Муборак туманида суд-ҳуқуқ масалалари бўйича сайёр қабул ташкил этилди

Қашқадарё вилоят судлари раислари ва ўринбосарлари иштирокида Муборак тумани “Амир Темур” маҳалла фуқаролар йиғинида аҳолининг ҳуқуқий мавзудаги мурожаатларига ечим излашга қаратилган сайёр қабул ташкил этилди. Унда турли масалаларда ҳуқуқий маслаҳат ва кўмак сўраб келган  16 нафар фуқароларнинг мурожаатлари тингланди.

Қабул жараёнида жиноят ишлари бўйича Муборак туман судининг сайёр суд мажлиси бўлиб ўтди. Суднинг ажрими билан 8 нафар маҳкумнинг жазоси енгилига алмаштирилди. 1 нафар  маҳкум эса муддатидан илгари шартли озод қилинди.

 

Фуқаро Мадад Эшимов сайёр қабулга ўзига нисбатан Косон тумани электр таъминоти корхонаси томонидан чиқарилган 532 млн сўм нореал қарздорликни бекор қилишни сўраб мурожаат қилди. Унинг мурожаати Қашқадарё вилоят суди раиси Абдуқаюм Маҳкамов томонидан атрофлича ўрганилди.

Мадад Эшимовнинг даъво аризаси фуқаролик ишлари бўйича Косон туманлараро судининг сайёр суд мажлисида кўриб чиқилиб, жавобгар Косон электр таъминоти корхонасига 519 млн нореал ҳисобланган қарздорликни бекор қилиш мажбурияти юклатилди.

 

Қашқадарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими

 

Қашқадарё вилоят суди томонидан Наврўз байрами ҳамда Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Ориповнинг таваллуд куни муносабати билан маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди

Тадбирда судьялар ва суд ходимлари, фахрийлар, талаба ёшлар, профессорлар ҳамда ижодкорлар иштирок этишди.

Тадбирда сўз олганлар иштирокчиларни халқимизнинг қадимий тарихи, бой маданияти ва эзгу қадриятларини ўзида мужассам этган Наврўз байрами билан қутлар экан, ушбу санада таваллуд топган суюкли шоиримизнинг бетакрор ижоди, дилбар шеърияти руҳиятимизга баҳорий илиқлик, мусаффолик бахш этиши, инсонийлик ва эзгулик туйғуларини сингдириши хусусида тўхталиб ўтишди.

Тадбирда Абдулла Орипов ижодидан намуналар келтирилди, унинг бетакрор шеърларига басталанган ҳамда баҳорни тараннум этувчи куй-қўшиқлар ижро этилди.

 

Қашқадарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими

 

Судгача мажлис ўтказиш тартиби қандай?

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг “Бизнес юритиш” йиллик ҳисоботида Ўзбекистон Республикасининг рейтингини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2019 йил 5 февралдаги Қарори асосида судгача мажлис ўтказиш жорий этилиши белгиланган ва мазкур тартиб Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексига киритилган 1631-моддасида ўз аксини топди.

Жумладан, судгача мажлис ўтказиш чоғида судья:

1) даъвогарни ўзи арз қилган талабларнинг моҳияти бўйича сўроқ қилади, ундан жавобгар билдириши мумкин бўлган эътирозларни аниқлайди ва агар бу зарур бўлса, даъвогарга қўшимча далиллар тақдим этишни таклиф қилади, шунингдек арз қилинган талабларидан воз кечиш ҳуқуқини ҳамда воз кечишнинг ҳуқуқий оқибатларини тушунтиради;

2) ишнинг ҳолатлари бўйича жавобгарни сўроқ қилади, даъвогарнинг талабларига қарши унинг қандай эътирозлари борлигини ва бу эътирозлар қандай далиллар билан тасдиқланиши мумкинлигини аниқлайди, шунингдек жавобгарга даъвогарнинг талабларини тан олиш ёхуд қарши талаблар қўзғатиш ҳуқуқини тушунтиради, жавобгарга иш юзасидан ёзма тушунтиришлар тақдим этишни таклиф қилади. Жавобгарнинг ёзма тушунтиришларни ва далилларни тақдим этмаганлиги, шунингдек, суд мажлисига келмаганлиги ишни ишдаги мавжуд далиллар бўйича кўриш учун тўсқинлик қилмайди;

3) тарафлардан келишув битимини тузиш эҳтимолини ёки низони ҳал қилишнинг муқобил усуллари эҳтимолини аниқлайди ва уларнинг ҳуқуқий оқибатларини тушунтиради;

4) ишнинг мураккаблигини ҳисобга олган ҳолда суд муҳокамасининг прогноз қилинаётган, шу жумладан, низони ҳал қилиш учун аҳамиятга эга бўлган илтимосномалар ва ҳужжатларни судга топшириш, гувоҳлар мавжуд бўлганда уларнинг рўйхатларини алмашиш муддатларини назарда тутувчи жадвалини аниқлайди;

5) суд мажлисида ҳозир бўлган тарафлар ва бошқа манфаатдор шахслардан улар ўртасида ушбу ишнинг судга тааллуқлилиги масаласи бўйича келишув, ушбу Кодекснинг 163-моддасида назарда тутилган бошқа ҳаракатларни амалга ошириш зарурияти мавжудлигини аниқлайди.

Судгача мажлиснинг вақти ва жойи тўғрисида тарафлар ва бошқа манфаатдор шахслар хабардор қилинганлик фактини қайд этишни таъминлайдиган суд чақирув қоғозлари, буюртма хатлар, телефонограммалар, телеграммалар ва бошқа алоқа воситалари орқали хабардор қилинади.

Судгача мажлис ўтказилганлиги тўғрисида баённома тузилиб, унда қуйидагилар кўрсатилади: судгача мажлис ўтказилган йил, ой, сана ва жой; ишни юритаётган суднинг номи; судьянинг ва мажлис котибининг (судья ёрдамчисининг ёки катта ёрдамчисининг) фамилияси ҳамда исми-шарифининг бош ҳарфлари; тарафлар, бошқа манфаатдор шахслар ҳақидаги ва уларга процессуал ҳуқуқ ва мажбуриятлари тушунтирилганлиги тўғрисидаги маълумотлар; тарафлар томонидан берилган тушунтиришлар.

Тарафлар келмаган тақдирда, судья ушбу Кодекс 163-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларида кўрсатилган ҳаракатларни амалга оширади. Бундай ҳолда судгача мажлис баённомаси тузилмайди.

Ушбу Кодексда назарда тутилган асослар мавжуд бўлган тақдирда, судгача мажлисда иш юритиш тўхтатиб турилиши ёки тугатилиши, даъво аризаси кўрмасдан қолдирилиши мумкин.

 

Дилшод Шарипов, Косон туманлараро иқтисодий суднинг раиси 

Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш йўлида

Кейинги йилларда мамлакатимизда инсоннинг қонуний ҳуқуқлари ва манфаатларини сўзсиз таъминлашга, фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини оширишга ҳамда уларнинг малакали юридик ёрдам олишга бўлган ҳуқуқлари кафолатларини кучайтиришга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, “Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилиниб, фуқароларга Ўзбекистон Республикаси Конституцияси билан кафолатланган малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқидан тўлиқ фойдаланиш имконияти яратилди.

Бироқ, Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларини “Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги Қонунга мувофиқлаштириш зарурати борлиги сир эмасди.

Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 27 февралдаги Қонуни билан давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга бундай ёрдам кўрсатиш учун жиноят, фуқаролик ишлари ва маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар бўйича ҳамда қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда адвокатнинг иштирок этишини таъминлаш тартибини белгилашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Эътиборли жиҳати эндиликда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқаётган ваколатли мансабдор шахс ёки суд маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахснинг илтимосига кўра “Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатадиган адвокатнинг ишда иштирок этишини таъминлаш чораларини кўриши шарт. Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатадиган адвокатни жалб қилишда адвокатнинг ишда иштирок этиши тасдиқланган пайтдан эътиборан унга ишга киришиш учун камида тўрт соат вақт берилиши керак.

Шунингдек, Жиноят-ижроия кодекси, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексларига ҳам айнан шу мазмундаги ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Бу эса фуқароларнинг одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтиришга ҳамда давлат ҳисобидан малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқини таъминлашга хизмат қилади.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятининг тўсқинликсиз амалга оширилишини таъминлашга, бизнес юритиш учун қулай шарт-шароитлар яратишга ва республиканинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда.

Шу билан бирга тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг суд орқали ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича мавжуд чекловларни олиб ташлаш ҳамда тадбиркорлик фаолиятини тартибга солишдаги айрим мажбурий талабларни қисқартириш зарурияти юзага келмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 20 февралдаги Қонуни билан Солиқ кодексига киритилган ўзгартиришларга кўра, солиқ органларининг сайёр солиқ текширувлари ва солиқ аудити натижалари бўйича қабул қилинган қарорлари устидан тадбиркорларнинг тўғридан-тўғри судга шикоят қилишига доир чекловларни бекор қилинди ҳамда судга шикоят қилиш имкониятлари кенгайтирилди.

Маълумки, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига банклар ҳамда бошқа кредит ташкилотлари томонидан кўрсатилаётган молиявий хизматларни янада кенгайтиришга ва уларнинг сифатини яхшилашга қаратилган бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Ўз навбатида кредит ташкилотларидан кредит олган аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари томонидан айрим объектив сабабларга кўра кредит тўловларини тўлаш кечиктирилган ёки улар қисман тўланган ҳолларда кредит қарздорлигини узишнинг амалдаги тартибини такомиллаштириш зарурати юзага келмоқда.

Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига киритилган ўзгариштиришларга кўра, эндликда амалга оширилган тўлов суммаси қарз олувчи жисмоний шахсга ёки қарз олувчи тадбиркорлик субъектига ажратилган микроқарз ёки кредит бўйича мажбуриятларни бажариш учун етарли бўлмаган тақдирда, биринчи навбатда асосий қарзнинг узилишини, шунингдек ажратилган кредитлар бўйича қарздорликни ундириш тўғрисида суднинг ҳал қилув қарори чиқарилганда, фоизлар ва неустойкани ҳисоблаш тўхтатилади.

Мамлакатимизда барча соҳаларга ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Бироқ айрим шахслар томонидан замонавий рақамли технологиялар ютуқларидан қонунга хилоф равишда ҳамда ғаразли мақсадларда фойдаланилиши натижасида фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилмоқда ҳамда давлатга зарар етказилмоқда. Бу рақамли технологиялардан фойдаланган ҳолда содир этилаётган янги турдаги жиноятлар учун жавобгарлик белгиланишини тақозо этмоқда.

Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 19 январдаги Қонуни билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси, Жиноят ва Жиноят-процессул кодексларига бир қатор ўзгартиришлар киритилди.

Жумладан, МЖтКга мобиль қурилманинг халқаро ўзига хос идентификация кодини ёки абонент қурилмасининг идентификациялаш модулини қонунга хилоф равишда ўзгартирганлик, крипто-активлар айланмаси соҳасидаги қонунчиликни бузганлик ва майнинг фаолиятини қонунга хилоф равишда амалга оширганлик учун маъмурий жавобгарликни назарда тутувчи;

Жиноят кодексига жабрланувчининг ахборот ресурсларини йўқ қилиш, ўзгартириш, эгаллаб олиш ёки тўсиб қўйиш йўли билан товламачилик қилганлик, шунингдек крипто-активлар айланмаси соҳасидаги қонунчиликни бузганлик ва майнинг фаолиятини қонунга хилоф равишда амалга оширганлик учун жиноий жавобгарликни назарда тутувчи;

Жиноят-процессуал кодексига дастлабки терговни ва суриштирувни амалга оширувчи орган аниқлаштирилишини назарда тутувчи қўшимчалар киритилди.

Яъни, крипто-активлар айланмаси соҳасидаги қонунчиликни бузиш, майнинг фаолиятини қонунга хилоф равишда амалга ошириш каби ҳаракатлар учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланди.

Дарҳақиқат, бугун юртимизда олиб борилаётган барча йўналишдаги ислоҳатларнинг марказида инсон омили турибди. Бу ҳаётий ҳақиқатни Прзидентимиз Ш.Мирзиёевнинг Олий Мажлисга йўллаган мурожаатномасидаги “Инсон манфаатлари ва яна бир бор инсон манфаати ислоҳотларнинг бош мақсади этиб белгиланди, “Инсон қадри учун” деган устувор тамойилни тўла рўёбга чиқариш бундан буён ҳам фаолиятимизнинг бош мезони бўлиб қолади”-деб, билдирган сўзлари ҳам исботлаб турибди.

Ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад ҳам шу муқаддас заминда истиқомат қилаётган ҳар бир инсонинг орзуларини рўёбга чиқариш ҳамда унинг учун муносиб турмуш шароитларини яратишдан иборат.

Қонунларга киритилган янги ўзгартириш ва қўшимчалар ҳам, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга, жиноят ва ҳуқуқбузарликлар сони камайишига, одамларда ҳуқуқий маданият ошишига, бевосита халқ манфаатларини рўёбга чиқаришга, унинг турмуш даражасини юксалтиришга хизмат қилади.

 

Шаҳзод Бахтиёров, Қашқадарё вилояти суди жиноят ишлари бўйича судьяси

Skip to content