Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш – суд-ҳуқуқ ислоҳотлари доирасида

Сўнгги йилларда мамлакатимизда жамият ва давлат ҳаётини кенг кўламли ислоҳ қилиш, шунингдек, амалга оширилган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари доирасида суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини такомиллаштириш соҳасида бир қатор ишлар амалга оширилди.

Шу билан бирга, дунёнинг илғор демократик давлатларида суд ҳужжатларини ижро этиш соҳасида шаклланган тажриба ва амалиёт таҳлили соҳада узоқ муддатли тизимли ислоҳотлар амалга ошириш эҳтиёжи мавжудлигини, мажбурий ижро бюросининг тузилма ва вазифалари мажбурий ижро тизими ривожланишининг замонавий талабларига жавоб бермаслигини кўрсатди.

Суд ҳужжатларини ижро этишдан ҳар қандай бўйин товлашнинг олдини олишга, шунингдек, фуқароларнинг минимал турмуш даражасини таъминлаш учун зарур бўлган пул маблағлари дахлсизлигини кафолатлашга қаратилган суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишга оид қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш зарурати юзага келди.

Шунга мувофиқ қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 3 январдаги “Суд ҳужжатлари ва бошқа орган ҳужжатларини ижро этиш тизимини ислоҳ этиш ва соҳани рақамлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-1-сонли Фармонга асосан “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган вазифаларга мувофиқ, фуқаролар, жамият ва давлатнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, шунингдек, суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини такомиллаштириш орқали судлов самарадорлигини таъминлаш мақсадида 2024 йил 1 майдан бошлаб, суд ҳужжатларини электрон шаклда бериш тартиби жорий этилиб, бунда иқтисодий ишлар бўйича суд ҳужжатлари асосида ижро ҳужжатларини фақат электрон шаклда бериш тартиби жорий этилиши, шунингдек, юридик шахслар томонидан суд ҳужжатлари асосида берилган ижро ҳужжатлари ва ижро иши юритиши доирасида қабул қилинган қарорлар ва бошқа ҳужжатлар уларнинг солиқ тўловчи шахсий кабинети орқали олиниши ва тақдим этилиши белгиланди.

Шунингдек, фуқаролардан қарздорликлари учун ундирув қаратилиши мумкин бўлмаган энг кам кафолатланган даромад белгиланишини, даромадларнинг кафолатланган энг кам миқдори  фуқароларнинг қарздорликлари бўйича пул маблағларини ундиришда қўлланилади ва белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг ярмига мос келиши, фуқаронинг банк ҳисоб варақларидан, жумладан, банк карталаридан ижро ҳужжатлари юзасидан қарздорлик бўйича пул маблағларини меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг ярмидаги маблағлар ҳисобидан ушлаб қолиш тақиқланиши кўзда тутилган.

Шунингдек, 2024 йил 1 декабрдан бошлаб, суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг сўзсиз ижросини таъминловчи “Мажбуриятлар реестри” институти жорий этилиши, ушбу реестр Мажбурий ижро бюроси томонидан юритилиши, реестрда қарздор ҳақида маълумотлар киритиб борилиши, унга нисбатан ижро иши доирасида қўлланилган барча чекловлар сақланиб қолиниши, реестрга киритилган қарздорнинг мол-мулки ва пул маблағлари аниқланганда мажбурий ижро ҳаракатлари давом эттирилиши, қарздор ижро ҳужжати бўйича мажбуриятини бажарганда, у вафот этганда, ижро ҳужжатини беришга асос бўлган суд ҳужжати ёки бошқа органнинг ҳужжати бекор қилинганда ёки ижро ҳужжати бўлган ҳужжат бекор қилинганда ёки ҳақиқий эмас деб топилганда, қарздорнинг 10 йил давомида мол-мулки ёки пул маблағлари ҳақида маълумот аниқланмаганда ёки қарздор банкрот деб топилганда, ундирувчининг аризасига кўра, у ҳақидаги маълумотлар реестрдан чиқарилиши назарда тутилган.

Бундан ташқари 2024 йил 1 апрелдан бошлаб суд ҳужжатлари мажбурий ижроси доирасида мол-мулкни шартнома-воситачилик асосларида сотиш фақатгина мол-мулкни қабул қилишдан уни сотишгача бўлган жараёнларни масофавий мониторинг қилиш электрон тизимини жорий қилган савдо ташкилотлари томонидан амалга оширилиши ҳам белгиланди.

Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, давлат ва жамиятни тубдан модернизация қилишда энг аввало, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, суд мустақиллигини таъминлаш, одил судловга эришиш, қонунийликни мустаҳкамлаш муҳим аҳамият касб этади.

 

Ориф Қурбонов, Қашқадарё вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судьяси

Қашқадарё вилояти судлари мутасаддилари томонидан Касби туманида суд-ҳуқуқ масалалари бўйича сайёр қабул ўтказилди

Жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, аҳолининг ҳуқуқий мавзудаги мурожаатларига ечим излашга қаратилган ишларни жонлантириш мақсадидаги Қашқадарё вилоят судлари раислари ва ўринбосарлари томонидан Касби туманида сайёр қабул ташкил этилди.

Cайёр қабул давомида турли масалаларда ҳуқуқий маслаҳат ва кўмак сўраб келган 31 нафар фуқароларнинг мурожаатлари тингланди. Барча фуқароларнинг мурожаатлари суд масъуллари томонидан атрофлича ўрганилди. Кўмак сўраб келган фуқароларга ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

Бўлиб ўтган сайёр қабул давомида фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида Қашқадарё вилоят суди раиси Абдуқаюм Маҳкамов томонидан бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ва суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар хусусида, шунингдек, қонунчиликка киритилган сўнгги ўзгартириш ва қўшимчалар хусусида тушунтиришлар берилди.

 

Қашқадарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими

Қашқадарё вилоят судида сўз мулкининг султони Алишер Навоий ҳамда буюк саркарда ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуди муносабати билан маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди

Буюк аждодларимиз таваллуд куни муносаби билан ташкил этилган тадбир “Мангуликка дахлдор мутафаккирлар” деб номланди. Унда Қашқадарё вилоят судлари судьялари, ходимлари, адабиётшунослар ва санъат вакиллари иштирок этишди.

Тадбирда буюк сиймоларимиз Навоий ва Бобурнинг ижодий, маънавий мероси халқимизнинг қалб қўридан мустаҳкам жой олганлиги, ёшлар тарбиясида муҳим аҳамият касб этиши, уларни янада кенгроқ тарғиб этиш, ўқиб-ўрганиш зарурлиги, икки буюк шахснинг нафақат ўзбек адабий тили, адабиёти, балки ўзбек давлатчилиги, халқимиз маънавиятини юксалишидаги хизматлари беқиёс эканлиги таъкидланди.

Тадбирда сўз олганлар ва таклиф этилган адабиётшунослар Навоий ва Бобур ижодининг ўзига хос қирралари хусусида сўз юритишди, уларнинг ижодидан намуналар ўқишди. Алломаларимиз ғазалларига басталанган мумтоз қўшиқларнинг ижро этилиши тадбир иштирокчиларига бир олам қувонч бағишлади.

 

Қашқадарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими

Деҳқонобод туманида сайёр суд мажлиси ўтказилди

Жиноят ишлари бўйича Деҳқонобод туман суди томонидан туман ҳокимлиги биносида очиқ сайёр суд мажлиси ўтказилди. Унда жамоатчилик вакиллари ва ёшлар иштирок этишди.

Сайёр суд мажлиси давомида 13 та маъмурий ҳуқубузарликка оид ишлар ва 1 та жиноят иши кўриб чиқилди. Суднинг ҳукми билан 4 нафар шахсга нисбатан маъмурий қамоқ жазоси тайинланди,  1 нафар шахс Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 122-моддаси 1-қисми билан айбли деб топилиб, унга 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, шу жойнинг ўзида қамоққа олинди.

Қашқадарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими

Skip to content