Судларга халқ маслаҳатчилари сайлови

Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 13-моддасида ўта оғир жиноятлар судларда халқ маслаҳатчилари иштирокида кўрилиши белгиланган.

Иш биринчи инстанция суди томонидан ҳайъатда кўрилганда суд таркибига судья ва икки нафар халқ маслаҳатчиси киради.

Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 28 июлдаги “Судлар тўғрисида”ги қонунининг 59-моддасига кўра, ўттиз беш ёшдан кичик бўлмаган, фуқароларнинг яшаш ёки иш жойидаги йиғилишида очиқ овоз бериш йўли билан икки ярим йил муддатга сайланган Ўзбекистон Республикаси фуқароси халқ маслаҳатчиси бўлиши мумкин.

Ҳақиқий ҳарбий хизматни ўтаётган, сайлов кунида ўттиз беш ёшга тўлган, ҳарбий қисмлар ҳарбий хизматчиларининг йиғилишларида очиқ овоз бериш йўли билан икки ярим йил муддатга сайланган Ўзбекистон Республикаси фуқароси ҳарбий суднинг халқ маслаҳатчиси бўлиши мумкин.

Ҳар бир суд учун халқ маслаҳатчилари сони судьяларнинг тегишли малака ҳайъатлари томонидан белгиланади.

Халқ маслаҳатчилари одил судловни амалга оширишда судьянинг ҳуқуқларидан фойдаланади.

Халқ маслаҳатчилари судлардаги ўз вазифаларини бажаришга бир йилда кўпи билан икки ҳафтага навбатма-навбат чақирилади.

Бундан уларнинг иштирокида бошланган суд ишини кўришни тугаллаш зарурати бу муддатни узайтиришни тақозо этган ҳоллар мустасно.

Шу даврда уларнинг иш жойидаги ўртача иш ҳақи сақланиб қолади.

 

А.Ғоппоров, Қашқадарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судьяси,

О.Шукуров, жиноят ишлари бўйича Қарши туман суди раиси  

Судларда сайланадиган халқ маслаҳатчиларининг ваколатлари

Давлатимиз раҳбари томонидан фуқаролар ва тадбиркорларни судларга бўлган ишончини ошириш борасида муттасил ишлар амалга оширилмоқда.

Жамоатчилик вакилларининг жиноят ишларини кўришда халқ маслаҳатчилари сифатида иштирок этиши қонунийликни мустаҳкамлашга, халқнинг кўз ўнгида судларнинг нуфузини кўтаришга, фуқароларни қонунларга риоя этиш руҳида тарбиялашга, қолаверса шахс, жамият ва давлатнинг манфаатларини ҳимоя этишга қаратилган. Бунда халқ маслаҳатчиларининг раислик этувчи билан бир қаторда жиноят ишининг муҳокамасида юзага келган барча масалаларни ҳал этишда ва суд қарори чиқаришда тенг ҳуқуққа эга эканлиги билан аҳамиятлидир.

Одил судловни амалга оширишда халқ маслаҳатчилари иштирокининг хусусиятлари кўп жиҳатдан ушбу институтнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ёрдамида тартибга солинишида ўз аксини топади. Мазкур институтга оид нормалар Жиноят-процессуал кодекси, “Судлар тўғрисида”ги Қонун ва “Судьяларнинг малака ҳайъатлари тўғрисида”ги Низомда белгилаб қўйилган.

Жиноят-процессуал кодексининг 13 ва 30-моддаларига ва Жиноят кодексининг 15-моддасига мувофиқ, ўз хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасига кўра, ўта оғир тоифали жиноят иши биринчи инстанция суди томонидан ҳайъатда кўрилади, бунда суд таркибига судья ва икки нафар халқ маслаҳатчиси киради. Жиноят ишини кўришда ушбу суд таркибида тайинланган ёки сайланган судьялар ва судьянинг барча ҳуқуқларидан фойдаланиш имкониятларига эга бўлган халқ маслаҳатчилари қатнашадилар.

“Судлар тўғрисида”ги қонуннинг 59-моддасида халқ маслаҳатчиларига нисбатан қўйилган талабларга кўра, ўттиз беш ёшдан кичик бўлмаган, фуқароларнинг яшаш ёки иш жойидаги йиғилишида очиқ овоз бериш йўли билан икки ярим йил муддатга сайланган Ўзбекистон Республикаси фуқароси халқ маслаҳатчиси бўлиши мумкин.

Шунингдек, ҳақиқий ҳарбий хизматни ўтаётган, сайлов кунида ўттиз беш ёшга тўлган, ҳарбий қисмлар ҳарбий хизматчиларининг йиғилишларида очиқ овоз бериш йўли билан икки ярим йил муддатга сайланган Ўзбекистон Республикаси фуқароси ҳарбий суднинг халқ маслаҳатчиси бўлиши мумкин.

Халқ маслаҳатчиларининг жиноят ишларини кўришдаги иштироки жамиятнинг давлат билан ўзаро самарали алоқасини таъминлашнинг муҳим воситаларидан бири бўлиб ҳисобланади. Жамоатчиликнинг суд ишларида фаол иштироки одил судлов фаолиятининг очиқ-ошкоралигини таъминлайди, фуқароларнинг суд ҳокимиятига ишончини мустаҳкамлайди.

Шу маънода халқ маслаҳатчиларининг жиноят ишларини судда кўришдаги иштироки жиноят процессининг демократик асосларини мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга хизмат қилади. Чунки, халқ маслаҳатчилари иш натижаларидан манфаатдор бўлмаган шахслар сифатида жиноий-процессуал фаолиятни амалга оширишга жалб этилади. Бу ҳолат, ўз навбатида, одил судловнинг сифати ва самарадорлигини оширади, объективлик, адолат ва қонунийлик каби тамойилларни ўзида мужассам этади. Фуқароларнинг судга бўлган ишончи янада ортишига хизмат қилади.

Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эга эканликлари асосий Қонунимизнинг 36-моддасида белгилаб қўйилган. Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда фуқаролар нафақат жамият ва давлат ишларида, айни чоғда судларда жиноят ишларининг адолатли тарзда кўриб чиқилиши ва қонуний ҳал этилишида ҳам фаол иштирок этишмоқда.

Халқ маслаҳатчилари одил судловни амалга оширишда судьянинг ҳуқуқларидан фойдаланади.

Халқ маслаҳатчилари судлардаги ўз вазифаларини бажаришга бир йилда кўпи билан икки ҳафтага навбатма-навбат чақирилади. Бундан уларнинг иштирокида бошланган суд ишини кўришни тугаллаш зарурати бу муддатни узайтиришни тақозо этган ҳоллар мустасно. Шу даврда уларнинг иш жойидаги ўртача иш ҳақи сақланиб қолади.

Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 22 апрелдаги ЎРҚ-368-сонли Қонуни билан тасдиқланган “Судьяларнинг малака ҳайъатлари тўғрисида”ги Низомнинг 8-бобида белгиланган тартибга риоя этган ҳолда жорий йилда корхона, ташкилот, муассаса ва ўзини-ўзи бошқариш органларида халқ маслаҳатчилари сайлови ўтказилди.

Зеро халқ маслаҳатчиларининг жиноят ишлари бўйича судлардаги иштироки шахс, жамият ва суд ҳокимияти ўртасидаги ижтимоий алоқаларни мустаҳкамлаш баробарида қонун устуворлиги ва ижтимоий адолатни таъминлашга хизмат қилади

 

Фозил Юсупов, жиноят ишлари бўйича Косон туман суди раиси

 

Skip to content