“Судлар тўғрисида”ги Қонун – суд ҳокимиятининг конституциявий асоси

Барчамизга маълумки, айнан суд ҳокимияти ҳар қандай демократик давлатда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, давлат ва жамоат манфаатларини ҳимоясига қаратилган механизмнинг “мотори” ҳисобланади.

Суд – одил судловнинг олий нуқтаси ва унинг ролини ошириш ҳуқуқий давлат барпо этиш йўлидаги қонуний жараён.

1993 йил 2 сентябрда “Судлар тўғрисида”ги алоҳида Қонун қабул қилинди. Кейинчалик, 2000 йил 14 декабрда мазкур Қонун янги таҳрирда қабул қилинди.

Мазкур қонунлар ўтган давр мобайнида судларнинг тузилмаси, ваколатлари, вазифалари, судьялик лавозимига номзод ва унга қўйилган талаблар, судьяларни тайинлаш (сайлаш) механизмини тартибга солишдаги муҳим ҳуқуқий ҳужжат бўлиб келди.

Бироқ, кейинги йилларда судларнинг тузилиши ва судлов ишини юритишнинг ҳуқуқий асосларига жиддий ўзгартиришлар киритилганлиги ва суд орқали ҳимоя қилиш тизимининг такомиллаштирилганлиги, унинг самардорлигини ошириш бўйича изчил ислоҳотлар амалга оширилганлиги “Судлар тўғрисида”ги  Қонунни қайта кўриб чиқишни ва такомиллаштиришни тақозо қилганлиги сабабли Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 июлдаги “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самардорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонида янги таҳрирдаги “Судлар тўғрисида”ги Қонунни қабул қилиш белгиланди.

2020 йил 1 декабрда Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан янги таҳрирдаги “Судлар тўғрисида”ги Қонун ишлаб чиқилиб, “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси портали”га жойлаштирилди, Қонун бўйича бир қатор таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.

Узоқ давом этган муҳокамалардан кейин 2021 йил 28 июлда Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги янги таҳрирдаги Қонуни қабул қилинди.

Қонуннинг 1-моддаси “Суд ҳокимияти”га бағишланиб, унда Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлардан, сиёсий партиялардан, бошқа жамоат бирлашмалардан мустақил ҳолда иш юритиши, суд ҳокимияти фақат судлар томонидан амалга оширилиши, ҳеч қайси бошқа органлар ва шахслар суд ҳокимияти ваколатларини ўзлаштириб олишга ҳақли эмасликлари белгиланган. Бу норма Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 11-моддаси талабларига тўла-тўкис мослаштирилган.

Қонуннинг яна бир эътиборга молик томони, бу суднинг асосий вазифаси сифатида фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва бошқа қонунлари, халқаро шартномаларда, шунингдек инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро ҳужжатларда кафолатланган ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини, давлат ва жамоат манфаатларини ҳимоя қилиш билан бирга, юридик шахслар ҳамда якка тартибдаги тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилганлигидир.

Зеро, ҳар қандай давлат иқтисодий салоҳиятининг юксалиши кўп жиҳатдан инвестиция сиёсатининг нақадар оқилона юритилишига боғлиқ бўлиб, айнан иқтисодиётнинг барча тармоқ ва соҳаларининг рақобатбардошлигини ошириш, тадбиркорликни ривожлантириш учун шароитлар яратиб бериш ҳисобига янги барқарор иш ўринларини яратиш, ҳудудларда аҳолининг турмуш даражаси ва сифатини яхшилаш, камбағалликни қисқартириш мумкинлигини ҳаётнинг ўзи исботлаб турибди. Бу учун эса, хусусий мулкни ҳуқуқий ҳимоя қилишни янада кучайтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш лозим.

Бежизга Президентимиз “Бир нарсани билинглар – сармоя киритаётган инвестор биринчи навбатда ўз ҳуқуқлари суд орқали кафолатли ҳимоя қилинишига эътибор беради”-деб, таъкидламаганди.

Янги Қонун “Қонунийлик” деб номланган 8-модда билан тўлдирилди. Яъни, Ўзбекистон Республикасида одил судлов қонунга қатъий мувофиқ ҳолда амалга оширилади.

Маълумки, судни том маънода “Адолат қўрғони”га айлантириш орқалигина фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, мамалакатимизда ҳуқуқий демократик давлат, фуқаролик жамият барпо этиш, қонун ва адолат устуворлигини таъминлаш мумкин.

“Суд ҳужжатларининг мажбурийлиги”га бағишланган 10-моддаси қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини ижро этмаслик қонунда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлиши ҳақидаги янги норма билан тўлдирилди.

Яна бир муҳим янгиликлардан бири – бу суд ишларини юритишнинг ошкоралигидир. Яъни, Қонуннинг 12-моддасига кўра, суд мажлиси залида ҳозир бўлган шахслар, оммавий ахборот воситалари вакиллари суд мажлиси залида қонунда белгиланган тартибда фотосуратга олиши, видео ва аудио ёзувни амалга ошириши мумкин.

Шу ўринда, Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 19-моддасига мувофиқ, суд залида овозларни ёзиб олиш, фотосуратга, видеоёзувга ва кинотасвирга олишга фақат суд мажлисида раислик қилувчининг рухсати билан йўл қўйилиши, бу ҳақда тегишли ажрим чиқарилиши ҳақидаги талабларни эътиборга олиш лозим бўлади.

Аввалги Қонунда, фақат гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи ҳимояланиш ҳуқуқи билан таъминланиши назарда тутилган бўлса, янги Қонуннинг 15-моддасига мувофиқ, одил судловни амалга оширишда ҳар бир кишига малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланиши, қонунда белгиланган ҳолларда давлат томонидан бепул малакали юридик ёрдам кўрсатиш таъминланиши белгиланди.

Бундан ташқари, Қонуннинг 17-моддаси билан тарафлар, қонунда назарда тутилган ҳолларда эса бошқа шахслар ҳам суд ҳужжати устидан қонунда белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланди.

Қонуннинг 8, 9, 10, 11 ва 12-бобларида судьяларнинг мақоми, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, судьяларнинг мустақиллигининг асосий кафолатлари, судьяларни сайлаш ва тайинлаш, судьяларнинг интизомий жавобгарлиги, судьянинг ваколатларини тўхтатиб туриш ва тугатиш асослари белгиланган.

Жумладан, судьяларнинг ҳуқуқлари кенгайтирилиши билан бир қаторда, уларнинг мажбуриятлари ҳам “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун ва Судьяларнинг одоб-ахлоқ кодексига талабларига мослаштирилди.

Қонуннинг 63-моддаси билан судьяларнинг мустақиллигини таъминлаш кафолати тариқасида, судьянинг мустақиллигини чеклайдиган қонунчилик ҳужжатлари қабул қилишга йўл қўйилмаслиги ҳамда судья, унинг оила аъзолари ва уларнинг мол-мулки давлатнинг алоҳида ҳимоясида бўлиши ҳақидаги норма киритилди.

Бундан ташқари, судьянинг дахлсизлигига бағилашган Қонуннинг 64-моддасига мувофиқ, судья ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга гувоҳ ёки гумон қилинувчи сифатида сўроқ қилиш учун чақиришга фақат тегишли судьялар малака ҳайъатининг розилиги билан йўл қўйилиши, судьяга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси фақат унга нисбатан ўта оғир жиноят ёки одам ўлимига сабаб бўлган қасддан бошқа жиноят содир этганликда айб қўйилган ҳолларда қўлланилиши мумкинлиги, судья ҳуқуқбузарлик содир этганликда гумон қилиниб ушлаб турилган тақдирда, бу ҳақда ушлаб туриш учун асос бўлган ҳужжатлар кўчирма нусхалари илова қилинган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашига у ушланган пайтдан эътиборан уч соатдан кечиктирмасдан хабар қилиниши шарт.

Зеро, судья нафақат муайян суд ишини ҳал қилиш ваколатига эга бўлган мутлоқ ҳуқуқли процессуал шахс, балки у, аввало жамиятдаги энг обрўли инсондир. Айнан судьялик маданияти, судьянинг илм-маърифати орқали одил судловга ҳурмат, Конституция ва Қонунлар устуворлиги ҳамда адолатга ишонч шаклланади. Судья мустақил бўлса, қонунга сўзсиз буйсунса, маъсулиятни чуқур ҳис қилса, беғараз ва холис бўлгандагина адолат ўрнатилади.

Қонуннинг 13-бобида, судьяларнинг ва уларнинг оила аъзоларининг моддий ҳамда ижтимоий таъминоти назарда тутилган бўлиб, судьяларнинг юксак ва масъулиятли лавозимига бўлган муносабатни тубдан ўзгартиришга, эл-юртнинг ҳурмат ва назаридан олий бахт йўқлигини, пенсияга чиққанларидан кейин ҳам эътироф ва эътиборда бўлишларини ҳис этиб, одил судловни амалга оширишда фуқароларнинг ва тадбиркорлик субъектларининг қонуний ҳуқуқ ва эркинликларини, давлат ва жамият манфаатларини муҳофаза қилишни тўлиқ таъминлашни энг асосий бурчлари деб билиб, бу ишда фидойилик кўрсатишларига имкон яратади.

Ҳеч иккиланмасдан айтиш мумкинки, мазкур қонун суд тузилмасининг самарали фаолият кўрсатиши, фуқароларнинг суд тизимига бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

 

Ш.Бахтиёров, Қашқадарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судьяси

Қашқадарё вилоят судлари масъуллари томонидан Ғузор туманида сайёр қабул ташкил этилди

Бугун юртимизда инсон ҳақ-ҳуқуқлари ва унинг манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган самарали ишлар амалга оширилмоқда Қашқадарё вилоят суд органлари томонидан фуқароларнинг суд-ҳуқуқ соҳасидаги мурожаатларини тинглаш, бу борадаги долзарб масалаларни ўрганиш ва уларни ҳал қилиш мақсадидаги сайёр қабуллар мунтазам ўтказиб келинмоқда. Навбатдаги сайёр қабул Ғузор туманида ташкил этилди.

Малакатимизда барча соҳалардаги сайёр қабулларнинг йўлга қўйилиши туфайли одамлар бугунги кундаги ислоҳотлардан рози бўлиб яшамоқда. Жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, аҳолининг ҳуқуқий мавзудаги мурожаатларига ечим излашга қаратилган ишларни жонлантириш мақсадида Қашқадарё вилоят суд органлари масъуллари томонидан олис қишлоқ, маҳалла ва овулларда сайёр қабуллар ташкил этиб келинмоқда. Ғузор тумани Ярғунчи маҳалла фуқаролар йиғинида ташкил этилган сайёр қабулда фуқароларнинг суд-ҳуқуқ масалаларига оид мурожаатлари ўрганиб чиқилди.

Ташкил этилган сайёр қабулда суд қарорлари ва ажримлардан норози бўлган, турли ижтимоий-иқтисодий масалаларда ҳуқуқий маслаҳат ва кўмак сўраб келган 24 нафар фуқароларнинг мурожаатлари тингланди. Ҳар бир мурожаат суд масъуллари томонидан атрофлича ўрганилди. Мурожаатлар назоратга олиниб, ҳуқуқий кўмак сўраб келган фуқароларга ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

Сайёр қабул давомида Қашқадарё вилоят суд органлари масъуллари томонидан фуқаролар билан очиқ мулоқот ўтказилиб, суд-ҳуқуқ соҳасида фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини янада изчил ва самарали муҳофаза қилиниши юзасидан тушунтиришлар берилди.

 

Қашқадарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими

 

Инсонпарварлик тамойили асосида 10 нафар маҳкум озодликка чиқарилди

Тўртинчи минтақавий ҳудуд 33-сон манзил колонияси бошлиғининг тақдимномаси Жиноят ишлари бўйича Муборак туман судининг раиси А.Қаҳҳоров раислигида ўтказилган суд мажлисида кўриб чиқилди.

Жиноят ишлари бўйича Муборак туман судининг 2021 йил 22 октябрдаги ажримига асосан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 74 моддаси билан 9 нафар маҳкумнинг ўталмай қолган озодликдан маҳрум қилиш жазоси енгилроқ жазо турига алмаштирилди.

Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 73-моддасига асосан 1 нафар фуқаро шартли равишда муддатидан илгари озод қилинди.

 

Қашқадарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими

Қашқадарё вилоят суд органлари масъуллари томонидан Қамаши туманида сайёр қабул ташкил этилди

Фуқароларнинг суд-ҳуқуқ соҳасидаги мурожаатларига самарали ечим топиш мақсадида Қашқадарё вилоят суд органлари томонидан Қашқадарё вилоятининг чекка ҳудудларида сайёр қабуллар ташкил этиб келинмоқда. Ана шундай сайёр қабуллардан навбатдагиси Қамаши туманида ташкил этилди.

Бугунги     кунда инсон манфаатларини таъминлаш учун аввало, одамлар билан, халқ билан мулоқот қилиш, уларнинг дарду ташвишлари, орзу-ниятлари, ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини яхши билиш лозимлигига алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Ҳудудларда ҳуқуқий жиҳатдан кўмакка муҳтож бўлган фуқароларни қийнаб келаётган муаммоларини аниқлаб, жойида ижобий ҳал этиш, уларга зарур ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш мақсадида Қашқадарё вилоят судлари масъуллари томонидан вилоятимизнинг чекка ҳудуларида сайёр қабуллар ташкил этиб келинмоқда. Қабулларнинг навбатдагиси Қамаши туманида ўтказилди. Унда Қашқадарё вилоят судлари масъуллари томонидан фуқароларнинг суд-ҳуқуқ масаласига оид мурожаатлари тингланди.

Ташкил этилган сайёр қабулда суд қарорлари ва ажримлари билан боғлиқ масалаларда, турли ижтимоий-иқтисодий масалаларда ҳуқуқий маслаҳат ва кўмак сўраб келган фуқароларнинг мурожаатлари тингланди. Ҳар бир мурожаат атрофлича ўрганилиб, уларнинг ечимлари қонун талаблари асосида ҳал қилиниши мақсадида назоратга олинди. Қабул давомида жами 17 нафар фуқароларнинг мурожаатлари тингланиб, шундан 1 нафар фуқаронинг мурожаати ўз жойида ечимини топган бўлса, 4 нафар фуқаронинг мурожаати назоратга олинди. 12 нафар фуқаронинг мурожатлари юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

 

Қашқадарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими

Қашқадарё вилоят судлари раислари ва ўринбосарлари томонидан Чироқчи туманида сайёр қабул ўтказилди

Қашқадарё вилоят судлари томонидан вилоятимизнинг чекка ҳудудларида яшовчи фуқароларнинг суд-ҳуқуқ соҳасидаги муаммоларини ўрганиш ва уларнинг ечимини топишга қаратилган сайёр қабуллар мунтазам ўтказиб келинмоқда. Ана шундай сайёр қабуллардан навбатдагиси Чироқчи тумани Кўкдала маҳалла фуқаролар йиғинида ташкил этилди. Унда Қашқадарё вилоят суди раиси Абдуқаюм Маҳкамов, Қашқадарё вилоят Маъмурий раиси Холис Муҳамедов ва Қашқадарё вилоят суди раиси ўринбосарлари иштирок этишди.

Кўкдалада ташкил этилган сайёр қабулда асосан меҳнат низолари,  оилавий низолари ва турли соҳалардаги муаммолари бўйича ҳуқуқий ёрдам сўраб қилган 26 нафар фуқароларнинг мурожаатлари ўрганилди. Шундан 3 нафар фуқароларнинг мурожаатлари ижобий ҳал этилди. 3 нафар фуқароларнинг мурожаатлари назоратга олинди, 14 нафар фуқарога ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. Сайёр қабул доирасида Жиноят ишлари бўйича Чироқчи туман судининг сайёр мажлиси ўтказилиб, МЖтКнинг тегишли моддаларига асосан маъмурий баённома расмийлаштирилган 4 та маъмурий иш кўриб чиқилиб, томонларнинг ўзаро ярашганликлари сабабли МЖтКнинг 21-моддасига асосан ишлар тугатилиб 6 нафар фуқаро жавобгарликдан озод қилинди.

Инсон шаъни, қадр-қиммати улуғланган юртда ҳар бир фуқаронинг мурожаати беэътибор қолмайди. Ташкил этиб келинаётган сайёр қабуллар эса ушбу ҳақиқатнинг амалдаги ифодасидир. Вилоятимизнинг чекка ҳудудлари бўйлаб Қашқадарё вилоят судлари раислари ва ўринбосарлари иштирокидаги сайёр қабуллар давом этади.

 

Қашқадарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими

Қашқадарё вилоят судлари раислари ва ўринбосарлари иштирокида Китоб туманида сайёр қабул бўлиб ўтди

Қашқадарё вилоят судлари раислари ва ўринбосарлари томонидан вилоятимизнинг чекка ҳудудлари бўйлаб фуқароларнинг суд-ҳуқуқ соҳасидаги муаммоларини ўрганиш ва уларга ечим излашга қаратилган сайёр қабуллар давом этмоқда. Навбатдаги сайёр қабул Китоб туманида ташкил этилди.

Сайёр қабулда Қашқадарё вилоят суди раиси Абдуқаюм Маҳкамов, Қашқадарё вилоят маъмурий суд раиси Холис Муҳамедов ва вилоят суди раиси ўринбосарлари иштирок этишди. Қабул давомида фуқароларнинг суд қарорлари ва ажримлари билан боғлиқ бўлган мурожаатлари, турли ижтимоий-иқтисодий масалаларда ҳуқуқий маслаҳат ва кўмак сўраб келган фуқароларнинг мурожаатлари тингланди.

Сайёр қабулда жами 21 нафар фуқароларнинг мурожаатлари тингланди. 1 нафар фуқаронинг аризаси суд ходимлари томонидан қабул қилиниб, ижроси назоратга олинди, 3 нафар фуқаронинг мурожаати ўз жойида ечимини топди, 17 нафар фуқарога ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

Шуни таъкидлаш ўринлики, тўғридан-тўғри бўлиб ўтаётган бундай мулоқотларда аҳолини қизиқтирган турли соҳалар бўйича ҳуқуқий кўмак сўраб келган фуқароларнинг саволларига асослантирилган тушунтиришлар берилиб, келгусида келиб чиқиши мумкин бўлган низоларнинг олди олинмоқда.

 

Қашқадарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими

Қашқадарё вилоят суди томонидан суд фахрийлари билан учрашув ташкил этилди

Хонадонимиз файзи ҳисобланган отахон ва онахонларимизнинг ёш авлод тарбияси, унинг маънавий жиҳатдан шаклланишидаги ўрни жуда муҳим аҳамиятга эга. Шунинг учун ҳам кекса авлод вакиллари давлатимиз ва жамиятимизнинг доимий диққат ва эътиборида.

Қашқадарё вилоят суди томонидан суд фахрийлари билан учрашув ташкил этилди. Учрашувга узоқ йиллар давомида суд тизимида фаолият олиб борган бир гуруҳ суд фахрийлари таклиф этилди.

Бир пиёла чой устида бўлиб ўтган ширин суҳбат ташриф буюрган суд фахрийларининг узоқ вақтлар хотирасида қолишига шубҳа йўқ.

Учрашув чоғида соҳа фидойилари ўзларининг машаққатларга бой меҳнат фаолияти давомидаги ширин хотиралари билан ўртоқлашишди. Марҳумларни ёдга олишди, уларнинг қилган эзгу ишларини эслашди. Тадбир чиройли куй-қўшиқ ва рақсларга уланиб кетди.

 

Қашқадарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими

Skip to content