Оила ва никоҳ қадриятлари

Оила жисмонан соғлом, маънан етук фарзандларни камолга етказувчи мўжаз маскан. Ҳар жиҳатдан баркамол фарзандлар эса, эртамиз эгалари, нурли келажагимизнинг том маънодаги бунёдкорларидир. Айни чоғда, оиладаги тотувлик ва аҳиллик кишининг онгида хаётга муҳаббат, касбга садоқат, атрофдагиларга нисбатан ҳурмат ва эътибор сингари юксак инсоний фазилатларни ҳам шакллантиради. Шу боисдан ҳам мамлакатимизда оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, уни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилади.

Юртимизда ҳар бир оила давлат муҳофазасига олинган бўлиб, Оила кодекси ва Олий суд Пленуми қарорига асосан тартибга солиш, оилавий ажралишларнинг олдини олиш, нафақат эр-хотин балки вояга етмаган фарзандларнинг ҳам ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим аҳамиятга эга. Эътиборли жиҳати шундаки, ажралиш арафасида турган оилаларни яраштириш, юзага келган низоларни тинч йўл билан бартараф этиш борасида фуқаролик ишлари бўйича судлар ҳамда маҳалла фуқаролари йиғинлари қошида ташкил этилган яраштирув комиссиялари томонидан зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бироқ, олиб борилаётган изчил ишларга қарамай оилавий ажралишларнинг сони ортиб бормоқда.

Пароканда бўлган оилалар ҳақида сўз борар экан, бегуноҳ фарзандлар тақдири кишини беихтиёр ташвишга солади. Негаки, ота-онанинг айро яшашидан мурғак фарзандлар ҳаммадан кўп азият чекади.

Суд амалиётидаги таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, 2021 йилда никоҳдан ажратиш ҳақида кўрилган фуқаролик ишлари статистикасига қараганда, судларга 3843 та даъво аризалари келиб тушган.

Шундан, 2379 та оилаларни яраштириш чоралари кўрилишига қарамай оила барбод бўлган ва никоҳдан ажратилган. 1205 та оилани ярашиб кетишига имкони бўлганлиги сабабли даъво талаблари рад ва кўрмасдан қолдирилган.

Бундан ташқари, 259 та оила фуқаролик ишлари бўйича судларнинг ташаббуси билан яраштирилиб, иш юритиш тугатилган ҳамда ҳозирги кунда биргаликда бахтли оила бўлиб яшаб келмоқда.

Вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан ўрганиш даврида никоҳдан ажратиш сабаблари таҳлил қилинганида, оилада моддий етишмовчилик, спиртли ичимликлар истеъмол қилиш, фарзандсизлик, ҳарактерлари тўғри келмаслик сабаблари кўплаб қайд этилган. Шунингдек никоҳдан ажратишнинг бошқа сабабларида аксарияти тарафларнинг ўзаро ишончни йўқотганлиги, қайнона-қайноталарнинг оиладаги аралашуви, эр-хотиннинг оилавий муносабатларида ўзаро келишмовчиликлар сабаблари ҳам кўплаб учрайди.

 

Баҳодир Азизов, Қашқадарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси

Д И Қ Қ А Т, Т А Н Л О В!

Қашқадарё вилоят, туманлараро, туман ва шаҳар судларининг қуйидаги бўш иш ўринларига танлов эълон қилинади:

-Қашқадарё вилоят судининг катта консультант вазифасига 1 нафар, (Қашқадарё вилоят суди Раёсатининг 2022 йил 22 январдаги РС-2-22-сонли қарорига кўра қуйи судда камида 1 йиллик узлуксиз меҳнат стажига эга бўлиш талаб этилади)

-Жиноят ишлари бўйича Касби туман судининг судья ёрдамчиси вазифасига 1 нафар;

-Жиноят ишлари бўйича Қамаши туман судининг судья ёрдамчиси вазифасига 1 нафар

-Жиноят ишлари бўйича Косон туман судининг судья ёрдамчиси вазифасига 1 нафар

-Жиноят ишлари бўйича Яккабоғ туман судининг судья ёрдамчиси вазифасига 1 нафар;

-Жиноят ишлари бўйича Деҳқонобод туман судининг судья ёрдамчиси вазифасига 1 нафар.

Танловда олий юридик маълумотли, Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган шахслар қатнашиши мумкин.

Номзодлар очиқлик, шаффофлик, тенглик принциплари асосида Комиссия томонидан белгиланган тартибда суҳбатдан ўтказилади.

 

Аризалар 2022 йил 28 февраль соат 17:00 га қадар қабул қилинади.

Мурожаат учун тел: (75) 221-0558.

Электрон почта манзили jib.qash.mh@sud.uz

Манзил:  Қашқадарё вилоят суди (180108, Qarshi, Bunyodkorlik k, 10auy)

Қашқадарё вилоят судида семинар ташкил этилди

Бугунги кунда илм, фан ва технологияларнинг жадал ривожланаётгани натижасида одамлар ўртасидаги ижтимоий муносабатларнинг турлари ва доираси кенгаймоқда. Жиноий-ҳуқуқий муносабатлар ҳам бундан мустасно эмас. Бинобарин, жиноятларни фош этиш, тергов қилиш ва судда кўриб чиқиш тартибини ҳам ислоҳ қилиш зарурати туғилаяпти.

Мамлакатимизда ҳам сўнгги йилларда жиноят ишларини юритишнинг анъанавий шаклларидан воз кечилиб, иш юритишни дифференциялаштиришга катта эътибор қаратилмоқда.

Қашқадарё вилоят судининг ташаббуси билан “Айбга иқрорлик тўғрисидаги келишув” ва “Дастлабки эшитув” институтларини қўллаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2021 йил 27 ноябрдаги “Терроризм ва экстремизмни молиялаштиришга оид жиноят ишлари бўйича суд амалиётининг айрим масалалари тўғрисида”ги Қарори мазмун-моҳияти юзасидан видеоконференцалоқа режимида семинар ташкил қилинди.

Семинарда прокуратура, суриштирув ва тергов органлари вакиллари ҳамда адвокатлар иштирок этишди.

2021 йил 18 февралда «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ҳамда Жиноят-процессуал кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги 675-сонли Қонуни билан Жиноят-процессуал кодексига айбга иқрорлик тўғрисидаги келишув институти 62¹-боб сифатида ва “Дастлабки эшитув” институти 491-боб сифатида киритилди.

Семинарда, вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан мазкур институтларини қўллаш бўйича ўтган даврда суд амалиёти умумлаштирилганлиги ва таҳлил натижаларида аниқланган ҳолатлар сарҳисоб қилинди. Бу борада, йўл қўйилаётган хатоликлар, ушбу институтларни самарали қўллаш, вужудга келаётган муаммоалар ҳамда уларнинг ечими бўйича фикрлар билдирилди. Суриштирув, тергов органлари ва адвокатлар томонидан бу борада билдирилган фикрлар, таклифлар эшитилиб, савол-жавоб руҳида давом эттирилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2021 йил 27 ноябрдаги “Терроризм ва экстремизмни молиялаштиришга оид жиноят ишлари бўйича суд амалиётининг айрим масалалари тўғрисида”ги Қарорининг мазмун-моҳияти юзасидан фикр юритилиб, тергов органи амалиётида вужудга келаётган муаммолар ечими бўйича таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.

Семинардан кўзланган мақсад, фуқароларнинг ҳуқуқий кафолатлари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг амалга ошириши лозим бўлган ҳаракатлари юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгилашдан иборат эканлиги таъкидланди.

Семинар якунлари бўйича келгусида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда бу каби семинар машғулотларини мунтазам ташкил қилиш, кун тартибидаги масалаларни ўзаро келишган ҳолда белгилаш, бунда айнан муаммоли масалаларни танлаб олиш ҳақида келишиб олинди.

 

Шаҳзод Бахтиёров, Қашқадарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судьяси

Афв – адолат ва инсонпарварлик ифодаси

Авф этиш – бу инсонпарварлик, бағрикенглик, кечиримлилик билан қонунийлик ва адолатни таъминлашдир.

Эътироф этиш керак, давлатимиз раҳбарининг судлар томонидан ҳукм қилинган маҳкумларни афв этиш тўғрисидаги Фармонлари халқимизнинг инсонпарварлик, бағрикенглик, кечиримлилик каби ўзига хос қадриятларининг чин маънодаги юксак намунаси бўлмоқда. Бунга жойларда мазкур ҳужжатнинг мазмун-моҳиятига бағишлаб ўтказилаётган тадбирлар, аҳоли билан бевосита мулоқотларда оддий одамлар билдираётган миннатдорлик сўзлари яққол мисол бўла олади.

Бизга маълумки, илгари ҳар йили юритимизда жиноят содир этган шахсларни кечиришнинг муҳим механизми ҳисобланган амнистия актлари қабул қилиб келинган. Бироқ, амнистияда аввал жиноятлар тоифасида белгиланиб, кейин эса ана шу жиноятлар тоифасига тушадиган шахслар доираси аниқланган бўлиб, бу эса, қилмишига пушаймон бўлмаган, етказилган зарарни тўлиқ қопламаган шахслар ҳам амнистия таъсирига тушишларига икмон берган ва жиноят содир этган шахсларда жазони ҳис этмаслик каби нотўғри фикрнинг шаклланишига ва жабрланган шахсларнинг ҳақли эътирозларига замин яратарди.

Президентимиз томонидан бу жараёндаги ноҳақликларга барҳам бериш мақсадида мутлоқо янгича ислоҳатга қўл урилди ва авф этиш ҳақидаги ҳужжатларни тайёрлаш ва тақдим қилиш бўйича махсус комиссия, ишчи гуруҳлар тузилди.

Кейинчалик, яъни 2018 йил 8 майда Ўзбекистон Республикаси Президентининг авф этишни амалга ошириш бўйича конституциявий ваколатини рўёбга чиқариш механизмларини такомиллаштириш мақсадида “Ўзбекистон Республикасида авф этишни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги Фармон қабул қилиниб, авф этиш тўғрисидаги илтимосномани тақдим этиш, расмийлаштириш ва кўриб чиқиш, шунингдек бу масалалар бўйича комиссия фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилаш бўйича Низом тасдиқланди.

Низомга мувофиқ, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, судлар, жамоат ташкилотлари вакилларидан иборат ишчи гуруҳлар комиссия билан ўзаро ҳамкорликда бевосита жойларга чиқиб, ҳар бир маҳкум билан алоҳида суҳбатлашиб, уларнинг шахсини ўрганиб чиқади. Шунингдек, содир этилган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражаси, унинг ўз қилмишидан пушаймонлиги, етказилган зарарнинг қопланганлиги, шахсини тавсифловчи ҳолатлар, ёши, соғлиғи, оилавий аҳволи, жабрланганлар, кенг жамоатчилик, маҳкумнинг яшаш жойи вакилларининг фикри ҳам эътиборга олинади.

Бу эса, ушбу механизмнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлайди.

Ҳар бир шахснинг озодликдан маҳрум этилиши билан боғлиқ шароитига алоҳида эътибор қаратилиб, бу шахснинг оила, маҳалла ва ҳудуддаги яшаш шароити ҳисобга олинмоқда.

Статистик маълумотларга эътибор қаратсак, ўтган 5 йил ичида 5362 нафар маҳкум авф этилган бўлиб, шундан 1242 нафари жазодан тўлиқ, 1104 нафари шартли озод қилинган бўлса, 496 нафар маҳкумнинг жазолари енгилроқ жазога алмаштирилган, 2515 нафарнинг жазо муддати қисқартирилган.

Авф этилганларнинг 405 нафари аёллар, 165 нафарини 60 ёшдан ошган эркаклар ташкил қилган, 219 нафари хориж фуқаролари ҳам авф этилганлар.

Яқинда эълон қилинган Фармон билан бу рўйхат янада кенгайди.

Президентимизнинг 2021 йил 31 январда қабул қилган Фармонлари билан озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига ўтган яна 63 нафар маҳкум авф этилди. Улардан 44 нафари жазодан шартли озод қилинган бўлса, 19 нафарига тайинланган жазо муддатлари қисқартирилди.

Бу билан қанчадан-қанча адашган ва тузалиш йўлига ўтган шахслар оиласи бағрига қайтиб, жамиятда ўз ўрни борлигини ҳис қилиш имконияти яратилмоқда.

Дарҳиқиқат, бугун юртимизда олиб борилаётган барча йўналишдаги ислоҳатларнинг марказида инсон омили турибди. Бу ҳаётий ҳақиқатни Прзидентимиз Ш.Мирзиёевнинг Олий Мажлисга йўллаган мурожаатномасидаги “Инсон манфаатлари ва яна бир бор инсон манфаати ислоҳотларнинг бош мақсади этиб белгиланди”-деб, билдирган сўзлари ҳам исботлаб турибди.

Зотан, ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад ҳам шу юртда яшаётган ҳар бир инсонинг орзу-умидларини рўёбга чиқариш ҳамда унинг учун муносиб турмуш шароитларини яратишдан иборат экан, адашиб жиноят кўчасига кирган, айни пайтда пушаймон ҳамюртларимизнинг тузалиш йўлига кириши, эркин ҳаётга қайтиши ва келгуси тақдирига барча бирдек маъсул эканлигимизни унутмаслигимиз даркор.

 

Ш.Бахтиёров, Қашқадарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судьяси

Мангуликка дахлдор мутафаккирлар

Шу кунларда сўз мулкининг султони, буюк мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 581 йиллиги ҳамда шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 539 йиллиги юртимиз бўйлаб кенг нишонланмоқда. Ана шундай тадбирлардан бири Қашқадарё вилоят судида бўлиб ўтди.

Буюк аждодларимиз таваллуди муносаби билан “Мангуликка дахлдор мутафаккирлар” деб номланган маънавий-маърифий тадбирда Қашқадарё вилоят суди раиси Абдуқаюм Маҳкамов, Қашқадарё вилоят Маъмурий суди раиси Холис Муҳамедов, Қашқадарё вилояти судлари судьялари, ходимлари, суд фахрийлари, адабиётшунослар ва санъат вакиллари иштирок этишди.

Тадбирда буюк сиймоларимиз Навоий ва Бобурнинг ижодий, маънавий мероси халқимизнинг қалб қўридан мустаҳкам жой олганлиги, ёшлар тарбиясида муҳим аҳамият касб этиши, уларни янада кенгроқ тарғиб этиш, ўқиб-ўрганиш зарурлиги, икки буюк шахснинг нафақат ўзбек адабий тили, адабиёти, балки ўзбек давлатчилиги, халқимиз маънавиятини юксалишидаги хизматлари беқиёс эканлиги таъкидланди.

Тадбирда сўз олганлар ва таклиф этилган адабиётшунослар Навоий ва Бобур ижодининг ўзига хос қирралари хусусида сўз юритишди, уларнинг ижодидан намуналар ўқишди. Алломаларимиз ғазалларига басталанган мумтоз қўшиқларнинг ижро этилиши эса тадбир иштирокчиларига бир олам қувонч бағишлади.

 

Қашқадарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими

Сифатли ижро – муҳим масала

Бугунги кунда мамлакатимизда суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини илғор хорижий тажриба асосида такомиллаштириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилиб келинмоқда.

Қашқадарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан жорий йилда Мажбурий ижро бюроларига жами 51.742 та 249.251.392.673 сўмлик ижро ҳужжатлари электрон тарзда юборилган.

Хусусан, 25.514 таси 18.487.338.374 сўмлик давлат божи ундириш тўғрисидаги, 1147 та 1.927.902.959 сўмлик коммунал қарздорлик ундириш ва бошқа тоифадаги ижро ҳужжатлари юборилган.

Шундан 8182 та 33.270.315.594 сўмлик ижро ҳужжатлари тамомланган.

Шунингдек, 42.964 та  211.425.532.024 сўмлик ижро ҳужжатлари ундирувчиларга юборилган бўлиб, ҳозирда ундириш жараёни давом этмоқда.

Бу каби ишлар фуқароларимизнинг одил судловга бўлган ишончини янада мустаҳкамлаш, суд ҳокмиятининг нуфузини кучайтириш мақсадида суд ҳужжатлари ижросининг самарадорлигини янада оширишга хизмат қилмоқда.

Қашқадарё вилоят суди судьялари ва Мажбурий ижро бюроси давлат ижрочилари иштирокида семинар  машғулоти ўтказилди. Семинар давомида суд ҳужжатларини ўз вақтида ва сифатли ижро этишнинг механизмларини жорий этиш, фуқароларимизнинг одил судловга бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши хусусида сўз борди.

Таҳлиллар кўра вилоят ва туманлараро, туман судлари томонидан чиқарилган ижро ҳужжатларининг аксарияти “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонуннинг 8-модда 1-қисм 4-банди, яъни “ундирувчи ва қарздорнинг номи, уларнинг манзиллари; жисмоний шахслар учун — қарздорнинг туғилган санаси ва жойи, иш жойи қарздор жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бўлмаган жисмоний шахсларнинг шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжатларнинг реквизитлари), шунингдек қарздор юридик шахснинг солиқ тўловчи идентификация рақами” талабларга риоя қилинмганлиги сабаби билан қайтарилган.

Ушбу қонуннинг 8-моддасига кўра, ижро ҳужжатида қуйидагилар кўрсатилиши лозим:

1) ижро ҳужжатини берган суд ёки бошқа органнинг номи;

2) ижро ҳужжатининг қайси иш бўйича берилганлиги ва унинг тартиб рақами;

3) ижро этилиши шарт бўлган суд ҳужжати ёки бошқа орган ҳужжати қабул қилинган сана;

4) ундирувчи ва қарздорнинг номи, уларнинг манзиллари; жисмоний шахслар учун — қарздорнинг туғилган санаси ва жойи, иш жойи қарздор жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бўлмаган жисмоний шахсларнинг шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжатларнинг реквизитлари), шунингдек қарздор юридик шахснинг солиқ тўловчи идентификация рақами;

5) суд ҳужжати ёки бошқа орган ҳужжатининг қарор қисми;

6) суд ҳужжати ёки бошқа орган ҳужжати кучга кирган сана;

7) ижро ҳужжати берилган сана ва уни ижрога топшириш муддати.

Суд ҳужжати асосида берилган ижро ҳужжати судья томонидан имзоланади ва суднинг гербли муҳри билан тасдиқланади.

Бошқа органнинг ҳужжати асосида берилган ижро ҳужжати мазкур ҳужжатни қабул қилган органнинг ваколатли мансабдор шахси томонидан имзоланади ва тегишли органнинг муҳри билан тасдиқланади.

Келгусида фуқаролик ишлари бўйича барча туманлараро ва туман суларининг “E-XSUD” электрон базаси билан ишлайдиган маъсул ходимлари электрон база билан ишлаш жараёнида хато ва камчиликларга йўл қўйилган тақдирда интизомий жавобгарликка тортилиши ҳақида огоҳлантирилди.

Бундан ташқари, судларга кайтарилган ижро ҳужжатларини бир иш куни муддати ичида камчилигини бартараф этган ҳолда қайтадан мажбурий ижро бюросига такроран юборилиши устидан доимий назорат олиб борилиши лозимлиги таъкидлаб ўтилди.

 

Баҳодир Азизов, Қашқадарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судьяси

Йўл қоидаси – умр фойдаси

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда ҳар бир соҳада бўлгани каби суд-ҳуқуқ соҳасида ҳам қонун устуворлиги ва жазо муқаррарлиги таъминланиб келмоқда.

Шунга қарамасдан, кундан-кунга сони ошиб, инсонларнинг бевақт ўлимига, соғлиғига жиддий зарар етишига сабаб бўлаётган йўл-транспорт ҳодисалари билан боғлиқ жиноятлар содир этилаётганлиги ачинарли ҳолат.

Деярли ҳар куни ижтимоий тармоқлар орқали жамиятимизда бу каби мудҳиш ҳолатлар содир этилаётганлигининг гувоҳи бўляпмиз.

Судлар томонидан маст ҳолда йўл-транспорт ҳодисаси содир этиб, фуқаронинг ўлимига ёки соғлиғига зарар етказиш билан боғлиқ жиноят содир этган шахсларга нисбатан кескин чоралар қўлланиб келинмоқда.

Шунга қарамасдан, мамлакатимизда транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш билан боғлиқ жиноятлари сони ортаётганлиги кузатилмоқда.

Масалан, Б.Янгиев 2020 йил 14 май куни соат 7:38ларда спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳолда, Самарқанд вилояти Булунғур тумани “У.Расулов” кўчаси 136-уйда яшовчи А.Насимовнинг номига расмийлаштирилган “АГБПАЗ-3742” русумли 30 F 948 KA давлат рақамли автомашинани транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларсиз Қарши тумани “Боғобод” ҚФЙ “Тўқманғит” қишлоғи ҳудудидан ўтувчи А-380 “Ғузор-Бухоро-Нукус-Бенау” автомобил йўлининг 60-километрида бошқариб бориб, йўлнинг ўнг обочина қисмида жойлашган “CAR WASH” метан ёқилғи қуйиш шаҳобчаси рўпарасида “Йўл-ҳаракати қоидалари”нинг 63-бандидаги, транспорт воситасини орқага ҳаракатлантиришда ҳайдовчи йўл ҳаракати ҳавфсизлигини таъминлаш ва бошқа йўл ҳаракати қатнашчиларига халақит бермаслиги шартлиги тўғрисидаги талабларга амал қилмасдан, автомашинаси билан орқа томонга ҳаракатланаётганида йўлнинг четида турган пиёда Д.Ризаевни уриб юбориб, йўл-транспорт ҳодисаси содир этиши оқибатида Д.Ризаев оғир тан жароҳати олиб, воқеа жойида вафот этган.

Мазкур иш судда кўрилиб, Б.Янгиевга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 266-моддасининг 2-қисми билан транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан 2 йил муддатга маҳрум қилиб, 6 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Кўриб турганимиздек, Б.Янгиев қилмишига яраша жазо олди, бироқ фарзандларига ота, турмуш ўртоғига суюкли ёр, ота-онасига ардоқли фарзанд бўлган марҳум Д.Ризаев эса ҳаётдан бевақт кўз юмди, бебаҳо аталмиш унинг навқирон умри эрта хазон бўлди.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, барчамиз бирдек қонунларга, транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларига амал қилишимиз даркор.

 

Фозил Юсупов, Қашқадарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси

Д И Қ Қ А Т, Т А Н Л О В!

Қашқадарё вилоят, туман, шаҳар ва туманлараро судларининг қуйидаги бўш иш ўринларига танлов эълон қилинади:

-Жиноят ишлари бўйича Касби туман судининг судья ёрдамчиси вазифасига 1 нафар,

-Жиноят ишлари бўйича Қамаши туман судининг судья ёрдамчиси вазифасига 1 нафар,

-Жиноят ишлари бўйича Косон туман судининг судья ёрдамчиси вазифасига 1 нафар,

-Жиноят ишлари бўйича Яккабоғ туман судининг судья ёрдамчиси вазифасига 1 нафар.

Танловда олий юридик маълумотли, Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган шахслар қатнашиши мумкин.

Номзодлар очиқлик, шаффофлик, тенглик принциплари асосида Комиссия томонидан белгиланган тартибда суҳбатдан ўтказилади.

Аризалар 2022 йил 1 февраль, соат 17:00 га қадар қабул қилинади.

Мурожаат учун тел: (75) 221-0558.

Электрон почта манзили: jib.qash.mh@sud.uz

Манзил: Қашқадарё вилоят суди. (180108, Қарши шаҳри Бунёдкорлик кўчаси 10a уй)

Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси – демократик ислоҳотлар асоси

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг лавозимга киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги «Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси асосида демократик ислоҳотлар йўлини қатъий давом эттирамиз» нутқи мамлакатимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги учун муҳим аҳамият касб этади.

Ўтган йилларга назар солиб, англашимиз мумкинки кенг кўламли ислоҳотларнинг гувоҳи бўлдик. Ҳар бир соҳадаги ўзгариш, татбиқ этилган замонавий амалиётлар, лойиҳалар, инсон фаровонлиги ва унинг қадр-қимматини оширишга қаратилган манзилли чора-тадбирларнинг барчаси амалда бўй кўрсатди. Йиллар давомида турли соҳаларда нафақат фуқароларга қулайлик яратилди, балки хизмат кўрсатишнинг соддалаштирилган ва замонавий технологиялар асосида тадбиқ этилаётган жиҳатлари оммалашди. Бугун ҳам янгидан-янги креатив ёндашувларни кўриб, юксалишлар тенденциясининг фаол аъзоси сифатида қувонамиз. Давлатимиз раҳбари томонидан келтирилаган мисоллар, асосли таклиф ва тадбиқ этилиши белгиланган ташаббуслар эса ўтган беш йиллик стратегиянинг манзилли давоми сифатида янада кўплаб ўзгариш ва янгиланишларни ўзида мужассам этади.

Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси етти йўналишдан иборат этиб белгиланганлиги эътиборга молик. Президентимиз мазкур рақамни бахт-саодат ва омад келтирадиган, эзгу ниятни рўёбга чиқарадиган ҳосиятли тимсол сифатида баҳолайдилар.

Мазкур ҳужжатда “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” деган тамойил асосий ғоя ва бош мезон сифатида белгиланган ҳамда “инсон – жамият – давлат” деган янги тамойил фаолиятининг асоси ҳисобланади.

Стратегия эркин фуқаролик жамиятини ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш, адолат ва қонун устуворлиги – халқчил давлат қуриш, миллий иқтисодиётни, унинг ўсиш суръатларини замон талаблари даражасида ривожлантириш, адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, сифатли таълим-тарбия, маънавий ва маърифий соҳалардаги ислоҳотлар, Қуролли Кучларимиз қудратини янада ошириш сингари муҳим масалаларни қамраб олган. Аҳоли бандлигини таъминлаш, ёшлар ва ишсиз фуқароларни давлат ҳисобидан малакали касб-ҳунарга ўқитиш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, эҳтиёжманд аҳолини манзилли қўллаб-қувватлаш орқали 2026 йилгача камбағалликни икки баробар қисқартиришни кўзда тутади.

Еттинчи йўналишда ташқи сиёсат масаласига алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, яқин қўшнимиз бўлган Афғонистонда тинч ва осойишта ҳаётни тиклаш, бу мамлакатда иқтисодий ва гуманитар инқирозга йўл қўймаслик учун афғон халқига ёрдам кўрсатиш, Афғонистон билан биргаликда йирик транспорт-коммуникация лойиҳаларини амалга ошириш масаласи кўтарилган.

Россия, Хитой, Америка Қўшма Штатлари, Туркия, Ҳиндистон, Покистон, Германия, Франция, Жанубий Корея, Япония, Бирлашган Араб Амирликлари ва дунёнинг барча минтақаларидаги шерикларимиз билан ўзаро манфаатли ва кўпқиррали алоқаларни кенгайтиришга алоҳида эътибор берамиз. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва унинг ихтисослашган тузилмалари, Парламентлараро иттифоқ, халқаро молиявий институтлар ва минтақавий ташкилотлар, жумладан, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Туркий Кенгаш, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти билан кўп томонлама муносабатларни янги, амалий маъно-мазмун билан бойитамиз.

Биз – дунёга, дунё – бизга очиқ бўлиши керак. Бугунги ҳаёт, бугунги тараққиётнинг талаби ҳам аслида шу. Биз ана шу ҳал қилувчи тамойилни албатта ҳаётимиз қоидасига айлантирамиз, – дейди юртбошимиз.

Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси мамлакатимиз ривожининг муҳим фундаментал асосларини ўзида қамраб олган бўлиб, фаолиятимизнинг устувор вазифаларини белгилаб беради. Халқаро ҳамжамиятдаги давлатимиз мавқеини ва обрўсини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

 

Баҳодир Азизов, Қашқадарё вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси

Судьялар ҳуқуқий тарғибот ўтказишди

Косон туманлараро иқтисодий судининг раиси Акром Тўрақулов ва Косон туманлараро иқтисодий судининг судьяси Абдулла Сафаровлар томонидан Косон тумани “Муғжагул” маҳалла фуқаролар йиғинида давра суҳбати ўтказилди.

Унда Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар юзасидан қизғин давра суҳбати амалга оширилди. Йиғилишда иштирок этган фуқароларни қизиқтирган саволлар юзасидан тегишли тартибда тушунтиришлар бериб ўтилди.

 

Қашқадарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими

Skip to content