Ҳаммамизга маълумки, Ўзбекистон қисқа муддат ичида ўзи танлаган тараққиёт йўлидан дадил одимлаб, давлатимиз раҳбари Шавкат Миромонович Мирзиёев раҳбарлигида олиб борилаётган изчил ислоҳотлар туфайли жаҳон ҳамжамиятида обрў-эътибори тобора ортиб бормоқда. Йилдан йилга халқ фаровонлиги ошиб, аҳолининг иқтисодий имкониятлари кенгаймоқда. Юртимизда ҳар бир соҳа вакиллари қўллаб-қувватланиб, уларга яхши яшаш шароити учун давлат томонидан бир қатор имтиёзлар берилмоқда.
Шунга қарамасдан, нафақат республикамиз, балки ер юзидаги барча мамлакатлар тараққиётига салбий таъсир этаётган, ҳаммани бирдек ташвишга солаётган муаммолар мавжудки, улардан бири бу-коррупциядир.
Коррупция – лотинча сўздан олинган бўлиб, “порага сотилиш, айниш” деган маъноларни англатади. Коррупция-сиёсат ва давлат бошқаруви соҳасидаги ижтимоий хавфли ҳодиса, давлат функцияларини бажариш ваколатига эга бўлган шаxсларнинг ноқонуний тарзда моддий ва бошқа бойликлар, имтиёзларни олишда ўз мақоми ва у билан боғлиқ имкониятлардан фойдаланишидир. Коррупция ва порахўрлик давлатни ич-ичидан емириши жаҳондаги баъзи чет давлатлар тажрибасидан яхши маълум.
Коррупция домига илинган амалдорлар шахсий бойлик орттириш мақсадларини ва уруғ-аймоқларнинг манфаатларини давлат манфаатларидан устун қўяди.
Коррупциянинг авж олиши давлатнинг конституциявий асосларини емиради, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари жиддий тарзда бузилишига олиб келади.
Дунёда кўплаб жиноятларга сабаб бўлаётган нафс балоси, яъни коррупция ва порахўрлик натижасида давлат тараққиёти издан чиқади, жамият азият чекади.
Шу сабабли, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳам бу иллатларни энг глобал муаммолардан бири сифатида эътироф этиб, уларга қарши курашиш масалаларига жиддий эътибор қаратиб келмоқда. Хусусан, БМТнинг 2003 йил 31 октябрда қабул қилинган Коррупцияга қарши конвенцияси халқаро-ҳуқуқий ҳужжат бўлиб, унда коррупцияга қарши халқаро ва миллий кураш амалиётини йўлга қўйиш ҳамда уларни амалга ошириш механизмлари белгилаб берилган. Давлатимиз ҳам 2008 йилда ушбу конвенцияга қўшилган.
Ўзбекистонда мазкур иллатнинг сабабларини аниқлаш ва бартараф этиш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда, ушбу тоифадаги жиноятчиларга нисбатан қатъий чоралар кўрилмоқда. Давлат хизматчилари ва мансабдор шахсларнинг коррупция домига тушиб қолмасликларини таъминлаш, уларнинг бебошлигига йўл қўймаслик мақсадида ҳукуматимиз томонидан узоқ муддатли чора-тадбирлар дастурлари ишлаб чиқилган ва уларнинг ижроси доимий назорат қилинмоқда.
Мамлакатимизда коррупцияга қарши курашишнинг барча ҳуқуқий асослари яратилган. Жиноят қонунчилигида бу иллат учун қатъий жазо чоралари белгиланган.
Шунингдек, 2017 йил 3 январда “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни қабул қилинган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 июндаги ПҚ-4761-сонли қарори билан Ўзбекистон Республикаси коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди.
Буларнинг барчаси жамиятимиз ривожига тўсиқ бўлаётган коррупция иллатини эрта аниқлаш, унга қарши муросасиз курашиш ва коррупцияни бартараф этиш учун хизмат қилиб келмоқда.
Шунга қарамасдан, айрим ҳолатларда жамиятимизда коррупция билан боғлиқ жиноятлар содир этилаётганлиги барчамизни бирдек ўйлантирмасдан қолмайди.
Шундайлардан бири, Ж.С исмли шахс, Давлат санитария-эпидемиология бошқармаси туман филиалининг бирида бошлиқ лавозимида ишлаб келиб, мансабдор шахс бўлгани ҳолда мансаб мавқеидан фойдаланиб, маъмурий жарима қўллаш ҳақида қарор чиқариш масаласини ҳал этиш учун профилактика инспектори томонидан Г.Б ва Т.М.ларга жамоат жойларида ниқоб тақмасдан юрганлиги ҳолати бўйича Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 54-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганлиги юзасидан тузилган баённомаларни келгусида Г.Б ва Т.М.лардан пора олиш мақсадида кирим қилмасдан, Г.Б ва Т.М.лар билан алоқага киришиб, улардан маъмурий жарима қўлламаслик эвазига 800.000 сўм пулларни пора тариқасида талаб қилиб, шундан тезкор тадбирда Г.Б ва Т.М.лардан 600.000 сўмни пора тариқасида олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Суд, судланувчи Ж.Снинг содир этган қилмиши унча оғир бўлмаган жиноятлар туркумига кириши, у пенсия ёшида эканлиги, ЖКнинг 50-моддасида ёшга доир пенсияга чиқиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ жазо тайинлаб бўлмаслиги сабабли Ж.С.га ЖКнинг 210-моддаси 1-қисми билан моддий жавобгарлик ва мансабдорлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан 1 йил муддатга маҳрум қилиб, 2 йил озодликни чеклаш жазоси тайинлаган.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, коррупцияга қарши курашиш-долзарб вазифа эканлигини ҳеч биримиз унутмаслигимиз керак. Бу борада барчамиздан бирдек масъулият талаб этилади. Шундагина мамлакатимиз янада тараққий этиб, халқимиз фаровонлиги ошиб бораверади.
Фозил Юсупов, Қашқадарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси