ДИҚҚАТ, ТАНЛОВ!

Қашқадарё вилоят, туманлараро, туман ва шаҳар судларининг қуйидаги бўш иш ўринларига танлов эълон қилинади:

– Фуқаролик ишлари бўйича Ғузор туманлараро судининг архив мудири вазифасига 1 нафар;

– Қарши туманлараро иқтисодий судининг архив мудири вазифасига 1 нафар;

– Касби туманлараро иқтисодий судининг судья ёрдамчиси вазифасига 1 нафар;

– Яккабоғ туманлараро иқтисодий судининг судья ёрдамчиси вазифасига 1 нафар.

Танловда олий юридик маълумотли, Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган шахслар қатнашиши мумкин.

Номзодлар очиқлик, шаффофлик, тенглик принциплари асосида Комиссия томонидан белгиланган тартибда суҳбатдан ўтказилади.

Аризалар 2023 йил 27 апрел соат 17:00 га қадар қабул қилинади.

Мурожаат учун тел: (75) 221-05-58.

Электрон почта манзили: qash.kadr@sud.uz

Манзил:  Қашқадарё вилоят суди (180108, Қарши шаҳри Бунёдкорлик кўчаси 10 a уй)

КОНСТИТУЦИЯНИНГ БЕВОСИТА АМАЛ ҚИЛИШИ судлар фаолиятида қандай аҳамиятга эга?

Дарҳақиқат, Конституция ўз юридик мақоми ва мазмун-моҳиятига кўра, олий даражадаги қонун бўлиб, ўзида ҳар бир давлатнинг ўзига хос қиёфаси ҳамда тарихий-ҳуқуқий анъаналарини, унинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий тузумини, тараққиёт йўлини, бугуни ва эртасини, фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда бурчларини ифода этади.

Бошқача айтганда, ҳар қандай давлатнинг келажаги ва халқининг тақдири кўп жиҳатдан Конституциянинг қандай бўлишига боғлиқ.

Шу маънода, “Конституциянинг бевосита амал қилиши” тамойили асосида тубдан янгиланаётган Бош қонунимизга киритилаётган муҳим ўзгартириш ва қўшимчалардан кўзланган пировард мақсадлардан бири ҳам, авваломбор, инсон ва фуқароларнинг табиий, ажралмас ҳамда халқаро ҳуқуқ билан кафолатланган ҳуқуқ ва эркинликларини олий қонун даражасида янада мустаҳкамлаш, мамлакатда конституциявий тартибот ва қонунийликни, унинг давлат идоралари фаолиятида, ҳар бир фуқаро ҳаётида тўғридан-тўғри амал қилишини таъминлашдан иборатдир.

Хўш, Конституциянинг бевосита амал қилиши судлар фаолиятида ҳуқуқий жиҳатдан қандай аҳамият касб этади, бу борада хорижий мамлакатлар тажрибасининг ўзига хос жиҳатлари нимада, нима учун суд ҳужжатларини кодекслар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан асослаймизда, Конституцияни тўғридан-тўғри қўлламаймиз?

Авваломбор, бу борада жаҳон давлатларининг конституцияшунослик амалиётига назар ташласак, Конституциянинг давлат ичида амал қилиши (қўлланилиши) юзасидан икки хил назарий ёндашув мавжудлигини қайд этиш лозим. Яъни, биринчи ёндашув Бош қонуннинг ҳуқуқни қўллаш амалиётида бевосита амал қилиши бўлса, иккинчи ёндашув унинг билвосита қўлланилишидир. Албатта, ҳар иккала ёндашув ҳам Конституциянинг устунлигини, бошқа ҳеч қандай норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар унга зид келиши мумкин эмаслигини эътироф этади.

Шуни қайд этиш жоизки, кўплаб хорижий мамлакатлар судларининг одил судлов соҳасида ҳуқуқни қўллаш амалиётида Конституциянинг бевосита амал қилиши, суд қарорларида тўғридан-тўғри қўлланилиши алоҳида эътиборга моликдир.

Шу нуқтаи-назардан қараганда бугун Бош қонунимизга киритилаётган туб демократик ўзгартириш ва қўшимчалар ҳам ўзининг мазмуни ва аҳамиятига кўра одил судловни амалга оширишда, ҳуқуқни қўллаш амалиётида соҳа вакиллари зиммасига катта масъулият юклаши баробарида жамият ҳаётида Конституциянинг бевосита амал қилишини, унинг  устуворлигини таъминлашдек устувор вазифани ҳам юклайди. Нега деганда, ҳанузгача миллий суд амалиётида Конституцияни қўллаш, суд ҳужжатларини (ҳал қилув қарори, ҳукм, қарор) нафақат жорий қонунлар, балки конституциявий нормалар билан ҳам асослаш суд статистикасида деярли учрамайди.

Эътиборли ва муҳим томони шундаки, Конституциянинг 15-моддаси қуйидаги мазмундаги, яъни “Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси олий юридик кучга эга бўлиб, тўғридан-тўғри амал қилади ва Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида қўлланилади” деган иккинчи қисм тўлдирилганлиги ҳам бежизга эмас. Сабаби, ушбу норма Бош қонунимизнинг барча давлат идоралари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида бевосита амал қилиши ва қўлланилиши лозимлигини назарда тутмоқда.

Ҳолбуки, суд давлат ҳокимиятининг алоҳида ва мустақил тармоғи сифатида суд ҳужжатларида Конституцияни бевосита қўллаш орқали уни ҳаракатга келтирувчи, конституциявий ҳуқуқ тартиботни мустаҳкамловчи ягона ва олий органдир.

Шундай экан, суд ҳужжатларида Бош қонунимизда кафолатланган инсон ҳуқуқларига оид нормаларни тўғридан-тўғри кўрсатилиши, суд қарорларини Конституция билан асослаш амалиётига ўтиш фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва тафаккурини юксалтириши билан бир қаторда жамиятда Конституция ва қонунларга ҳурматда бўлиш масъулиятини ҳам бирдек ошириши шак-шубҳасиздир.

Зеро, суд қарорини ёзган судья томонидан Конституциянинг тўғридан-тўғри қўлланилиши жамиятда қонунийлик ва адолатни ўрнатиш вазифасини бажариши билан бирга конституциявий ҳуқуқий саводхонликни оширишга ҳам хизмат қилади.

 

Муҳиддин Базаров, Қашқадарё вилоят судининг судьяси

Ғузор туманида судьялар томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституциясига киритилаётган ўзгаришларнинг мазмун-моҳиятини тушунтиришга бағишланган маърифий-ҳуқуқий тадбирлар ўтказилмоқда

Ғузор тумани “Мустақиллик” маҳалла фуқаролар йиғинида ташкил этилган тадбирда жиноят ишлари бўйича Ғузор тумани суди раиси Лазиза Расулова, Ғузор туманлараро иқтисодий суди раиси Нодир Хўжақуловлар иштирок этишди.

Тадбирда сўз олганлар судьялар “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида“ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни лойиҳаси ҳамда Референдум: унинг ташкилий-ҳуқуқий асослари ва босқичлари хусусида ўз фикр ва мулоҳазаларини билдиришди.

Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоблар олишди.

 

Қашқадарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими

Янги Конституциямиз – ҳуқуқ ва эркинлигимиз кафолати

Бугун юртимизда муҳим жараён – конституциявий ислоҳотларни амалга оширишга қизғин ҳозирлик кўрилмоқда.

Фуқароларнинг таклифлари, фикр-мулоҳазалари ўрганилиб, Бош қомусимизни такомиллаштириш ишлари жадал олиб борилмоқда.

Президентимизнинг “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисидаги” фармонида мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш мақсади белгиланган. Кўриб турганимиздек, ижтимоий адолат жамият ҳаётининг асосий мақсади ва орзусига айланган. Стратегиянинг 20-мақсадида “Фаол фуқаролик жамиятини ривожлантириш ҳамда фуқаролар ўртасида қонунга ҳурмат ва итоат қилиш ҳиссини шакллантириш; аҳолининг ҳуқуқий маданияти ва онгини юксалтириш, бу борада давлат органларининг фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ва таълим ташкилотлари билан ўзаро самарали ҳамкорлигини йўлга қўйиш; тадбиркорлар ва аҳоли, айниқса унинг кам таъминланган қатламлари учун ҳуқуқий ҳужжатларни юрист иштирокисиз тайёрлаш имконини берувчи “Легал Теч” платформасини ишга тушириш” каби вазифаларнинг белгиланиши ижтимоий адолат тамойилининг асл мақсадини ташкил қилади.

Ижтимоий адолат тамойили Конституциямиз ва бошқа бир қатор жорий қонунларда ўз ифодасини топган. Шу билан бир қаторда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган тамойили сифатида Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон Декларациясининг бош мақсади сифатида қайд қилинган.

Ҳуқуқий давлат барпо этиш шароитида ижтимоий адолат инсониятнинг олий маънавий қадриятларини тасдиқлаб, бу қадриятларнинг жамият ҳаётидаги ҳал қилувчи ролини таъминлайди, шахсга нисбатан ўзбошимчалик ва зўравонликни истисно қилади. Жамиятда қонун устуворлигининг маънавий асосини инсонпарварлик ва адолат, инсон ҳуқуқлари, унинг шаъни ва қадр-қиммати каби умуминсоний тамойиллар ташкил этади. Ижтимоий адолат инсоният тарихида асрлар мобайнида шаклланган муҳим ижтимоий ғоя ва халқнинг доимий орзуси бўлиб, жамиятда рўй бераётган ислоҳотлар даврида унинг аҳамияти тобора ортиб бормоқда. Жамиятимизда рўй бераётган демократик ўзгаришлар эса бу тамойилнинг ҳаётга татбиқ қилинаётганининг ёрқин далили сифатида кўзга ташланади.

Ижтимоий адолат давлат ҳокимияти органларининг бошқарув салоҳияти ва фуқаролик жамиятининг таркибий қисмлари ва имкониятлари ўртасида ҳамжиҳатлик ва адолатли ижтимоий тартиботни ташкил этиш воситаси сифатида фаолият юритувчи ҳуқуқий механизмлар орқали амалга оширилади.

Ижтимоий адолат эркинлик ва тенглик тушунчалари билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, уларнинг уйғунлигида яққол намоён бўлади. Эркинлик ва тенглик тушунчалари эса қонунийлик тушунчаси билан узвий боғлиқ ҳолда ижтимоий адолатни ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлашга хизмат қилади. Жамият аъзоларининг қонун олдида тенглиги, инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш ижтимоий адолат тамойилининг бош мақсадини ташкил қилади.

Конституциямизнинг янги таҳририда шуларга алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, Конституция лойиҳасида Ўзбекистон – ҳуқуқий давлат, деб белгиланмоқда.

Жумладан, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсади, дея эълон қилинар экан, унда инсон ҳуқуқларига оид нормалар              3 баравардан ортиққа ошмоқда.

Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари қонунларимизнинг, ҳар бир вазирлик ва идора фаолиятининг мазмунига айланиши қатъий талаб сифатида белгиланяптики, бу ҳол давлат органлари ҳамда мансабдор шахсларнинг фақат ва фақат фуқароларнинг манфаатларини кўзлаб фаолият кўрсатишига асос бўлади.

Бинобарин, қонунлардаги зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига ҳал бўлиши шарт ва зарур. Бунга кўра, инсон ва давлат ўртасида муносабатларни тартибга солувчи қонунчиликдаги ноаниқликлар, турли тушунмовчиликлар бартараф этилади, фуқароларнинг ортиқча оворагарчиликлари олди олинади.

Конституцияда давлат органлари томонидан инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши кераклиги мустаҳкамланмоқда. Қонунчиликда белгиланмаган мажбурият ҳеч кимнинг зиммасига ўз розилигисиз юклатилиши мумкин эмаслиги қайд этиляптики, ушбу норма одамлар ҳаётини янада енгиллаштиради.

Ҳужжат лойиҳасида Ўзбекистон Республикаси фуқароси Ўзбекистондан ташқарига мажбурий чиқариб юборилиши ёки бошқа давлатга бериб юборилиши мумкин эмаслиги белгиланмоқда. Бу норма фуқароларимизнинг доимий равишда давлат ҳимоясида эканлигига ишончини мустаҳкамлашга, ўз юртидан чиқариб юборилиши ёки бошқа давлатга берилиши каби ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Давлат хорижда яшаётган ватандошлар билан алоқаларнинг сақлаб қолиниши ҳамда ривожланиши тўғрисида ғамхўрлик қилиши таъкидланяпти.

Ушбу норма чет элларда яшаётган, ишлаётган, таълим олаётган ватандошларимизни Ватани билан доимий алоқада бўлишига, тили, маданиятини сақлаб қолиш ҳамда ривожлантиришига, она юрти – Ўзбекистоннинг обрўсини янада оширишга ўз ҳиссасини қўшишига хизмат қилади.

Янги Конституцияда Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатлари сезиларли даражада кучайтирилмоқда

Хусусан, Ўзбекистонда ўлим жазоси тақиқланмоқда. Ўлим жазосини тақиқлашни конституциявий даражада белгиланиши инсонни ҳаётдан ҳатто давлат ҳам маҳрум этишга ҳақли эмаслигини кафолатлайди.

Бундан ташқари, шахс суднинг қарорисиз 48 соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмаслиги белгиланяпти. Яъни, шахснинг эркинлигини чеклаш билан боғлиқ ҳар қандай ҳаракат фақатгина суд қарори асосида амалга оширилиши шарт. Ушбу қоида тергов органлари томонидан инсонларни ноқонуний ҳибсга олиш, асоссиз қамоққа олиш ва сақлашга йўл қўймасликка қаратилгандир. Бу орқали халқаро эътироф этилган “Хабеас корпус” институтини қўлланиш кўлами янада кенгаяди.

Илк бор шахсни ушлаш чоғида унга тушунарли тилда унинг ҳуқуқлари ва ушлаб турилиши асослари тушунтирилиши шартлиги, айбланувчи ва судланувчиларга ўзига қарши кўрсатма бермаслик (халқаро эътироф этилган “Миранда қоидаси”), сукут сақлаш ҳуқуқи берилмоқда.

Ҳар кимнинг ёзишмалари, телефон орқали сўзлашувлари, почта, электрон ва бошқа хабарлари сир сақланиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланмоқда. Бундай ҳуқуқларнинг чекланишига ёки уй-жойда тинтув ўтказишга фақат қонунга мувофиқ ва суднинг қарорига асосан йўл қўйилиши белгилаб қўйилмоқда.

Ҳар ким ўз ҳуқуқ ва эркинликларини қонунда тақиқланмаган барча усуллар билан ҳимоя қилишга ҳақлилиги белгиланяпти. Ушбу қоиданинг мазмун-моҳияти шундаки, фуқаролар ўз бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини, ўзгалар ҳуқуқларини бузмаган ҳолда, мустақил ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга. Ягона шарт – бу фуқаролар томонидан ўзини ҳимоя қилишда қўлланиладиган усуллар ёки чораларнинг қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бўлишидир.

Биринчи маротаба ҳар ким Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига ва халқаро шартномаларига мувофиқ, агар давлатнинг ҳуқуқий ҳимояга доир барча ички воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи халқаро органларга мурожаат этишга ҳақли эканлиги мустаҳкамланмоқда. Бу фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимояси нафақат миллий қонунчиликда белгиланган нормалар, балки халқаро ҳуқуқ асосида ҳам ҳимояланишини таъминлайди.

Булардан ташқари, ҳар ким давлат органларининг ёхуд улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрни давлат томонидан қопланиши ҳуқуқига эгалиги қайд этилмоқда.

Конституцияда айбдорликка оид барча шубҳалар, агар уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг ёки маҳкумнинг фойдасига ҳал қилиниши кераклиги қайд этилмоқда. Мазкур норма тўғридан-тўғри амал қилувчи қоида бўлиб, тергов ва суд жараёнида фақат ишончли ва қонуний далиллардан фойдаланишни таъминлайди ҳамда шахсни асоссиз равишда жавобгарликка тортилишдан ҳимоя қилади.

Қолаверса, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаши шарт эмаслиги мустаҳкамланмоқда, ҳеч ким ўзига ва яқин қариндошларига қарши гувоҳлик беришга мажбур эмаслиги белгиланмоқда. Бу қоидаларнинг Конституцияда белгиланиши жиноий таъқиб остидаги ҳар қандай шахсга ёки унинг яқин қариндошларига руҳий босим ва турли таҳдидлар ўтказиш, унинг шаъни ва қадр-қимматини камситиш каби бошқа ноқонуний усуллар қўлланишини олдини олишга хизмат қилади.

Яна бир муҳим норма – агар шахснинг ўз айбини тан олганлиги унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмаслиги кафолатланмоқда. Бу ҳол жиноят бўйича ҳақиқатни аниқлаш, шунингдек, айбсиз инсонларнинг жавобгарликка тортилишини олдини олишга, айни пайтда, жиноят содир этган ҳақиқий айбдор шахс ёки шахсларни аниқлашга хизмат қилади.

Озодликдан маҳрум этилган шахслар ўзига нисбатан инсоний муомалада бўлиниши ҳамда инсон шахсига хос бўлган шаъни ва қадр-қиммати ҳурмат қилиниши ҳуқуқига эгалиги ҳам тарихда илк бор конституциявий мустаҳкамланмоқда.

Қолаверса, шахснинг судланганлиги ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлиши мумкин эмаслиги белгиланяптики, буларнинг ҳаммаси мустабид тузумдан қолган иллатга, қанча ёшларимизни ўз орзу-умидларидан воз кечишга мажбур қилган ноинсоний тақиқларга чек қўяди.

Конституцияда ҳар ким ўз шахсига доир маълумотларнинг ҳимоя қилиниши ҳуқуқига, шунингдек нотўғри маълумотларнинг тузатилишини, ўзи тўғрисида қонунга хилоф йўл билан тўпланган ёки ҳуқуқий асосларга эга бўлмай қолган маълумотларнинг йўқ қилинишини талаб қилиш ҳуқуқига эга эканлиги мустаҳкамланмоқда.

Қонуний асосларда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлиб турган ҳар ким мамлакат бўйлаб эркин ҳаракатланиш, турар ва яшаш жойини эркин танлаш ҳуқуқига эгалиги, ҳар ким Ўзбекистондан ташқарига эркин чиқиш ҳуқуқига ҳамда Ўзбекистон Республикаси фуқароси Ўзбекистонга тўсқинликсиз қайтиш ҳуқуқига эгалиги белгиланмоқда. Эндиликда мазкур конституциявий қоида киритилиши билан эркин ҳаракатланиш қадрият даражасида олий ҳуқуқий норма сифатида мустаҳкамланмоқдаки, бу “прописка” тизими муаммосига ҳам барҳам беради.

Янги Конституция Янги Ўзбекистон тараққиётида янги даврни бошлаб беради. Конституциявий ислоҳотнинг фуқароларимиз фикри ва қўллаб-қувватлаши асосида, референдум орқали амалга оширилиши халқимиз хоҳиш-иродасининг ифодаси – ҳақиқий халқ Конституцияси бўлади.

 

 

Руслан Заиров, фуқаролик ишлари бўйича Чироқчи туманлараро судининг раиси

Янгиланаётган конституция суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар натижаларини ҳуқуқий мустаҳкамлайди

Қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Конституциявий қонуни лойиҳасига кўра, амалдаги Конституцияга 27 та янги модда киритилмоқда, моддалар сони 128 тадан 155 тага ошмоқда.

Шунингдек, Конституциямизнинг амалдаги 275 та нормаси 434 тага кўпаймоқда, яъни Конституциямиз 65 фоизга янгиланмоқда.

Хусусан, мулк дахлсизлиги ва у билан боғлиқ ҳуқуқларнинг таъминланиши давлат томонидан кафолатланиши, мулкий ҳуқуқларни чеклаш фақат суд қарори асосида бўлиши мустаҳкамланмоқда.

Бундан ташқари, адвакатурага бағишланган алоҳида бобнинг киритилиши суд ҳокимияти, прокуратура органлари қаторида одил судловнинг муҳим таркибий қисми сифатида адвокатуранинг ҳуқуқий мақоми белгиланишига хизмат қилади.

Янгиланаётган Конституциямизда “Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш – давлатнинг олий мақсадидир” деган норма белгиланмоқда.

Ушбу мақсадга эришиш учун инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсизлиги, давлат органлари томонидан ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши керакли белгиланмоқда.

Айбсизлик презумцияси янада кучайтирилмоқда.

Жумладан, Конституциямизнинг амалдаги 26-моддасида шахснинг иши судда кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланган бўлса, эндиликда суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан аниқланмагунча у айбсиз ҳисобланиши мустаҳкамланмоқда.

Конституцияда инсоннинг шахсий ҳуқуқлари ва эркинликлари кафолати энг илғор халқаро стандартларга мувофиқ кучайтирилмоқда. Хусусан, шахсни суд қарорисиз 48 соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмаслиги, ушбу муддат ушлаб туриш қонунийлиги ва асослилиги судда исботланмаса, шахс дарҳол озод қилиниши (“Хабеас корпус” институти) ҳамда шахсни ушлаб туриш чоғида унинг ҳуқуқлари ва ушлаб турилиши асослари унга тушунарли тилда тушунтирилиши кераклиги (“Миранда қоидалари”), шунингдек, айбланувчи ва судланувчиларга ўзига қарши кўрсатма бермаслик, яъни “сукут сақлаш” ҳуқуқи белгиланмоқда. Ушбу қоидалар шахсий эркинлик дахлсизлигини ва инсонларни ноқонуний ҳибсга олишга йўл қўймасликни кафолатлайди.

Илк маротаба ёзишмалар, телефон орқали сўзлашувлар, почта, электрон хабарлар ва бошқа хабарларни сир сақлаш ҳуқуқи фақат суднинг қарорига асосан чекланиши мумкинлиги белгиланмоқда.

Яъни, ҳозирги вақтда ушбу ваколат прокурорга тегишли бўлиб, унинг судларга ўтказилиши шахс дахлсизлиги ва конституциявий ҳуқуқларини таъминлашда туб бурилиш бўлади.

Шахс қариндошларининг судланганлиги асоси билан ҳуқуқлари чекланиши мумкин эмаслиги қатъий белгиланиши инсон ўзининг яқинлари йўл қўйган хатолар учун жавоб бермаслигини таъминлайди.

Қонунда суд ҳокимиятининг чинакам мутақиллигини таъминлаш мақсадида Судьялар олий кенгашининг барча аъзоларини Сенат томонидан сайлаш тизимини киритиш таклиф этилмоқда.

Шунингдек, одил судловга эришиш даражасини ошириш ва судьялар мустақиллигини таъминлашга қаратилган қоидалар киритилмоқда.

Судьянинг бошқа органлар ва шахслардан холи бўлишини таъминлаш мақсадида судьялар муайян ишлар бўйича ҳисобдор бўлмаслиги қатъий ўрнатилмоқда.

Суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш мақсадида судлар фаолиятини молиялаштириш фақат давлат бюджетидан амалга оширилиши кафолатловчи янги модда киритилмоқда.

Бу каби янгилик ва ўзгаришлар орқали кейинги йилларда юртимизда амалга оширилган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари натижалари конституция даражадасида мустаҳкамланади.

 

Латофат Зайниддинова, Қарши туманлараро маъмурий судининг судьяси

ДИҚҚАТ, ТАНЛОВ!

Қашқадарё вилоят, туманлараро, туман ва шаҳар судларининг қуйидаги бўш иш ўринларига танлов эълон қилинади:

– Фуқаролик ишлари бўйича Ғузор туманлараро судининг архив мудири вазифасига 1 нафар;

– Яккабоғ туманлараро иқтисодий судининг судья ёрдамчиси вазифасига 1 нафар.

Танловда олий юридик маълумотли, Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган шахслар қатнашиши мумкин.

Номзодлар очиқлик, шаффофлик, тенглик принциплари асосида Комиссия томонидан белгиланган тартибда суҳбатдан ўтказилади.

Аризалар 2023 йил 7 апрел соат 17:00 га қадар қабул қилинади.

Мурожаат учун тел: (75) 221-05-58.

Электрон почта манзили: qash.kadr@sud.uz

Манзил:  Қашқадарё вилоят суди (180108, Қарши шаҳри Бунёдкорлик кўчаси 10 a уй)

Skip to content