Коррупцияга қарши кураш – давр талаби

Давлат кадастрлар палатаси Қашқадарё вилоят бошқармаси Қарши шаҳар филиалида Қашқадарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан давра суҳбати ташкил қилинди.

Учрашувда иштирок этган вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьялари Ф.Ниязов, Ш.Бахтиёров, Ф.Юсупов ва Б.Турдиевлар коррупциявий жиноятлар, коррупцияга қарши курашиш борасида қабул қилинган Фармон, қарорлар, фирибгарлик билан боғлиқ жиноят ишлари бўйича жавобгарлик, жиноятларнинг келиб чиқишига шарт-шароит яратиб бераётган омиллар ва ижтимоий муносабатлар, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 210-212-моддаларида назарда тутилган жиноятлари ва улар учун жавобгарлик ҳамда жазо тизими ҳамда жисмоний ва юридик шахсларга ер майдонлари ажратилиши, кўчмас мулкларга нисбатан мулк ҳуқуқи ва бошқа ҳуқуқларнинг берилиши билан боғлиқ қонунчилик нормалари ҳақида маърузалар қилиниб, учрашув иштирокчиларини қизиқтирган саволларга жавоблар берилди.

Келгусида бу каби учрашувларни мунтазам равишда ўтказиб бориш борасидаги таклифлар маъқулланиб, учрашувлар янада самарали бўлишига эришиш мақсадида ҳамкорликни кучайтиришга келишиб олинди.

 

Қашқадарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими

 

Даъво аризаси, ариза ҳамда шикоятни судга тааллуқли бўлмаганлиги сабабли қабул қилишни рад этиш ёки иш бўйича иш юритишни тугатиш тақиқланади

“Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори қабул қилинди.

Ушбу қарор билан давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда маъмурий суд ишларини юритишни халқаро стандартлардан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириш мақсадида:

маъмурий суд ишларини юритишни “суднинг фаол иштироки” тамойили асосида амалга ошириш, бунда маъмурий судларга ишнинг ҳақиқий ҳолатларини аниқлаш учун ўз ташаббуси билан далилларни йиғиш мажбуриятини юклаш, ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки тадбиркорлик субъектига эса далилларни йиғишда фақат ўз имконияти доирасида иштирок этишга шароит яратиш;

ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки тадбиркорлик субъектига оммавий-ҳуқуқий муносабатдан келиб чиқадиган низо билан бирга унга сабабий боғланишда бўлган зарарни ундириш талабини ҳам маъмурий судга билдириш ҳуқуқини тақдим этиш ҳамда бундай талабларни кўриб чиқишни маъмурий судлар ваколатига ўтказиш;

маъмурий судларнинг оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича ҳал қилув қарорлари давлат органлари ёки ташкилотлари томонидан ижро қилинмаган тақдирда, уларнинг мансабдор шахсларига нисбатан суд жарималарини қўллаш;

оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича тарафлар ўртасида ярашувга эришиш механизмлари процессуал қонун ҳужжатларида белгиланади.

Бундан ташқари, белгиланаётган тартиблар доирасида тарафларга, қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда, оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича келишув битимини тузиш ҳуқуқини бериш;

давлат органлари ёки ташкилотлари оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган иш бўйича ҳал қилув қарорини у қонуний кучга кирган кундан бошлаб бир ой давомида ижро қилиш ҳамда бу ҳақда маъмурий судга хабар бериш;

давлат органлари ёки ташкилотлари томонидан оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган иш бўйича суд ҳужжати ижро қилинмаганлиги учун давлат органлари ёки ташкилотларининг мансабдор шахсларига нисбатан суд жаримасини қўллаш;

давлат органлари ёки ташкилотлари томонидан оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган иш бўйича ҳал қилув қарорининг такроран ижро қилинмаганлиги учун давлат органлари ёки ташкилотларининг мансабдор шахсларига нисбатан дастлаб қўлланилган суд жаримасини оширилган миқдорда қўллаш белгилананади.

Эндиликда судлар томонидан даъво аризаси, ариза ҳамда шикоятни судга тааллуқли бўлмаганлиги сабабли қабул қилишни рад этиш ёки иш бўйича иш юритишни тугатишни тақиқлаш, бунда даъво аризаси, ариза, шикоят ёки ишни уларни кўриб чиқишга ваколатли судга ўтказиш, бир суд иши доирасида баъзилари маъмурий судга, бошқалари эса фуқаролик ишлари бўйича судга тааллуқли бўлган бир нечта талабни бирлаштириш тақиқланади.

Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда маҳаллий ижро ҳокимияти органлари биноларининг фуқаролар қабули учун ажратилган махсус жойларида маъмурий судларнинг ижро органлари фаолиятида қонунийликни таъминлашдаги ўрни ва улар томонидан кўриладиган ишлар ҳақида тушунтириш берадиган баннерларнинг кўринарли қилиб жойлаштирилишини ҳамда ижтимоий роликларнинг доимий асосда намойиш этилиши таъминланади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорида белгиланган вазифалар мамлакатимизда суд тизимини демократлаштириш, судлар фаолияти шаффофлигини таъминлаш, аҳоли билан мулоқотни кенгайтириш ва одил судловни амалга оширишда жамоатчилик ролини кучайтиришга қаратилган ишларнинг давом эттириб давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлашга хизмат қилади.

 

Руслан Заиров, фуқаролик ишлари бўйича Чироқчи туман суди раиси

“Банкротлик ишлари мавзусида” давра суҳбати ўтказилди

Косон туманларо иқтисодий суди судьяси Абдулла Сафаров иштирокида Косон туман Давлат солиқ инспекцияси биносида “Банкротлик ишлари мавзусида” давра суҳбати ўтказилди. Тадбирда Абдулла Сафаров томонидан Ўзбекистон Республикасининг “2022 йил учун Ўзбекистон Республикасининг давлат бюджети тўғрисида”ги Қонуни ижросини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 73-сонли Қарори бўйича солиқ органлари томонидан солиқ турлари бўйича даромадлар прогнозининг ошириб бажарилган қисми Қорақалпоғистон Республикаси Республика бюджети, вилоятлар бюджетлари ва Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджетида жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи, фойда солиғи, қўшилган қиймат солиғи бўйича даромадлар прогнозининг ошириб бажарилган қисми тўлиқ ҳажмда қолдирилиши бўйича тушунтиришлар ва мазкур Қарор ижроси бўйича солиқ хизмати органлари томонидан эътибор берилиши лозим бўлган ҳолатлар юзасидан фикрлар билан билдирилди.

Шу билан бирга давлат солиқ инспекцияси ходимларига Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг ўринбосари ва Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг ўринбосари томонидан 2022 йил 7 февралда имзоланган қўшма кўрсатма юзасидан солиқ органлари томонидан судларга банкротликнинг соддалаштирилган тартибида даъво аризаси киритилганда амалга ошириши лозим бўлган ҳолатлар бўйича ўз тушунтиришларини берди. Тадбир савол ва жавобларга бой тарзда ўтди.

 

Қашқадарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими

Ёшлар коррупцияга қарши

Қарши шаҳридаги Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академик лицейида “Ёшлар коррупцияга қарши” мавзусида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Қашқадарё вилоят суди жиноят судлов ҳайъати судьялари, лицей ўқитувчилари ва ўқувчилари иштирок этди. Тадбирни академик лицей директори подполковник М.Дўстёров очди. Тадбирда ҳозирги кунда мамлакатимизда суд ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар, ёшлар ўртасида рўй бераётган ҳуқуқбузарликларнинг турли кўринишлари, безорилик, ўғрилик ҳақида, шунингдек, жамиятимизда юз бераётган бошқа жиноятлар ҳақида иштирокчиларга Қашқадарё вилоят суди жиноят судлов ҳайъати судьялари Фаррух Ниёзов ва Шаҳзод Бахтиёровлар маъруза қилишди.

Бундан ташқари учрашувда жамиятда жиноятчиликнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш мақсадида ёшлар ўртасида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари томонидан амалга оширилаётган амалий ишлар тўғрисида ҳам фикр юритилди. Очиқ мулоқот руҳида ўтган йиғилишда давр муаммоси бўлган коррупцияга қарши кураш ва ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш мавзусида ўқувчилар томонидан берилган саволларга судьялар батафсил жавоблар беришди.

 

Қашқадарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими

Суд раислари ва ўринбосарлари Шаҳрисабз шаҳрида сайёр қабул ўтказишди

Жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, аҳолининг ҳуқуқий мавзудаги мурожаатларига ечим излашга қаратилган ишларни жонлантириш мақсадида Қашқадарё вилоят суд органлари масъуллари томонидан 2022 йилда ҳам олис қишлоқ, маҳалла ва овулларда сайёр қабуллар ташкил этиш бошланди. Қашқадарё вилоят судлари масъуллари иштирокидаги илк сайёр қабул Шаҳрисабз шаҳрида ўтказилди. Унда Қашқадарё вилоят суди раиси Абдуқаюм Маҳкамов, Қашқадарё вилоят маъмурий суди раиси Холис Муҳаммедов ва Қашқадарё вилоят суди раиси ўринбосарлари иштирок этишди.

Ташкил этилган сайёр қабулда суд қарорлари ва ажримлари билан боғлиқ бўлган ҳамда турли ижтимоий-иқтисодий масалаларда ҳуқуқий маслаҳат ва кўмак сўраб келган 13 нафар фуқароларнинг мурожаатлари тингланди. Ҳар бир мурожаат суд масъуллари томонидан атрофлича ўрганилди. Мурожаатлар назоратга олиниб, кўмак сўраб келган фуқароларга ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

Сайёр қабул доирасида ўтказилган сайёр суд мажлисида Шаҳрисабз шаҳар ИИБ томонидан берилган 2 нафар маҳкумнинг ўталмай қолган жазосидан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш ҳақидаги тақдимномаси кўриб чиқилди ва мазкур фуқаролар жиноят ишлари бўйича Шаҳрисабз шаҳар суди томонидан муддатидан илгари шартли равишда озод этилди.

 

Қашқадарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқлар бўлими

ТАДБИРКОРЛАР ДИҚҚАТИГА!

Тадбиркорлик субъектларининг қонуний манфаатларини таъминлаш, суд-ҳуқуқ соҳасидаги муаммоли масалаларига белгиланган тартибда ечим топиш мақсадида Қашқадарё вилоят судлари фуқаролик ва иқтисодий ишлар бўйича судьялари томонидан ҳафтанинг ҳар жума кунлари “Тадбиркорлар куни” деб эълон қилинганлиги ҳамда тегишли жадваллар асосида уларни қабул қилиш йўлга қўйилганлиги маълум қилинади.

Мурожаатлар учун телефонлар: (75) 221-13-55    (75) 221-03-76

ОНА ФАРЁДИ…

Вояга етмаган Суннат дарсдан чиқиб, курсдоши Бобурни чеккага имлади-да паст овозда:

– Кайфиятинг қалай?

– Пули йўқ одамда кайфият бўладими?

– Кеча Зиёд Арабов менга топшириқ берди. Битта бақувват шерик топ, қўшниси Хуршид Самарқандда ишларкан, уйида фақат чол-кампир… ўғирлик қиламиз, деяпти.

– Розиман. Менинг ҳаққим қанча бўлади?

– Овимиз бароридан келса сенга ва менга Зиёд беш миллион сўмдан пул беришини ваъда қилди.

– Бўпти. – деди Бобур ховлиқиб. – Қачон бошлаймиз.

Орадан бир кун ўтгач  Суннат Бобурга  қўнғироқ қилиб “Три  пальма” тунги клуби олдидаги нон цехига келишини айтди. Тунги клуб рўпарасидаги нон цехида Суннат Зиёд Арабов билан Бобур Эгамбердиевларни таништирди. Улар ташқарига чиқишиб:

– “Буюк Турон” маҳалласидаги “Ёғду” кўчасида чол-кампир ва Гулбиби Чориевалар яшашади. Ўғли Хуршид Самарқандда ишлайди. Пули кўп. Девордан ошиб тушиб, доллару, пуллари, тиллаворларини оламиз. – деб маслаҳатни пишитишди. Темир труба, арматура бўлаги, пичоқ, ёғоч таёқ ҳамда қўлқоп, кўз кўриши учун тешилган бош кийимлар олишиб йўлга тушишди. Улар Ҳуршиднинг уйига жиноят содир этиш учун борганларида чироқлар учган, ҳамма томон зимистон қоронғилик эди. Уйнинг дарвозаси калити тешигидан ичкарида меҳмонлар бор эканлигини, бу уйга бир ҳафта ўтгач ўғирликка келишиларини келишиб ортга қайтишди. Йўлда  “Акфа” урнатилган ховлига дуч келишди. Уйнинг девориям, дарвозасиям йўқ эди.

– Бу уйнинг эгасининг пули бўлса, дарвоза, девор қилдирган бўларди. Керакмас. – деган қарорга келишади.

Шунда Суннат Баҳриддиновни мияси ишлаб кетди.

– “Узуннаво”қишлоғида холам Зулайҳо яшайди. Пули-доллари, тилла тақинчоқларининг ҳам турли ҳиллари бор. – деб шерикларини холасиникига ўғирликка тушишга кўндиради. Суннат Баҳриддинов холасининг уй тузилишини, пуллари, долларлари қаерда туришини тушунтириб берди.

2019 йилнинг 16 январга ўтар кечаси соат 03.00 да Қарши тумани Боғобод МФЙ. Узуннаво қишлоғидаги 237 хонадонга келишиб, Зулайҳо Киямова Зарифовнанинг уйига бостириб киришди. Юзларига ниқоб, қўлларига қўлқоп кийиб олишган эди. Гуруҳ аъзолари биргаликда ҳаракат қилишиб, уй эгалари ухлаб ётганлигидан фойдаланиб, босқинчиликни бошлаб юборишди. Бобур Баҳриддинов Зулайҳо Киямованинг устига ўтириб олиб, аёлнинг оғзини қўли билан ёпиб, қўлидаги темир бўлаги ва мушти билан уради. Зиёд Арабов ҳамда Бобур Эгамбердиевлар диванда ухлаб ётган З.Киямованинг ўғли  А.Тошпўлатовнинг боши ва танасига қўлларидаги қуроллари: темир труба, арматура ва ёғоч таёқлар билан танасининг турли соҳаларига дамба-дам, кўп миқдорда уриб жароҳат етказишади. Унинг ўлимини тезлаштириш мақсадида устига кўрпачалар бостириб, хонтахтани устига қуйишади. Ўғлининг калтакланаётганини кўрган она:

– Ўғлимга тегманглар, ана нима керак бўлса олинглар. – деб босқинчиларга ялинишга тушди. Зулайҳонинг гапираётганини кўрган босқинчи “Яна гапираяпти!” деб мушти билан урди. Она бор овози билан хириллаб “Асилжон!!! Асилжон!!!” дея фарёд чекди. Она гапирмаслиги учун унинг томоғидан босқинчи бўғиб олди. Шундаям Зулайҳо Зарифовна танасига урилаётган муштларга чидаб, бир иложини қилиб ўғли Асилжон ётган томонга бурилиб олди. Қора рангли шапка кийган, юзи очиқ ҳолатда бўлган нотаниш болага кўзи тушди. Босқинчининг юз тузилишини эслаб қолди. Нотаниш  бола қўлидаги нарсаси билан Аслиддин Тошпўлатовнинг боши, юзи, танасининг турли жойларига ураётганлигини, тепаётганлигини кўрди. Орқадан бир босқинчи “Кўрпасини олиб ташлаб ур!” дегач, ялинчоқ овозда:

– “Ўғлимни урма, нима керак  бўлса ол, фақат боламга тегинма!” деб йиғлаб ёлворди.

-Ия, бу аёл ҳали тирикку, унинг вена томирини тез кес, ўшанда ўлади. –

деб буйруқ берди. Зулайҳонинг устида ўтирган бола аёлнинг ўнг кафти томирини кесиб ташлади. Кейин аёлнинг бошини чап томонга қайириб, қаттиқ жисм билан урди, ўнг томонга қайириб яна урди, Зулайхо Зарифовна “Ўзини ўлганга солиб ётмаса ўғли Аслиддин Тошпўлатовга умуман ёрдам бера олмаслигини пайқаб, гуёки ўзини ўлгандек кўрсатиб ётди. Аёлнинг устидаги босқинчи унинг ўлган ёки ўлмаганлигини текшириб кўриш учун яна бир неча марта урди. Аммо Зулайҳо барчасига чидаб гўёки ҳушсиздек ётаверди. Зулайҳонинг тиббиётдан хабари борлиги учун қўлининг кесилган жойини букиб, қонни тўхтатишга ҳаракат қилди. Унинг устига кўрпаларни ташлашди, кўрпаларнинг бир бурчидан босқинчиларни кузатишга эришди ва ҳушидан кетди.

Босқинчилар Аслиддин Тошпўлатовнинг бошига қаттиқ жисм билан урганларида боши ёрилиб, зарб таъсирида отилган қонлар деворларга сачради. Калтакланиш таъсирида Аслиддин Тошпўлатов ўлди.

Босқинчилар 27.057.500 сўмлик тилла ва кумуш тақинчоқларни, 8.675.000 сўмлик кийим – кечакларни, 6655 АҚШ долларини, 44.530.000 пул маблағларини, 1 дона 1.100.000 сўмлик “Самсунг Ж2”, 1 дона 120.000 сўмлик “Нокиа”, 1 дона 100.000 сўмлик уяли телефонларни эгаллаб олишиб, жами: 139.259.455.05 сўмлик нарсаларни олиб жўнаб қолишди.

Босқинчилар кетишгач Зулайҳо Зарифовна ҳушига келиб, диванда ўғли йўқ эканлигини, ўзи полда ётганлигини, деворларга қон сачраганлигини кўрди. Судралиб уйдан чиқдида дарвозага, ундан бир девор қўшниси
Рустам Эшонқуловнинг уйи томон судралди. Қўшниси Рустам Эшонқулов ёрдамга келди.

Бу жиноятни содир қилганлар:

Арабов Зиёдбек Улуғбекович, 2000 йил 21 сентябр куни Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида туғилган, ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти тугалланмаган ўрта-махсус, Қарши шаҳридаги “Агробизнес ва тадбиркорлик” коллежининг 3-босқич талабаси.

Эгамбердиев Бобурбек Баҳодирбекович, 2000 йил 16 декабр куни Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида туғилган, ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти тугалланмаган ўрта-махсус, Қарши шаҳридаги “Агробизнес ва тадбиркорлик” коллежининг 3-босқич талабаси, муқаддам: Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судининг 2018 йил 11 декабрдаги ҳукмига асосан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 131-моддаси 2-қисми билан айбли деб топилиб, ЖКнинг 82-моддасига асосан энг кам ойлик иш ҳақининг 7 баравари миқдорида, яъни 1.290.000 сўм жарима жазоси тайинланган.

Вояга етмаган Баҳриддинов Суннатбек Баҳриддинович, 2002 йил 23 январ куни Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида туғилган, ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти тугалланмаган ўрта-махсус, Қарши шаҳридаги “Агробизнес ва тадбиркорлик” коллежининг 3-босқич талабаси, муқаддам судланмаган, бўйдоқ, Қашқадарё вилояти Қарши шаҳри “Темирчи” МФЙ Ал-Насафий кўчаси 27-уйда яшаган.

Босқинчиларнинг ҳар бири узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

 

Фаррух Ниёзов, Қашқадарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судьяси

«Менга қонун талабларини тўғри тушунтиришгани учун суддан миннатдорман…»

Етказилган зарарни ундириш – мулк дахлсизлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялашда муҳим аҳамиятга эга.

Судланган О.Х. жабрланувчи Л.Днинг мулкини фирибгарлик йўли билан қўлга киритганликда айбланиб, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 1-қисми билан 1 йил 6 ойга озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинади.

Ишни апелляция инстанцияси судида кўриш давомида судланган О.Х ва унинг яқин қариндошларига Қонун талаблари, жумладан Жиноят кодекси 168-моддаси 5-қисми мазмуни тушунтирилиши натижасида унинг яқин қариндошлари томонидан жабрланувчига етказилган 17.120.000 сўм зарар тўлиқ ҳажмда қоплаб берилди.

Қашқадарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича апелляция инстанциясининг ажрими билан суд ҳукми ўзгартирилиб, иш бўйича етказилган моддий зарар қопланганлиги сабабли ЖКнинг 168-моддаси 5-қисми талабларидан келиб чиқиб, шунингдек мазкур жиноят иши ЖКнинг 66-1-моддасига асосан жиноят ишини тарафлар ярашганлиги муносабати билан тугатиш институти доирасига тушса-да, апелляция инстанцияси судида ишни ярашилганлиги муносабати билан тугатиш ваколати йўқлиги, бироқ О.Хнинг қонун билан қўриқланадиган ҳуқуқ ва манфаатларидан келиб чиқиб,  ЖКнинг 70-моддасига асосан жазодан озод қилинди. О.Хга нисбатан қўлланилган “Қамоқ” эҳтиёт чораси бекор қилиниб, суд залида қамоқдан озод қилинди.

“Менга қонун талабларини тўғри тушунтиришгани учун суддан миннатдорман, шу муддат давомида ўз ҳаракатларим қонунга хилоф эканлигини тушуниб етдим, келгусида бу каби ноқонуний ишларга аралашмайман, ҳалол меҳнат қилишга ваъда бераман. Суд-ҳуқуқ соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар самарасини ўз мисолимда кўриб турибман, Президентимизга катта раҳмат”, – дейди О.Х, ўз қилмишидан пушаймон бўлиб.

 

Шаҳзод Бахтиёров, Қашқадарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судьяси

Оила ва никоҳ қадриятлари

Оила жисмонан соғлом, маънан етук фарзандларни камолга етказувчи мўжаз маскан. Ҳар жиҳатдан баркамол фарзандлар эса, эртамиз эгалари, нурли келажагимизнинг том маънодаги бунёдкорларидир. Айни чоғда, оиладаги тотувлик ва аҳиллик кишининг онгида хаётга муҳаббат, касбга садоқат, атрофдагиларга нисбатан ҳурмат ва эътибор сингари юксак инсоний фазилатларни ҳам шакллантиради. Шу боисдан ҳам мамлакатимизда оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, уни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилади.

Юртимизда ҳар бир оила давлат муҳофазасига олинган бўлиб, Оила кодекси ва Олий суд Пленуми қарорига асосан тартибга солиш, оилавий ажралишларнинг олдини олиш, нафақат эр-хотин балки вояга етмаган фарзандларнинг ҳам ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим аҳамиятга эга. Эътиборли жиҳати шундаки, ажралиш арафасида турган оилаларни яраштириш, юзага келган низоларни тинч йўл билан бартараф этиш борасида фуқаролик ишлари бўйича судлар ҳамда маҳалла фуқаролари йиғинлари қошида ташкил этилган яраштирув комиссиялари томонидан зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бироқ, олиб борилаётган изчил ишларга қарамай оилавий ажралишларнинг сони ортиб бормоқда.

Пароканда бўлган оилалар ҳақида сўз борар экан, бегуноҳ фарзандлар тақдири кишини беихтиёр ташвишга солади. Негаки, ота-онанинг айро яшашидан мурғак фарзандлар ҳаммадан кўп азият чекади.

Суд амалиётидаги таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, 2021 йилда никоҳдан ажратиш ҳақида кўрилган фуқаролик ишлари статистикасига қараганда, судларга 3843 та даъво аризалари келиб тушган.

Шундан, 2379 та оилаларни яраштириш чоралари кўрилишига қарамай оила барбод бўлган ва никоҳдан ажратилган. 1205 та оилани ярашиб кетишига имкони бўлганлиги сабабли даъво талаблари рад ва кўрмасдан қолдирилган.

Бундан ташқари, 259 та оила фуқаролик ишлари бўйича судларнинг ташаббуси билан яраштирилиб, иш юритиш тугатилган ҳамда ҳозирги кунда биргаликда бахтли оила бўлиб яшаб келмоқда.

Вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан ўрганиш даврида никоҳдан ажратиш сабаблари таҳлил қилинганида, оилада моддий етишмовчилик, спиртли ичимликлар истеъмол қилиш, фарзандсизлик, ҳарактерлари тўғри келмаслик сабаблари кўплаб қайд этилган. Шунингдек никоҳдан ажратишнинг бошқа сабабларида аксарияти тарафларнинг ўзаро ишончни йўқотганлиги, қайнона-қайноталарнинг оиладаги аралашуви, эр-хотиннинг оилавий муносабатларида ўзаро келишмовчиликлар сабаблари ҳам кўплаб учрайди.

 

Баҳодир Азизов, Қашқадарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси

Д И Қ Қ А Т, Т А Н Л О В!

Қашқадарё вилоят, туманлараро, туман ва шаҳар судларининг қуйидаги бўш иш ўринларига танлов эълон қилинади:

-Қашқадарё вилоят судининг катта консультант вазифасига 1 нафар, (Қашқадарё вилоят суди Раёсатининг 2022 йил 22 январдаги РС-2-22-сонли қарорига кўра қуйи судда камида 1 йиллик узлуксиз меҳнат стажига эга бўлиш талаб этилади)

-Жиноят ишлари бўйича Касби туман судининг судья ёрдамчиси вазифасига 1 нафар;

-Жиноят ишлари бўйича Қамаши туман судининг судья ёрдамчиси вазифасига 1 нафар

-Жиноят ишлари бўйича Косон туман судининг судья ёрдамчиси вазифасига 1 нафар

-Жиноят ишлари бўйича Яккабоғ туман судининг судья ёрдамчиси вазифасига 1 нафар;

-Жиноят ишлари бўйича Деҳқонобод туман судининг судья ёрдамчиси вазифасига 1 нафар.

Танловда олий юридик маълумотли, Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган шахслар қатнашиши мумкин.

Номзодлар очиқлик, шаффофлик, тенглик принциплари асосида Комиссия томонидан белгиланган тартибда суҳбатдан ўтказилади.

 

Аризалар 2022 йил 28 февраль соат 17:00 га қадар қабул қилинади.

Мурожаат учун тел: (75) 221-0558.

Электрон почта манзили jib.qash.mh@sud.uz

Манзил:  Қашқадарё вилоят суди (180108, Qarshi, Bunyodkorlik k, 10auy)

Skip to content