ОДАМ САВДОСИГА ҚАРШИ КУРАШИШ ДОЛЗАРБ МАСАЛА

Маълумки, одам савдоси – қулликнинг замонавий усули, қул савдосининг янги туридир. Жиноятчилар биринчи навбатда аёллар ва болаларни мажбурий меҳнат ва жинсий қуллик қопқонига алдаб туширади.

Одам савдоси инсонларни ҳуқуқ ва эркинликлардан маҳрум қилади, бутун дунёда уюшган жиноятчиликнинг ривожланишига сабаб бўлади. Шу жумладан, бу жиноят шахсларга хавф туғдириш йўли билан қўрқитиш, жисмоний ва руҳий тазйиқ ўтказиш, номусга тегиш, ҳужжатларни ўғирлаш орқали амалга оширилади. Жабрланувчилар меҳнат эксплуатацияси ва жинсий эксплуатацияга мажбур қилинади.

Ўзбекистон Республикасида одам савдосининг олдини олиш, унга чек қўйиш борасида турли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, Конституциянинг 26-моддасига кўра ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмас.

Одам савдосига қарши курашишнинг қонуний тартибга солиниши шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда самарали восита ҳисобланади.

Одам савдосига қарши кураш бўйича олиб борилаётган чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва бошқа идоралар билан ҳамкорликда “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун 2008 йил 17 апрелда қабул қилинди ва расман эълон қилинди.

Қонуннинг мақсади одам савдосига қарши курашиш билан боғлиқ масалаларни ҳал этишдан иборат. Шунингдек, одам савдосига қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи давлат органларининг ваколатлари қонунда аниқ кўрсатилган. Одам савдосига қарши курашиш фаолиятининг идоралараро характерга эга экани инобатга олиниб, одам савдосига қарши курашиш бўйича давлат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш юзасидан одам савдосига қарши курашиш бўйича Республика идоралараро комиссиясини ташкил этиш белгиланган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 135-моддасида одам савдоси, яъни одамни олиш-сотиш ёхуд одамни ундан фойдаланиш мақсадида ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилиш учун жиноий жавобгарлик назарда тутилган.

Хулоса қилиб айтганда, инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати ҳурмат ва эъзозга лойиқ.

Инсоний қадриятларни топташга уринган ҳар қандай шахсга қонун олдида жавобгарлик муқаррардир.

 

Фозил Юсупов, жиноят ишлари бўйича Косон туман судининг раиси

Қашқадарё вилоят судлари мутасаддилари иштирокида Муборак туманида суд-ҳуқуқ масалалари бўйича сайёр қабул ташкил этилди

Қашқадарё вилоят судлари мутасаддилари томонидан жиноят ва ҳуқуқбузарликлар, никоҳдан ажратиш, тадбиркорлик субъектлари иштирокидаги низолар ҳамда фуқароларнинг мурожаатлари кўпайган ҳудудларда профилактика ишларини жонлаштиришга қаратилган сайёр қабуллар мунтазам ўтказиб келинмоқда.

Суд-ҳуқуқ масалалари бўйича ўтказиб келинаётган ана шундай сайёр қабулларнинг навбатдагиси Муборак тумани “Қарлиқ” маҳалла фуқаролар йиғинида ташкил этилди.

Мазкур сайёр қабулда турли ижтимоий-иқтисодий масалаларда ҳуқуқий маслаҳат ва кўмак сўраб келган 29 нафар фуқароларнинг мурожаатлари тингланди. Ҳар бир мурожаат суд масъуллари томонидан атрофлича ўрганилиб, кўмак сўраб келган фуқароларга ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

 

Қашқадарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими

Қарши туманлараро иқтисодий суди судьялари томонидан семинар ташкил этилди

Қарши туманлараро иқтисодий суди судьялари ҳамда
Қарши шаҳар Давлат солиқ инспекцияси ходимлари иштирокида семинар ташкил этилди.

Мазкур семинар «Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш буйича кўшимча чоралар кўрилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2023 йил 20 февралдаги “Судлар томонидан солиқ қонунчилигини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида”ги
4-сонли қарорига бағишланди.

Тадбирда иштирокчиларга Қонуннинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти хусусида батафсил тушунтиришлар бериб ўтилди.

 

Қашқадарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими

Қашқадарё вилоят судлари мутасаддилари иштирокида Касби туманида суд-ҳуқуқ масалалари бўйича сайёр қабул ташкил этилди

Қашқадарё вилоят судлари мутасаддилари томонидан жиноят ва ҳуқуқбузарликлар, никоҳдан ажратиш, тадбиркорлик субъектлари иштирокидаги низолар ҳамда фуқароларнинг мурожаатлари кўпайган ҳудудларда профилактика ишларини жонлаштиришга қаратилган сайёр қабулларнинг навбатдагиси Касби тумани “Соҳибкор” маҳалла фуқаролар йиғинида ташкил этилди.

Мазкур сайёр қабулда турли ижтимоий-иқтисодий масалаларда ҳуқуқий маслаҳат ва кўмак сўраб келган 25 нафар фуқароларнинг мурожаатлари тингланди. Ҳар бир мурожаат суд масъуллари томонидан атрофлича ўрганилиб, кўмак сўраб келган фуқароларга ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

Сайёр қабул доирасида жиноят ишлари бўйича Касби туман судининг сайёр суд мажлиси ўтказилиб, унда вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаш билан боғлиқ ишлар кўриб чиқилди. Шунингдек, сайёр суд мажлиси давомида Касби тумани ички ишлар бўлими Пробация гуруҳи назоратида турган икки нафар маҳкум муддатидан илгари шартли равишда озод этилди.

 

Қашқадарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими

Қашқадарё вилоят судлари мутасаддилари иштирокида Касби туманида тарғибот тадбири ўтказилди

Қашқадарё вилоят судлари раислари ва ўринбосарлари иштирокида аҳоли билан очиқ мулоқот қилиш, уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ҳамда қонунчиликдаги янгиликлар мазмунини аҳоли ўртасида кенг ёритиш мақсадида Касби тумани “Майманоқ” маҳалла фуқаролар йиғинида тарғибот тадбири  ўтказилди.

Тадбирда сўзга чиққан Қашқадарё вилоят суди раиси Абдуқаюм Маҳкамов суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар, кенг қамровли ўзгаришлар, мамлакатимизда суд ҳокимиятининг мустақиллигини таъминлаш, суд тизимида одил судлов самарадорлигини ошириш, шу орқали халқимизнинг судларга бўлган қатъий ишончини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишлар, жамиятимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳурмат қилиш маданиятини шакллантириш орқали мамлакатимизнинг халқаро нуфузини янада ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Шунингдек, учрашув давомида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жамиятимизда оилани мустаҳкамлаш, уни асраб-авайлаш ва дахлсизлигини таъминлаш ҳамда ажршишларнинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратиш муҳим масалалардан эканлиги таъкидланди.

 

Қашқадарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими

ДИҚҚАТ, ТАНЛОВ!

Қашқадарё вилоят, туманлараро, туман ва шаҳар судларининг қуйидаги бўш иш ўринларига танлов эълон қилинади:

– Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судининг судья ёрдамчиси вазифасига 1 нафар;

– Жиноят ишлари бўйича Қарши туман судининг судья ёрдамчиси вазифасига 1 нафар;

– Жиноят ишлари бўйича Қамаши туман судининг судья ёрдамчиси вазифасига 1 нафар;

– Фуқаролик ишлари бўйича Ғузор туманлараро судининг архив мудири вазифасига 1 нафар;

– Яккабоғ туманлараро иқтисодий судининг судья ёрдамчиси вазифасига 1 нафар;

– Касби туманлараро иқтисодий судининг судья ёрдамчиси вазифасига 1 нафар.

Танловда олий юридик маълумотли, Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган шахслар қатнашиши мумкин.

Номзодлар очиқлик, шаффофлик, тенглик принциплари асосида Комиссия томонидан белгиланган тартибда суҳбатдан ўтказилади.

Аризалар 2023 йил 29 май соат 17:00 га қадар қабул қилинади.

Мурожаат учун тел: (75) 221-05-58.

Электрон почта манзили: qash.kadr@sud.uz

Манзил:  Қашқадарё вилоят суди (180108, Қарши шаҳри Бунёдкорлик кўчаси 10 a уй)

ДИҚҚАТ, ТАНЛОВ!

Қашқадарё вилоят, туманлараро, туман ва шаҳар судларининг қуйидаги бўш иш ўринларига танлов эълон қилинади:

– Фуқаролик ишлари бўйича Ғузор туманлараро судининг архив мудири вазифасига 1 нафар;

– Қарши туманлараро иқтисодий судининг архив мудири вазифасига 1 нафар;

– Касби туманлараро иқтисодий судининг судья ёрдамчиси вазифасига 1 нафар;

– Яккабоғ туманлараро иқтисодий судининг судья ёрдамчиси вазифасига 1 нафар.

Танловда олий юридик маълумотли, Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган шахслар қатнашиши мумкин.

Номзодлар очиқлик, шаффофлик, тенглик принциплари асосида Комиссия томонидан белгиланган тартибда суҳбатдан ўтказилади.

Аризалар 2023 йил 27 апрел соат 17:00 га қадар қабул қилинади.

Мурожаат учун тел: (75) 221-05-58.

Электрон почта манзили: qash.kadr@sud.uz

Манзил:  Қашқадарё вилоят суди (180108, Қарши шаҳри Бунёдкорлик кўчаси 10 a уй)

КОНСТИТУЦИЯНИНГ БЕВОСИТА АМАЛ ҚИЛИШИ судлар фаолиятида қандай аҳамиятга эга?

Дарҳақиқат, Конституция ўз юридик мақоми ва мазмун-моҳиятига кўра, олий даражадаги қонун бўлиб, ўзида ҳар бир давлатнинг ўзига хос қиёфаси ҳамда тарихий-ҳуқуқий анъаналарини, унинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий тузумини, тараққиёт йўлини, бугуни ва эртасини, фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда бурчларини ифода этади.

Бошқача айтганда, ҳар қандай давлатнинг келажаги ва халқининг тақдири кўп жиҳатдан Конституциянинг қандай бўлишига боғлиқ.

Шу маънода, “Конституциянинг бевосита амал қилиши” тамойили асосида тубдан янгиланаётган Бош қонунимизга киритилаётган муҳим ўзгартириш ва қўшимчалардан кўзланган пировард мақсадлардан бири ҳам, авваломбор, инсон ва фуқароларнинг табиий, ажралмас ҳамда халқаро ҳуқуқ билан кафолатланган ҳуқуқ ва эркинликларини олий қонун даражасида янада мустаҳкамлаш, мамлакатда конституциявий тартибот ва қонунийликни, унинг давлат идоралари фаолиятида, ҳар бир фуқаро ҳаётида тўғридан-тўғри амал қилишини таъминлашдан иборатдир.

Хўш, Конституциянинг бевосита амал қилиши судлар фаолиятида ҳуқуқий жиҳатдан қандай аҳамият касб этади, бу борада хорижий мамлакатлар тажрибасининг ўзига хос жиҳатлари нимада, нима учун суд ҳужжатларини кодекслар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан асослаймизда, Конституцияни тўғридан-тўғри қўлламаймиз?

Авваломбор, бу борада жаҳон давлатларининг конституцияшунослик амалиётига назар ташласак, Конституциянинг давлат ичида амал қилиши (қўлланилиши) юзасидан икки хил назарий ёндашув мавжудлигини қайд этиш лозим. Яъни, биринчи ёндашув Бош қонуннинг ҳуқуқни қўллаш амалиётида бевосита амал қилиши бўлса, иккинчи ёндашув унинг билвосита қўлланилишидир. Албатта, ҳар иккала ёндашув ҳам Конституциянинг устунлигини, бошқа ҳеч қандай норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар унга зид келиши мумкин эмаслигини эътироф этади.

Шуни қайд этиш жоизки, кўплаб хорижий мамлакатлар судларининг одил судлов соҳасида ҳуқуқни қўллаш амалиётида Конституциянинг бевосита амал қилиши, суд қарорларида тўғридан-тўғри қўлланилиши алоҳида эътиборга моликдир.

Шу нуқтаи-назардан қараганда бугун Бош қонунимизга киритилаётган туб демократик ўзгартириш ва қўшимчалар ҳам ўзининг мазмуни ва аҳамиятига кўра одил судловни амалга оширишда, ҳуқуқни қўллаш амалиётида соҳа вакиллари зиммасига катта масъулият юклаши баробарида жамият ҳаётида Конституциянинг бевосита амал қилишини, унинг  устуворлигини таъминлашдек устувор вазифани ҳам юклайди. Нега деганда, ҳанузгача миллий суд амалиётида Конституцияни қўллаш, суд ҳужжатларини (ҳал қилув қарори, ҳукм, қарор) нафақат жорий қонунлар, балки конституциявий нормалар билан ҳам асослаш суд статистикасида деярли учрамайди.

Эътиборли ва муҳим томони шундаки, Конституциянинг 15-моддаси қуйидаги мазмундаги, яъни “Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси олий юридик кучга эга бўлиб, тўғридан-тўғри амал қилади ва Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида қўлланилади” деган иккинчи қисм тўлдирилганлиги ҳам бежизга эмас. Сабаби, ушбу норма Бош қонунимизнинг барча давлат идоралари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида бевосита амал қилиши ва қўлланилиши лозимлигини назарда тутмоқда.

Ҳолбуки, суд давлат ҳокимиятининг алоҳида ва мустақил тармоғи сифатида суд ҳужжатларида Конституцияни бевосита қўллаш орқали уни ҳаракатга келтирувчи, конституциявий ҳуқуқ тартиботни мустаҳкамловчи ягона ва олий органдир.

Шундай экан, суд ҳужжатларида Бош қонунимизда кафолатланган инсон ҳуқуқларига оид нормаларни тўғридан-тўғри кўрсатилиши, суд қарорларини Конституция билан асослаш амалиётига ўтиш фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва тафаккурини юксалтириши билан бир қаторда жамиятда Конституция ва қонунларга ҳурматда бўлиш масъулиятини ҳам бирдек ошириши шак-шубҳасиздир.

Зеро, суд қарорини ёзган судья томонидан Конституциянинг тўғридан-тўғри қўлланилиши жамиятда қонунийлик ва адолатни ўрнатиш вазифасини бажариши билан бирга конституциявий ҳуқуқий саводхонликни оширишга ҳам хизмат қилади.

 

Муҳиддин Базаров, Қашқадарё вилоят судининг судьяси

Ғузор туманида судьялар томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституциясига киритилаётган ўзгаришларнинг мазмун-моҳиятини тушунтиришга бағишланган маърифий-ҳуқуқий тадбирлар ўтказилмоқда

Ғузор тумани “Мустақиллик” маҳалла фуқаролар йиғинида ташкил этилган тадбирда жиноят ишлари бўйича Ғузор тумани суди раиси Лазиза Расулова, Ғузор туманлараро иқтисодий суди раиси Нодир Хўжақуловлар иштирок этишди.

Тадбирда сўз олганлар судьялар “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида“ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни лойиҳаси ҳамда Референдум: унинг ташкилий-ҳуқуқий асослари ва босқичлари хусусида ўз фикр ва мулоҳазаларини билдиришди.

Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоблар олишди.

 

Қашқадарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими

Янги Конституциямиз – ҳуқуқ ва эркинлигимиз кафолати

Бугун юртимизда муҳим жараён – конституциявий ислоҳотларни амалга оширишга қизғин ҳозирлик кўрилмоқда.

Фуқароларнинг таклифлари, фикр-мулоҳазалари ўрганилиб, Бош қомусимизни такомиллаштириш ишлари жадал олиб борилмоқда.

Президентимизнинг “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисидаги” фармонида мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш мақсади белгиланган. Кўриб турганимиздек, ижтимоий адолат жамият ҳаётининг асосий мақсади ва орзусига айланган. Стратегиянинг 20-мақсадида “Фаол фуқаролик жамиятини ривожлантириш ҳамда фуқаролар ўртасида қонунга ҳурмат ва итоат қилиш ҳиссини шакллантириш; аҳолининг ҳуқуқий маданияти ва онгини юксалтириш, бу борада давлат органларининг фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ва таълим ташкилотлари билан ўзаро самарали ҳамкорлигини йўлга қўйиш; тадбиркорлар ва аҳоли, айниқса унинг кам таъминланган қатламлари учун ҳуқуқий ҳужжатларни юрист иштирокисиз тайёрлаш имконини берувчи “Легал Теч” платформасини ишга тушириш” каби вазифаларнинг белгиланиши ижтимоий адолат тамойилининг асл мақсадини ташкил қилади.

Ижтимоий адолат тамойили Конституциямиз ва бошқа бир қатор жорий қонунларда ўз ифодасини топган. Шу билан бир қаторда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган тамойили сифатида Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон Декларациясининг бош мақсади сифатида қайд қилинган.

Ҳуқуқий давлат барпо этиш шароитида ижтимоий адолат инсониятнинг олий маънавий қадриятларини тасдиқлаб, бу қадриятларнинг жамият ҳаётидаги ҳал қилувчи ролини таъминлайди, шахсга нисбатан ўзбошимчалик ва зўравонликни истисно қилади. Жамиятда қонун устуворлигининг маънавий асосини инсонпарварлик ва адолат, инсон ҳуқуқлари, унинг шаъни ва қадр-қиммати каби умуминсоний тамойиллар ташкил этади. Ижтимоий адолат инсоният тарихида асрлар мобайнида шаклланган муҳим ижтимоий ғоя ва халқнинг доимий орзуси бўлиб, жамиятда рўй бераётган ислоҳотлар даврида унинг аҳамияти тобора ортиб бормоқда. Жамиятимизда рўй бераётган демократик ўзгаришлар эса бу тамойилнинг ҳаётга татбиқ қилинаётганининг ёрқин далили сифатида кўзга ташланади.

Ижтимоий адолат давлат ҳокимияти органларининг бошқарув салоҳияти ва фуқаролик жамиятининг таркибий қисмлари ва имкониятлари ўртасида ҳамжиҳатлик ва адолатли ижтимоий тартиботни ташкил этиш воситаси сифатида фаолият юритувчи ҳуқуқий механизмлар орқали амалга оширилади.

Ижтимоий адолат эркинлик ва тенглик тушунчалари билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, уларнинг уйғунлигида яққол намоён бўлади. Эркинлик ва тенглик тушунчалари эса қонунийлик тушунчаси билан узвий боғлиқ ҳолда ижтимоий адолатни ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлашга хизмат қилади. Жамият аъзоларининг қонун олдида тенглиги, инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш ижтимоий адолат тамойилининг бош мақсадини ташкил қилади.

Конституциямизнинг янги таҳририда шуларга алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, Конституция лойиҳасида Ўзбекистон – ҳуқуқий давлат, деб белгиланмоқда.

Жумладан, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсади, дея эълон қилинар экан, унда инсон ҳуқуқларига оид нормалар              3 баравардан ортиққа ошмоқда.

Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари қонунларимизнинг, ҳар бир вазирлик ва идора фаолиятининг мазмунига айланиши қатъий талаб сифатида белгиланяптики, бу ҳол давлат органлари ҳамда мансабдор шахсларнинг фақат ва фақат фуқароларнинг манфаатларини кўзлаб фаолият кўрсатишига асос бўлади.

Бинобарин, қонунлардаги зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига ҳал бўлиши шарт ва зарур. Бунга кўра, инсон ва давлат ўртасида муносабатларни тартибга солувчи қонунчиликдаги ноаниқликлар, турли тушунмовчиликлар бартараф этилади, фуқароларнинг ортиқча оворагарчиликлари олди олинади.

Конституцияда давлат органлари томонидан инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши кераклиги мустаҳкамланмоқда. Қонунчиликда белгиланмаган мажбурият ҳеч кимнинг зиммасига ўз розилигисиз юклатилиши мумкин эмаслиги қайд этиляптики, ушбу норма одамлар ҳаётини янада енгиллаштиради.

Ҳужжат лойиҳасида Ўзбекистон Республикаси фуқароси Ўзбекистондан ташқарига мажбурий чиқариб юборилиши ёки бошқа давлатга бериб юборилиши мумкин эмаслиги белгиланмоқда. Бу норма фуқароларимизнинг доимий равишда давлат ҳимоясида эканлигига ишончини мустаҳкамлашга, ўз юртидан чиқариб юборилиши ёки бошқа давлатга берилиши каби ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Давлат хорижда яшаётган ватандошлар билан алоқаларнинг сақлаб қолиниши ҳамда ривожланиши тўғрисида ғамхўрлик қилиши таъкидланяпти.

Ушбу норма чет элларда яшаётган, ишлаётган, таълим олаётган ватандошларимизни Ватани билан доимий алоқада бўлишига, тили, маданиятини сақлаб қолиш ҳамда ривожлантиришига, она юрти – Ўзбекистоннинг обрўсини янада оширишга ўз ҳиссасини қўшишига хизмат қилади.

Янги Конституцияда Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатлари сезиларли даражада кучайтирилмоқда

Хусусан, Ўзбекистонда ўлим жазоси тақиқланмоқда. Ўлим жазосини тақиқлашни конституциявий даражада белгиланиши инсонни ҳаётдан ҳатто давлат ҳам маҳрум этишга ҳақли эмаслигини кафолатлайди.

Бундан ташқари, шахс суднинг қарорисиз 48 соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмаслиги белгиланяпти. Яъни, шахснинг эркинлигини чеклаш билан боғлиқ ҳар қандай ҳаракат фақатгина суд қарори асосида амалга оширилиши шарт. Ушбу қоида тергов органлари томонидан инсонларни ноқонуний ҳибсга олиш, асоссиз қамоққа олиш ва сақлашга йўл қўймасликка қаратилгандир. Бу орқали халқаро эътироф этилган “Хабеас корпус” институтини қўлланиш кўлами янада кенгаяди.

Илк бор шахсни ушлаш чоғида унга тушунарли тилда унинг ҳуқуқлари ва ушлаб турилиши асослари тушунтирилиши шартлиги, айбланувчи ва судланувчиларга ўзига қарши кўрсатма бермаслик (халқаро эътироф этилган “Миранда қоидаси”), сукут сақлаш ҳуқуқи берилмоқда.

Ҳар кимнинг ёзишмалари, телефон орқали сўзлашувлари, почта, электрон ва бошқа хабарлари сир сақланиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланмоқда. Бундай ҳуқуқларнинг чекланишига ёки уй-жойда тинтув ўтказишга фақат қонунга мувофиқ ва суднинг қарорига асосан йўл қўйилиши белгилаб қўйилмоқда.

Ҳар ким ўз ҳуқуқ ва эркинликларини қонунда тақиқланмаган барча усуллар билан ҳимоя қилишга ҳақлилиги белгиланяпти. Ушбу қоиданинг мазмун-моҳияти шундаки, фуқаролар ўз бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини, ўзгалар ҳуқуқларини бузмаган ҳолда, мустақил ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга. Ягона шарт – бу фуқаролар томонидан ўзини ҳимоя қилишда қўлланиладиган усуллар ёки чораларнинг қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бўлишидир.

Биринчи маротаба ҳар ким Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига ва халқаро шартномаларига мувофиқ, агар давлатнинг ҳуқуқий ҳимояга доир барча ички воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи халқаро органларга мурожаат этишга ҳақли эканлиги мустаҳкамланмоқда. Бу фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимояси нафақат миллий қонунчиликда белгиланган нормалар, балки халқаро ҳуқуқ асосида ҳам ҳимояланишини таъминлайди.

Булардан ташқари, ҳар ким давлат органларининг ёхуд улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрни давлат томонидан қопланиши ҳуқуқига эгалиги қайд этилмоқда.

Конституцияда айбдорликка оид барча шубҳалар, агар уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг ёки маҳкумнинг фойдасига ҳал қилиниши кераклиги қайд этилмоқда. Мазкур норма тўғридан-тўғри амал қилувчи қоида бўлиб, тергов ва суд жараёнида фақат ишончли ва қонуний далиллардан фойдаланишни таъминлайди ҳамда шахсни асоссиз равишда жавобгарликка тортилишдан ҳимоя қилади.

Қолаверса, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаши шарт эмаслиги мустаҳкамланмоқда, ҳеч ким ўзига ва яқин қариндошларига қарши гувоҳлик беришга мажбур эмаслиги белгиланмоқда. Бу қоидаларнинг Конституцияда белгиланиши жиноий таъқиб остидаги ҳар қандай шахсга ёки унинг яқин қариндошларига руҳий босим ва турли таҳдидлар ўтказиш, унинг шаъни ва қадр-қимматини камситиш каби бошқа ноқонуний усуллар қўлланишини олдини олишга хизмат қилади.

Яна бир муҳим норма – агар шахснинг ўз айбини тан олганлиги унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмаслиги кафолатланмоқда. Бу ҳол жиноят бўйича ҳақиқатни аниқлаш, шунингдек, айбсиз инсонларнинг жавобгарликка тортилишини олдини олишга, айни пайтда, жиноят содир этган ҳақиқий айбдор шахс ёки шахсларни аниқлашга хизмат қилади.

Озодликдан маҳрум этилган шахслар ўзига нисбатан инсоний муомалада бўлиниши ҳамда инсон шахсига хос бўлган шаъни ва қадр-қиммати ҳурмат қилиниши ҳуқуқига эгалиги ҳам тарихда илк бор конституциявий мустаҳкамланмоқда.

Қолаверса, шахснинг судланганлиги ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлиши мумкин эмаслиги белгиланяптики, буларнинг ҳаммаси мустабид тузумдан қолган иллатга, қанча ёшларимизни ўз орзу-умидларидан воз кечишга мажбур қилган ноинсоний тақиқларга чек қўяди.

Конституцияда ҳар ким ўз шахсига доир маълумотларнинг ҳимоя қилиниши ҳуқуқига, шунингдек нотўғри маълумотларнинг тузатилишини, ўзи тўғрисида қонунга хилоф йўл билан тўпланган ёки ҳуқуқий асосларга эга бўлмай қолган маълумотларнинг йўқ қилинишини талаб қилиш ҳуқуқига эга эканлиги мустаҳкамланмоқда.

Қонуний асосларда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлиб турган ҳар ким мамлакат бўйлаб эркин ҳаракатланиш, турар ва яшаш жойини эркин танлаш ҳуқуқига эгалиги, ҳар ким Ўзбекистондан ташқарига эркин чиқиш ҳуқуқига ҳамда Ўзбекистон Республикаси фуқароси Ўзбекистонга тўсқинликсиз қайтиш ҳуқуқига эгалиги белгиланмоқда. Эндиликда мазкур конституциявий қоида киритилиши билан эркин ҳаракатланиш қадрият даражасида олий ҳуқуқий норма сифатида мустаҳкамланмоқдаки, бу “прописка” тизими муаммосига ҳам барҳам беради.

Янги Конституция Янги Ўзбекистон тараққиётида янги даврни бошлаб беради. Конституциявий ислоҳотнинг фуқароларимиз фикри ва қўллаб-қувватлаши асосида, референдум орқали амалга оширилиши халқимиз хоҳиш-иродасининг ифодаси – ҳақиқий халқ Конституцияси бўлади.

 

 

Руслан Заиров, фуқаролик ишлари бўйича Чироқчи туманлараро судининг раиси

Skip to content