Коррупция – тараққиёт кушандаси

Коррупция дунё миқёсида ҳал этилиши лозим бўлган глобал муаммолардан биридир. Ушбу иллат ҳар қандай давлат ва жамиятнинг сиёсий-иқтисодий ривожланишига жиддий путур етказади, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг поймол бўлишига олиб келади. Шу боис унга қарши кураш халқаро аҳамият касб этиб, жаҳон сиёсатининг муҳим масалалари қаторидан жой олган.

2017 йил 3 январ куни Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилиниб, коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий механизми яратилди. Мазкур Қонуннинг 3-моддасида коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларга доир тушунчаларга таъриф берилган. Яъни, коррупция –шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқейидан шахсий манфаатларини, ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этишидир.

Юртимизда коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қилиб, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ривожлантириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлаш каби вазифалар белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев “Коррупция билан ҳеч қачон мақсадимизга эриша олмаймиз” деб таъкидлаган эди. Дарҳақиқат, коррупцияга қарши курашиш борасида ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, порахўрлик, таъмагирлик каби ҳуқуқбузарликларни аниқлаш ва уларга чек қўйиш, бундай жиноятларга қарши жазо муқаррарлигини ҳар бир шахс билиши зарур. Коррупция балосининг нақадар мудҳиш иллат эканини тушунган, уни онгли равишда идрок этган одам бу жиноятга қўл урмайди.

Давлатимиз раҳбари 2020 йил 24 январ куни Олий Мажлисга қилган мурожаатида коррупция ҳолатлари тараққиётга ғов бўлаётгани, бундай ёвуз балонинг олди олинмаса, ҳақиқий ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яратиб бўлмаслиги, умуман, жамиятнинг бирорта тармоғи ривожланмаслигини алоҳида таъкидлаб, коррупцияга қарши кураш фаолиятига энг яхши мутахассислар жалб қилинмаса, жамиятимизнинг барча аъзолари, таъбир жоиз бўлса, “ҳалоллик вакцинаси” билан эмланмаса, олдимизга қўйган юксак марраларга эришишимиз даргумонлиги хусусида гапириб ўтган эди.

Коррупцияга қарши курашишда юқори натижаларга эришган, Швеция, Сингапур, Гонконг, Португалия каби давлатларнинг тажрибасини ўрганиш шуни кўрсатадики, коррупцияни юзага келтирувчи омилларни бартараф этиш коррупцияга қарши курашишда муҳим ўрин эгаллайди.

Давлатимиз томонидан коррупцияга қарши курашиш борасида потенциал аҳамиятга эга бўлган қонун ҳужжатлари базаси яратилган. Хусусан, бугунги кунга қадар мазкур иллатга қарши курашиш учун 10 дан ортиқ  норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг  2019 йил 27 майдаги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5729-сон Фармони қабул қилиниб, Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралаларо комиссиясининг янгиланган таркиби ва Коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги фаолият самарадорлигини оширишга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш бўйича махсус комиссия тасдиқланди.

Қонунларни билмаслик бирор кишини жазодан қутилишига баҳона бўлолмайди. Кимдир билиб, кимдир билмай бундай салбий иллатларнинг кўчасига кириб қолганларини сезмай қоладилар. Ачинарли томони шундаки,  мансаб курсисида ўтирганлар била туриб коррупцияга, порахўрликка, таниш-билишчиликка берилиб кетаётгани ижтимоий ҳаётимизга жиддий хавф солмоқда.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, жамият тараққиётига асосий тўсиқ бўлувчи коррупцияга барҳам бериш ва бу борада нафақат давлат, балки фуқароларимиз томонидан ҳам биргаликда коррупцияга қарши курашиш тизимининг яратилиши, ўз навбатида мамлакат тараққиёти йўлидаги муҳим қадамдир.

 

Саттор Ақанов, Қашқадарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судьяси

“Янги қонун – янги имконият”

Тадбиркорларнинг эркин фаолият юритиши учун мукаммал ҳуқуқий асослар билан бир қаторда зарур шароитлар яратиб берилаётганлиги янги корхоналар ташкил этилишида ва мавжудлари фаолиятини кенгайтиришда катта аҳамият касб этмоқда. Корхонада коорпоратив ва ишлаб чиқариш муносабатларининг амалдаги иқтисодий ислоҳотлар жараёнидан орқада қолиши натижасида корхона банкротлик ҳолатига тушиб қолади. Тўловга қобилиятсиз корхоналарни тугатиб юбориш оқибатида ушбу корхоналарда иш билан таъминланган фуқаролар ўз иш ўрниларини йўқотади, шу билан бирга, шартлашувчи субъектлар ўртасида низолар, улар фаолиятига салбий таъсир ва бошқа шу каби кўплаб ижтимоий ҳамда иқтисодий муоммолар келиб чиқади.

Маълумки, банкротлик муносабатларини тартибга солувчи “Банкротлик тўғрисида” ги Қонун 2003 йилда қабул қилинган. Унда иқтисодиёт тармоқлари ривожланиши натижасида вужудга келаётган янги муносабатларни тартибга солувчи механизмлар акс эттирилмаган эди. Қонуннинг номи ҳамда матнида “банкротлик” атамасининг кенг қўлланилганлиги, мазкур Қонуннинг корхонани банкрот деб топиш ва уни тугатишга қаратилганлигини англатар эди.

Жорий йилнинг 13 апрел кунидан қонуний кучга кирган “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни иқтисодий ночор аҳволга тушиб қолган корхоналарга ўз фаолиятини қайта ташкил этиш ва тўлов қобилиятини тиклашга имконият бериш орқали иқтисодиётга таъсир ўтказади.

“Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши иқтисодий жиҳатдан танг аҳволга келган тадбиркорлик субъектларини тугатиб юбориш эмас, балки уларни молиявий соғломлаштириш, шу билан бирга, соҳада вужудга келаётган янги муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишга қаратилгани билан алоҳида аҳамият касб этади.

Эътиборлиси, Қонуннинг номи ва матнидаги “банкротлик” сўзларини “тўловга қобилиятсизлик” сўзлари билан алмаштирилганлигини қонун мазмунан иқтисодий ночор ҳолатга тушган корхоналар фаолиятини тиклашга йўналтирилаётганлиги билан боғлаш мумкин.

Иқтисодий ночор ва тўловга қобилиятсизлик масалаларини тартибга солувчи “Банкротлик тўғрисида”ги Қонун моҳиятан корхонани банкрот деб топиш ва уни тугатишга қаратилган бўлиб, унда корхонага нисбатан соғломлаштириш таомилларини қўллашни рағбатлантирувчи нормалар мавжуд эмас эди. Янги Қонун билан корхонага нисбатан соғломлаштириш таомилларини қўллашни рағбатлантириш мақсадида тўловга қобилиятсизлик вақтинчалик ва доимий турларга ажратилмоқда.

“Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши иқтисодий жиҳатдан танг аҳволга келган тадбиркорлик субъектларини тугатиб юбориш эмас, балки уларни молиявий соғломлаштириш, шу билан бирга соҳада вужудга келаётган янги муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишга қаратилгани билан алоҳида аҳамият касб этади.

Хусусан, Қонуннинг 5-моддасига мувофиқ, вақтинча тўловга қобилиятсизлик аломатлари деганда агар тегишли мажбуриятлар юзага келган санадан эътиборан уч ой ичида қарздор томонидан бажарилмаган бўлса, шаҳарни ташкил этувчи корхона ҳамда унга тенглаштирилган корхоналар томонидан эса олти ой ичида бажарилмаса, судга мурожаат этиш санасида қарздорнинг пул мажбуриятлари бўйича кредиторлар талабларини қаноатлантиришга ва (ёки) солиқлар ҳамда йиғимлар бўйича ўз мажбуриятларини бажаришга қодир эмаслиги, доимий тўловга қобилиятсизлик аломатли деганда эса агар судга ариза бериш санасидаги ва ариза берилган йилнинг бошидаги ҳисобот даврида, агарда ариза йилнинг биринчи чорагида берилган бўлса, ўтган йилнинг бошидаги ҳисобот даврида қарздорнинг мажбуриятлари унинг активлари қийматидан ошиб кетган бўлса тушунилиши мумкин.

Бунга қадар амалда бўлган қонун талабига кўра, корхона тегишли тўлов мажбуриятлари юзага келган кундан эътиборан уч ой ичида бажармаса ва унга нисбатан билдирилаётган талаблар базавий ҳисоблаш миқдорининг камида уч юз баравари, яъни 81 миллион сўмни ташкил этса, унга нисбатан тугатиш таомили қўлланилар эди. Шунингдек, Қонуннинг олдинги таҳририда банкротлик иши қўзғатилган корхоналарга солиқ имтиёзлари берилиши тақиқланган, бундай корхоналарга тижорат банклари томонидан кредитлар ажратилмас эди. Энди эса корхонага нисбатан соғломлаштириш таомилларини қўллашни рағбатлантириш мақсадида мазкур жараёнда жорий солиқ тўловларини тўхтатиб туриш, тижорат банклари ва молия институтларидан кредитларни жалб этиш, қарздорлик қисман қопланганда корхона фаолиятини кредиторлар розилиги билан тиклаш бўйича нормалар киритилди.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, қонуннинг амалга киритилиши корхонага нисбатан соғломлаштириш таомилларини қўллашни рағбатлантириш мақсадида мазкур жараёнда жорий солиқ тўловларини тўхтатиб туриш, тижорат банклари ва молия институтларидан кредитларни жалб этиш, қарздорлик қисман қопланганда корхона фаолиятини кредиторлар розилиги билан тиклаш бўйича нормаларнинг киритилганлигидир.

 

Салим Турсунов, Яккабоғ туманлараро иқтисодий суди раиси                                                                                              

Мол-мулк низолари

Мулк ҳуқуқи шахснинг ўзига қарашли мол-мулкка ўз хоҳиши билан ва ўз манфаатларини кўзлаб эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш, шунингдек, ўзининг мулк ҳуқуқини ким томонидан бўлмасин, ҳар қандай бузишни бартараф этишни талаб қилиш ҳуқуқидан иборатдир. Мулк ҳуқуқи муддатсиздир.

Мулкдор ўз мол-мулкига нисбатан қонунга зид бўлмаган ҳар қандай ҳаракатларни бажаришга ҳақли. У ўз мол-мулкидан хўжалик фаолиятини ва қонунда таъқиқланмаган бошқа фаолиятни амалга ошириш учун фойдаланиши, уни бошқа шахсларга эгалик қилиш ва фойдаланиш учун текинга ёки ҳақ эвазига бериши мумкин. Мулкдан фойдаланиш экологик муҳитга зарар етказмаслиги, фуқаролар, юридик шахслар ва давлатнинг ҳуқуқларини ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаслиги шарт.

Мулк ҳуқуқининг вужудга келиш асослари қуйидагилардан иборат:

меҳнат фаолияти;

мол-мулкдан фойдаланиш соҳасидаги тадбиркорлик ва бошқа хўжалик фаолияти, шу жумладан, мол-мулкни яратиш ҳамда мулкдор ихтиёридаги мол-мулкни кўпайтириш, битимлар асосида қўлга киритиш;

давлат мол-мулкини хусусийлаштириш;

мерос қилиб олиш;

эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат;

қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа асослар.

“Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг 7-моддасида “Мулкдорнинг давлат органлари билан ўзаро муносабатларида мулкдор ҳуқуқларининг устуворлиги принципи амал қилади. Унга мувофиқ қонун хужжатларидаги хусусий мулк ҳуқуқини амалга ошириш билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган барча бартараф этиб бўлмайдиган зиддиятлар ва ноаниқликлар мулкдорнинг фойдасига талқин этилади” деб белгиланган.

Хусусий мулкка тажовуз қилиш қонунга биноан таъқиқланади. Мулкдорнинг мажбуриятлари бўйича ундирув мол-мулкка қаратилган тақдирда, унинг олиб қўйилишига фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда йўл қўйилади.

Мулкдор ўз мол-мулкини бошқа шахснинг қонунга хилоф эгалигидан талаб қилиш олишга ҳақли. Мазкур ҳуқуқни амалга оширишда давлат органлари мулкдорга кўмаклашиши шарт.

Хусусий мулк ҳуқуқини бекор қиладиган қонун қабул қилинган тақдирда ушбу қонунни қабул қилиш натижасида мулкдорга етказилган зарарнинг ўрни, шу жумладан мол-мулкнинг бозор қиймати давлат томонидан тўла ҳажмда қопланади. Зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги низолар суд томонидан ҳал этилади.

Охирги беш-олти йил давомида хусусий мулк хуқуқини ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида қатор қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари қабул қилинди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги  ПФ-4848-сонли Фармонида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг жадал ривожланишини таъминлаш, хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва унинг дахлсизлиги кафолатларининг ҳуқуқий механизмларини янада мустаҳкамлаш, тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, республикада инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш мақсади белгиланди.

Жамият инсонлар ўртасида соғлом муносабатлар қарор топишидан манфаатдордир. Зеро, соғлом муносабатлар, тараққиёт сари ўсиш ва янгича фикрлашлар, қонун устуворлиги ҳамда соғлом муҳит жамият ривожланишининг муҳим омилларидандир.

 

Анвар Ибодуллаев, Қашқадарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судьяси

 

Васият тушунчаси

Мерос инсоният тарихидаги энг қадимий ҳуқуқ тушунчаси саналади. Мамлакатимизда бу борада аниқ механизм ишлаб чиқилган.

Фуқаролик кодексининг 18-моддасига кўра мол-мулкни мерос қилиб олиш ҳамда васият қилиб қолдириш ҳуқуқ лаёқатининг ажралмас қисмидир. Демак,  ҳар бир фуқаро хусусий мулкини, шунингдек, мулкка бўлган ҳуқуқ-мажбуриятларини хоҳлаган жисмоний ёки юридик шахсга мерос ҳуқуқи, жумладан, ворислик ҳуқуқи асосида қолдириши мумкин.

Васиятнома—ёзма васият, фуқаронинг ўзига тегишли мол-мулкка нисбатан ҳуқуқи вафот этган тақдирда тасарруф этилишига доир хоҳиш-иродаси ифодаланган ҳужжат. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1120-моддасига биноан, фуқаро ўзининг барча мол-мулкини ёки унинг муайян қисмини қонун бўйича меросхўрлар доирасига кирадиган, шунингдек, кирмайдиган бир ёки бир неча шахсга, шу билан бирга юридик шахсларга, давлатга ёки фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларига васият қилиши мумкин. Бу ҳақдаги васият қонунга мувофиқ, шахсан тузилиши лозим, унинг вакили орқали тузилишига йўл қўйилмайди. Васият ёзилган жойи ва вақти кўрсатилган ҳолда ёзма шаклда тузилиши, васият қилувчининг ўз қўли билан имзоланиши, нотариал тасдиқланган бўлиши зарур. Агар васият қилувчи жисмоний нуқсонлари, касаллиги ёки саводсизлиги туфайли васиятни ўз қўли билан имзолай олмаса, унинг илтимосига биноан нотариус ёки қонунга мувофиқ васиятни тасдиқлайдиган бошқа шахс ҳозир бўлганида васият қилувчи ўз қўли билан имзолай олмаганлигининг сабаблари кўрсатилган ҳолда васиятга бошқа шахс имзо қўйиши мумкин.

Васиятга оид қонун-қоидалар Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1120-1131-моддаларида белгиланган.

Васият қилувчи исталган вақтда ўз васиятномасини янги васиятнома тузиш орқали бекор қилишга, ўзгартиришга ёки тўлдиришга ҳақли.

Янги васиятнома тузиш орқали олдин тузилган васиятнома тўлалигича ёки унинг кейинги васиятномага зид бўлган қисми бекор қилинади.

Васият қилувчи мероснинг олиниши учун меросхўр хулқ-атворининг хусусиятини қонуний равишда шарт қилиб қўйишга ҳақли.

Васият мажбурияти юзасидан ҳуқуқ олувчига мерос таркибига кирадиган ашёни мулк қилиб ёки бошқа ашёвий ҳуқуқ қилиб бериш, мерос таркибига кирмайдиган мол-мулкни унинг учун сотиб олиш ва унга бериш, унинг учун муайян ишни бажариш, унга муайян хизматлар кўрсатиш ва ҳоказолар васият мажбурияти нарсаси бўлиши мумкин.

Зиммасига васият мажбурияти юклатилган меросхўр вафот этган ёки у меросни қабул қилиб олмаган тақдирда васият мажбуриятини бажариш унинг улушини олган бошқа меросхўрларга ёхуд, агар мол-мулк эгасиз бўлиб қолса, давлатга ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига ўтади.

Васият мажбурияти юзасидан ҳуқуқ олувчи мерос қолдирувчининг қарзлари учун жавобгар бўлмайди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг “Мерос ҳуқуқига оид қонунларни қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Конституцияси бозор муносабатларини ривожлантиришга қаратилган мамлакатимиз иқтисодиётининг негизини ташкил қилган турли мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлигини ва ҳуқуқий жиҳатдан баб-баравар муҳофаза этилишини кафолатлаб берди. Мулк ва мулк ҳуқуқини вужудга келтирувчи объектлардан бири—мерос ҳуқуқи давлат ҳимоясида эканлиги эътироф этилиб, мулкдорларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кенгайтирилди.

Мерос қолдирувчининг олди-сотди, айирбошлаш, ҳадя ва бошқа шартномалар орқали тасарруф этилган мулклари кейинчалик бундай шартномалар суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилган тақдирдагина мерос таркибига киради.

Васият бўйича меросхўр бўлиши ман қилинган шахслар рўйхати қонунда белгилаб қўйилмаган. Аммо, амалда маълум чекловлар бор. Хусусан, Фуқаролик кодексининг 1119-моддаси тартибида ворис, шу жумладан, васият бўйича ворис этиб тайинланган шахс суднинг ҳал қилув қарори билан нолойиқ меросхўр деб топилиши, мерос олишдан четлаштирилиши мумкин.

 

Лазиз Абдуллаев, фуқаролик ишлари бўйича Яккабоғ туманлараро суди судяси

“Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар билан учрашув ташкил этилди

Фуқароларнинг мурожаатларини тинглаш, уларнинг муаммоларини ҳал этиш борасида Қашқадарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьялари томонидан аҳоли орасида учрашув ва давра суҳбатлари мунтазам ташкил этиб келинмоқда. Ана шундай учрашувлардан навбатдагиси Қарши шаҳри “Амир Темур” маҳалласида истиқомат қилувчи “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар учун ташкил этилди. Унда Қашқадарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьялари Қаҳрамон Боймуродов, Дилфуза Шамсиева ва Бекзод Остоновлар иштирок этишди.

Бўлиб ўтган учрашувда “Аёллар дафтари”га киритилган эҳтиёжманд хотин-қизларнинг мурожаатлари тингланди. Шунингдек, уларнинг муаммолари ўрганилиб, ҳуқуқий ечимлари бўйича зарур чоралар белгиланди ҳамда ҳуқуқий ёрдам ва маслаҳатлар берилди.

 

Қашқадарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими

Судья шахсининг психологияси

Мамлакатимизда cудьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, малакали кадрларни танлаш, cудьялик касбига тайёрлаш ва тайинлаш тизимини такомиллаштириш, шунингдек, фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини ошириш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда.

Шу билан бирга суд тизимига етарли билим ва ҳаётий тажрибага эга бўлган муносиб кадрларни танлаш тизими самарали йўлга қўйилмоқда.

Судьялик касби юридик касблар ичида энг қийини ҳисобланади. Бу муҳим ва масъулиятли қарорлар қабул қилиш, бошқа одамларнинг тақдирини, жиноят содир этишда уларнинг айби ёки айбсизлигини аниқлаш зарурати билан боғлиқ.

Судья юксак ахлоқий параметрлари, адолатга интилиши билан ажралиб туриши керак. Судья ҳар бир инсонга индивидуал ёндашиш, унинг шахсига ҳурмат билан муносабатда бўлиши керак. Адолат кўп одамларнинг тақдирига таъсир қилади. Суд қарори ишнинг барча ҳолатларини ҳисобга олган ҳолда адолатли бўлиши керак.

Судья назарий билимлар, касбий этика, ишчанлик мулоқоти ва вақтни бошқариш кўникмалари, музокаралар олиб бориш тактикаси, ахборот билан ишлаш технологияси, ҳуқуқ нормаларига шарҳ бериш ва психологик билимларга эга бўлиши керак.

Судьянинг ҳақиқий психограммасига келсак, яъни, муҳим касбий хусусиятларга қуйидагилар киради:

Когнитив (когнитив) соҳада аналитиклик, танқидийлик, мантиқ, таққослаш, умумлаштириш, маълумотларни таснифлаш, асосий ва энг муҳимларини ажратиб кўрсатиш қобилияти каби фикрлаш фазилатлари алоҳида роль ўйнайди.

Хотиранинг хусусиятлари орасида ахборотни қайта ишлаш самарадорлиги, қимматли маълумотларни танлаш ва уни узоқ муддатли хотирага ўтказиш, қонун ва ҳуқуқий фаолиятнинг процессуал нормаларини аниқ ва тўлиқ билиш алоҳида ўрин тутади.

Судья учун эътибор суд учун муҳим бўлган ҳужжатларни ўрганиш ва тузишда барқарорлик, диққатни жамлаш, суд жараёнининг мураккаб ва динамик вазиятларида диққатни тақсимлаш ва алмаштириш каби хусусиятлари айниқса муҳимдир.

Судда иштирок этаётган шахсларнинг мимикалари ва пантомималари билан идрок, объективлик, кузатув, уларнинг ҳолатини, хатти-ҳаракатларининг самимийлиги ёки юзаки эмоционаллигини аниқлаш қобилияти айниқса муҳимдир.

Судьянинг тасаввури репродуктив ва ижодий функцияларни, шунингдек, прогнозлаш (олдиндан кўриш) функцияларини бирлаштириши керак, яъни, режалаштирилган суд мажлислари натижаларини ва суд қарорларининг оқибатларини аниқ тасвирларда олдиндан кўриш қобилияти, бу судья фаолиятида «синов ва хато» усулидан фойдаланган ҳолда ибтидоий ва нопрофессионал ҳаракатларга йўл қўймаслик имконини беради.

Судья фаолиятининг коммуникатив соҳасида, у орқали у ўз фаолиятининг ижтимоий-психологик томонларини амалга оширади, оғзаки маьлумотларни узатиш ва қабул қилиш қобилияти каби хусусиятларни ажратиб кўрсатиш мумкин. Интерактив хусусиятлар орасида экстравертни ажратиб кўрсатиш керак, яъни, ҳаракатларни ташқарида, бошқа одамларга йўналтириш, хушмуомалалик, юз ифодалари ва пантомимадан етарли даражада фойдаланиш.

Судья нутқининг юксак маданияти билан ажралиб туради. Нутқ ёрдамида судья коммуникатив функцияни бажаради, турли шахсларнинг мулоқотини тартибга солади ва мақбул шаклларда психологик таъсир кўрсатади. Судья нутқи ихчамлиги, равшанлиги, ҳуқуқий саводхонлиги билан ажралиб туриши керак. Судья фаолиятида ёзма нутқ ва процессуал ҳужжатларни тузиш қобилияти муҳим аҳамиятга эга.

Судьянинг психологик компетенциясининг энг муҳим кўрсаткичларидан бири суд муҳокамасининг бошқа иштирокчилари фикрини тинглай олиш қобилиятидир. Судьянинг ушбу коммуникатив сифатининг намоён бўлиши судьянинг энг муҳим ижтимоий-психологик шартларидан биридир. Судья фаолиятининг тартибга солиш соҳасида ҳиссий вазминликни, шунингдек, кучли иродали фазилатларни ажратиб кўрсатиш керак. Принципларга риоя қилиш, етакчилик, қатъиятлилик, ўзини тута билиш лозим.

Судья профессионал фаолияти давомида ҳам касбий, ҳам шахсий нуқтаи назардан ўз олдига муайян мақсадларни қўяди ва уларга эришиш учун бир қанча саъй-ҳаракат, чора-тадбир ва амалларни бажаришига тўғри келади. Аммо судьяда шахсий ҳислатлар ва қатъият бўлмаса, у режалаштирган мақсадларига эришишда муваффақиятсизликка учраши ёки олдинга интилишга жазм қила олмай қолиши мумкин.

Судья ўз фаолияти давомида бир неча алоҳида жабҳаларда ҳам иш олиб боради. Жумладан, норма ижодкорлиги, илмий фаолият олиб бориш,  оммавий ахборот воситаларига турли хил интервьюлар бериш, қонун ҳужжатлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга муносабат билдириш ва бошқалар.

Судья мунтазам равишда фақат ҳуқуқ билан шуғулланиши мақсадга мувофиқ эмас. Энг кўп талаб этиладиган масала бу, албатта, норма ижодкорлиги ҳисобланади. Судья ўзининг ташаббускорлиги, яратувчанлигини ишга солиши ва жамият ҳаётига ўзининг маълум маънодаги ҳиссасини қўшиши мақсадга мувофиқдир. Акс ҳолда, судья етук мутахассис бўлиши гумон остида қолади. Шунинг учун ҳам судья ўзининг бундай ҳислатларини ривожлантириши, улардан унумли фойдаланган ҳолда муваффақиятли карьерасини яратиши лозим.

Шуни ҳам унутмаслик лозимки, ҳар қандай ташаббус ўзига хос қийинчилик ва масъулиятни келтириб чиқаради, аниқроғи, ўзи билан бирга етаклаб келади. Мисол учун норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш – мушкул ва кўп меҳнат талаб этадиган жараёндир. Ташаббус кўрсатилган пайтдан токи зиммага олинган мақсадга эришилмагунига қадар судья барча чора-тадбирларни амалга ошириши зарур. Агар судья бу жараённи охиригача амалга оширмаса, кўрсатган ташаббуси уни “жазоланишга” олиб келиши мумкин.

Шунингдек, судьянинг ўз касби ва ишига ижодий ёндашиши ўзининг яратувчанлик руҳида ривожланишига хизмат қилади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, бўлажак юристлар нафақат касбий билимларга эга бўлиши, балки шу билан бирга, соҳадаги иш фаолиятини бардавом олиб бориш учун зарур бўлган шахслараро муносабатларни тўғри йўлга қўйишга қаратилган малака ва кўникмаларга ҳам эга бўлишлари бугунги замон талабидир.

 

Руслан Заиров, фуқаролик ишлари бўйича Чироқчи туманлараро суди раиси

Судьялар хотин-қизлар билан учрашди

Маълумки, фуқароларнинг мурожаатларини тинглаш, уларнинг муаммоларини ҳал этиш бугунги куннинг энг долзарб масалаларидан биридир. Шу мақсадда Қашқадарё вилоят маъмурий суди раиси вазифасини вақтинча бажарувчи Бахтиёр Қиличов ва Қарши туманлараро маъмурий суди судьяси Латофат Зайниддиновалар иштирокида Қамаши туманидаги “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар билан учрашув ташкил этилди.

Учрашувда “Аёллар дафтари”га киритилган эҳтиёжманд хотин-қизларнинг мурожаатлари тингланиб, ҳуқуқий ёрдам ҳамда маслаҳатлар берилди. Шунингдек, уларнинг муаммолари ўрганилиб, ҳуқуқий ечимлари бўйича зарур чоралар белгиланди.

 

Қашқадарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими

Қашқадарё вилоят маъмурий судида “Маърифат соати” ташкил этилди

“Маърифат соати”да Қашқадарё вилоят маъмурий суди судьялари ва ходимлари иштирок этишди. Дастлаб, Қашқадарё вилоят маъмурий суди раиси вазифасини вақтинча бажарувчи Бахтиёр Қиличовнинг кун тартибидаги Ўзбекистон Республикаси Уй-жой Кодексига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар юзасидан маърузаси ҳамда Қашқадарё вилоят маъмурий судининг 2022 йилга мўлжалланган иш режасининг 1.5 банди ижроси, 2022 йилнинг иккинчи ярим йиллиги давомида судьялар ва суд ходимларининг ижтимоий-сиёсий билим даражасини ошириш, Ўзбекистон Республикаси Конституциясига киритилаётган ўзгартириш ҳамда суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар юзасидан фикр-мулоҳазалари тингланди.

Сўнгра, “Маърифат соати”га таклиф этилган меҳмон билан давра суҳбати ўтказилди. Қашқадарё вилоят маданият бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби Исоқ Тўраев иштирокида ташкил этилган суҳбат мавзуси “Ўзбек санъати: кеча ва бугун” деб номланди.

Қизғин тарзда кечган суҳбат давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

 

Қашқадарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими

Жиноят ишлари бўйича Кўкдала туман судининг сайёр мажлиси ўтказилди

Жиноят ишлари бўйича Кўкдала туман судининг очиқ сайёр суд мажлиси бўлиб ўтди. Унда маъмурий хуқуқбузарликларга оид жами 26 та иш кўриб чиқилди.

Жумладан 7 та маъмурий ишларга жарима жазоси тайинланди, 2 та шахсларга нисбатан маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Шу жумладан 17 та маъмурий иш тарафларнинг ўзаро ярашганлиги муносабати билан МЖтКнинг 212-моддасига асосан тугатилди ҳамда фуқароларга янги жорий қилинган МЖтКнинг 212-моддаси ҳақида тушунчалар берилиб, келгусида маъмурий хуқуқбузарлик келтириб чиқариш қандай оқибатларга олиб келиши тушунтирилди. Уларнинг оила аъзоларига ҳам келгусида содир этилиши мумкин бўлган жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида тушунтиришлар берилди.

Тадбир сўнггида жиноят ишлари бўйича Кўкдала туман суди раиси Ўктам Расулов томонидан мазкур ҳудуд маҳалла фаоллари ва кенг жамоатчилик вакилларига улар истиқомат қилаётган маҳаллада жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш юзасидан бир қатор ҳуқуқий тушунчалар берилди. Очиқ мулоқот ўтказилиб, аҳолини қизиқтирган саволларга тўлиқ жавоблар берилди.

 

Қашқадарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими

«Суғурта муносабатларидан келиб чиқадиган низолар» мавзусида семинар ташкил этилди

Маълумки, иқтисодий судларда суғурта муносабатларидан келиб чиқадиган низолар билан боғлиқ ишларни кўриб чиқишда бир қатор муаммоларга кўп бора дуч келинади. Шу сабабли бундай муаммоларга ечим излаш муҳим масала. Шу максадида Шаҳрисабз туманлараро иқтисодий судининг судяьси О.Қурбонов томонидан «Микрокредитбанк» Шаҳрисабз туман филиали биносида «Суғурта муносабатларидан келиб чиқадиган низолар»  мавзусида семинар ташкил этилди.

Унда банк ва мутасадди ташкилотлар ходимлари иштирок этишди. Семинар машгулоти иштирокчиларига суғурта муносабатларидан келиб чиқадиган низоларни судда куриб чикишнинг  муаммоли тарафлари ва уларнинг ечимлари бўйича тушунтиришлар берилди. Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

 

Қашқадарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими

Skip to content