Экология ва ҳуқуқ – барқарор келажак

 

Инсоният тарихида табиат ва атроф-муҳит ҳар доим ҳаёт манбаи ҳисобланган. Ҳаво, сув, ер ва ўсимлик ҳамда ҳайвонот дунёси инсон учун нафақат моддий эҳтиёжларни қондириш воситаси, балки бойлик манбаи ҳамдир. Шунинг учун табиатни асраб-авайлаш ва уни соф ҳолда кейинги авлодга етказиш ҳар бир инсоннинг муқаддас бурчи ҳисобланади.

Бугунги глобал тараққиёт ва жадал индустриаллашув жараёнида инсон ҳаёти табиат билан тобора мустаҳкам боғланиб бормоқда. Атроф-муҳитнинг тозалиги, табиий ресурсларнинг асраб-авайланиши ва экотизим барқарорлиги жамиятнинг барқарор ривожланиши ва келажак авлод фаровонлигининг гаровидир. Шу боис экология соҳасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка йўл қўймаслик, уларнинг олдини олиш ҳамда жавобгарлик механизмларини кучайтириш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бири ҳисобланади.

Азалдан инсон ва жамият ҳаёти табиат билан узвий боғлиқ. Атроф-муҳитнинг соғлом ва барқарор бўлиши нафақат инсон саломатлиги, балки иқтисодий тараққиёт ва келажак авлодлар ҳаётининг фаровонлиги учун ҳам муҳимдир. Шу сабабли экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида қонунбузарликлар ҳамда жиноятчиликнинг олдини олиш давлат сиёсатида устувор йўналишлардан бири ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 14-бобида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги жиноятларни содир этганлик учун тайинланадиган жазо чоралари, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 8-бобида экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун белгиланадиган маъмурий жавобгарликлар кўрсатиб ўтилган.

Экология соҳасидаги жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар жамият ва табиат манфаатларига жиддий зарар етказади. Шу сабаб экология соҳасидаги жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни камайтириш ва олдини олиш учун қонунчиликни янада такомиллаштириш, экологик қонунбузарликлар учун жазо чораларини кучайтириш, жавобгарлик турларини аниқлаш ва уларнинг самарадорлигини таъминлаш, назорат ва мониторинг тизимини кучайтириш, табиатни муҳофаза қилувчи соҳалар фаолиятини кенгайтириш ва замонавий ахборот технологиялари асосида атроф-муҳитни асраш бўйича мониторинг ташкил этиш каби чора-тадбирларни амалга ошириш лозим бўлади.

Шунингдек, аҳоли ўртасида экологик маданиятни ошириш, мактаб ва олий таълим муассасаларида экология фанини кенг тарғиб қилиш, фуқаролар ва жамоатчилик иштирокини таъминлаш, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларни экологик назоратга жалб қилиш, экологик акция ва тадбирларни самарали ташкил этиш, ҳуқуқбузарларга нисбатан иқтисодий чоралар қўллаш, табиатга жиддий зарар етказувчи ва атрф-муҳитни ифлослантирувчи корхоналарга нисбатан жиддий чоралар қўллаш тамойилини жорий қилиш орқали ҳам экологиямизнинг бузилиши ва табиатнинг ифлосланишининг олдини олишга эриша оламиз.

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка қарши кураш фақатгина тегишли давлат органлари эмас, балки барча фуқароларнинг вазифаси ҳисобланиши даркор. Буни ҳар бир ўз келажаги учун қайғурадиган инсон ҳис этиши лозим. Бу соҳада ҳуқуқий билимларни ошириш, жавобгарликни кучайтириш ва жамоатчиликнинг фаол иштироки орқали табиатни асраб-авайлаш мумкин.

Хулоса қилиб айтганда, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва экология соҳасидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бугунги кунда олдимизда турган энг муҳим вазифалардандир. Табиатни асраб-авайлаш, қонунларга риоя қилиш ва экологик маданиятни ошириш орқали жамиятда барқарор ривожланишга эришиш мумкин. Зеро, Она табиатга меҳр-муҳаббат туйғусини ошириш орқали табиатни асраб-авайлаш ҳар бир инсоннинг кундалик ҳаёт тарзига айланса, жамиятимизда экологик муаммоларнинг ечими ҳам анча осонлашади.

 

Орзимурод Шукуров, Қашқадарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси

Одил судлов йўлида сунъий интеллект имкониятлари

Сўнгги йилларда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ қилиш, фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини мустаҳкамлаш ҳамда судлар фаолиятида шаффофликни таъминлаш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Дунё бўйлаб рақамли трансформация жараёнлари суд тизимида ҳам замонавий ахборот технологиялари, жумладан, сунъий интеллект имкониятларидан кенг фойдаланишни тақозо этмоқда.

Шу маънода 2025 йил 21 август куни қабул қилинган “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармон суд-ҳуқуқ тизимини рақамлаштириш йўлидаги муҳим қадам бўлди. Ушбу фармон нафақат суд жараёнларининг тезкорлиги ва самарасини ошириш, балки фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари учун судга мурожаат қилиш жараёнларини енгиллаштириш, суд ҳужжатлари ва қарорларининг янада очиқлиги ҳамда шаффофлигини таъминлашга хизмат қилади.

Фармонга мувофиқ сунъий интеллект технологиялари суд жараёнига киритилмоқда. Бу тизим ёрдамида мурожаат қилинган ишнинг тахминий натижаси ва харажатлари олдиндан ҳисоблаб берилади. Бу судга мурожаат қилаётган шахс ишининг қай даражада муваффақиятли бўлиши мумкинлигини олдиндан кўра олиши имконини беради ва аҳолининг ҳуқуқий онгини юксалтириш, фуқароларнинг ўз ҳуқуқини тўғри баҳолаши ҳамда давлат идораларига ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Фармон билан иқтисодий судлар тузилмасини оптималлаштириш орқали уларнинг иш юкламаси енгиллашади. 2026 йилдан бошлаб туман ва шаҳар иқтисодий судлари ўрнига вилоят марказлари ҳамда Тошкент шаҳрида туманлараро иқтисодий судлар ташкил этилиши кўзда тутилган. Бу орқали тадбиркорлик субъектлари судлов хизматларидан тезкор ва сифатли фойдаланиш имконига эга бўлади. Шу билан бирга, экстерриториал тамойил жорий қилиниши натижасида ишни қайси ҳудудда кўриш шартлигига оид тўсиқлар ҳам бартараф этилади.

Ушбу ўзгаришлар нафақат суд жараёнларида шаффофлик ва очиқликни таъминлайди, балки коррупциявий ҳолатларни кескин қисқартиради. Ишларни электрон тақсимлаш тизими судьяга нисбатан турли гумонларнинг олдини олади, фуқаро ва тадбиркорларнинг давлат идораларига ишончини мустаҳкамлайди. Натижада суд тизими халқимиз учун ҳақиқий адолат ва қонунийлик масканига айланади.

Бу ислоҳотларнинг халқаро ҳуқуқ нормалари билан уйғунликда эканлиги муҳим аҳамият касб этади. Мамлакатимиз суд жараёнларини рақамлаштириш ва сунъий интеллект технологияларини жорий этиш ана шу халқаро меъёрларга тўла мос келади.

Суд жараёнида замонавий ахборот технологияларини кенг қўллаб, аҳолига интерактив хизматлар кўрсатиш Фармонда белгиланган яна бир муҳим йўналиш ҳисобланади. Бу борада “my.sud.uz” платформасида махсус ҳуқуқий маслаҳат модулларини йўлга қўйиш режалаштирилган. Бу виртуал маслаҳатчи орқали фуқаролар ўз саволларига тезкор ва аниқ жавоб олиш имкониятига эга бўлади. Масалан, ариза бериш тартиби, суд тўловлари ёки даъво муддатлари ҳақидаги саволларга сунъий интеллект асосида ишлайдиган тизим бир неча дақиқада жавоб беради. Бу эса аҳоли ҳуқуқий саводхонлигини оширишга, судга мурожаат қилиш жараёнида оворагарчиликларни йўқотишга хизмат қилади. Шунингдек, адвокатлар ва юристлар учун ҳам норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни таҳлил қилиш платформаси ишга туширилиб, уларнинг ишини осонлаштиради.

Бир сўз билан айтганда, “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармон мамлакатимиз суд тизимини технологик жиҳатдан янгилаш, адолатли судлов ва шаффофликни кучайтириш, фуқароларнинг судга бўлган мурожаатини осонлаштириш ҳамда судлар моддий-техник базасини яхшилаш йўлида муҳим қадам бўлди. Ушбу Фармонга мувофиқ режалаштирилган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши суд тизими иш фаолиятининг сезиларли даражада яхшиланиши ва фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончи янада мустаҳкамланишида муҳим рол ўйнади.

 

Шоҳрух Файзиев, жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судининг судьяси

Зўравонлик ва шаҳвоний шилқимликнинг олдини олишда барчамиз масъулмиз

Тобора шиддат билан ривож топиб бораётган бугунги замонавий жамиятимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Жамиятда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш учун оилавий муносабатларда соғлом муҳит яратиш, зўравонлик ва ҳуқуқбузарликларга қарши самарали курашиш муҳим аҳамиятга эга. Шу жумладан, оилавий (маиший) зўравонлик ва шаҳвоний шилқимлик каби ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, балки таълим муассасалари, фуқаролик жамияти институтлари ва кенг жамоатчилик ҳам бирдек масъулдир.

Оилавий зўравонлик бу оила аъзоларидан бири томонидан иккинчисига нисбатан жисмоний, руҳий, иқтисодий ёки жинсий тазйиқ ўтказиш ҳолати ҳисобланиб, у оила муҳитининг бузилиши, фарзандларнинг руҳий ривожланишига салбий таъсир кўрсатиши, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликка мойилликнинг ошиши ва жамиятда ижтимоий носоғлом муҳит шаклланиши каби салбий оқибатларни юзага келтиради.

Шаҳвоний шилқимлик эса шахснинг бошқа бир фуқарога унинг ҳоҳишисиз турли кўринишда жинсий мазмундаги хатти-ҳаракатлар қилишидир. Бу ҳолат жабрланувчининг шаъни ва қадр-қимматига путур етказади, унинг руҳий саломатлигига жиддий зарар етказади.

Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида ушбу соҳада бир қатор чоралар назарда тутилган. Бугунги кунда ҳуқуқни қўллаш амалиётида хотин-қизларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш билан боғлиқ масалаларда бир қатор муаммолар мавжудлиги сабабли Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 11 апрелдаги “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни билан оилавий (маиший) зўравонлик учун жавобгарликни назарда тутувчи Жиноят кодекси 126-1-модда билан, МЖтК эса 59-2-модда ҳамда 41-1-моддаси билан тўлдирилди.

Бугун фуқароларнинг тинч ва осойишта ҳаёт кечиришини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади ва жамоат тартибини сақлаш, фуқароларнинг жисмоний дахлсизлигини ва соғлиғини ҳар қандай тажовузлардан муҳофаза қилиш энг муҳим вазифалардан биридир.

Оилавий зўравонлик ва шаҳвоний шилқимлик ҳолатларининг олдини олиш учун ҳуқуқий тарғибот яъни, аҳоли ўртасида қонунчилик нормаларини кенг тарғиб қилиш, таълим ва тарбия орқали ёшларда соғлом оилавий муносабатлар ва шахсий масъулиятни шакллантириш, жабрланувчилар учун психологик ёрдам ва ҳуқуқий кўмак марказларини кўпайтириш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан зўравонлик ҳолатларига тезкор ва адолатли муносабат билдириш ҳамда жамоатчилик назоратини кучайтирган ҳолда маҳалла фуқаролар йиғинлари ва нодавлат-нотижорат ташкилотлар иштирокида профилактика ишларини йўлга қўйиш каби чора-тадбирларни амалга ошириш зарур.

Хулоса ўрнида, оилавий (маиший) зўравонлик ва шаҳвоний шилқимликка қарши курашиш бу давлат ва жамиятнинг умумий вазифаси экан, ҳар бир инсон ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши, оилада соғлом муҳит яратилиши, жамиятда маънавий барқарорлик таъминланиши учун ҳуқуқий, маърифий ва ижтимоий чоралар уйғунликда амалга оширилиши шарт. Демак, зўравонлик ва шаҳвоний шилқимликнинг олдини олишда барчамиз масъулмиз.

 

Файёза Қамбарова, Қашқадарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишда қонун устувор

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 30 январдаги “Ўзбекистон 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва яшил иқтисодиёт йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги Фармони мамлакатимизда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ислоҳотларнинг янги босқичини бошлаб берди. Мазкур Фармон ижросини таъминлаш доирасида тегишли давлат органларига ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, қонун устуворлигини таъминлаш ва жазо муқаррарлиги тамойилларини кучайтириш бўйича муҳим топшириқлар юклатилди.

Бугунги кунда экология ва табиатни муҳофаза қилиш соҳасида ноқонуний чиқиндиларни ташлаш, атмосфера ва сув ҳавзаларини ифлослантириш, ноқонуний ўрмон кесиш, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсига зарар етказиш каби ҳуқуқбузарликларга қарши кураш тизимли йўлга қўйилган. Суд органлари томонидан кўриб чиқилган қатор ишлар шуни кўрсатмоқдаки, ушбу йўналишда жазо муқаррарлиги тамойили амалда тўлиқ таъминланмоқда.

Хусусан, экологик талабларга риоя қилмаган, ишлаб чиқариш чиқиндиларини ноқонуний ташлаган корхоналарга нисбатан катта миқдорда жарималар қўлланмоқда, табиий бойликларни талон-торож қилган шахсларга жиноий жавобгарлик белгиланган ва суд ҳукмлари ижро этилмоқда, атроф-муҳитга жиддий зарар етказган айрим жиноят ишлари бўйича айбдорларга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган.

Бундай қатъий чораларнинг асосий мақсади жамиятда ҳуқуқий маданият ва масъулиятни кучайтириш, келажак авлод учун соғлом экологик муҳитни сақлашдир. Шу билан бирга профилактика чоралари сифатида кенг кўламли тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилиб, аҳолининг экологик маданиятини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларга қарши курашда қонун устуворлиги, жавобгарликнинг муқаррарлиги ҳамда давлат органлари фаол ҳамкорлиги нафақат адолатни қарор топтириш, балки “Ўзбекистон 2030” стратегиясида белгиланган юксак мақсадларга эришишнинг ҳам муҳим кафолати ҳисобланади.

 

Дилшод Шарипов, Косон туманлараро иқтисодий судининг раиси

Судлар фаолиятида сунъий интеллект: адолат, шаффофлик ва самарадорлик сари қадам

Сўнгги йилларда мамлакатимиз суд-ҳуқуқ соҳасини тубдан ислоҳ қилиш, уни замонавий талабларга мослаштириш, фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини тўлиқ таъминлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнлар фуқароларнинг суд органларига бўлган ишончини ошириш, суд ишларининг ошкора ва холис олиб борилишини таъминлаш, шунингдек, судга мурожаат қилишдаги бюрократик тўсиқларни камайтириш каби муҳим масалаларни ҳал қилишга қаратилган.

Ҳуқуқий демократик давлат қуришда одил судлов тизими асосий ўрин тутади. Зеро, фуқароларнинг ўз ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя қила олиши, тадбиркорлик субъектларининг мулкий манфаатлари ҳимояланган бўлиши, шунингдек, жамиятда қонун устуворлигининг таъминланиши айнан самарали суд тизимига боғлиқ.

Айни пайтда дунёдаги аксарият давлатлар суд тизимини рақамлаштириш, сунъий интеллект технологияларини суд муҳокамалари ва ҳуқуқий таҳлил жараёнларига жорий этиш орқали одил судловга эришишни тезлаштиришга ҳаракат қилмоқда. Бу технологиялар инсон омилидан келиб чиқадиган хатоларни камайтириш, ишларни тез ва сифатли кўриб чиқиш, таҳлил ва қарор қабул қилиш жараёнини оптималлаштиришда катта аҳамият касб этмоқда.

Шуни ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2025 йил 21 август куни қабул қилинган “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-140-сонли Фармони мамлакатимиз суд тизимини янги босқичга олиб чиқиш, рақамли ва интеллектуал форматда ривожлантиришга қаратилган муҳим ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади.

Мазкур фармон орқали нафақат суд ишларини электронлаштириш, балки сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланган ҳолда фуқаролар учун адолатли, тезкор ва шаффоф суд муҳитини яратиш, судлар моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва соҳа ходимларининг рақамли саводхонлигини ошириш каби долзарб масалаларни ҳал қилиш назарда тутилмоқда.

Фармонда белгилаб қўйилган вазифалар, аввало, одил судловга эришиш даражасини ошириш, суд фаолиятида инсон омилини камайтириш, шунингдек, иш юритишда шаффофлик ва тезкорликни таъминлаш каби устувор йўналишлар сифатида судларнинг моддий-техника базасини яхшилаш ҳамда судьялар ва суд ходимларининг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилган.

Судлар фаолиятига сунъий интелект технологияларини кенг жорий этиш учун шароит яратиш, рақамлаштириш ишларини изчил давом эттириш, судларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари учун қулай шарт-шароит яратиш каби вазифалар белгилаб берилган.

2025 йил якунига қадар тажриба тариқасида Тошкент шаҳрида барча рақамли имкониятларни ўзида мужассам этган замонавий суд заллари ташкил этилади. 2026-2027 йилларда босқичма-босқич республиканинг барча судларида татбиқ этилади.

Мурожаатларнинг судга фақатгина электрон шаклда юборилиши ва суд ишлари тўлиқ электрон тарзда юритилиши, суд харажатларининг электрон шаклда ҳисобланиши ва сунъий интеллект ёрдамида суд муҳокамасининг тахминий натижаси ҳамда сарфланадиган харажатларни шакллантириш имкониятлари пайдо бўлмоқда.

Шунингдек, иқтисодий судлар тузилмасини мақбуллаштириб, унга кўра, 2026 йил 1 январдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказларида ҳамда Тошкент шаҳрида жами 14 та иқтисодий судлар ташкил этилади, 54 та туманлараро иқтисодий судлар оптималлаштирилади, 22 та бир таркибли иқтисодий судлар тугатилиши назарда тутилган.

Ушбу Фармон мамлакатимиз суд тизимида юз бераётган тизимли ўзгаришларнинг мантиқий давоми бўлиб, Ўзбекистонда замонавий, рақамлаштирилган, инсоний омилдан холи ва технологик жиҳатдан ривожланган суд тизимини шакллантиришда муҳим босқич ҳисобланади. Шунингдек, рақамли трансформация ва сунъий интеллектни суд тизимига жорий этиш орқали янги имкониятлар эшигини очади. Бу нафақат одил судловни таъминлаш, балки жамиятда қонунийлик ва адолат тамойилларини мустаҳкамлашга хизмат қилиб, фуқаролар ва тадбиркорлар тез, осон ва шаффоф суд ҳимоясидан фойдаланиш имконига эга бўлади.

Белгиланган  вазифаларнинг амалга оширилиши фақатгина ахборот технологияларини суд ишларига татбиқ этиш билан чекланиб қолмайди. У аввало, фуқаролар ва тадбиркорлар учун суд муҳитини янгича, қулай ва шаффоф шаклда қайта қуришга хизмат қилади, иш юритиш жараёнидаги коррупциявий омилларни бартараф этиш каби муҳим вазифаларни бажаради.

 

Абдукаюм Махкамов, Қашқадарё вилоят суди раиси

ЯНГИ ФАРМОН АСОСИДА АДОЛАТНИ ТАЪМИНЛАШДА ИННОВАЦИОН ЁНДАШУВЛАР

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2025 йил 21 августда “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ПФ-140-сон Фармони қабул қилинди.

Мазкур Фармон судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, рақамлаштириш ишларини изчил давом эттириш, судларнинг моддий-техник таъминотини яхшилаш мақсадида қабул қилинган бўлиб, ушбу Фармон билан судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш ҳамда рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштириш, шунингдек, судларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари учун қулай шарт-шароитлар яратиб беришнинг келгуси йиллардаги устувор мақсадлари этиб қуйидагилар белгиланган:

а) суд ишларини юритишда қоғоз шаклидан воз кечиш мақсадида “Рақамли суд” концепцияси асосида ишларнинг юритилишини босқичма-босқич тўлиқ электрон шаклга ўтказиш;

б) фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига кўрсатиладиган интерактив электрон хизматлар турларини ошириб бориш, суд ҳужжатларидан нусха олиш, суд ишлари билан танишиш, аризанинг судга тааллуқлилиги ва судловга тегишлилигини аниқлаш, сунъий интеллект ёрдамида суд харажатларини ҳисоблаш имкониятини яратиш, шунингдек, суд томонидан тақиқланган манба ва контентларнинг электрон реестрини юритиш;

в) судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш учун зарур техник инфратузилма яратиш, шунингдек, ушбу йўналишдаги норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш бўйича чоралар кўриш;

г) Олий суднинг ахборот тизимлари негизида суд ҳужжатлари архиви модулини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш;

д) судлар фаолиятини рақамлаштириш бўйича “Кибер ҳуқуқ” йўналишида илмий тадқиқотлар ўтказиш, шунингдек, судьялар ва суд аппарати ходимларининг рақамли саводхонлиги ва малакасини доимий ошириб бориш;

ж) иқтисодий судлар тузилмасини оптималлаштириш орқали уларнинг фаолияти самарадорлигини ошириш ва ягона суд амалиётини шакллантириш;

з) “Рақамли суд” концепцияси асосида босқичма-босқич суд мажлиси залларини ташкил этиш ҳамда аҳоли ва судьялар учун қулай ва замонавий шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, судьялар ва суд ходимларининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш.

Ушбу Фармон билан  Олий суд, Рақамли технологиялар вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш ва рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштиришга қаратилган “Рақамли суд” концепциясини босқичма-босқич амалга ошириш ҳақидаги таклифига розилик берилган.

Ушбу Фармонннг 3-бандига кўра, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига қулайликлар яратиш ҳамда суд ишларини кўришни соддалаштириш мақсадида “Рақамли суд” концепциясини амалга ошириш доирасида:

а) судга ариза беришдан олдин сунъий интеллект ёрдамида суд муҳокамасининг тахминий натижаси ҳамда сарфланадиган харажатлар шакллантирилади;

б) мурожаатлар судга электрон шаклда юборилади;

в) ишда иштирок этувчи шахслар суд биносига ташриф буюрмайди ва суд муҳокамаларида масофадан туриб иштирок этади;

г) тарафлар ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга суд жараёнларида ишга доир барча материаллар билан электрон шаклда танишиш имконияти яратилади;

д) суд харажатлари электрон шаклда ҳисобланади ва тўланади, шунингдек, ижро варақалари автоматик равишда ижрога юборилади;

ж) суд ишлари замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда тўлиқ электрон тарзда юритилади;

з) сунъий интеллект ёрдамида суд мажлиси баённомалари реал вақт режимида матн шаклида тайёрланади;

и) суд ҳужжатлари лойиҳалари автоматик шакллантирилади.

Фармоннинг 4-бандига кўра, 2025 йил якунига қадар тажриба тариқасида Тошкент шаҳрида “Рақамли суд” концепцияси асосида иқтисодий, фуқаролик ва маъмурий низоларни кўришга мўлжалланган суд мажлиси заллари ташкил этилиши белгиланган.

Фармоннинг 6-бандига кўра,  2025 йил 1 декабрдан бошлаб фуқаролар, адвокатлар, юристлар, судьялар учун норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни таҳлил қилиш платформасини ишга тушириш, 2025 йил якунига қадар суд ҳужжатларини автоматик тайёрлаш махсус ахборот дастурини яратиш,  2026 йил 1 январдан бошлаб “my.sud.uz” интерактив хизматлар порталида фуқароларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш модулини жорий этиш, бунда сунъий интеллект асосида ишлайдиган виртуал маслаҳатчини яратиш, ҳуқуқий мурожаатларга жавоб бериш ҳамда суд маълумотларини автоматик етказиш,  2026 йил 1 мартдан бошлаб фуқаролик, маъмурий, иқтисодий ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар бўйича дастлабки суд маълумотларини фуқароларга Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали олиш имкониятини яратиш ва 2026 йил якунига қадар фуқароларга одил судловга эришишда қулай имкониятлар яратиш мақсадида 5 та янги интерактив хизматларни йўлга қўйиш, шунингдек, суднинг ахборот тизимидаги “Шахсий кабинет” платформасининг фойдаланувчилар учун янада қулай бўлган янги версиясини ишлаб чиқишга оид дастур тасдиқланган.

Фармоннинг 7-бандига билан Олий суд 2025 йил якунига қадар Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда санкциялар ва мажбурлов чоралари бўйича судларга киритиладиган илтимосномаларни электрон шаклда юритиш мақсадида Олий суд ахборот тизимлари билан тергов органларининг ахборот тизимлари ўртасида электрон маълумотлар алмашинувини йўлга қўйиш, Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда судлар томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик учун қўлланилган барча жарималарни онлайн кузатиш, уларнинг тўлов муддатлари ҳақида огоҳлантириш ва тўловларни электрон амалга ошириш имконини берувчи мобил дастурни ишлаб чиқиш,  рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда судда иштирок этувчи шахслардан ортиқча маълумотлар талаб этилишига чек қўйиш мақсадида “Рақамли ҳукумат” тизими идоралараро интеграциялашув платформасида мавжуд маълумотларни судларнинг ахборот тизимлари билан тўлиқ интеграция қилиш чораларини кўриши белгиланган.

Шунингдек, Фармоннинг 8-банди билан Вазирлар Маҳкамаси                 2025 йил 1 октябрга қадар маъмурий жазо қўллаш ваколатига эга вазирлик ва идоралар томонидан маъмурий иш билан боғлиқ бўлган барча ҳужжатларни Ички ишлар вазирлигининг “E-ma’muriy ish” ахборот тизими орқали судларга тўлиқ электрон шаклда тақдим этиб бориш тартибини йўлга қўйиши, 9-банди билан эса Олий суднинг Ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш бошқармаси негизида Рақамли технологиялар ва сунъий интеллект департаментини ташкил этиш белгиланган.

Фармоннинг 13-бандига кўра,  Олий суд, Судьялар олий кенгаши ва Савдо-саноат палатасининг 2026 йил 1 январдан бошлаб иқтисодий судлар тизимида ташкилий-тузилмавий ўзгаришларни амалга ошириш тўғрисидаги таклифлари маъқулланиб,  иқтисодий судларни мақбуллаштириш орқали туманлараро, туман, шаҳар иқтисодий судларини тугатиш ва Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро иқтисодий судлар фаолиятини йўлга қўйиш назарда тутилган.

 

Зоҳид Эшмирзаев, Шаҳрисабз туманлараро иқтисодий суди раиси

Суд тизимида янги давр: рақамли технология ва инсон қадри

Бугун ҳаётнинг барча жабҳаларида рақамли технологиялар ҳаётимизни енгиллаштириб келаётган бир даврда суд ишларида ҳам замонавий воситалардан кенг фойдаланиш зарурлиги табиий эҳтиёжга айланди. Чунки суднинг ортиқча расмиятчилик ва қоғозбозликка чамбарчас боғланиб қолиши фуқаролар учун кўпинча ортиқча ташвишлар туғдирар эди. Суд мажлисларига шахсан келиш, узоқ навбатда туриш, ортиқча вақт ва маблағ сарфлаш оддий одам учун катта синовга айланарди.

Президентимиз томонидан 2025 йил 21 августда қабул қилинган “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига кўра, “Рақамли суд” концепцияси жорий этилиши билан мурожаатлар электрон шаклда юборилади, суд ишлари масофадан туриб кўриб чиқилади, тарафлар эса ишга доир барча ҳужжатларни онлайн тарзда кўриб чиқиш имкониятига эга бўлади.

Фармоннинг муҳим жиҳати шундаки, сунъий интеллект технологиялари суд жараёнига киритилмоқда. Бу тизим ёрдамида мурожаат қилинган ишнинг тахминий натижаси ва харажатлари олдиндан ҳисоблаб берилади. Демак, судга мурожаат қилган шахс ишнинг қай даражада муваффақиятли бўлиши мумкинлигини олдиндан кўра олади. Бу эса аҳолининг ҳуқуқий онгини юксалтириш, фуқароларнинг ўз ҳуқуқини тўғри баҳолаши ҳамда давлат идораларига ишончини мустаҳкамлашда катта аҳамиятга эга.

Фармон билан назарда тутилган ўзгаришлар нафақат суд жараёнларида шаффофлик ва очиқликни таъминлайди, балки коррупция ҳолатларини кескин қисқартиради. Ишларни электрон тақсимлаш тизими судьяга нисбатан турли гумонларнинг олдини олади, фуқаро ва тадбиркорларнинг давлат идораларига ишончини мустаҳкамлайди. Натижада суд тизими халқимиз учун ҳақиқий адолат ва қонунийлик масканига айланади.

Янги ислоҳотлар доирасида фуқаролик ва иқтисодий судлардаги айрим низосиз ишлар нотариуслар ваколатига ўтказилиши белгилангани ҳам бежиз эмас. Чунки судларнинг асосий вазифаси – мураккаб ва катта масъулият талаб қиладиган ишларга эътиборни қаратган ҳолда, одил судловни таъминлашдир. Масалан,  мерос масалалари ёки айрим шартномавий низолар нотариал тартибда ҳал этиладиган бўлса, судьялар диққати кенг жамоатчиликка дахлдор бўлган, юксак масъулият талаб қиладиган ишларга йўналтирилади.

Суд жараёнида замонавий ахборот технологияларини кенг қўллаб, аҳолига интерактив хизматлар кўрсатиш фармонда белгиланган яна бир муҳим йўналиш ҳисобланади. Бу борада “my.sud.uz” платформасида махсус ҳуқуқий маслаҳат модулларини йўлга қўйиш режалаштирилган. Бу виртуал маслаҳатчи орқали фуқаролар ўз саволларига тезкор ва аниқ жавоб олиш имкониятига эга бўлади.

Фармонда назарда тутилган яна бир муҳим жиҳат – судьялар ва суд аппарати ходимларининг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришдир. Чунки холис ва адолатли қарор чиқариш учун судья нафақат билимли ва тажрибали, балки моддий жиҳатдан ҳам таъминланган бўлиши зарур. Фармонда 2025–2030 йилларда суд тизимининг моддий-техник базасини тубдан яхшилашга қаратилган кенг қамровли дастур белгиланган. Шунингдек, судьялар учун хизмат уйлари қурилиши ва уларнинг меҳнат шароитларини яхшилаш бўйича комплекс чоралар амалга оширилади.

Судьялар олий мактаби негизида ташкил этиладиган Одил судлов академияси эса кадрлар тайёрлаш тизимини янги босқичга олиб чиқади. Академияда таълим “устоз-шогирд” анъанаси асосида ташкил этилиб, ёш кадрлар нафақат назарий билим олади, балки тажрибали судьялар билан бирга амалий жараёнларда иштирок этиш имконига эга бўлади.

Таъкидлаш жоизки, суд тизимини рақамлаштириш ва сунъий интеллект технологияларини жорий этишга қаратилган бу фармон – мамлакатимизда ҳуқуқий-демократик давлат барпо этиш йўлидаги навбатдаги муҳим қадамлардан биридир.

 

Аҳрор Ғоппоров, Қашқадарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси

Ҳалол ризқ – баракали турмуш ва хотиржам ҳаётнинг кафолатидир!

Отамнинг сўзларига кўра, йигит киши бир кун вояга етиб, қўлидан иш келиб, ризқ талабида остонасидан чиқади. Шунда олдида икки йўл пайдо бўлади:  ўзи ва оиласи учун сабр билан ҳалол ризқ харидори бўлиши ёки кўпроқ даромад илинжида ҳаром йўлни танлаб, бировларнинг ҳақига тажовуз қилиш.

Илм ўрганиш, ҳунар ўрганиш, бирор касбни эгаллашдан мақсад, аввало, ризқдир. Ўз касб-корига ҳалоллик билан ёндашиш кишининг эл-юрт орасида ҳурматини зиёда қилиб, ёш-қарининг дуосини олишига, уларнинг меҳрини қозонишига сабабчи бўлади. Бироқ, кимки нопокликни ва ҳаром йўл билан ризқ топишни одат қилса, аниқки, ҳаловатини йўқотиб, халқнинг нафратига дучор бўлади.

Жамиятда ҳар кимнинг ўз ҳуқуқлари билан бирга, бурчи ва масъулияти ҳам бор. Шифокор беморнинг саломатлиги учун, ўқитувчи талабанинг сабоғи учун, деҳқон зироати учун масъул бўлса, судлар адолат учун масъулдир. Масъулият турли кўринишда бўлса ҳам мазмун-моҳияти бир хил: ҳамманинг мақсади ўз эл-юртига фидокорона ва садоқатли хизмат қилиш, ватанининг сиёсий ва иқтисодий барқарорлиги йўлида  саъй-ҳаракат қилиши лозим.

Жумладан суд ходимлари ҳам Ватанимиз олдидаги ўз мажбуриятларимизни бажариш йўлида халқимизнинг судларга бўлган ишончини ошириш, мамлакатимизда қонун устуворлигини таминлаш учун бор куч-ғайратимизни йўналтиришимиз, юртимиз озод ва обод ҳолда равнақ топиши учун муносиб ҳиссамизни қўшмоғимиз шарт.

Бу шарафли йўлда садоқатимизни, ўз касбимизга бўлган муҳаббатимизни, буюк халқимизнинг юксак ишончини қозонишга бўлган иштиёқимизни кўрсата олишимиз лозим.

Шунингдек, ҳар биримиз учун ҳалоллик, ўз касбига виждонан ёндашиш, зиммамизга юклатилган вазифаларни сидқидилдан бажариш устувор вазифа бўлиши керак. Зеро, ҳалол меҳнат соҳибларининг доимо топганида барака бўлиб, хотиржамликда ҳаёт кечиради.

 

Адҳам Абдиев, Жиноят ишлари бўйича Китоб туман судининг судья ёрдамчиси

 

Суд тизимидаги ислоҳотлар

Давлатимиз раҳбари “Суд идорасига иши тушган ҳар бир шахс ушбу даргоҳда қонун ва адолат устувор эканига ишонч ҳосил қилиши лозим. Янги Ўзбекистонда ҳар қандай баҳсли масалага адолатли ечим фақат одил суд томонидан топилиши керак. Судьялар ишига ҳар қандай аралашув кескин жазоланади, уларнинг хавотирсиз ишлаши учун барча зарур шароитлар яратилади. Қанчалик қийин бўлмасин, суд тизимидаги ислоҳотларимизни албатта давом эттирамиз”, деб таъкидлаган.

Дарҳақиқат, мустақил суд тизими адолатли жамиятнинг асосий устуни ҳисобланади. Иқтисодиётнинг ривожланиши, айниқса, унга киритиладиган инвестициялар суд тизимига бевосита боғлиқ. Суд одил судловнинг олий нуқтаси, шу сабабли унинг ролини ошириш эса ҳуқуқий давлат барпо этиш йўлидаги қонуний жараён ҳисобланади, айнан шундай ёндашув туфайли суд-ҳуқуқ тизимида сўнгги йиллар мобайнида амалга оширилган ислоҳотларга назар ташлайдиган бўлсак, ушбу даврни ҳеч иккиланмасдан суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ этишнинг янги даври деб аташ мумкин, боиси ушбу даврда суд-ҳуқуқ тизимини либераллаштириш, суд ҳокимияти мустақиллигини янада мустаҳкамлаш, одил судлов сифати ва самарадорлигини ошириш, суд ҳимоясини таъминлашда ортиқча бюрократик тўсиқлар ва тизимда мавжуд бир қатор камчиликларни бартараф этиш, соҳани ислоҳ этиш, маъмурий қонунчилигида инсонпарварлик тамойилларини кучайтиришга йўналтирилган ишларнинг кўлами ва миқёси ниҳоятда кенгайиб, янги босқичларга кўтарилиб, дадил қадамлар ташланди.

Хусусан, ислоҳотлар самараси ўлароқ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-4966-сонли Фармони асосида маъмурий судлар ташкил этилиб, улар зиммасига давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг қарорлари ва хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо беришдек ғоятда муҳим ҳамда масъулиятли вазифа юкланганди.

Кейинчалик маъмурий судлар фаолияти Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 июлдаги “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6034-сонли Фармони билан такомиллаштирилиб, туман (шаҳар) маъмурий судлари негизида оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўришга ихтисослаштирилган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро маъмурий судлар ташкил этилди. Бунда асосий эътибор нафақат судларга бўлган ташқи таъсир ва аралашувларни бартараф этиш, балки мазкур тоифадаги ишларнинг ҳажмидан келиб чиқиб бутун республика бўйича судьялар ўртасида адолатли иш ҳажмини тақсимлашга ҳам қаратилди.

Бундан ташқари жаҳон миқёсидаги мураккаб жараёнларни ва мамлакатимиз босиб ўтган тараққиёт натижаларини чуқур таҳлил қилган ҳолда кейинги йилларда «Инсон қадри учун» тамойили асосида халқимизнинг фаровонлигини янада ошириш, иқтисодиёт тармоқларини трансформация қилиш ва тадбиркорликни жадал ривожлантириш, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини сўзсиз таъминлаш ҳамда фаол фуқаролик жамиятини шакллантиришга қаратилган ислоҳотларнинг устувор йўналишларини белгилаш мақсадида Президентимизнинг 2022 йил
28 январь кунги ПФ-60-сонли Фармонлари билан 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тасдиқланди.

Мазкур Фармонда қайд этилганидек, инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш, мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш, миллий иқтисодиётни жадал ривожлантириш ва юқори ўсиш суръатларини таъминлаш, адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш, маънавий тараққиётни таъминлаш ва соҳани янги босқичга олиб чиқиш, миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда умумбашарий муаммоларга ёндашиш, мамлакатимиз хавфсизлиги ва мудофаа салоҳиятини кучайтириш, очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсат олиб бориш назарда тутилди.                                                                                Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, бу каби ислоҳотлар келгусида инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатлари муҳофазасини кучайтириш, ишларни судда кўриш сифатини оширишга хизмат қилади.

 

Зоҳид Эшмирзаев, Шаҳрисабз туманлараро иқтисодий суди раиси

Янги Ўзбекистон — янги суд принципи доирасида амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида инсон манфаатлари

Кейинги йилларда аҳолининг одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш учун инсоннинг қадр-қиммати устуворлигини таъминлашга қаратилган муҳим ислоҳотлар амалга оширилди.

Хусусан, мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш, одил судловни самарали таъминлаш бўйича изчил ишлар олиб борилди. Олиб борилган ишлар натижасида одил судловни амалга ошириш жараёнида шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш даражаси янги босқичга чиқди.

Шунингдек, бугунги кунда суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш институтини такомиллаштириш орқали процессуал кодексларга фуқаролар учун қулай ҳамда соддалаштирилган тартибни яратишга қаратилган тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Бундан ташқари янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида суд ҳокимиятининг мустақил ҳолда иш юритишига ва судьялар муайян ишлар бўйича ҳисобдор бўлмаслигига оид конституциявий кафолатлар белгилаб қўйилганлиги судлар фаолияти самарадорлигини ошириш йўлидаги яна бир муҳим қадам бўлди.

Мазкур конституциявий кафолатларни ҳаётга тўлақонли татбиқ этиш, суд ҳокимиятининг мустақиллиги кафолатларини янада мустаҳкамлаш мақсадида судлар раисларининг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига бир йилда камида бир марта ахборот тақдим этиши ҳақидаги қоидани бекор қилиш, шунингдек, суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилганлиги муносабати билан ягона суд амалиётини таъминлаш, қонунчиликдаги айрим бўшлиқларни ва зиддиятларни бартараф этиш зарурияти юзага келди.

Шунга кўра, Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига суд ҳокимиятининг мустақиллиги кафолатларини мустаҳкамлашга, судлар фаолияти ҳақида жамоатчиликни хабардор қилишга ҳамда ягона суд амалиётини таъминлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида қабул қилинган 943-сонли Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига судлар раисларининг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига бир йилда камида бир марта ахборот тақдим этиши ҳақидаги қоидани бекор қилишни, ўз навбатида судларнинг ўз фаолияти тўғрисида жамоатчиликни ҳар чоракда оммавий ахборот воситалари орқали хабардор қилиб боришини, шунингдек, суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилганлиги муносабати билан ягона суд амалиётини таъминлашни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Хулоса ўрнида айтганда, ушбу Қонун суд ҳокимиятининг мустақиллиги кафолатларини янада мустаҳкамлашга, жамиятнинг судлар фаолияти тўғрисида мунтазам ахборот олиши учун мустаҳкам ҳуқуқий асосларни яратишга, судьялар зиммасига одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган бирор-бир мажбурият юклатилишининг олдини олишга ҳамда улар фаолиятининг шаффофлигини таъминлашга, шунингдек қонунчиликдаги айрим бўшлиқлар ва зиддиятларни бартараф этишга хизмат қилади.

 

Ориф Қурбонов, Қашқадарё вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судьяси

Skip to content