Муаллифлик ҳуқуқи – давлат ҳимоясида
Ҳозирги кунда муалифлик ҳуқуқларининг бузилиши мавзуси долзарб масалага айланиб бормоқда. Биринчидан, бу янги нарса яратиш учун сарф-харажат қилмасдан фойда олишнинг осон йўлидир. Ўзининг моддий манфаатлари ҳақидагина бош қотирган фирибгарлар ўз ҳаракатларининг одоб-ахлоққа доир ва қонуний жиҳатлари ҳақида ўйлаб ҳам кўрмайди.
Иккинчидан, замонавий технологиялар маълумотларни кўпайтириш ва тарқатиш жараёнини ўта осон ва арзон ишга айлантириб қўйди.
Муаллифлик ҳуқуқи (инглиз тилидан олинган бўлиб, copyright) ғоя (фикр) ёки маълумотларнинг маълум бир кўринишдаги ифодаланишини тартибга солувчи эксклюзив ҳуқуқлар мажмуидир. Умумий қилиб айтганда, сўзма-сўз “кўчириш (нусха олиш) га бўлган ҳуқуқ”дир. Асосан, бу ҳуқуқлар чекланган муддатли бўлади.
Муаллифлик ҳуқуқи “асарларнинг” кенг турдаги креатив, интеллектуал, артистик шаклларида намоён бўлиши мумкин. Булар қаторига шеърлар, тезислар, саҳна асарлари ва бошқа адабиёт асарлари, филмлар, хориографик асарлар, мусиқий композициялар, аудио ёзувлари, расмлар, чизмалар, скулптуралар, фоторасмлар, ЭҲМ дастурлари, радио ва телекўрсатувлари кабилар киради. Муаллифлик ҳуқуқи интелликтуал мулк ҳуқуқ тизимига кирувчи ҳуқуқ соҳаси ҳисобланади.
Муаллифлик ҳуқуқи бўйича 1952 йилги Жаҳон (Женева) конвенцияси ҳамда адабий ва бадиий асарларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги Берн конвенцияси (1886) мавжуд. Берн конвенцияси Муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилишнинг қатъий тизимини ўзида ифодалайди. Ўзбекистонда Муаллифлик ҳуқуқининг асосий нормалари Ўзбекистон Республикаси Фуқоролик кодекси (1041-1073-моддалар) ва “Муалифлик ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида” ги Ўзбекистон Республикаси қонунида белгиланган.
Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар соҳасидаги низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал қилинади. Муаллифлик ҳуқуқи бузилишининг кенг тарқалган турларига плагиат (кўчирмачилик, маданий ўғрилик), асардан муаллиф рухсатисиз тижорат мақсадларида фойдаланиш, киради. Бундай ҳолларда ҳуқуқбузар муаллиф ҳуқуқларини тиклаши, унга етказилган зарарларини тўлаши лозим. Муаллиф ва ижрочи ўз ҳуқуқлари бузилган тақдирда, ҳуқуқбузардан маънавий зиён қопланишини талаб қилишга ҳақлидир.
Мулкий ҳуқуқларни жамоавий асосда бошқарувчи ташкилот томонидан амалга ошираётган ташкилот мулкий ҳуқуқларини бошқариш шундай ташкилот томонидан амалга оширилаётган шахсларнинг бузилган муаллифлик ҳуқуқлари ва турдош ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қонунда белгиланган тартибда ўз номидан судга мурожаат қилишга ҳақлидир.
Муаллифлик ҳуқуқлари ёки турдош ҳуқуқлар бузилишининг олдини олиш ёки уни тўхтатиш учун зарур чоралар кўриш натижасида учинчи шахсга етказилган зарарлар, шунингдек, бундай чораларни амалга оширган шахс кўрган зарарлар ҳуқуқбузар ҳисобидан ундириб олиниши керак. (Ўзбекистон Республикаси “Муалифлик ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида” ги қонунининг 65-моддаси)
2019 йил 2 майда Ўзбекистон Республикасининг 534-сонли Қонунига мувофиқ Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга интеллектуал мулк ҳуқуқини ҳимоя қилишга йўналтирилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган. Унга кўра, асарларнинг ва турдош ҳуқуқлар объектларининг контрафакт нусхалари, шунингдек, уларни такрорлаш ҳамда тарқатиш учун фойдаланиладиган материаллар ва ускуналар, бошқа ҳуқуқбузарлик содир этиш қуроллари мусодара қилинади.
Мазкур тоифадаги ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар маъмурий судлар томонидан кўриб чиқилади. Бундай ҳуқуқбузарликни илк бор содир этган, ҳуқуқбузарлик аниқланган пайтдан бошлаб 30 кунлик муддатда ихтиёрий равишда йўл қўйилган ҳуқуқбузарликларни бартараф этган ва етказилган моддий зарарни қоплаган ҳуқуқбузарларга нисбатан маъмурий иш қўзғатилмайди, бошлангани эса тўхтатилади.
Қонун ҳамма учун баробар. Зеро, ҳар қандай ғайриқонуний ҳатти-ҳаракатлар учун жазо муқаррар. Инсон ўзини боши берк кўчага киргизадиган, жамият учун кераксиз шахсга айлантирадиган ва охир-оқибат барча яқинлари, оила-аъзолари олдида мулзам аҳволга келтирадиган қилмишлар сари қадам босмаслиги мақсадга мувофиқдир. Чунки, юксаклик сари олға қадам ташлаётган Янги Ўзбекистон келажаги учун ҳар бир шахс мақсадли режалар асосида ҳаракат қилмоғи лозим.
Лазиз Абдуллаев, фуқаролик ишлари бўйича Яккабоғ туманлараро суди судьяси