Коррупция – хавфли иллат
Фуқароларнинг билимсизлиги, ижтимоий нофаоллиги, сиёсий ва иқтисодий талаблар моҳиятини тушунмаслиги, энг асосийси, қонунлардан бехабарлиги, шунингдек, бепарволик, эътиборсизлик иллатлари коррупцияни пайдо қилади, истайсизми-йўқми, ҳаётнинг ҳар бир жабҳасида катта-кичик коррупция аломатларига дуч келасиз.
Шу сабабли, коррупцияга қарши курашишда аҳолининг, айниқса, ёшларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, ҳуқуқий таълим ва тарбияни кучайтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, мунтазам равишда ҳуқуқий тарғиботлар ўтказилган ҳолда коррупциянинг оқибатларини ҳаётий мисоллар ва таъсирчан воситалар орқали тушунтириш бугунги куннинг асосий вазифаси ҳисобланади.
Коррупцияга қарши курашишда, соҳага оид қонун ҳужжатлари ижросини таъминлашда давлат органлари билан нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликни кучайтириш долзарб аҳамиятга эга. Асосий вазифамиз аҳолида коррупция иллатига нисбатан муросасиз муносабатни қарор топтириш туйғусини шакллантиришдан иборат.
Коррупциявий жиноятлар таҳлили қуйидаги ишларни самарали олиб бориш орқали бу “иллат”ни олдини олиш мумкинлигини кўрсатмоқда.
Биринчи навбатда, фуқароларимиз онгида ҳуқуқий тизимнинг турли соҳалари (ҳуқуқ ижодкорлиги, ҳуқуқий амалиёт, суд, суд жараёни, жазо тайинлаш, адлия органлари хизмати, прокуратура, ички ишлар тизими) ҳақида аниқ тушунчаларни сингдириш, уларга етказиш, очиқлаш лозим ва уларда тўлиқ ва аниқ тушунчалар бўлиши даркор.
Бежизга, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуннинг 5-моддасида, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш – коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишидан бири деб белгиланмаган.
Давлат идораларида касбий маҳоратни ошириш, коррупция ва хизмат мавқеини суиистеъмол қилиш ҳолатларининг олдини олишга қаратилган доимий равишдаги ходимлар билан ишлашни йўлга қўйиш орқали давлат бошқарувининг самарадорлигига эришиш мумкин. Бундан ташқари, давлат хизматчиларини ўқитиш мехнизмини ташкил қилиш ҳам алоҳида аҳамият касб этади.
Жумладан, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги давлат дастурининг 4-бандида, таълим муассасаларининг ўқув дастурларига коррупцияга қарши курашиш махсус курсларини киритиш назарда тутилган.
Бу жараёнда, давлат хизматчиси беғараз, мустақил, ҳалол ва сотилмайдиган, ҳақиқатпарвар, сезгир, кишиларга қайғурадиган, яъни инсонпарвар бўлиши, ўзининг шахсий манфаатларини жамоатчилик манфаатлари билан мослаштириб бориш, шунингдек меҳнатсеварлик, пунктуаллик, хушмомалалик, чуқур мулоҳазалик, тинглай олиш, беғараз ёрдам, буйруқ ва кўрсатмаларни ўз вақтида бажариш, ҳақгўйлик, аниқлик, адолатли қарор чиқариш, шахсан ўзи ёки яқин қариндошлари, таниш-билишлари, яқин ёки ишбилармонлик муносабатларида бўладиган бошқа шахслар учун ҳар қандай наф кўриш ёки афзалликларга эга бўлишни ўз ичига оладиган манфаатлар тўқнашувига сабаб бўладиган шахсий манфаатдорлик ҳолатларига йўл қўймаслик каби фазилатларини сингдиришга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Шу билан бирга давлат хизматчиларида айнан аҳлоқий иммунитетни шакллантириш ҳам коррупциянинг олдини олишнинг асосий мезони ҳисобланади.
Ҳамид Бобоқулов, Қашқадарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судьяси