвестициялари иштирокидаги акциядорлик жамиятлари — уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги тўғрисидаги даъволар юзасидан;

36) тадбиркорлик субъектлари — ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорларини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисида ариза берганда;

37) Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги, унинг жойлардаги органлари — ер тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилганлиги билан боғлиқ даъволар бўйича;

38) Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаменти ва унинг ҳудудий бошқармалари — моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланишни кўзлаб қилинган даъволар ҳамда берилган аризалар юзасидан;

39) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси ҳамда унинг жойлардаги органлари — қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасидаги қонунчиликни бузганлик бўйича давлатнинг, юридик ва жисмоний шахсларнинг манфаатларини кўзлаб қилинган даъволар ҳамда бериладиган аризалар юзасидан;

40) Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил — тадбиркорлик субъектлари манфаатларини кўзлаб берилган даъволар, аризалар ва шикоятлар юзасидан;

41) Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, унинг жойлардаги органлари — ер тўғрисидаги қонунчилик бузилганлиги билан боғлиқ даъволар бўйича;

42) Ўзбекистон Республикасининг Ҳисоб палатаси — Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида берилган даъволар, аризалар ва шикоятлар юзасидан.

Ушбу модда биринчи қисмининг 8—10, 14, 32—36-бандларида кўрсатилган шахсларнинг талабларини қаноатлантириш тўлиқ ёки қисман рад этилган тақдирда, давлат божи шу шахслардан талабларнинг қаноатлантирилиши рад этилган миқдорига мутаносиб равишда ундирилади.

 

Яшин Омонов, фуқаролик ишлари бўйича Шаҳрисабз туманлараро судининг судьяси

ДИҚҚАТ, ТАНЛОВ!

Қашқадарё вилоят, туман, шаҳар ва туманлараро судларининг қуйидаги бўш иш ўринларига танлов эълон қилинади:

– Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судининг судья ёрдамчиси вазифасига 1 нафар;

– Жиноят ишлари бўйича Чироқчи туман судининг судья ёрдамчиси вазифасига 1 нафар;

– Жиноят ишлари бўйича Косон туман судининг судья ёрдамчиси вазифасига 1 нафар;

– Жиноят ишлари бўйича Касби туман судининг судья ёрдамчиси вазифасига 1 нафар;

– Касби туманлараро иқтисодий судининг судья ёрдамчиси вазифасига 1 нафар;

– Чироқчи туманлараро иқтисодий судининг девонхона мудири вазифасига 1 нафар;

– Жиноят ишлари бўйича Кўкдала туман судининг девонхона мудири вазифасига 1 нафар.

Танловда олий юридик маълумотли, Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган шахслар қатнашиши мумкин.

Номзодлар очиқлик, шаффофлик, тенглик принциплари асосида Комиссия томонидан белгиланган тартибда суҳбатдан ўтказилади.

 

Аризалар 2022 йил 30 июн соат 17:00 га қадар қабул қилинади.

Мурожаат учун тел: (75) 221-0558

Электрон почта манзили: jib.qash.mh@sud.uz

Манзил:  Қашқадарё вилоят суди (180108, Қарши шаҳри Бунёдкорлик кўчаси 10a уй)

Қайта талаб қилиш (регресс) талабномалари бўйича судга даъво қилиш

Регресс лотинча сўздан олинган бўлиб “regressus” – “қайтариш, қайта ҳаракат” деган маъноларни англатади.

Регресс талаб бумеранг тамойилига асосан, у ким томонидан улоқтирилган бўлса, ўшанга қайтади, яъни ходим лавозим мажбуриятларини бузади, ташкилот олдин ўзининг ходими айби билан юзага келган жарималарни тўлайди, кейин эса қоплаш тартибида унга молиявий талаблар қўяди. Агар ходим ўзи йўл қўйган қоида бузилишлар учун моддий зарарни ихтиёрий қоплашдан бўйин товласа, иш берувчи судга мурожаат қилишга ҳақли.

Қонунчиликка мувофиқ меҳнат мажбуриятларини бажараётган ходим лавозим мажбуриятларини бажараётганда ходим айби билан бошқа шахсларга етказилган зарарни қоплаш мажбурият, дастлаб иш берувчига юклатилади.

Қонун ходим ўз меҳнат меҳнат мажбуриятларини бажариб турган вақтида келтирган зарарни қоплаган иш берувчига қопланган зарарни ундан компенсация қилишни талаб қилишга ҳуқуқ беради.

Судларга регресс даъво киритишнинг шарти жавобгар томонидан етказилган зарар даъвогар томонидан тўланган бўлиши лозим.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг 1001-моддасида “Бошқа шахс (меҳнат мажбуриятларини бажараётган ходим, транспорт воситасини бошқарувчи шахс ва ҳ.к.) томонидан етказилган зарарни тўлаган шахс бу шахсга нисбатан, агар қонунда бошқача миқдор белгиланмаган бўлса, тўланган товон миқдорида қайта талаб қилиш (регресс) ҳуқуқига эга” эканлиги қайд этилган.

Шунингдек, ушбу моддага кўра суриштирув, дастлабки тергов, прокуратура органлари ва суднинг мансабдор шахслари томонидан етказилган зарарни тўлаган давлат бундай шахсларнинг айби суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан аниқланган ҳолларда, бу шахсларга нисбатан регресс ҳуқуқига эга.

Террорчиликка қарши операция ўтказиш натижасида етказилган зарарнинг ўрнини қоплаган давлат содир этилган айбли ҳаракатлари террорчиликка қарши операция ўтказилишига сабаб бўлган шахсга нисбатан тўланган товон миқдорида қайта талаб қилиш (регресс) ҳуқуқига эга.

Шуни таъкидлаш лозимки, регресс талаб ҳар доим ҳам иш берувчининг барча талафотларини қоплай олмайди, чунки суд айбнинг даражаси ва шакли, аниқ ҳолатлар ва ходимнинг моддий ҳолатини ҳисобга олган ҳолда ундирилиши лозим бўлган зарар миқдорини камайтириши мумкин. Суд унинг миқдорини пасайтириш тўғрисида келишув битимини тасдиқлашга ҳақли.

Агар жиноят ғаразли мақсадда содир этилганлиги аниқланса, ходимдан ундириладиган миқдорнинг пасайтирилишига йўл қўйилмайди.

 

Бегенч Эшқуватов, фуқаролик ишлари бўйича Шаҳрисабз туманлараро судининг судьяси

Тарафларга боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра меҳнат шартномасини бекор қилиш тартиби

Меҳнат низолари – бу иш берувчи ва ходим ўртасида меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатларни, меҳнат шартномасида назарда тутилган меҳнат шартларини қўллаш юзасидан келиб чиққан келишмовчиликлардир.

Меҳнат низоларини суд тартибида ҳал қилиш кўп ҳолларда тарафлар учун зиддиятни бартараф этишнинг энг маъқул воситаси ҳисобланмайди ҳамда сезиларли миқдордаги суд харажатлари кўринишида зарар етказилади, шахсий ва ишга оид муносабатлар бузилади, шунингдек, низоли ҳолатларнинг исталмаган ҳолда ошкор бўлишига олиб келади. Айнан шу сабабларга кўра умумий юрисдикция судларига келиб тушадиган низолар сонини камайтириш мақсадида ишларни ярашиш тартибида ҳал қилиш масаласи долзарб мавзу ҳисобланади. Низоларни тарафлар ўртасида судгача ярашув йўли билан ҳал қилиш тартиби дунёнинг кўпгина давлатларига хосдир. Масалан, АҚШ, Буюк Британия, Испания, Италия, Швецария, Япония, Австралия, Чехия, Венгрия ва Болгария шулар жумласидандир. Шу сабабли, низоларни ҳал қилиш амалиётига медиация институтини жорий қилиш муҳим ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 105-моддасида муддатли меҳнат шартномаси муддати тугаши муносабати билан бекор қилинади.

Муддатли меҳнат шартномалари фақат МКнинг 76-моддасида белгиланган ҳолатлар бўлганлиги сабабли номуайян муддатга мўлжалланган меҳнат шартномаларини тузиш мумкин бўлмаган ҳолларда тузилиши мумкин:

-бажариладиган ишнинг тафсилотига кўра бажариш учун ходим олинган ишни маълум бир муддат ўтгандан кейин объектив сабабларга кўра давом эттиришнинг имкони бўлмаслиги олдиндан маълум бўлганда, яъни у муддатли характерга эга бўлади;

-бажариш учун ходим олинган ишни бажариш шартлари.

Бунда ишнинг ўзи доимий характерга эга бўлса-да, уни бажаришнинг шартлари ходим билан номуайян муддатга меҳнат шартномаси тузишга тўсқинлик қилади.

-ходимнинг манфаатлари, яъни у ёки бу ҳолатларга кўра муддатли меҳнат шартномаси тузилиши ходимнинг манфаатларига асосланган бўлганда.

-МКнинг 76-моддасида келтирилган ходим билан муддатли меҳнат шартномасини тузиш тўғрисидаги рўйхат қатъий чегараланган. Агар ходим билан тузилган муддатли меҳнат шартномаси МКнинг 76-моддаси талабларини ҳисобга олмаган ҳолда тузилган бўлса, бундай ҳолда шартноманинг муддати ҳақидаги шартлари ҳақиқий эмас деб топилади, ходим эса, ишга номуайян муддатга биринчи иш кунидан бошлаб қабул қилинган ҳисобланади.

Агар муддат тугагандан кейин ҳам меҳнатга оид муносабатлар давом этаверса ва тарафлардан бирортаси бир ҳафта давомида унинг бекор қилинишини талаб қилмаган бўлса, шартнома номуайян муддатга узайтирилган деб ҳисобланади.

Иш жойи (лавозими) сақланиши лозим бўлган ходимнинг ишда бўлмаган вақтига мўлжаллаб тузилган меҳнат шартномаси шу ходим ишга қайтган кундан эътиборан бекор қилинади.

МКнинг 105-моддаси биринчи қисмига биноан меҳнат шартномасининг муддати тугаганлиги туфайли бекор қилинишига унинг муддати тугаши кунида, шунингдек, шартномадаги муддатнинг охирги ҳафтаси мобайнида йўл қўйилади.

Меҳнат қонунчилиги шартномадаги муддат тугаши билан уни бекор қилишга қарор қилган тараф бошқа тарафга олдиндан хабар беришни мажбурият сифатида кўзда тутмайди.

Агар муддат тугагандан кейин ҳам меҳнатга оид муносабатлар давом этаверса ва тарафлардан бирортаси бир ҳафта давомида унинг бекор қилинишини талаб қилмаган бўлса, шартнома номуайян муддатга давом эттирилган деб ҳисобланади.

Муддатли меҳнат шартномасида муддатидан олдин бекор қилинган ҳолларда тарафларнинг неустойка тўлаши ҳақидаги ўзаро мажбуриятлари назарда тутилиши мумкин. Тарафлардан бири неустойка тўлашдан бош тортса, уни ундириш суд тартибида амалга оширилади.

Муддатли меҳнат шартномасининг муддати тугаганидан кейин ҳам (муддат тугагач бир ҳафта давомида) меҳнат муносабатларининг давом этиши муддатли меҳнат шартномасининг номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномасига айланганлигини билдиради ва бундан буён шартнома муддат тугаганлиги туфайли ходим томонидан ҳам, шунингдек, иш берувчи томонидан ҳам бекор қилиниши мумкин эмас, яъни шартнома муддати юридик факт сифатида барҳам топганлиги туфайли меҳнат шартномасини бекор қилиш асоси сифатида юридик аҳамиятга эга бўлмайди.

Иш жойи (лавозим) сақланиши лозим бўлган ходимнинг ишда бўлмаган вақтига мўлжаллаб тузилган меҳнат шартномаси шу ходим ишга қайтган кундан эътиборан бекор қилинади.

Ҳомиладорлик ва туғиш таътилига чиққан онанинг ўрнида ишлаш учун, узоқ муддатга хизмат сафарига, малака оширишга, иш ўрганишга, даволанишга юборилган ходимнинг ўрнига вақтинча йўқ ходим ўз ишига қайтиб келгунига қадар бўлган муддатга меҳнат шартномаси тузилиши мумкин. Бунда асосий ходимнинг ишга қайтиш муддати аниқ белгиланган бўлса, бундай ҳолда муддатли меҳнат шартномаси унинг аниқ муддати кўрсатиб тузилади ва ушбу муддатнинг етиб келиши меҳнат шартномсининг бекор қилиниши учун асос бўлиб хизмат қилади.

Меҳнат кодексининг 106-моддасида, меҳнат шартномаси қуйидаги ҳолларда тарафлар ихтиёрига боғлиқ бўлмаган ҳолатлар бўйича бекор қилиниши мумкин.

-Ходим ҳарбий ёки муқобил хизматга чақирилган тақдирда,

-Шу ишни илгари бажариб келган ходим ишга тикланган тақдирда, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутати ва Сенатида доимий асосда ишлаган Сенат аъзоси ваколатлари муддати тугаганлиги ёки Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ҳамда Сенати тарқатиб юборилганлиги муносабати билан аввалги лавозимига (ишига) қайтган тақдирда

-Ходимни жазога маҳкум этган суднинг хукми қонуний кучга кирган тақдирда, башарти бунинг натижасида ходим аввалги ишини давом эттириш имкониятидан маҳрум этилган бўлса, шунингдек ходим суднинг қарорига биноан ихтисослаштирилган даволаш профилактика муассасасига йўлланган тақдирда.

-Ишга қабул қилиш юзасидан белгиланган қоидалар бузилганлиги муносабати билан, агар йўл қўйилган қоидабузарликни бартараф этишнинг имкони бўлмаса ва у ишни давом эттиришга тўсқинлик қилса.

-Ходимнинг вафоти муносабати билан.

-Қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда.

Меҳнат шартномаси тарафларнинг ихтиёрига боғлиқ бўлмаган асослар билан ҳам, яъни шартнома томонларида уни бекор қилиш истаги бўлмаган ҳолда ваколатли давлат органи аралашуви ёки бошқа объектив хусусиятга эга бўлган ҳолатлар туфайли бекор қилиниши мумкин.

Ходим ҳарбий ёки муқобил хизматга чақирилган тақдирда умумий асосга кўра, меҳнат шартномаси ходим бир йиллик муддатли ҳарбий хизматга ёки муқобил хизматга чақирилганда  бекор қилиниши мумкин.

Ғайриқонуний ишдан бўшатилганлиги суд ёки бошқа ваколатли орган томонидан аниқланган ва эътироф этилган ҳамда аввалги вазифаси (лавозими)га қайта тикланган ёки бошқа қонуний асосларга кўра олдинги бажариб турган иши (лавозими) сақлаб турилиши кафолатланганлиги туфайли ўз ишига қайтиб келган шахсларга уларнинг аввалги иши (лавозими) қайтариб берилиши лозим. Бундай ҳолда уларнинг ўрнига ишга қабул қилинган ҳамда ишлаб турган ходим билан меҳнат шартномаси айнан шу ишни илгари бажариб келган ходим ишга тикланиши туфайли бекор қилинади.

Бундай ҳолда иш берувчи ходимни ишдан бўшатишдан олдин уни бошқа ишга ўтказиш чорасини кўришга мажбур ва ана шу мақсадда унга малакаси, ёши, жинси, саломатлиги аҳволига мос келувчи бошқа ишни таклиф қилиши шарт. Ходим бундай ишга ўтиб ишлашдан бош тортиши ёхуд бўш иш жойларининг мавжуд эмаслиги туфайли мазкур асосга кўра ишдан бўшатилиши мумкин.

Шу ишни илгари бажариб келган ходим ишга тикланиши туфайли унинг ўрнида ишлаётган ходимни ишдан бўшатиш чоғида ишдан бўшатилиши керак бўлган ходимнинг ҳомиладорлик ва бола туғиш таътилида, уч ёшга тўлмаган фарзандини парваришлаш таътилида эканлиги унинг ишдан бўшатилишига тўсқинлик қилади ва меҳнат шартномаси фақат она бола парваришлаш таътилидан қайтганидан кейингина амалга амалга оширилиши мумкин.

Шунингдек, вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик вақтида, меҳнат ёки ижтимоий таътилларда бўлган даврларда, ходим давлат ёки жамоат ишларига жалб этилган ва унинг иш жойи (лавозими) қонунга биноан сақланиб қоладиган ҳолларда ходим ишга қайтмагунига қадар ишдан бўшатилиши мумкин эмас ҳамда меҳнат шартномаси у ишга қайтган (қайтиши керак бўлган) кунда бекор қилинади.

Ходимни жазога маҳкум этган суднинг ҳукми қонуний кучга кирган тақдирда, башарти бунинг натижасида ходим аввалги ишини давом эттириш имкониятидан маҳрум этилган бўлса, шунингдек, ходим суднинг қарорига биноан ихтисослаштирилган даволаш-профилактика муассасасига йўлланган тақдира меҳнат шартномаси МКнинг 106-моддаси 3-қисмига мувофиқ тарафларнинг ҳоҳишига боғлиқ бўлмаган ҳолларда бекор қилинади.

Бунда меҳнат шартномаси бекор қилинишининг икки мустақил асоси назарда тутилган:

1)ходимни жазога маҳкум этган суднинг ҳукми қонуний кучга кирганлиги,

2)ходимни суднинг қарорига кўра ихтисослаштирилган даволаш-профилактика муассасасига мажбурий даволаш учун юборилганлиги.

Мазкур икки асос ўз моҳияти ва мақсадларига кўра бир-биридан тубдан фарқ қилади.

Уларнинг биринчиси шахснинг ижтимоий хавфли, қонунга хилоф, жазога сазовор айбли ҳатти–ҳаракати учун қўлланилган давлат жиноий мажбурловидан иборат бўлса, иккинчиси унинг саломатлигини сақлаш, юз берган касаллик туфайли фуқаронинг ўзи, унинг теварак атрофдагилар зиён кўрмаслиги учун мажбурий тарзда даволаш, жамиятга соғлом инсон қилиб қайтаришни кўзлайди ва жазо хусусиятига эга эмас.

Ходимнинг жиноят содир этганлиги суднинг ҳукми билан исботланган ва мазкур ҳукм қонуний кучга кирган бўлиши ҳамда суд ҳукми билан тайинланган жазо ва ушбу жазонинг ижро қилиниши ходимни мазкур корхонада қолиб ишлашини истисно этиши ва меҳнат муносабатлари  давом этишига имкон бермаслиги лозим.

Агар суднинг ходимни жиноят содир қилганликда айбловчи ҳукми қонуний кучга кирганидан сўнг ҳам башарти суд ҳукмида назарда тутилган жиноий жазо уни корхонада ишни давом эттиришига тўсқинлик қилмаса (масалан, жарима, жамоат интизом каби жазо қўлланилганлиги) бундай ҳолда иш берувчи ходим билан бундай асосга кўра меҳнат шартномасини бекор қилишга ҳақли бўлмайди.

Ходим билан тузилган меҳнат шартномасининг бекор қилинишига олиб келадиган жиноий жазо турлари жумласига қуйидагиларни киритиш мумкин:

-муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш,

-аҳлоқ тузатиш ишлари,

-хизмат бўйича чеклаш,

-қамоқ,

-озодликдан маҳрум қилиш,

-умрбод озодликдан маҳрум қилиш.

Кейинчалик ходим оқловчи асослар билан (Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 83-моддаси) жазодан озод қилинган ва барча ҳуқуқлари тикланган тақдирда иш берувчи уни аввалги вазифаси (лавозими)га тиклаши, аввалги вазифаси (лавозими) сақланиб қолмаган бўлса (қисқартирилган ёки тугаб кетган ҳолларда) аввалгисига тенг бошқа вазифа (лавозим) бериши шарт.

Ишга қабул юзасидан белгиланган қоидалар бузилганлиги аниқланган тақдирда иш берувчи бу қоидаларнинг бузилиш сабабларини ўрганиши лозим. Агар қоидалар ходимнинг айби билан (сохта хужжатлар тақдим этилиши, нотўғри маълумотлар бериш ва бошқалар) оқибатида юз берган бўлса, бундай ҳолда унга ҳеч қандай кафолат берилмаган ҳолда меҳнат шартномаси бекор қилиниши ва иш берувчи томонидан бу ҳақда хуқуқни муҳофаза қилувчи органга хабар бериши лозим.

Агар иш берувчининг айби билан (қонун талабларини билмаслик, уларни нотўғри қўллаш ёки нотўғри талқин қилиш, эътиборсизлик кабилар) содир бўлган тақдирда қоидаларга зид тарзда ишга қабул қилинган ходимнинг касби ва малакасини эътиборга олган ҳолда бошқа ишга ўтказиш чоралари кўрилиши шарт. Бошқа бўш иш жойи мавжуд бўлмаган тақдирда ёки ходим таклиф этилган вазифа (лавозим)га ўтиб ишлашдан бош тортган тақдирда унга қонунда назарда тутилган ишдан бўшатиш нафақаси тўланган ҳолда меҳнат шартномаси бекор қилинади.

Ходимнинг вафот этиши меҳнат шартнома муносабатларини ушбу юридик факт билан (ҳодиса) содир бўлганлиги туфайли барҳам топишига олиб келади. Ходимнинг вафот этганлиги ҳодисасининг юз бергани ваколатли давлат идораси томонидан белгиланган тартибда берилган ўлим тўғрисидаги гувоҳнома билан тасдиқланади ва меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳамда чиқарилган иш берувчи буйруғига мазкур гувоҳноманинг тасдиқланган  нухсаси илова қилинади.

Ходим белгиланган тартибда суд томонидан ўлган деб эълон қилинган тақдирда ҳам суд қарори асосида берилган ўлим тўғрисидаги асосида меҳнат шартномаси барҳам топган деб топилади ва расмийлаштирилади.

Ўлган деб эълон қилинган ходим қайтиб келган тақдирда унинг барча ҳуқуқлари тикланади ва жумладан унга аввалги вазифаси (лавозими) қайтариб берилади.

 

Дилфуза Шамсиева, Қашқадарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судьяси

Алимент тўлашдан бўйин товлаганлик учун жавобгарлик мавжуд

Юртимиз аҳолисининг асосий қисмини ёшлар ташкил этишини ҳисобга олиб айтадиган бўлсак, уларни мамлакат тараққиётига ҳисса қўшадиган авлод сифатида ҳар томонлама етук қилиб тарбиялаш муҳим саналади. Бу жараёнга эса ҳеч қандай моддий-маънавий ва ҳатто оилавий вазият таъсир кўрсатмаслиги зарур.
Афсуски, бугунги кунда ёш оилалар ўртасида ажримлар сонининг ошиши фарзандлар руҳиятига, тарбиясига ва моддий таъминотига ҳам жиддий таъсирини кўрсатмоқда. Жумладан, моддий таъминот масаласига тўхталадиган бўлсак, қонунчилигимизда унинг етарли асоси мавжуд.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 64-моддасида ота-она ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурлиги ҳамда Оила кодексининг “Оила аъзоларининг ва бошқа шахсларнинг алимент мажбуриятлари” деб номланган бўлимида ота-онанинг вояга етмаган болаларига, шунингдек, вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга мухтож болаларига таъминот бериш шартлиги белгиланган.
Вояга етмаган ёки вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларига алимент тўлаш ҳақидаги суднинг ҳал қилув қарорини бажаришдан бўйин товлаган шахслар маъмурий ҳамда жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга кўра, алимент тўлашдан бўйин товлаганлик учун 15 сутка муддатга маъмурий қамоққа олиш ёки маъмурий қамоқ қўлланилиши мумкин бўлмаган шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Шунингдек, биринчи марта ҳуқуқбузарлик содир этган шахс, агар у маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриш жараёнида алимент мажбуриятлари бўйича қарздорликни ихтиёрий равишда тўлаган бўлса, жавобгарликдан озод этилади.
Амалдаги қонунда вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаш учун жиноий жавобгарлик белгиланган. Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 122-моддасига биноан, моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш, яъни суднинг ҳал қилув қарорига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслик, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, – икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша қилмиш хавфли рецидивист томонидан содир этилган бўлса – икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Хулоса қилиб айтганда, алимент тўловларидан кўзланган мақсад, аввало, болаларнинг таълими, сифатли овқатланиши, руҳан соғлом ва баркамол улғайишидир. Шундай экан, алимент ундириш тўғрисидаги мурожаатларни тўғри ва ўз вақтида ҳал қилиш нафақат болалар ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлайди, балки ота-оналар масъулиятини оширишга ҳам хизмат қилади.

 

Ҳамид Бобоқулов, Қашқадарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судьяси

Skip to content