Қашқадарё вилоят судида “Жамиятда аёл юристларнинг роли ва суд тизимида ишга жойлаштириш имкониятлари” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди

Бирлашган миллатлар ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарининг Ўзбекистонга ташрифи якунлари юзасидан тавсияларини амалга ошириш, шунингдек, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2023 йил 10 июндаги Қўшма қарори билан тасдиқланган Йўл харитасининг 15-бандида жамиятда аёл юристларнинг роли ҳақида ва суд тизимида ишга жойлаштириш имкониятлари тўғрисида аёлларнинг хабардорлигини ошириш бўйича ахборот кампанияларини ўтказиш назарда тутилган.

Шу мақсадда Қашқадарё вилоят судида “Жамиятда аёл юристларнинг роли ва суд тизимида ишга жойлаштириш имкониятлари” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбирга вилоятимиздаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларда фаолият олиб борувчи ҳуқуқшунос хотин-қизлар ва бўлажак ҳуқуқшунос талабалар таклиф этилди.

Бугун мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллигига алоҳида эътибор қаратилиши натижасида суд тизимида фаолият юритаётган хотин-қизлар сони ҳам салмоқли даражада кўпайди.

Биргина Қашқадарё вилоят судларида бугунги кунда 60 дан ошиқ  хотин-қизлар фаолият юритиб келишмоқда. Уларнинг ўз ишига масъулияти, берилган топшириқ ва вазифаларни ўз вақтида сифатли бажариши тизим нуфузининг ошишига ва одил судловга эришиш борасидаги ислоҳотларда муҳим омил бўлмоқда.

Тадбир давомида суд тизимига ишга кириш, ҳуқуқшунос номзодларнинг судьялик лавозимига тайинланиш тартиби ва имкониятлари тушунтириб ўтилди.

 

Қашқадарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими

Қашқадарё вилоят судида судьялар, прокуратура ва ички ишлар органларининг тергов хизмати ходимлари иштирокида семинар машғулоти бўлиб ўтди

Қашқадарё вилоят судида “Дастлабки тергов ва суриштирув органлари томонидан жиноят ишларини юритишда хато ва камчиликларга йўл қўймаслик ва мавжудларини бартараф этиш” мавзусида семинар машғулоти бўлиб ўтди. Унда Қашқадарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьялари, прокуратура ва ички ишлар органларининг тергов хизмати ходимлари ҳамда шаҳар ва туманлардаги ходимлари эса онлайн тарзда иштирок этишди.

Тадбирда сўз олганлар жиноят процессида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини тўла таъминлаш, жамият ва давлат манфаатларини, мулкни, табий муҳитни, инсоният хавфсизлигини жиноий тажовузлардан ҳимоялаш, жиноятларни тез ва тўлиқ очиш, жиноят содир этган ҳар бир шахсга адолатли жазо берилиши ҳамда айби бўлмаган ҳеч бир шахс жавобгарликка тортилмаслиги хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини баён этишди.

Шунингдек қонунни амалиётга тўғри тадбиқ этишда дастлабки тергов ва суриштирув органлари томонидан йўл қўйилаётган хато ва камчиликлар муҳокама қилиниб, уларни бартараф этиш, келгусида бундай ҳолатларга йўл қуймаслик чора-тадбирларини белгилаб олиш ва судлар томонидан тергов ҳамда суриштирув органларига нисбатан чиқарилган хусусий ажримлар,  далиллар мақбуллиги ҳамда оқлов ҳукми чиқарилган ишлар муҳокама қилинди.

Семинар машғулоти якунида юқорида муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли манзилли чора-тадбирлар белгиланиб, масъуллар олдига аниқ вазифалар қўйилди.

 

Қашқадарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими

Skip to content