ҚОНУН УСТУВОР – ЖАЗО МУҚАРРАР (қўшимча жазо қўллаш амалиёти)

Маълумки, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар доирасида аҳолининг тинч ва осойишта ҳаётини таъминлаш ҳамда жамиятимизда қонунга итоаткорлик ва жамоат хавфсизлиги маданиятини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жумладан, жамоат хавфсизлигини таъминлаш йўналишидаги ишларни “Халқ манфаатларига хизмат қилиш” тамойили асосида ташкил этишнинг мутлақо янги механизм ва тартиблари жорий этилиб, давлат органларининг жамоатчилик тузилмалари билан ўзаро мақсадли ҳамкорлиги йўлга қўйилди.

Жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашишнинг яхлит тизимини шакллантириш, ички ишлар органларининг энг қуйи бўғинидан республика даражасигача самарали фаолиятини йўлга қўйиш ва замонавий иш услубларини жорий этиш орқали мамлакатимизда ҳуқуқ-тартибот ва қонунийликни мустаҳкамлаш, аҳолининг тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш мақсадида 2021 йил 26 мартда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида ички ишлар органлари фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.

Кейинчалик, ушбу фармонга мувофиқ, шунингдек мамлакатимизда жамоат хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада ривожлантириш ҳамда ушбу соҳадаги давлат сиёсатининг истиқболли йўналишларини белгилаш мақсадида 2021 йил 29 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси жамоат хавфсизлиги концепциясини тасдиқлаш ва уни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилиниб, жамоат хавфсизлигини таъминлашдаги илғор хорижий ва миллий тажрибалар асосида ишлаб чиқилган ҳамда аҳолини ҳар қандай таҳдидлардан кафолатли ҳимоя қилишга қаратилган Ўзбекистон Республикаси жамоат хавфсизлиги концепцияси тасдиқланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги Фармони билан тасдиқланган “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси”нинг 16-мақсади ҳам, айнан жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг содир этилишига сабаб бўлган шарт-шароитларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этишнинг самарали тизимини яратишдан иборатдир.

«Ўзбекистон — 2030» стратегиясида ҳам адолат, қонун устуворлиги, хавфсизлик ва барқарорликни кафолатли таъминлаш асосий ғоялардан бири деб эътироф қилинган.

Зеро, фуқароларнинг тинч ва осойишта ҳаёт кечиришини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.

Бироқ, сўнгги вақтларда содир этилаётган жиноятлар, айниқса ўзганинг мулкини ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилиш, фирибгарлик, транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш, шунингдек мансабдор шахслар томонидан мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш билан боғлиқ жиноятлар ортиб бораётганлиги  барчамизни сергак тортишга ундайди.

Маълумки, қўшимча жазо чораларининг янги жиноятлар содир этилиши олдини олишда катта аҳамиятга эга эканлигидан келиб чиқиб, судларга ҳукм чиқариш пайтида асосий жазо билан бирга тегишли қўшимча жазо қўллаш масаласини ҳам муҳокама қилиш тавсия қилинган.

Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 45-моддасида кўрсатилган муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш жазоси бу – суд тайинлаган муддат давомида айбдорнинг корхоналар, муассасалар ёки ташкилотларда у ёки бу мансабни эгаллашини ёхуд у ёки бу фаолият билан шуғулланишини тақиқлашдан иборатдир.

Статистик маълумотларга кўра, 2023 йилнинг ўтган 11 ойи давомида биргина Қашқадарё вилоят жиноят ишлари бўйича судлар томонидан жазо тайинлаб ҳукм чиқарилган 4721 шахснинг 1095 нафари ёки 23,2 фоизиша асосий жазо билан бирга қўшимча жазолар ҳам тайинланган.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 167-моддаси билан судланган 264 нафар, 168-моддаси билан судланган 84 нафар, 209-моддаси билан судланган 163 нафар, 228-моддаси билан судланган 171 нафар, 266-моддаси билан судланган 211 нафар шахсларга нисбатан асосий жазолар билан биргаликда, моддий жавобгарлик ва мансабдорлик вазифаларида ишламаслик ҳамда барча турдаги транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш каби қўшимча жазолар тайинланган.

Жазо маҳкумни ахлоқан тузатиш, унинг жиноий фаолиятни давом эттиришига тўсқинлик қилиш ҳамда маҳкум, шунингдек бошқа шахслар янги жиноят содир этишининг олдини олиш мақсадида қўлланилиши эътиборга олинса, қўшимча жазо чораларини тайинлаш ҳам бу борадаги мақсадга эришиш йўлида муҳим аҳамият касб этади.

Бугунги мураккаб замоннинг ўзи воқеликка очиқ кўз билан, теран ва чуқур мушоҳада юритган ҳолда назар ташлашни, ҳушёр қарашни, жаҳонда ва ён-атрофимизда тобора кучайиб бораётган маънавий таҳдид ва хатарларни тўғри баҳолаб, улардан тегишли сабоқлар чиқариб яшашни талаб этмоқда.

Тинч ва осойишта ҳаёт халқларнинг энг эзгу орзуси. Яратгандан сўраган энг керакли тилагидир. Лекин бир нарсани унутмаслик керак: кўриб турибмиз, дунёнинг ҳамма ерига ҳам бу улуғ неъмат бирдек насиб этмаган. Демак, бу неъматнинг шукрини қилишимиз, қадрига етишимиз зарур.

Айнан тинчлик-осойишталик ҳукм сурган жойда, юксалиш ва тараққиёт бўлади, юрт гуллаб-яшнайди, фуқароларнинг турмуши фаровонлашади. Шу сабабли ҳар биримиз тинчлик-осойишталикка ўз-ўзидан эришиб бўлмаслигини тўғри англашимиз, бу ютуқлар ўз-ўзидан яратилмагани, халқимиз сабр-бардош, ишонч, ҳамжиҳат-ҳамфикрликда яшаш, тинчлик-осойишталикни асраш, бағрикенглик, меҳр-оқибат кўрсатиш орқали эришилганини ёш авлодга тушунтиришмиз лозим.

Бу эса, жиноят ва ҳуқуқбузарликлар сони камайишига, одамларда ҳуқуқий онг, ҳуқуқий маданият ошишига, бевосита халқ манфаатларини рўёбга чиқаришга, унинг турмуш даражасини юксалтиришга хизмат қилади. Бунга мажбурият деб эмас, аксинча кундалик фаолият ва ҳаёт тарзи сифатида қараш талаб қилинади.

 

Шаҳзод Бахтиёров, Қашқадарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси