Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашнинг муҳим омили

Янги Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс даври пойдеворини яратишда, энг аввало, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, уни олий қадрият даражасига кўтариш муҳим аҳамият касб этади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатли ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар янги босқичга кўтарилиб, давом эттирилиши маълум қилинди. Унга кўра, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш давлатнинг конституциявий мажбурияти сифатида белгиланиши лозимлиги, суд-ҳуқуқ тизимида адолат ўрнатиш бўйича кўплаб ишлар амалга ошириш кераклиги, шу билан бирга, одил судловни таъминлаш бўйича ҳали қўлимиз етиб бормаган масалалар жуда кўплиги, афсуски, ҳозир ҳам тергов сифати пастлиги, судларда одамларнинг оворагарчилиги, суд қарорлари ижро этилмай қолаётгани билан боғлиқ ҳолатлар учраётганлиги алоҳида таъкидланди.

Шунингдек Мурожаатномада қисқа муддатда ҳуқуқ-тартибот идораларини янгича ишлашга ўргатадиган, одил судлов сифатини оширадиган тизим яратилиши, энг аввало, одамларимизнинг жойларда судма-суд сарсон бўлиб юришларига барҳам берилиши бунинг учун адолатли ҳукм ва қарор чиқариш бўйича вилоят судларининг ваколати ҳам, масъулияти ҳам оширилиши илгари сурилди. Тинтув ўтказиш, телефон сўзлашувини эшитиш ва мулкни хатлашга санкцияни прокурордан судга ўтказилади. Энди терговчи жиноятга алоқадор деб, ҳар қандай мулкни ҳатлаб қўя олмайди. Бундан буён мулк ҳуқуқини чеклашга оид ҳар қандай ҳаракат фақат суд орқали бўлади. Тергов сифатини ошириш бўйича ҳам тизимли чоралар кўрилади. Тергов шахсни айблаш учун эмас, жиноятни фош этиш орқали ҳақиқатни аниқлаш учун ишлаши керак.

Шу билан бирга судда ишларни кўришда қатнашадиган алоҳида прокурорлар корпуси шакллантирилади. Улар махсус ўқитилади, ишни судда кўришда холис, мустақил бўлиши қонун билан белгиланади. Одил судловни таъминлашда ҳимоячига берилган ҳуқуқлар ҳам қайта кўриб чиқилиб, етмайдиган ваколатлар берилади. Энди судларга жиноят иши фақат айблов хулосаси билан эмас, балки ҳимоячининг фикри билан бирга қабул қилинади. Айбланувчининг ҳимоячидан воз кечиши бўйича ҳар бир ҳолат прокурор, суд томонидан синчиклаб ўрганиладиган тизим жорий қилинади.

Зеро, давлат ва жамиятни тубдан модернизация қилишда, энг аввало, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, суд мустақиллигини таъминлаш, одил судловга эришиш, қонунийликни мустаҳкамлаш муҳим аҳамият касб этади.

Илғор хорижий тажрибалар асосида маъмурий судлар фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш, маъмурий судларга ҳоким қароридан норози бўлиб мурожаат қилинган тақдирда, ишларни экстерриториал тартибда, яъни бошқа ҳудудда ҳам кўриш амалиёти жорий қилинади. Вазирлар ҳам, ҳокимлар ҳам бир ҳақиқатни яхши тушуниб олиши керак. “Ўзбекистонда мулк ва инвестициянинг ҳимоячиси қайсидир ҳоким ёки вазир эмас, фақат Конституция, қонун ва суд бўлади. Бу борада Халқаро тижорат судини Ўзбекистонда ташкил қилиш бўйича ҳам амалий ишлар бошланди. Юқоридаги барча ташаббусларни Конституцияда тўғридан-тоғри муҳрлаб қўйиш лозим”, – дейилди Мурожаатномада.

Ҳақиқатан ҳам бундай муҳим ўзгаришлар, судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, айниқса, суд бирон-бир мансабдор шахснинг қўли етадиган идорага айланиб қолишига мутлақо йўл қўймаслик, судга босим ўтказгани учун жавобгарликни кучайтиришга қаратилган чоралар соҳа ходимларининг ўзига бўлган ишончини оширди.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш керакки, суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакатимизда қонун устуворлигини ва ижтимоий адолатни, фуқаролар тинчлиги ва тотувлигини таъминлашга қаратилгани билан алоҳида аҳа­мият касб этади.

 

Музаффар Раупов, Қашқадарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судяси

Таносил ёки ОИВ ва ОИТС касаллигини тарқатиш – жиноят

Бутун жаҳонда миллионлаб инсонларнинг умрига зомин бўлаётган, кўплаб оилаларнинг тинчлигини бузаётган ва шу билан биргаликда дунёдаги давлатлар иқтисодига катта зарар етказаётган ОИВ инфекцияси ўзининг оқибатлари билан инсониятнинг энг долзарб муаммоси бўлиб қолмоқда.

Бугун жиноят ишлари бўйича Чироқчи тумани суди томонидан  туманнинг «Янгидам» маҳалласида «Таносил ёки ОИВ ва ОИТС касаллигини тарқатиш» мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Давра суҳбати давомида “Таносил ёки ОИВ ва ОИТС касаллигини тарқатиш” жинояти тушунчаси ва мазкур жиноят учун тайинланадиган жазо турлари ҳақида йиғилганларга батафсил маълумотлар берилди.

ОИВ инфекцияси – одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган сурункали юқумли касаллик ҳисобланиб, вирус бемор одам организмида бутун ҳаёти давомида сақланиб қолади. Инфекция дастлаб яширин тарзда кечиши, бу давр бир неча ойдан 5-10 йилгача ва ундан ҳам ортиқроқ давом этиши мумкин. Касалликнинг яширин даврида вирусни юқтириб олган шахслар кўринишидан соғлом бўлиб, уларда касалликнинг ҳеч қандай белгилари кузатилмайди. Касалликнинг шу даври анча хавфли ҳисобланиб, инфекцияни юқтириб олган шахслар ўзлари билмаган ҳолда касалликни бошқаларга юқтириб юришлари мумкин.

ОИВ инфекциясида меъёрда ишлаб турган иммун тизими йиллар давомида вируснинг тажовузини босиб туради. Аммо, вирус организмда кўпайиб аста-секин иммун тизимни мутлақо издан чиқаради ва натижада ОИТС ривожланади. Орттирилган иммунитет танқислиги синдроми (ОИТС) – одамнинг иммун тизимини иммунитет танқислиги вируси шикастлаши натижасида касаллик белгилари келиб чиқадиган хасталикнинг сўнгги босқичидир.

Бугунги кунда ОИВ билан касалланган шахсни вирусдан бутунлай холи қилувчи дори воситаси мавжуд эмас. Бу борада дунё тиббиёти бироз ожизлик қилиб турибди. Бунга сабаб вируснинг ўта ўзгарувчанлигидир. Дунёнинг кўплаб давлатларида ушбу инфекцияга қарши вакцина ва дори воситасини яратиш бўйича илмий изланишлар олиб борилмоқда.

Таносил ёки ОИВ ва ОИТС касаллигини тарқатиш – Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 113-моддасида назарда тутилган жиноят ҳисобланиб, ушбу жиноятни содир этган шахсларга нисбатан жиноий жавобгарлик белгиланган.

 

Ашурали Ташев, жиноят ишлари бўйича Чироқчи туман суди раиси

СУД ТИЗИМИНИНГ ЯНГИ КОНЦЕПЦИЯСИ

Истиқлол йилларида демократик ҳуқуқий давлат, адолатли фуқаролик жамиятининг муҳим шарти бўлган суд-ҳуқуқ тизими қурилишининг мутлақо янги концепцияси амалиётга жорий этилди. Натижада мамлакатимизда судлар фаолияти такомиллашди. Хусусан, жиноят процессида шахс ҳуқуқларини кафолатлашнинг мустаҳкам асослари яратилди.

Конституциямизда акс эттирилган принципларга мувофиқ, жиноий жазо тизими ва суд ишларини юритиш босқичма-босқич либераллаштирилди, шахсни жамиятдан ажратиб қўйиш билан боғлиқ бўлмаган жазо турларини тайинлаш имкониятлари кенгайтирилди. Инсонпарварлик тамойили асосида амалга оширилган мазкур ислоҳотлар натижасида фуқароларнинг судларга ишончи ортиб бормоқда.

Бугун мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳалари, шу жумладан, суд-ҳуқуқ тизимида изчил амалга оширилаётган шиддатли ислоҳатлар марказида инсон омили турибди. Бу ҳаётий ҳақиқатни Прзидентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасидаги «Инсон манфаатлари ва яна бир бор инсон манфаати ислоҳатларнинг бош мақсади этиб белгиланди», деган сўзлари яна бир бор яққол исботлаб берди.

Зеро, чинакам адолатли суд тизимини шакллантириш ва адолатли суд қарорлари қабул қилинишига эришиш орқалигина халқнинг, шу жумладан, тадбиркорларнинг суд тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлаш мумкин.

Бунда халқимизнинг суддан, пировардида эса давлатдан рози бўлишига эришиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, мамлакатимизда демократик ҳуқуқий давлат, очиқ фуқаролик жамияти барпо этиш, қонун ва адолат устуворлигини таъминлаш катта аҳамият касб этиши ҳеч кимга сир эмас.

Шу маънода, Президентимиз томонидан 2023 йил 16 январда имзоланган иккита тарихий ҳужжат айнан мазкур Мурожаатномада билдирилган таклифларнинг ижросини амалда таъминлашга қаратилгандир. Бу ўринда давлатимиз раҳбарининг «Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ҳамда «Одил судлов фаолиятини амалга оширишни самарали ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонлари ҳақида сўз бормоқда.

Маълумки, давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 24 январда парламентга йўллаган Мурожаатномасида давлат идоралари мансабдорлари суд мустақиллигини таъминлаш масаласи бундан буён ҳам шахсан Президентнинг қаттиқ назоратида бўлишини чуқур англаб олишлари кераклиги таъкидланганди. Бундай баёнот давлат раҳбарининг айни соҳадаги қатъий позициясини яққол кўрсатади.

Зеро, судья мустақил бўлса, қонунга сўзсиз буйсунса, маъсулиятни чуқур ҳис қилса, беғараз ва холис бўлсагина адолат ўрнатилади.

Шу нуқтаи назардан, Президентимиз фармонларида судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш мақсадида уларнинг ишига ҳар қандай аралашув қатъий жазоланиши, судьяларнинг хавотирсиз ишлаши учун давлат томонидан барча шароитлар яратилиши қайд этилган.

Фармонларнинг одил судловни амалга оширишга кўмаклашиш бўйича ихтисослашган прокурорлар корпусини шакллантириш қис­ми суд процессининг бошқа иштирокчилари билан тенг ҳуқуқ­лардан фойдаланган ҳолда одил судлов фаолиятининг самарали амалга оширилишига кўмаклашиш, жиноят ишлари бўйича судларда давлат айбловини фақат қонунга асосланиб, холисликни сақлаган ҳолда сифатли қўллаб-қувватлашга қаратилган. Бу, ўз навбатида, фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари суд йўли билан самарали ҳимоя қилинишига эришишга хизмат қилади.

Алоҳида эътибор қаратиш керак бўлган яна бир жиҳат: эндиликда ихтисослашган прокурорлар корпуси ходимлари ўз ваколатларини ҳар қандай орган ва мансабдор шахсдан мустақил равишда, фақат қонунга бўйсуниб амалга оширадилар ҳамда қонунчиликда назарда тутилган ҳоллардан ташқари уларнинг судда иштироки билан боғлиқ фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмайди.

Шу билан бирга, суд тизими олдида турган долзарб вазифаларнинг самарали амалга оширилишини таъминлаш мақсадида, суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонунчиликни таҳлил қилиш бошқармаси негизида Одил судлов соҳасидаги қонунчиликни таҳлил қилиш департаменти, Ахборот-коммуникация мониторинги — Вазиятлар маркази ва Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик бошқармаси негизида Жамоатчилик билан ҳамкорлик маркази ташкил этилади.

Ўз-ўзидан равшанки, бу соҳада давлат сиёсатини амалга ошириш биринчи навбатда суд, ҳуқуқ­ни муҳофаза қилувчи ва назорат органларининг зиммасига улкан масъулият ва муҳим вазифалар юклайди.

Шундан келиб чиққан ҳолда, Президент фармонларига мувофиқ, 2023 йил 1 июлдан Бош прокуратура ва Олий суд ахборот тизимларини интеграция қилиш йўли билан ўзаро ҳужжат алмашинувини тўлиқ йўлга қўйилади.

Одил судлов фаолиятини амалга ошириш учун жалб этилган ресурслардан самарали фойдаланилишини таъминлаш мақсадида, илғор хорижий тажрибадан келиб чиққан ҳолда, айрим тоифадаги фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриш ваколати тегишлилиги бўйича маъмурий органларга ўтказилади.

Айрим тоифадаги жиноят, фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни қуйи инстанция судларининг ўзида якунлаш тартиби белгиланади. Фуқаролик ва иқтисодий ишлар бўйича тарафларни келиштириш ва медиация институтини кенг жорий этиш бўйича асослантирилган таклифлар ишлаб чиқилади.

Шунингдек, 2023 йил 1 июлга қадар янги механизмлар жорий этилиши натижасида иш юкламаси мақбуллаштирилган судларнинг штат бирликлари самарали тақсимланиши таъминланади. Ихтисослашган прокурорлар корпуси ходимлари ўз фаолиятини самарали амалга оширишлари учун суд биноларида алоҳида хизмат хоналари ажратилади ва мазкур хоналар жиҳозланади.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, мазкур фармонларда кўрсатилган вазифаларнинг бажарилиши суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашга, уларнинг шаъни ҳамда қадр-қиммати камситилишига йўл қўймасликка хизмат қилади. Шунингдек, суд ва тергов органлари масъулиятини янада кучайтиришга, аҳолининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва судга бўлган ишончини ошириш имконини беради.

 

Шаҳзод Бахтиёров, Қашқадарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси

“Янги Ўзбекистон – янги суд” тамойили амалда

Фуқароларнинг адолатли суд муҳокамасига бўлган ҳуқуқи умумэътироф этилган халқаро ҳуқуқ нормаларида ўз ифодасини топган. Хусусан, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 10-моддасида “Ҳар бир инсон ҳуқуқ ва бурчларини белгилаш ва унга қўйилган жиноий айбнинг қанчалик даражада асосли эканлигини аниқлаши учун тўлиқ тенглик асосида унинг иши ошкора ва адолат талабларига риоя қилинган ҳолда мустақил ва холис суд томонидан кўриб чиқилиши ҳуқуқига эга”-деб белгилаб қўйилган.

Адолатли суд муҳокамасига бўлган ҳуқуқ инсон ҳуқуқлари ҳимоясига бевосита дахлдор экан, уни амалда таъминлаш давлат органларининг асосий  вазифаларидан ҳисобланади.  Чунки, жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда ва  ошкора кўриб чиқилиши Конституциямизнинг 26-моддасида белгилаб қўйилган.

Суд – одил судловнинг олий нуқтаси бўлиб, унинг ролини ошириш эса ҳуқуқий давлат барпо этиш йўлидаги қонуний жараён ҳисобланади. Айнан шундай ёндашув туфайли кейинги даврда суд-ҳуқуқ тизимини либераллаштириш, суд ҳокимияти мустақиллигини янада мустаҳкамлаш, одил судлов сифати ва самарадорлигини ошириш, жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилигида инсонпарварлик тамойилларини кучайтиришга йўналтирилган ишларнинг кўлами ва миқёси ниҳоятда кенгайиб, янги босқичларга кўтарилиб бормоқда.

Дарҳақиқат, истиқлол йилларида ҳуқуқий-демократик давлат, адолатли фуқаролик жамиятининг муҳим шарти бўлган суд-ҳуқуқ тизими қурилишининг мутлақо янги концепцияси амалиётга жорий этилди. Хусусан, мамлакатимизда судлар фаолияти такомиллашди, жиноят процессида шахс ҳуқуқларини кафолатлашнинг мустаҳкам асослари яратилди, мамлакатимиз Конституциясида акс эттирилган принципларга мувофиқ жиноий жазо тизими ва суд ишларини юритиш босқичма-босқич либераллаштирилди, шахсни жамиятдан ажратиб қўйиш билан боғлиқ бўлмаган жазо турларини тайинлаш имкониятлари кенгайтирилди. Инсонпарварлик тамойили асосида амалга оширилган мазкур ислоҳотлар натижасида фуқароларнинг судларга ишончи ортиб бормоқда.

Бир сўз билан айтганда, суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларнинг амалий натижалари халқимизнинг тинч ва фаровон ҳаётида, эртанги кунга ишончида акс этиб турибди.

Давлатимиз раҳбари Ш.Мирзиёев ўз фаолиятларининг дастлабки давриданоқ фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоялаш кафолатларини таъминлашга қаратилган кечиктириб бўлмас чора-тадбирлар ҳақида бир неча бор таъкидлаб, бу борада бир қатор Фармонларга имзо чекиб келмоқдалар.

2016 йил 21 октябрда «Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги;

2017 йил 30 ноябрдаги “Суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги;

2017 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолитяти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги;

2018 йил 12 майдаги “Адвокатура институти самарадорлигини тубдан ошириш ва адвокатларнинг мустақиллигини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги;

2018 йил 13 июлда “Суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш ва суд ҳокимияти органларига ишончни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги;

2020 йил 24 июлдаги «Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги;

2020 йил 10 августдаги » Суд-тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги;

2020 йил 7 декабрдаги “Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самардорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги;

2021 йил 13 январдаги “Суд органлари фаолиятини молиялаштириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги;

2022 йил 28 ноябрдаги “Жиноятларни тергов қилиш соҳасида малакали кадрларни тайёрлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш тўғрисида”ги Фармонлари шулар жумласидандир.

Дарҳақиқат, бугун юртимизда олиб борилаётган барча йўналишдаги ислоҳотларнинг марказида инсон омили турибди. Бу ҳаётий ҳақиқатни Прзидентимиз Ш.Мирзиёевнинг Олий Мажлисга йўллаган мурожаатномасидаги “Инсон манфаатлари ва яна бир бор инсон манфаати ислоҳотларнинг бош мақсади этиб белгиланди”-деб, билдирган сўзлари ҳам исботлаб турибди.

Зеро, чинакам адолатли суд тизимини шакллантириш ва адолатли суд қарорлари қабул қилинишига эришиш орқалигина халқнинг, шу жумладан, тадбиркорларнинг суд тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлаш, суддан, пировардида эса давлатдан рози бўлишига эришиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат, фуқаролик жамияти барпо этиш, қонун ва адолат устуворлигини таъминлаш мумкинлиги ҳеч кимга сир эмас.

2022 йил 20 декабрда Президентимиз мурожаатномасида, юртимизда қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ соҳасини такомиллаштириш масалаларига алоҳида тўхталиб, эришилган натижалар ва келгусидаги вазифалар ҳақида сўз юритиб, давлат ҳисобидан бепул таъминланадиган адвокатларни электрон танлаш тизимининг тўлиқ ишга туширилишини таъминлаш, қисқа муддатда ҳуқуқ-тартибот идораларини янгича ишлашга ўргатадиган, одил судлов сифатини оширадиган тизим яратиш, одамларимизнинг жойларда судма-суд сарсон бўлиб юришларига барҳам бериш учун адолатли ҳукм ва қарор чиқариш бўйича вилоят судларининг ваколати ва  масъулиятини ошириш, тинтув ўтказиш, телефон сўзлашувини эшитиш ва мулкни хатлашга санкцияни прокурордан судга ўтказиш, тергов сифатини ошириш, тергов шахсни айблаш учун эмас, жиноятни фош этиш орқали ҳақиқатни аниқлаш учун ишлаш тизимига ўтиш, судда ишларни кўришда қатнашадиган алоҳида прокурорлар корпусини шакллантириш, жиноят ишини фақат айблов хулосаси билан эмас, балки ҳимоячининг фикри билан бирга қабул қилиш амалиётини йўлга қўйиш, айбланувчининг ҳимоячидан воз кечиши бўйича ҳар бир ҳолат прокурор, суд томонидан синчиклаб ўрганиладиган тизимни жорий қилиш, вақтинча ушлаб туриш жойларида инсон ҳуқуқлари бузилишининг олдини олиш мақсадида жойларга олиб келинган барча шахсларни ҳисобга олишнинг онлайн тизими жорий этиш ва юзни таниш ускунаси ўрнатиш, илғор хорижий тажрибалар асосида маъмурий судлар фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш, бу борада Халқаро тижорат судини Ўзбекистонда ташкил қилиш бўйича ҳам амалий ишлар бошлаш юзасидан аниқ таклифлар ва кўрсатмалар берилганди.

Ҳеч иккиланмасдан айтиш мумкинки, 2023 йил 16 январда Президентимиз томонидан имзоланган иккита тарихий ҳужжат, яъни “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармон ва ушбу Фармон ижросини самарали таъминлаш мақсадида имзоланган “Одил судлов фаолиятини амалга оширишни самарали ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармон, мурожаатномада билдирилган таклифларнинг ижросини амалда таъминлашга қаратилган.

Фармонга кўра 2023 – 2026 йилларга мўлжалланган суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли стратегияси тасдиқланди ва “Инсон қадри учун” ғояси асосида чинакам адолатли суд тизимини шакллантириш ҳамда унинг фаолиятини халқ манфаати ва инсон қадр-қимматини самарали ҳимоя қилишга йўналтириш, адолатли суд қарорлари қабул қилинишига эришиш орқали халқнинг, шу жумладан, тадбиркорларнинг суд тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлаш, ҳар бир шахс суд ва судьялар сиймосида ўзининг ишончли ҳимоячисини кўришига эришиш, фуқаролар ҳамда тадбиркорларга ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини судларда ҳимоя қила олиши учун барча имкониятларни яратиш, суд ишларини юритишда тортишув ва тарафларнинг тенглиги тамойилларини тўлақонли рўёбга чиқариш, судларнинг холислигини амалда таъминлашга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш, судлар фаолиятини тўлиқ рақамлаштириш, сунъий интеллект технологияларини жорий этиш, идоралараро электрон маълумот алмашинувини яхшилаш, суд мажлисларида масофадан туриб иштирок этиш имкониятларини кенгайтириш, судьяларнинг мустақиллиги ва дахлсизлиги кафолатларини кучайтириш, судга ҳурматсизлик қилиш ва суд ишига аралашиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича самарали механизмларни ишлаб чиқиш, суд қарорларининг қатъий ижросини таъминлаш, бу борада давлат органлари ва маҳаллий ҳокимликларнинг масъулиятини ошириш, судьялар ва суд ходимларида юксак муомала маданиятини шакллантириш орқали судга мурожаат қилган ҳар бир фуқаро ва тадбиркорда суддан, пировардида эса давлатдан розилик ҳиссини уйғотиш устувор вазифалар этиб белгиланди

Ишлаб чиқилиши белгиланган янги қонун лойҳасига кўра, яъни жиноят ишлари бўйича суд қарорлари қонуний, асосли ва адолатли қабул қилинганлигини текширишнинг фуқароларга қулай ва соддалаштирилган тартибини яратиш мақсадида, туманлараро, туман, шаҳар судлари томонидан биринчи инстанцияда кўрилган ишларни вилоят ва унга тенглаштирилган судларда апелляция ёки кассация тартибида қайта кўриб чиқиш;

вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ишларни мазкур судларда тафтиш тартибида қайта кўриб чиқиш;

вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан тафтиш тартибида кўрилган ишларни Олий суднинг судлов ҳайъатларида тафтиш тартибида қайта кўриб чиқиш;

юқори инстанция судлари томонидан ишни янгидан кўриш учун қуйи судларга юбориш тартибини бекор қилиш ва уларга иш бўйича якуний қарор қабул қилиш масъулиятини юклаш жорий этилади.

Эътироф этиш керакки, юқори инстанция судлари томонидан ишни янгидан кўриш учун қуйи судларга юбориш тартибининг бекор қилиниши ва уларга иш бўйича якуний қарор қабул қилиш масъулиятининг юкланиши фуқароларнинг судма-суд сарсон бўлиб юришларига барҳам беришга замин яратади.

Маълумки, давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 24 январда парламентга йўллаган Мурожаатномасида давлат идоралари мансабдорлари суд мустақиллигини таъминлаш масаласи бундан буён ҳам шахсан Президентнинг қаттиқ назоратида бўлишини чуқур англаб олишлари керакликлари ҳақида фикрлари, бу соҳадаги давлат раҳбарининг қатъий позициясини кўрсатганди.

Зеро, судья мустақил бўлса, қонунга сўзсиз буйсунса, маъсулиятни чуқур ҳис қилса, беғараз ва холис бўлгандагина адолат ўрнатилади.

Мазкур Фармонда, судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш мақсадида уларнинг ишига ҳар қандай аралашув қатъий жазоланиши, судьяларнинг хавотирсиз ишлаши учун давлат томонидан барча шароитлар яратилиши қайд этилган.

Суднинг мустақиллиги ва судьялар дахлсизлигини таъминлашни кучайтириш бўйича судга ҳурматсизлик қилиш ҳолатларининг олдини олишнинг самарали механизмларини ишлаб чиқиш, бунинг учун маъмурий жавобгарлик чораларини кучайтириш ва жиноий жавобгарлик белгилаш, суд ишларини ҳал этишга аралашганлик ва суд ҳужжатини ижро этмаганлик учун жавобгарлик чораларини кучайтириш, шунингдек, суд ҳужжатларининг ижро этилишини таъминлашга қаратилган таъсирчан механизмларни жорий этиш, одил судловни амалга ошириш фаолиятига аралашганликка оид ҳар бир жиноят иши якуни бўйича жамоатчиликни оммавий ахборот воситалари орқали мажбурий равишда хабардор қилиш тартибини жорий этиш, судьяга нисбатан турар жой дахлсизлигига, ёзишмалар, телефон орқали сўзлашувлар ва бошқа сўзлашувлар, алоқа тармоқлари орқали узатиладиган почта, курьерлик жўнатмалари ва телеграф хабарларининг сир сақланишига бўлган ҳуқуқларни чекловчи, шунингдек, абонентлар ёки абонент қурилмалари ўртасидаги боғланишлар тўғрисидаги ахборотни олишдан иборат тезкор-қидирув тадбирларининг ўтказилишига фақат Бош прокурорнинг санкцияси асосида йўл қўйилишини белгилаш, жисмоний ва юридик шахсларнинг процессуал характерга эга бўлмаган, ҳуқуқий тушунтириш бериш борасидаги масалалар бўйича мурожаатларини адлия органлари томонидан кўриб чиқиш амалиётини йўлга қўйиш чораларини белгилаш назарда тутилди.

Фармоннинг одил судловни амалга оширишга кўмаклашиш бўйича ихтисослашган прокурорлар корпусини шакллантириш қисми эса суд процессининг бошқа иштирокчилари билан тенг ҳуқуқлардан фойдаланган ҳолда одил судлов фаолиятининг самарали амалга оширилишига кўмаклашиш, жиноят ишлари бўйича судларда давлат айбловини фақат қонунга асосланиб, холисликни сақлаган ҳолда сифатли қўллаб-қувватлаш, фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари суд йўли билан самарали ҳимоя қилинишига эришишга хизмат қилади.

Алоҳида эътибор қаратиш керак бўлган жиҳати, эндиликда ихтисослашган прокурорлар корпуси ходимлари ўз ваколатларини ҳар қандай орган ва мансабдор шахсдан мустақил равишда, фақат қонунга бўйсуниб амалга оширадилар ҳамда қонунчиликда назарда тутилган ҳоллардан ташқари уларнинг судда иштироки билан боғлиқ фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмайди. Ихтисослашган прокурорлар корпуси ходими судларда кўрилаётган ишлар бўйича айбловни (фуқаровий даъвони) қўллаб-қувватлаш, ўзгартириш ёки ундан воз кечиш, шу жумладан, Жиноят кодекси нормаларини қўллаш, жазо тури ва меъёрини белгилаш масалалари юзасидан фикрини судга баён қилишда мустақил бўлади, қонун талабларига ва ишнинг барча ҳолатларидан келиб чиққан ҳолда ўз ишончига асосланади.

Фармонга кўра, суд тизими олдида турган долзарб вазифаларнинг самарали амалга оширилишини таъминлаш мақсадида, Суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонунчиликни таҳлил қилиш бошқармаси негизида Одил судлов соҳасидаги қонунчиликни таҳлил қилиш департаменти, Ахборот-коммуникация мониторинги – Вазиятлар маркази ташкил этиш, Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик бошқармаси негизида Жамоатчилик билан ҳамкорлик маркази ташкил этилади.

Ўз-ўзидан равшанки, бу соҳада давлат сиёсатини амалга ошириш биринчи навбатда суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органларининг зиммасига улкан масъулият ва муҳим вазифалар юклайди.

Шундан келиб чиққан ҳолда имзоланган “Одил судлов фаолиятини амалга оширишни самарали ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармон, юқоридаги Фармон ижросини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Ушбу Фармонга мувофиқ, 2023 йил 1 июлдан Бош прокуратура ва Олий суд ахборот тизимларини интеграция қилиш йўли билан ўзаро ҳужжат алмашинувини тўлиқ йўлга қўйилади, одил судлов фаолиятини амалга ошириш учун жалб этилган ресурслардан самарали фойдаланилишини таъминлаш мақсадида, илғор хорижий тажрибадан келиб чиққан ҳолда айрим тоифадаги фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриш ваколатини тегишлилиги бўйича маъмурий органларга ўтказилади, айрим тоифадаги жиноят, фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни қуйи инстанция судларининг ўзида якунлаш тартибини белгиланади, фуқаролик ва иқтисодий ишлар бўйича тарафларни келиштириш ва медиация институтини кенг жорий этиш бўйича асослантирилган таклифлар ишлаб чиқилади.

Шунингдек, 2023 йил 1 июлга қадар янги механизмлар жорий этилиши натижасида иш юкламаси мақбуллаштирилган судларнинг штат бирликлари самарали тақсимланиши таъминланади. Ихтисослашган прокурорлар корпуси ходимлари ўз фаолиятини самарали амалга оширишлари учун суд биноларида алоҳида хизмат хоналари ажратилади ва мазкур хоналар жиҳозланади.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, мазкур Фармонларда кўрсатилган вазифаларнинг бажарилиши суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашга, уларнинг шаъни ҳамда қадр-қимматининг камситилишига йўл қўймасликка, шунингдек, суд ва тергов органларининг масъулиятини янада кучайтиришга, аҳолининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ва судга бўлган ишончини ошириш имконини беради.

 

Шаҳзод Бахтиёров, Қашқадарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судьяси                                     

Ватан ҳимояси — шарафли бурч ва ифтикор

1993 йил 29 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Қонунига биноан 14 январ “Ватан ҳимоячилари куни” деб эълон қилинди.

Мустақилликнинг дастлабки кунларидан бошлаб, мамлакатимизнинг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш, барқарорлиги ва хавфсизлигини таъминлаш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилди.

Мудофаа ва хавфсизлик тузилмалари сафи миллий кадрлар билан тўлдирилди, барча талабларга жавоб берадиган, тезкор ва ҳаракатчан, ташкилий жиҳатдан мукаммал, замонавий қурол-яроғ ва техникага эга миллий армиямиз барпо этилди.

Профессионал армияни шакллантириш йўлида амалга оширилган ислоҳотлар туфайли унда хизмат қилиш Ўзбекистон фуқароси учун нафақат конституциявий бурч, балки энг нуфузли касблардан бирига, том маънодаги шон-шараф ишига айланди.

Айниқса, кейинги йилларда Қуролли Кучлар тизимида давлат ва жамият манфаатларини таъминлаш йўлида бир қатор ислоҳотлар амалга оширилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош қўмондони Шавкат Мирзиёевнинг бевосита ташаббуслари билан давлат тизимида стратегик режалаштириш бўйича улкан аҳамиятга эга янгиланган Мудофаа доктринаси қабул қилинди. Қуролли Кучларнинг жанговар шайлиги ва тайёргарлиги даражаси янги сифат босқичига кўтарилди. Кадрлар тайёрлаш тизими тубдан янгиланди. Жойларда ҳарбий-маъмурий секторлар жорий этилди. Ҳарбий соҳада халқаро ҳамкорлик миқёси, ўзаро ишонч ва ўзаро тажриба алмашиш кенгайди.

Энг замонавий қуроллар билан таъминланиш ҳисобига Қуролли Кучларимиз моддий-техник базаси мустаҳкамланди. Ҳарбий хизматчиларнинг ижтимоий ҳимояси сезиларли равишда кучайтирилди. Бугун халқ билан армиянинг бирлиги, якдиллиги амалда тўлиқ намоён бўлиб, ҳарбий хизмат жамиятда чинакам шарафли касбга айланди.

Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари – жасур ва мард ўғлонларимиз қатор нуфузли халқаро армия ўйинлари мусобақаларида муносиб иштирок этиб, юртимиз байроғини янада баландларга кўтариб, барчамизда ўзгача ифтихор ва ғурур ҳиссини уйғотмоқда.

Ватанни асраш, уни ҳимоя қилиш — ҳар биримиз учун муқаддас инсоний бурчимиз экан, бу ишга бутун вужудимиз, қалбимиз ва имон-эътиқодимиз билан ёндашиб, доимо сергак ва огоҳ бўлиб туришимиз шарт.

Зеро, Ватаннинг моддий ва маънавий бойликларини, аждодлардан мерос қолган анъаналар, бағрикенг халқимизнинг эзгу фазилатлари, тилимиз, динимиз, қадриятларимиз, буларнинг ҳаммасини келгуси авлодларга бутун жозибаю ва таровати билан етказишимиз, Ватанни севиш, садоқатли бўлиш, конститутция ва қонунларни, умуминсоний қадриятлар ва миллий урф-одатларни ҳурмат қилиш, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлик ҳисси билан яшаш, тинчлик, мустақиллик, эркинлик ва бағрикенгликнинг аҳамиятини тушуниб етиш, тарихни билиш, мустақилликнинг қадрига етиш, фахрланиш, келажакка ишонч билан яшаш, умуммиллий манфаатларни ўз манфаатларидан устун қўйиш ғояларини тарғиб қилишимиз, фарзандларимиз онгига сингдириш ҳар бир фуқаронинг бурчи эканлигини доимо ёдда тутишимиз даркор.

 

Саддам Орзиқулов, Қашқадарё вилоят суди кадрлар бўлими бош консультанти

ОДАМ САВДОСИ – ЖАМИЯТ ИЛЛАТИ

Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас деганлари рост. Бўлмаса Шуҳрат Қўлдошев (исми ва шарифлари ўзгартирилган) аввал қилган жинояти учун 4 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини олган бўлсада ундан тўғри хулоса чиқармади.  Мўмай пул борлигини эшитиб  қариндошлари Орзигул Жўраева ва Улғўзи Шароповалар билан тил бириктирди ва бир гуруҳга бирлашдилар. Орзигул Жўраеванинг ҳали 3 ёшга ҳам тўлмаган фарзанди Қундузни сотиб даромад орттирмоқчи бўлдилар.

Жиноий гуруҳ аъзоларининг ҳар бири “харидор” З. Аҳмедовадан  2 миллион сўмдан пул олиб  вояга етмаган Қундузни унга сотмоқчи бўлганларида маъмурий орган ходимлари томонидан жиноят устида ушландилар. Пул ўлсин-а, пул ўлсин. Жиноят иши судга оширилди.

Судда судланувчи  Ш. Қўлдошев, У. Шаропова ва О. Жўраеваларнинг айби ариза ва билдирги, пулни бериш баённомаси, ҳодиса содир бўлган жойни кўздан кечириш баённомаси ҳамда ишдаги бошқа ҳужжатлар ва далиллар билан исботланди.

Суд судланувчиларга жазо тури ва меъёрини тайинлашда шахсини, ёшини, қарамоғида фарзандлари борлигини – жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар сифатида баҳолади. Уларнинг ҳаракатларида жазони оғирлаштирувчи ҳолат мавжуд эмас деган хулосага келди. Содир этилган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражаси ҳам, албатта эътиборга олинди. Уларнинг ўз айбларига иқрор ва пушаймонлиги ҳам эътиборга олинди. Ш.Қўлдошев ва О.Жўраеваларни жамиятдан ажратмасдан туриб ахлоқан тузатиш мумкин эмас, У.Шароповани эса жамиятдан ажратмасдан туриб ҳам ахлоқан тузатиш мумкин деб ҳисоблади.

Суд судланувчиларни Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 135-моддаси 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни қасддан содир этганликда айблади. Судланувчилар Шуҳрат Қўлдошев ва Орзигул Жўраеваларга 3 (уч) йил озодликдан маҳрум этиш, Улғўзи Шароповага эса 3 (уч) йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Ҳа, айтгандек, она бўлишга маънан нолойиқ Орзигул Жўраеванинг никоҳсиз туғилган 2 нафар қиз фарзандлари туман ҳокимининг тегишли қарорлари билан болалар уйига топширилди. Ҳайф сенга, Орзигул, ОНА деган улуғ ном.

 

Нурбек Абдуллаев, Қашқадарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судьяси.

ИНСОНИЯТНИ ТАШВИШГА СОЛАЁТГАН ИЛЛАТ

Бугунги кунда трансмиллий уюшган жиноятчиликнинг узвий таркибий қисми бўлган одам савдоси жинояти кенг тарқалаётганлиги  дунё ҳамжамиятини ташвишга солаётганлиги ҳеч кимга сир эмас. БМТ ва Миграция бўйича халқаро ташкилот мутахассисларининг таҳлилий хулосаларига кўра ундан жабр кўрганлар сони бир неча миллионларни ташкил қилади. Ташвишланарлиси одам савдоси жиноятидан жабрланганларнинг асосий қисми аёллар ва болалардир. Шу боис дунё миқёсида одам савдосига қарши курашга алоҳида аҳамият қаратилиб, бир қатор халқаро ҳужжатлар ҳам қабул қилинди.

Республикамизда ҳам одам савдосининг олдини олиш ва унга қарши курашиш борасида бир қатор ишлар амалга оширмоқда. Бугун юртимизда олиб борилаётган барча йўналишдаги ислоҳотларнинг марказида инсон омили турибди. Бу ҳаётий ҳақиқатни Прзидентимиз Ш.Мирзиёевнинг Олий Мажлисга йўллаган мурожаатномасидаги “Инсон манфаатлари ва яна бир бор инсон манфаати ислоҳотларнинг бош мақсади этиб белгиланди”-деб  билдирган сўзлари ҳам исботлаб турибди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги 2020 йил 17 августдаги Қонунига мувофиқ одам савдосига қарши курашишга доир маълумотларни шакллантириш тартибини такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 24-моддасида, «Яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг узвий ҳуқуқидир. Инсон ҳаётига суиқасд қилиш энг оғир жиноятдир», – деб эътироф этилган. Бугунги кунда одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар жаҳон ҳамжамиятида жиддий ташвиш ва хавотирларни келтирмоқда. Энг ачинарлиси, бу жиноятни содир этувчиларнинг ҳам, бундан жабр кўрувчиларнинг ҳам муддаолари муштарак. Яъни, енгил йўл билан даромад топиш истагида жиноят содир этиш икки тоифадаги одамларни ҳам ҳалокат домига тортмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 135-моддаси биринчи қисми диспозицияси мазмунига кўра, одам савдоси деганда одамни олиш-сотиш ёки одамни эксплуатация қилиш мақсадида ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилиш тушунилади.

Олди-сотди тариқасидаги одам савдоси одамнинг бир шахс томонидан бошқасига пул, бошқа моддий қимматликлар (мулк), мулкий характердаги хизматлар, мулкий ёки пул шаклидаги қарздан воз кечиш  каби ҳақ эвазига берилиши тўғрисида ёзма ёки оғзаки битим тузилишини назарда тутади.  Шунингдек, бошқа барча ҳоллар (ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш, қабул қилиш) да жиноий жавобгарлик юзага келишининг зарур шарти одамни эксплуатация қилишга қаратилган мақсад мавжудлиги ҳисобланади.

Одамни эксплуатация қилиш бошқа шахслар фоҳишабозлигидан фойдаланиш ёки бошқа кўринишдаги шаҳвоний эксплуатацияни, мажбурий меҳнат ёки хизматлар, қуллик ёки қулликка ўхшаш одатлар, эрксизлик ҳолати ёки одам аъзолари ёки тўқималари олинишини англатади. Одам савдоси – инсоннинг ҳаёти, эркинлиги ва ҳуқуқларидан маҳрум қилиб, бировларнинг қўлида қул бўлишга маҳкум этиш, инсонлар умрига зомин бўлиш, уларнинг эрки, тақдири ва келажагини оёқ ости қилишдек жиноятлардан энг хавфлиси саналади.

Амалиётда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар доирасида Ўзбекистонда (хорижий мамлакатларда бундай ҳолат кузатилмайди) чақалоқ савдоси билан боғлиқ ҳолатлар жуда кўп учрамоқда.

Бунда жиноятнинг иккинчи иштирокчиси – бу чақалоқни сотиб олувчи шахс ҳисобланади.

Тергов ва суд амалиётига кўра ушбу шахс ҳам жиноят иштирокчиси деб баҳоланади. Аммо унинг чақалоқни олишдан мақсади ундан эксплуатация қилиш ниятида фойдаланишми ёки йўқми, ёхуд фарзанди йўқ оила келгусида оила мустаҳкамлигини сақлаб қолиш учун кимнингдир фарзандини тарбиялашни, вояга етказишни, ўзининг ҳақиқий фарзандидек қараш каби ота-она сифатида фуқаролик бурчини бажариш нияти бўлсачи, бу одам савдоси бўладими?

Ўзбек урф-одатларига кўра, фарзандсизлик – тақдирнинг энг оғир синовларидан бири деб қабул қилинади. Шунинг учун фарзанди йўқ оилалар иложи борича асраб олмоқчи бўлган фарзандини гўдаклигидан, яъни чақалоқлигидан вояга етказмоқчи ёки тарбияламоқчи бўлишади. Бундан кўзланган хайрли мақсад шуки – фарзанд асраб олаётган инсон – фарзандга ўзини ҳақиқий ота-онасидек деб кўрсатишни чин кўнгилдан истайди ва шунга ҳаракат қилади.

Чақалоқни ўз фарзанди сифатида ўзига қабул қилиш учун чақалоқни топшираётган шасхга пул берилиши ҳолатини оқлаб бўлмайди албатта. Аммо, одам савдоси жиноятининг зарурий белгиси – одамни ундан фойдаланиш мақсадида эксплуатация қилишга қаратилган ғараз мақсад ёки қасднинг мавжудлиги эмасми? Хаттоки, қонунларимизда ҳам, “чақалоқ савдоси” деган иборанинг ўзи йўқ, бунга ҳеч қандай таъриф берилмаган.

Масаланинг ачинарли яна бир томони шундаки, Ўзбекистонда шунга  ўхшаш ҳолатларнинг юридик жиҳатдан жиноят деб баҳоланиши статистик рақамларнинг ортишига, бу эса халқаро ҳамжамиятда Ўзбекистонда одам савдоси каби жиноятнинг ортиб бораётгани ҳақидаги ишонарсиз маълумотларнинг тўлиб-тошиб кетаётганидир.

Ҳаттоки мазкур соҳада катта ҳаётий ва амалий тажрибага эга бўлган халқаро экспертлар ҳам “чақалоқ савдоси” деган иборани эшитганида баъзида тушунмаётгани ва ушбу иборани қабул қила олмаётгани ҳам айни ҳақиқатдир.

Агарда фарзандталаб инсонларга меҳрибонлик уйларидан болани асраб олиш механизми соддалаштирилса, ҳужжатлар тузиш ва ортиқча қоғозбозликка сабаб бўладиган бюрократик тўсиқлар бартараф этилса, фикримча шифохоналардан, туғруқхоналардан ёки бегона қўллардан чақалоқларни сотиб олишга чек қўйилган бўлар эди.

Нурбек Абдуллаев, Қашқадарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси.

Она тилим – миллатим ғурури

Ҳаммамизга аёнки, она тили – миллат маънавиятининг мустаҳкам пойдевори ҳисобланади.

Бундан беш ярим аср муқаддам ҳазрат Навоийнинг беқиёс ижодининг ижобий самараси ўлароқ адабий тил сифатида ўз қаддини тиклаган она тилимиз, бу буюк мутафаккир бобомизнинг саъй-ҳаракатлари туфайли қадимги туркий, форс, араб ва бошқа тиллар ҳисобидан бағоят бойитилган.

Собиқ шўро даврида эса ўзбек тилига, уни ўрганишга эътиборсизлик, ҳурматсизлик билан қаралиб, сунъий равишда ўзбек тилининг амалий имкониятларини йўққа чиқарилган, унинг қадрини камайтаришдан кўзланган асосий мақсад эса миллатимизнинг ғурури, шаъни ва қадр-қимматини таҳқирлаш бўлган.

Собиқ иттифоқ таркибидаги республикаларнинг суверенитети ва инсон ҳуқуқларини поймол қилган тоталитар буйруқбозлик бошқаруви даврида, яъни 1989 йил 21 октябрда Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши сессияси томонидан “Давлат тили тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилинганлиги, мамлакатимизнинг мустақиллик сари ташлаган биринчи қадами бўлди.

Қонуннинг 1-моддасида «Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир» дейилиб, ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланди. Мазкур Қонунда жамиятимизнинг барча сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ва маданий соҳаларида ўзбек тилига тўла амал қилишни таъминлаш вазифаси қўйилиб, бу вазифанинг бажарилиши давлат органлари, жамоат ташкилотлари, мансабдор шахслар ва ҳар бир фуқаронинг бурчи эканлиги алоҳида белгилаб қўйилди.

1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 4-моддасида ўзбек тили давлат тили мақомига эга эканлиги мустаҳкамлаб қўйилди. Шу тариқа ўзбек тили мустақил давлатимизнинг байроғи, герби, мадҳияси, Конституцияси қаторида турадиган қонун йўли билан ҳимоя қилинадиган муқаддас тимсоллардан бирига айланди.

Кейинчалик, яъни 1995 йил 21 декабрда “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ҳақида”ги Қонунига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритилиб, унинг янги таҳрири тасдиқланди.

Мустақиллик йилларида тил борасида бошқа соҳалар қаторида қонунчилик ва ҳуқуқий атамашунослик соҳасида ҳам катта ютуқларга эришилди. Жамият иқтисодий жиҳатдан тараққий этгани, ижтимоий муносабатларнинг кўлами кенгайгани туфайли ҳуқуқ тизими ва қонунчилик тизимига янги тушунчалар, категориялар ва атамалар кириб келди.

Айниқса, кейинги йилларда бу борада бевосита Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг ташаббуслари билан бир қатор амалий ишлар қилинганини эътироф этиш лозим.

Жумладан, 2019 йил 21 октябрда “Ўзбек тилининг давлат тили сифатида нуфузини ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон қабул қилинди ва Фармон билан бу кун байрам куни деб эълон қилинди. Шунингдек, давлат тилини ривожлантириш департаменти ташкил қилинди.

2019 йил 12 декабрда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат тилини ривожлантириш департаменти тўғрисида”ги Низоми тасдиқланди, департаментнинг асосий вазифалари ва функциялари, ҳуқуқ ва жавобгарлиги, тузилмаси, фаолиятини ташкил этиш белгилаб берилди.

Халқаро муносабатларда ҳам ўзбек тили кенг ва фаол мулоқот воситасига айланиб, унинг хорижий давлатлар раҳбарлари билан олиб борилаётган музокара ва учрашувларда, юксак даражадаги расмий тадбирларда қўлланилаётганлиги барчамизда ғурур ва ифтихор туйғусини уйғотади.

Шу ўринда, Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг 2020 йил 23 сентябрда БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида ўзбек тилида сўзлаши ва бу жаҳон ҳамжамияти томонидан илиқ кутиб олинганлиги ҳеч шубҳасиз барчамизга фахр ҳиссини тақдим қилди.

Ўзбекистоннинг Туркий давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо бўлиши ҳам, нафақат ўзаро иқтисодий ҳамкорликни кучайтириш, балки туркий тиллар, жумладан ўзбек тилимизнинг халқаро мақомини юксалтиришга хизмат қилмоқда.

Улуғ байрам арафасида, яъни 2020 йил 20 октябр куни давлат тили сифатида ўзбек тилини ўрганиш учун шарт-шароитлар яратиш, ўзбек тили ва тил сиёсатини ривожлантиришнинг стратегик мақсадлари, устувор йўналиш ва вазифаларини ҳамда истиқболдаги босқичларини белгилаш борасида Президентимизнинг “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги навбатдаги Фармонлари қабул қилинганлиги бу масала давлат сиёсатининг устувор йўналиши эканлигини кўрсатиб берди.

Ҳеч шубҳасиз Фармонда белгиланган вазифаларни ўз вақтида бажарилиши ўзбек тилининг халқимиз ижтимоий ҳаётида ва халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини тубдан ошириш, униб-ўсиб келаётган ёшларимизни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларга садоқат руҳида тарбиялаш, мамлакатимизда давлат тилини тўлақонли жорий этишни таъминлаш, Ўзбекистондаги миллат ва элатларнинг тилларини сақлаш ва ривожлантиришга асос бўлиб хизмат қилади.

Атоқли олим Исҳоқхон Ибрат “Бизнинг ёшлар албатта бошқа тилни билиш учун саъй-ҳаракат қилсинлар, лекин аввал ўз она тилини кўзларига тўтиё қилиб, эҳтиром кўрсатсинлар. Зеро, ўз тилига садоқат – бу ватаний ишдир”-деб, айтгандилар.

Бу бежизга эмас албатта. Зеро, она тилимиз – миллий маънавиятимизнинг битмас-туганмас булоғи, унга муносиб ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш барчамизнинг нафақат вазифамиз, балки муқаддас бурчимиздир.

Шундай экан, ўзбек тилимизни асраб-авайлаш, ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш ҳаракатини ўз оиламиздан ва жамоамиздан бошлашимиз, она тилимизга, урф-одат ва қадриятларимизга ҳурмат, Ватанга меҳримизни амалий фаолиятда намоён этишимиз керак.

 

Шаҳзод Бахтиёров, Қашқадарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судьяси

Ўзбек тили буюк ва муқаддасдир

Инсон гўзаллиги, маънавияти ва буюк меъроси бу – тилдир. Шу сабаб онадек азиз ўз она тилимизни асраб-авайлаш, эъзозлаш барчамизнинг муқаддас бурчимиздир. Инсон ўз она тили билан уйғаяди, камолга етади. Мана шу тил билан яшаб ўтади.

Барчамизга яхши маълумки, 1989 йил 21октябрда ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилди. Демак, бу кунни чексиз қувонч ва ифтихор билан байрам сифатида нишонлаймиз.

Ушбу сана шубҳасиз, мамлакатимиз ўтмишидаги энг қутлуғ саналардан бири. Зеро бу кунда Ўзбекистон Республикасининг «Давлат тили ҳақида»ги Қонуни қабул қилиниб, мустабид тузум ҳукмронлиги давридаёқ халқимизнинг ўзига хос жасорати тимсолига айланган эди. Ва шуни алоҳида эътироф этиш лозимки, бу ҳужжат ўз вақтида халқимизнинг истиқлолга бўлган умид-ишончини, миллий ғурур туйғусини кучайтирди. Мустақиллигимизнинг ўзига хос пойдевори вазифасини бажарди десак, асло муболаға бўлмайди.

Бош Қомусимизнинг 4-моддасида “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир”, деб белгилаб қўйилганлиги ҳеч бир тилдан кам бўлмаган гўзал Она тилимиз ўз забонимизга тўлақонли қайтариб берилганига ва эркимиз қуёши бошимизда порлаб турганидан далолатдир.

Дунёдаги қадимий ва бой тиллардан бири бўлган ўзбек тили халқимиз учун миллий ўзлик ва мустақил давлатчилик тимсоли, бебаҳо маънавий бойлик, мамлакатимизнинг сиёсий-ижтимоий, маънавий-маърифий тараққиётида ғоят муҳим ўрин эгаллаб келаётган буюк қадриятдир.

Ўзбекистон тараққиётининг бугунги янги босқичи — миллий юксалиш даври талабларидан келиб чиқиб, она тилимизнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Ўтган йиллар давомида она тилимиз мустаҳкам ҳуқуқий асос ва юксак мақомга эга бўлди. Ҳозирги кунда ўзбек тили ҳаётимизнинг барча жабҳаларида — давлат ва жамият бошқаруви, давлатлараро муносабатлар, илм-фан, таълим-тарбия, тиббиёт, маданият ва санъат соҳаларида фаол қўлланилмоқда, халқаро минбарлардан баралла янграмоқда.

Она тили – бу миллатнинг руҳидир. У эзгу фазилатлар, юксак туйғулар манбаи ва инсон камолотида бетакрор ўрин тутади. Инсон учун ҳаётий зарурат билим ва тушунчаларни тил воситасида онг-у шууримизга сингдиради. Одоб ахлоқимиз, феъл-атворимиз тил орқали берилган ўгит ва насиҳатлар асосида шаклланади.

Инсон туғилиб ўсган жойи – Она тупроқ муқаддас Ватандир. Биз дунёга келибоқ онажонимизни, она Ватанимизни кўрамиз, эндигина тилимиз чиққан дамларда айтилаётган сўзимиз бу – “Она” сўзидир. Биз энг азиз, энг мўътабар инсон номини ўз тилимизда онадек муқаддас атаймиз. Она бизга жон бахш ато этган бўлса, тил бизга ақл-заковат ато этади. Шунинг учун ҳам ўзбек тили буюк ва муқаддасдир.

 

Саддам Орзиқулов, Қашқадарё вилоят суди кадрлар бўлими бош консультанти

Коррупция – хавфли иллат

Коррупция  ҳар  қандай  давлатнинг тараққий  этишига тўсқинлик қилувчи ғовдир.  Унга  қарши курашиш бутун дунё мамлакатларининг долзарб муаммоси бўлиб қолмоқда. Коррупцияга қарши кураш борасида ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, порахўрлик, таъмагирлик каби ҳуқуқбузарликларни аниқлаш ва уларга чек қўйиш, бундай жиноятларга қарши жазо муқаррарлигини ҳар бир шахс билиши зарур. Коррупция балосининг нақадар мудҳиш иллат эканини тушунган, уни онгли равишда идрок этган одам эса бу жиноятга қўл урмайди.

Ҳозирги вақтда ҳар бир давлатда коррупцияга қарши кураш давом этмоқда. Ҳар бир давлат ва жамият коррупцияга қарши курашиш йўлини ўзи танлайди, аниқроғи, қандай йўл тўғри эканини ҳаётнинг ўзи  кўрсатади. Коррупцияга қарши курашни кенг қамровда олиб бориш, бу борада ҳар бир масалага алоҳида эътибор қаратилиши эса муҳим масала.

Маълумки, тараққиётга тўсиқ бўлаётган бир қатор омиллар, иллатларнинг энг хавфлиларидан бири – коррупциядир. Бу иллат аввало, халқнинг давлат ва ислоҳотларга ишончини сўндириши, жамиятда норозилик кайфиятини кучайтириши билан ҳам ғоят хатарлидир.

Истиқлол йилларида мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш борасида қатор ишлар амалга оширилди. Ўзбекистон 2008 йил 7 июлда БМТнинг Коррупцияга қарши курашиш  Конвенциясига ва бошқа халқаро ҳужжатларга қўшилди. Президентимиз ташаббуси билан 2017 йил 4 январда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни кучга киргани эса бу борадаги муҳим қадам бўлди. Мазкур қонун 6 боб, 34 моддадан иборат бўлиб, унда коррупция билан боғлиқ тушунчалар батафсил баён қилинган.

Амалдаги қонунимизда коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат сиёсатининг асосий принциплари ва йўналишлари мустаҳкамланган. Унга кўра, қонунийлик, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги, очиқлик ва ошкоралик, тизимлилик, давлат ва фуқаролик жамияти институтларининг ҳамкорлиги, коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар устуворлиги, жавобгарликнинг муқаррарлиги коррупцияга қарши курашишнинг асосий принципларидир.

Барча соҳаларда коррупциянинг намоён бўлишига йўл қўймаслик, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш орқали жамиятда коррупциянинг барча шаклларига нисбатан муросасиз муносабат қарор топишига эришиш мумкин.

Коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари сирасига аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш киради. Давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар амалга оширилади.

Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга чек қўйиш, уларнинг оқибатларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлаш ҳам шулар жумласидандир.

Коррупция балосидан батамом қутулиш, бу борадаги ислоҳотларнинг фаол иштирокчиси бўлиш барчамизнинг шарафли бурчимиз эканлигини ҳамма бирдек тушунмоғи даркор. Акс ҳолда, ўзига тегишли хулоса чиқармай, порахўрлик ва таъмагирликдан ўзини тия олмайдиган шахслар жазога тортилиши муқаррар.

Дарҳақиқат, ҳар қандай вазиятда ҳам ҳалол одам ҳаётда ғолиб бўлиб, бахтли-саодатли яшайди. Зеро, бугун бутун жамиятимиз ана шундай покиза ҳаётга интилмоқда.

 

Давлат Раҳимов, Қашқадарё вилоят суди судьяси

Skip to content