
Давлатимиз раҳбарининг “Янги Ўзбекистон” газетаси бош муҳарририга берган интервьюси бугун кўпгина корхона ва ташкилотларда, таълим масканларида ва маҳаллаларда кенг ўрганилмоқда. Интервьюда тилга олинган йўналишлар орқали Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт йўли ўзига хос тарзда белгилаб берилган. Юртимиз равнақи йўлида амалга оширилган ишлар, дуч келинган муаммо ва қийинчиликлар, эришилган муваффаққиятлар тилга олинган.


Яна бир муҳим воқелик, жорий йилнинг 20 август куни Президентимизнинг тадбиркорлар билан ўтказган очиқ мулоқотида ишбилармонлик муҳитини янада ривожлантирилиши учун катта қулайликлар, имтиёзлар яратилди. Давлатимиз раҳбарининг очиқ мулоқоти юртимиз тадбиркорлари томонидан илиқ кутиб олинди. Қашқадарё вилоят судида ўтказилган тадбир ҳам айнан Президентимизнинг “Янги Ўзбекистон” газетаси бош муҳарририга берган интервьюсининг мазмун-моҳияти ва Президентимизнинг тадбиркорлар билан ўтказган очиқ мулоқотига бағишланди. Тадбирни Қашқадарё вилоят судининг раиси Абдуқаюм Маҳкамов олиб борди. Тадбир давомида Қарши давлат университети ижтимоий фанлар кафедраси катта ўқитувчиларининг мавзу доирасидаги маърузалари ҳам тингланди.


Президентимиз ўз интервьюларида судлар фаолияти ҳақида тўхталар экан, “Аждодларимиз азалдан “Зулм қилма, инсофли бўл, халқ учун адолат қўрғонини бунёд эт”, деб ёш авлодга йўл-йўриқ кўрсатганлар. Биз ҳам суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ этишда ана шундай содда ва ҳаётий талаблардан келиб чиқдик. Хусусан, “Судьянинг онгида – адолат, тилида – ҳақиқат, дилида – поклик бўлиши керак” деган ғояни илгари сурдик ва амалга оширишни бошладик”, – деган фикрлари бугунги cуд-ҳуқуқ соҳасидада олиб борилаётган ислоҳотларнинг нечоғлик одилона амалга оширилаётганлигини ифодалайди. Ўтган қисқа давр мобайнида юртимизда одил судловни амалга ошириш, судларнинг шаффофлиги ва чинакам мустақиллигини таъминлашда муваффаққиятли ишлар амалга оширилганлигини таъкидлаш ўринли.


Тадбир давомида ўтган йиллар давомида тадбиркорларга яратилган шароитлар, қўлланилган имконият ва переференциялар ҳам атрофлича таҳлил қилинди. Давлатимиз томонидан тадбиркорликни ривожлантириш учун яратиб берилаётган шароитлар, тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган бир қатор қарорлар, меъёрий ҳужжатлар қабул қилингалиги ҳам эътироф этиб ўтилди.


Мухтасар қилиб айтганда, мамлакатимизда нафақат суд-ҳуқуқ тизимини демократлаштириш, одил судловнинг сифат ва самарадорлигини оширишда, балки барча соҳада олиб борилаётган изчил ислоҳотлар аввало ҳалқ манфаатини кўзлаб амалга оширилаётганлиги билан муҳим аҳамият касб этади.



Тадбир якунида мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлардаги фаол иштироки, жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш борасидаги ҳуқуқий тарғибот ишларига қўшган салмоқли ҳиссаси учун Қашқадарё вилоят судларида фаолият юритаётган бир гуруҳ судьялар ва суд ходимлари Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг ўттиз йиллиги байрами муносабати билан фахрий ёрлиқлар билан тақдирландилар. Уларнинг меҳнат фаолияти давомидаги ютуқлари эътироф этиб ўтилди.
Қашқадарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими