Ҳаммамизга аёнки, она тили – миллат маънавиятининг мустаҳкам пойдевори ҳисобланади.
Бундан беш ярим аср муқаддам ҳазрат Навоийнинг беқиёс ижодининг ижобий самараси ўлароқ адабий тил сифатида ўз қаддини тиклаган она тилимиз, бу буюк мутафаккир бобомизнинг саъй-ҳаракатлари туфайли қадимги туркий, форс, араб ва бошқа тиллар ҳисобидан бағоят бойитилган.
Собиқ шўро даврида эса ўзбек тилига, уни ўрганишга эътиборсизлик, ҳурматсизлик билан қаралиб, сунъий равишда ўзбек тилининг амалий имкониятларини йўққа чиқарилган, унинг қадрини камайтаришдан кўзланган асосий мақсад эса миллатимизнинг ғурури, шаъни ва қадр-қимматини таҳқирлаш бўлган.
Собиқ иттифоқ таркибидаги республикаларнинг суверенитети ва инсон ҳуқуқларини поймол қилган тоталитар буйруқбозлик бошқаруви даврида, яъни 1989 йил 21 октябрда Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши сессияси томонидан “Давлат тили тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилинганлиги, мамлакатимизнинг мустақиллик сари ташлаган биринчи қадами бўлди.
Қонуннинг 1-моддасида «Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир» дейилиб, ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланди. Мазкур Қонунда жамиятимизнинг барча сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ва маданий соҳаларида ўзбек тилига тўла амал қилишни таъминлаш вазифаси қўйилиб, бу вазифанинг бажарилиши давлат органлари, жамоат ташкилотлари, мансабдор шахслар ва ҳар бир фуқаронинг бурчи эканлиги алоҳида белгилаб қўйилди.
1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 4-моддасида ўзбек тили давлат тили мақомига эга эканлиги мустаҳкамлаб қўйилди. Шу тариқа ўзбек тили мустақил давлатимизнинг байроғи, герби, мадҳияси, Конституцияси қаторида турадиган қонун йўли билан ҳимоя қилинадиган муқаддас тимсоллардан бирига айланди.
Кейинчалик, яъни 1995 йил 21 декабрда “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ҳақида”ги Қонунига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритилиб, унинг янги таҳрири тасдиқланди.
Мустақиллик йилларида тил борасида бошқа соҳалар қаторида қонунчилик ва ҳуқуқий атамашунослик соҳасида ҳам катта ютуқларга эришилди. Жамият иқтисодий жиҳатдан тараққий этгани, ижтимоий муносабатларнинг кўлами кенгайгани туфайли ҳуқуқ тизими ва қонунчилик тизимига янги тушунчалар, категориялар ва атамалар кириб келди.
Айниқса, кейинги йилларда бу борада бевосита Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг ташаббуслари билан бир қатор амалий ишлар қилинганини эътироф этиш лозим.
Жумладан, 2019 йил 21 октябрда “Ўзбек тилининг давлат тили сифатида нуфузини ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон қабул қилинди ва Фармон билан бу кун байрам куни деб эълон қилинди. Шунингдек, давлат тилини ривожлантириш департаменти ташкил қилинди.
2019 йил 12 декабрда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат тилини ривожлантириш департаменти тўғрисида”ги Низоми тасдиқланди, департаментнинг асосий вазифалари ва функциялари, ҳуқуқ ва жавобгарлиги, тузилмаси, фаолиятини ташкил этиш белгилаб берилди.
Халқаро муносабатларда ҳам ўзбек тили кенг ва фаол мулоқот воситасига айланиб, унинг хорижий давлатлар раҳбарлари билан олиб борилаётган музокара ва учрашувларда, юксак даражадаги расмий тадбирларда қўлланилаётганлиги барчамизда ғурур ва ифтихор туйғусини уйғотади.
Шу ўринда, Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг 2020 йил 23 сентябрда БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида ўзбек тилида сўзлаши ва бу жаҳон ҳамжамияти томонидан илиқ кутиб олинганлиги ҳеч шубҳасиз барчамизга фахр ҳиссини тақдим қилди.
Ўзбекистоннинг Туркий давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо бўлиши ҳам, нафақат ўзаро иқтисодий ҳамкорликни кучайтириш, балки туркий тиллар, жумладан ўзбек тилимизнинг халқаро мақомини юксалтиришга хизмат қилмоқда.
Улуғ байрам арафасида, яъни 2020 йил 20 октябр куни давлат тили сифатида ўзбек тилини ўрганиш учун шарт-шароитлар яратиш, ўзбек тили ва тил сиёсатини ривожлантиришнинг стратегик мақсадлари, устувор йўналиш ва вазифаларини ҳамда истиқболдаги босқичларини белгилаш борасида Президентимизнинг “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги навбатдаги Фармонлари қабул қилинганлиги бу масала давлат сиёсатининг устувор йўналиши эканлигини кўрсатиб берди.
Ҳеч шубҳасиз Фармонда белгиланган вазифаларни ўз вақтида бажарилиши ўзбек тилининг халқимиз ижтимоий ҳаётида ва халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини тубдан ошириш, униб-ўсиб келаётган ёшларимизни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларга садоқат руҳида тарбиялаш, мамлакатимизда давлат тилини тўлақонли жорий этишни таъминлаш, Ўзбекистондаги миллат ва элатларнинг тилларини сақлаш ва ривожлантиришга асос бўлиб хизмат қилади.
Атоқли олим Исҳоқхон Ибрат “Бизнинг ёшлар албатта бошқа тилни билиш учун саъй-ҳаракат қилсинлар, лекин аввал ўз она тилини кўзларига тўтиё қилиб, эҳтиром кўрсатсинлар. Зеро, ўз тилига садоқат – бу ватаний ишдир”-деб, айтгандилар.
Бу бежизга эмас албатта. Зеро, она тилимиз – миллий маънавиятимизнинг битмас-туганмас булоғи, унга муносиб ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш барчамизнинг нафақат вазифамиз, балки муқаддас бурчимиздир.
Шундай экан, ўзбек тилимизни асраб-авайлаш, ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш ҳаракатини ўз оиламиздан ва жамоамиздан бошлашимиз, она тилимизга, урф-одат ва қадриятларимизга ҳурмат, Ватанга меҳримизни амалий фаолиятда намоён этишимиз керак.
Шаҳзод Бахтиёров, Қашқадарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судьяси