Хизмат кўрсатиш шартномасининг мазмуни ва моҳияти ҳамда шартномавий муносабатлардаги қонун талабига риоя қилишнинг аҳамияти

Тадбиркорлик фаолиятининг асосини шартнома муносабатлари ташкил қилади. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси 353-моддасининг биринчи қисмига кўра икки ёки бир неча шахснинг фуқаролик ҳуқуқлари ва бурчларини вужудга келтириш, ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги келишуви шартнома дейилади.

“Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Респуликаси Қонунининг 3-моддаси талабига кўра тарафлардан бири шартлашилган муддатда тадбиркорлик фаолияти соҳасида товарларни бериш, ишларни бажариш ёки хизматлар кўрсатиш мажбуриятини оладиган, иккинчи тараф эса товарларни, ишларни, хизматларни қабул қилиб олиш ва уларнинг ҳақини тўлаш мажбуриятини оладиган келишув хўжалик шартномаси дейилади. Одатда шартномалар маълум бир соҳада тарафлар ўртасида вужудга келган муносабатларни тартибга солади. Ана шу шартномалардан бири бу – ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномаси ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 703-моддасига кўра ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномаси бўйича ижрочи буюртмачининг топшириғи билан ашёвий шаклда бўлмаган хизматни бажариш, буюртмачи эса бу хизмат учун ҳақ тўлаш мажбуриятини олади.

Ушбу бобнинг қоидалари алоқа хизмати, тиббиёт, ветеринария, аудиторлик, маслаҳат, ахборот хизматлари, таълим бериш, сайёҳлик хизмати ва бошқа хизматлар кўрсатиш шартномаларига татбиқ этилади. Ушбу Кодекснинг 37, 39, 40, 43, 44, 45, 46, 48, 49 ва 51-бобларида назарда тутилган шартномалар бўйича кўрсатилган хизматлар бундан мустасно.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 705-моддасига кўра буюртмачи ўзига кўрсатилган хизматлар ҳақини ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномасида кўрсатилган муддатларда ва тартибда тўлаши шарт.

Ижрочи ўзи айбдор бўлмагани ҳолда хизматни бажара олмаган тақдирда буюртмачи ижрочига унинг харажатларини тўлаши шарт, бунда ижрочининг хизмат (хизматлар) кўрсатишдан озод қилиниши муносабати билан олган ёки олиши мумкин бўлган фойдаси чегириб қолинади. Буюртмачининг айби билан хизматни бажариш мумкин бўлмай қолган тақдирда агар қонунчиликда ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса хизматлар баҳоси бутунлай тўланиши керак.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 706-моддасига ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномасини бузганлик учун ижрочининг жавобгарлиги белгиланган бўлиб, унга кўра ижрочи ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномасини умуман ёки тегишли даражада бажармаган ҳолларда у келтирилган зарарни буюртмачига батамом тўлаши шарт, лекин бу тўлов шартномада назарда тутилган хизматлар баҳосининг икки бараваридан ортиқ бўлиши мумкин эмас.

Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш вақтида ижрочи мажбуриятини умуман ёки тегишли даражада бажармаган ҳолларда ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномасида ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилгандан кучайтирилган жавобгарлик назарда тутилиши мумкин.

Бундан ташқари Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 707-моддасида ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномасини бекор қилиш тартиби белгиланган бўлиб, унга мувофиқ буюртмачи хизматларнинг белгиланган баҳосини батамом тўлаш шарти билан ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномасини бекор қилишни талаб қилишга ҳақли, шартнома ижрочининг айбли ҳаракатлари туфайли бекор қилинган ҳоллар бундан мустасно.

Ижрочи шартнома бекор қилиниши туфайли буюртмачига етказилган зарарнинг ҳаммасини тўлаш шарти билангина ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномасини бекор қилишни талаб қилишга ҳақли, шартнома буюртмачининг айби билан бекор қилинган ҳоллар бундан мустасно.

Кундалик ҳаётда юридик шахс, ҳатто жисмоний шахслар ҳам хизмат кўрсатиш шартномаси тузиш орқали бир-бирлари билан шартномавий ҳуқуқий муносабатларга киришадилар.

Хусусан, бунга тиббиёт, ахборот, таълим бериш, сайёҳлик хизматлари ва бошқа шу каби хизматларни мисол қилиб келтиришимиз мумкин.

Албатта, айнан барча шартномавий ҳуқуқий муносатбатлар бўйича келиб чиқадиган низолар судлар томонидан мазмунан кўриб чиқилган ҳолда ҳал этилади.

Хусусан, Шаҳрисабз туманлараро иқтисодий суди томонидан 2023 йилда 36 та, 2024 йилда эса 38 та хизмат кўрсатиш шартномасидан келиб чиққан низолар билан боғлиқ ишлар кўриб чиқилган.

Бу эса ушбу шартнома бўйича низоларни сони ортаётганлигидан далолат беради.

Таъкидлаб ўтиш жоизки, кўпчилик ҳолатларда шартнома тарафлари шартномани профессионал даража тузиш чораларини кўрмайди. Бу эса ўз-ўзидан шартнома тарафлари ўртасида турли низоларни келиб чиқишига сабаб бўлади.

Шу сабабли тарафлар шартномаларни имзолашга тайёрлаш жараёнида “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида” Ўзбекистон Респуликаси Қонунининг 21-моддаси талабларидан келиб чиққан ҳолда хўжалик юритувчи субъектларнинг юридик хизмати ёки жалб этилган адвокатлар томонидан қонунчиликка мувофиқлиги юзасидан текшириб кўрилса мақсадга мувофиқ бўлади.

Хулоса қилиб айтганда, кундалик ҳаётда жисмоний ва юридик шахслар хизмат кўрсатиш юзасидан шартномавий ҳуқуқий муносабатга киришиши табиий. Шартномаларни профессионал даражада тузмаслик, турли низоларни келиб чиқишига сабаб бўлади.

Шу сабабли шартнома тарафларига нафақат ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномаси, балки бошқа шартномаларни тузишда ҳам профессионал юрист ва адвокатлар хизматидан фойдаланиши тавсия этилади.

 

Зоҳид Эшмирзаев, Шахрисабз туманлараро иқтисодий суди раиси

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА РАҚАМЛИ ДАЛИЛЛАР БИЛАН ИШЛАШ ТИЗИМИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ: ЯНГИ ҚОНУН ҲУЖЖАТЛАРИДАГИ ЎЗГАРИШЛАР ВА УЛАРНИНГ АҲАМИЯТИ

Рақамли технологияларнинг жадал ривожланиши ҳуқуқий тизимнинг ҳам мос равишда такомиллаштирилишини талаб этади. Ўзбекистон Республикаси рақамли далиллар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш мақсадида бир қатор қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритди. Ушбу мақолада мазкур ўзгаришлар, уларнинг аҳамияти ва рақамли далиллар билан боғлиқ ҳуқуқий жараёнларнинг самарадорлигини оширишга қаратилган чора-тадбирлар ёритилади.

2024 йил 21 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига рақамли далиллар билан ишлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун билан Жиноят-процессуал кодекси, Фуқаролик-процессуал кодекси, Иқтисодий процессуал кодекс, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ва Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексга рақамли далиллар тушунчаси ҳамда улар билан ишлаш тартибини белгиловчи нормалар киритилди.

Ушбу қонун билан рақамли далилларни тўплаш, тақдим этиш, мустаҳкамлаш, кўздан кечириш, текшириш ва баҳолаш, сақлаш, қайтариш ҳамда йўқ қилиш тартиби белгиланди. Хусусан, жиноят иши доирасида гувоҳ, жабрланувчи, гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи ва бошқа шахслар электрон маълумотларни электрон жисмдан бошқа электрон жисмга кўчириш орқали тақдим этиш ҳуқуқига эга бўлди.

Шунингдек, рақамли далилларнинг кўчирма нусхаларини масъул шахсларга ёки судга қоғозда чоп этилган шаклда тақдим этиш имконияти яратилди. Бироқ, бундай қоғоздаги шакл ёзма далил деб ҳисобланмайди. Рақамли далилдан кўчирма нусха олишга, унинг яхлитлиги ва айнан ўхшашлиги сақланган ҳолда йўл қўйилади. Бу эса рақамли далилнинг асл нусхасининг мавжудлигини таъминлайди.

Рақамли далиллар замонавий ҳуқуқий амалиётда муҳим аҳамият касб этмоқда. Улар электрон шаклда сақланган маълумотлар бўлиб, суд ишларида ёки бошқа ҳуқуқий жараёнларда далил сифатида қўлланилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг янги қонун ҳужжатларида рақамли далиллар қуйидаги жиҳатлар бўйича тартибга солинди:

  • уларнинг ҳуқуқий мақоми ва ишончлилиги аниқлаштирилди;

– рақамли далилларни олиш, қайта ишлаш ва судга тақдим этиш тартиби белгиланди;

– далилларнинг яхлитлиги ва ишончлилигини таъминлаш учун техник воситалардан фойдаланиш қоидалари аниқланди.

Янги қонун ҳужжатларига мувофиқ қуйидаги муҳим ўзгаришлар амалга оширилди:

– жиноят-процессуал кодексига рақамли далилларни суд томонидан қабул қилиш шартлари белгилаб берилди;

– фуқаролик-процессуал ва Иқтисодий процессуал кодексларида электрон маълумотларни далил сифатида кўриб чиқиш тартиби аниқланди;

– рақамли далиллар билан боғлиқ жараёнларни назорат қилиш ва уларнинг ишончлилигини таъминлаш бўйича махсус экспертиза тизими жорий этилди.

Рақамли далилларнинг ишончлилигини таъминлаш муҳим ҳуқуқий масалалардан бири ҳисобланади. Ушбу мақсадда қуйидаги тамойиллар жорий этилди:

– далилларнинг ҳақиқийлигини тасдиқлаш учун криптографик усуллардан фойдаланиш;

– электрон далилларни сақлаш ва узатиш жараёнларида киберхавфсизлик чоралари кўриш;

– далиллар билан ишлашда махсус мутахассисларнинг иштирокини таъминлаш.

Янги қонунчиликка мувофиқ рақамли далиллар суд томонидан қуйидаги шартлар асосида қабул қилинади:

– далилларнинг манбаси ва уларнинг ҳақиқийлиги тасдиқланган бўлиши керак;

– электрон маълумотлар қоғоз шаклда ёки расмий электрон ҳужжат сифатида тақдим этилиши мумкин;

– далилларнинг ўзгартирилмаганлиги ишончли техник воситалар ёрдамида текширилиши лозим.

Киритилган ўзгаришлар рақамли далилларнинг ишончлилигини оширишга ёрдам беради, бу эса суд жараёнларини тезлаштиради ва ишончли қарорлар қабул қилиш имкониятини беради.

Ўзбекистон Республикасида рақамли далиллар билан ишлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонун ҳужжатларидаги ўзгаришлар ҳуқуқий жараёнларнинг замонавий технологиялар билан уйғунлашувига хизмат қилади. Ушбу ўзгаришлар суд ишларининг янада адолатли ва шаффоф бўлишини таъминлаб, фуқаролар ва ташкилотларнинг ҳуқуқий манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш имконини яратади. Келгусида рақамли далиллар билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш ва халқаро тажрибаларни қўллаш масалалари долзарб бўлиб қолмоқда.

 

Руслан Заиров, Қашқадарё вилоят судининг судьяси

Соғлиққа қарши жиноятлар

Конституциямизнинг 27-моддасига кўра, ҳар ким эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга.

Агар бошқа шахснинг шахсий дахлсизлиги бузилиб, унинг соғлиги ва ҳаётига хавф соладиган тажовузлар қилинса ва шикаст етказилса, Жиноят кодексининг 104-111-моддаларида назарда тутилган жиноий жавобгарлик вужудга келади.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 109, 105 ва 104-моддасида кўрсатилган жиноятлар қасддан содир қилинадиган жиноятлар тоифасига кириб, баданга етказилган тан жароҳатининг оғирлик даражасига кўра бир-биридан фарқланади.

Соғлиқнинг қисқа вақт, яъни олти кундан ортиқ, аммо йигирма бир кундан кўп бўлмаган муддатга ёмонлашувига ёки умумий меҳнат қобилиятининг унча узоқ бўлмаган муддатга йўқотилишига сабаб бўлган қасддан баданга шикаст етказганлик учун Жиноят кодекси 109-моддасида, содир этилаётган пайтда ҳаёт учун хавфли бўлмаган ва Жиноят кодексининг 104-моддасида назарда тутилган оқибатларга олиб келмаган, лекин соғлиқнинг узоқ вақт, яъни камида йигирма бир кун, аммо тўрт ойдан кўп бўлмаган даврда ёмонлашувига ёки умумий меҳнат қобилиятининг ўн фоиздан ўттиз уч фоизигача йўқолишига сабаб бўлган қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказганлик учун Жиноят кодекси 105-моддаси 1-қисмида жавобгарлик чоралари белгиланган бўлиб, агар мазкур жиноятларни биринчи марта содир қилган шахс етказилган зарарларни қопласа ва жабрланувчи ярашиш истагини билдирса жиноят иши ярашганлик муносабати билан тугатилиши мумкин.

Жиноят кодекси 104-моддасида қасддан баданга оғир шикаст етказиш натижасида кўриш, сўзлаш, эшитиш қобилиятининг йўқолиши, бирор бир аъзонинг ишдан чиқиши, руҳий ҳолатнинг бузилиши, меҳнат қобилиятининг салмоқли қисми йўқолиши, ҳомиланинг тушиши, баданнинг тузалмайдиган даражада хунуклашиши каби оғир оқибатлар келиб чиқса, уч йилдан бошлаб ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазо чораси қўлланилиши мумкин.

 

Орзимурод Шукуров, Қашқадарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судьяси     

Суд тизимидаги бугунги ва эртанги ислоҳотлар: Жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида тергов судьяси лавозими ва судлар фаолиятида сунъий интеллект технологиялари жорий этилади

Бугунги кунда ижтимоий-иқтисодий муносабатлар қонун йўли билан тартибга солинаётгани, қабул қилинаётган қонунлар замирида инсонпарварлик ва одиллик ғояси мужассамлашганлиги ҳар биримизни қувонтиради.

Сўнгги йилларда юртимизда айнан Конституция ва қонунларга асосланган давлат қуриш учун амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг салмоғи ҳар қачонгидан ошди десак муболаға бўлмайди.

Бу жараёнда инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадрият ҳисобланадиган фуқаролик жамияти асослари мустаҳкамланди.

Шу билан бирга суд ҳокимияти ҳам қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятдан, сиёсий партиялардан, фуқаролик жамиятининг бошқа институтларидан мустақил ҳолда иш юритувчи, қонун устуворлиги ва адолат тантанаси йўлида фаолият олиб борадиган алоҳида мустақил тизим сифатида шаклланди.

Биргина жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида суд-ҳуқуқ соҳасида бир қатор амалий ишлар қилинди.

Хусусан, суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш институти такомиллаштирилиб, қонуний кучга кирмаган суд қарорларини шикоят (протест) асосида апелляция тартибида, қонуний кучга кирган суд қарорларини кассация тартибида, апелляция ёки кассация тартибида кўрилган суд қарорларини тафтиш тартибида қайта кўриш амалиёти жорий этилди.

Шунингдек, қонуний кучга кирган суд қарорларини кассация тартибида кўриш бўйича ваколатлар вилоят ва унга тенглаштирилган судларга ўтказилиб, юқори судлар томонидан суд қарорларини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун қуйи инстанция судларига юбориш амалиёти тугатилди.

Соҳа учун янгилик сифатида баҳоланган ислоҳотлардан яна бири тизимда тергов судьяси институтининг жорий этилаётганлиги бўлди.

2024 йил 10 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони имзоланди.

Мазкур фармонга кўра, бугунги кунда суд-ҳуқуқ тизимидаги замонавий талаблар ва халқаро стандартлар асосида ишни судга қадар юритиш босқичида тергов судьяси лавозими жорий этилиши белгиланди.

Хусусан, 2025 йил 1 январдан жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида тергов судьяси лавозими жорий этилади. Тергов судьялари судга қадар иш юритув даврида процессуал қарорларга санкция бериш ва мажбурлов чораларини қўллаш масаласини ҳамда маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқади.

Фармонга мувофиқ қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш, қамоқда сақлаш ёки уй қамоғи муддатини узайтириш, паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш, мурдани эксгумация қилиш, почта-телеграф жўнатмаларини хатлаш, тинтув ўтказиш, телефонлар ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларни эшитиб туриш, улар орқали узатиладиган ахборотни олиш, мол-мулкни хатлаш каби илтимосномаларга тергов судьяси санкциялар бериши мумкин.

Шунингдек, айбланувчини лавозимидан четлаштириш, шахсни тиббий муассасага жойлаштириш, айбланувчининг тиббий муассасада бўлиши муддатини узайтириш, ушлаб туриш муддатини 48 соатга қадар узайтириш, прокурорнинг гувоҳ ва жабрланувчининг (фуқаровий даъвогарнинг) кўрсатувларини олдиндан мустаҳкамлаш тўғрисидаги каби илтимосномалар бўйича мажбурлов чораларини қўллаши мумкин.

Алоҳида таъкидлаш керакки, жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида тергов судьяси томонидан процессуал қарорларга берилган санкциялар фақатгина апелляция инстанциясида Қорақалпоғистон суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди томонидан якка тартибда қайта кўриб чиқилади.

Бундан ташқари, 2023 йил 16 январдаги “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Фармони билан 2023–2026 йилларга мўлжалланган суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли стратегияси тасдиқланган эди.

Стратегия доирасида одил судловни таъминлашнинг устувор вазифаларидан бири сифатида судлар фаолиятида сунъий интеллект технологияларини жорий этиш белгиланган.

Дўнё бўйлаб кўплаб жабҳаларда самарали фойдаланиб келинаётган сунъий интеллект технологияларининг судлар фаолиятида босқичма-босқич жорий этилиши, соҳада бутун бир яхлит тизим яратилишига ва инсон омили натижасида келиб чиқиши мумкин бўлган камчиликларга йўл қўймаслик ва уларни ўз вақтида аниқлаб, ўз ўрнида бартараф этишга, шунингдек суд қарорларининг сифатли ва тушунарли ёзилишини таъминлаш билан бирга, иш ҳажмини ҳам бир мунча камайтиришга имкон яратади.

Иш бўйича суднинг ҳукмини ёки қарорини инсон қўли билан яратилган электрон тизим тайёрлашини тасаввур қилиш қийин, албатта.

Аммо, халқаро тажрибалардан кўринишича сунъий интеллектга эга технологиялар фуқаролик ёки жиноий иш юритиш усулларини ислоҳ қилиш имкониятига эга. У судьяларга суд муҳокамасининг турли босқичларида турли вазифаларни бажаришга кетадиган вақтни қисқартириш орқали ёрдам беради.

Шу боис сунъий интеллектдан ҳуқуқий тартиб-қоидаларни соддалаштириш, такрорий вазифаларни автоматлаштириш ва такомиллаштириш орқали ишларни тез ҳал этишда фойдаланиб келинмоқда.

Сунъий интеллектдан судларда судьяларнинг иш юкини камайтириш, ишларни ҳал қилиш вақтини қисқартириш ва яхшилаш учун фойдаланиш  мумкин, бироқ сунъий интеллект томонидан ёзилган суд қарорларининг жозо тайинлаш қисмида содир этилган қилмиш учун тайинланиши лозим бўлган жазо тури ва миқдори фақатгина судья томонидан мустақил тарзда белгиланади.

Ишончимиз комилки, соҳада амалга оширилаётган мазкур ислоҳотлар ўз навбатида иш бўйича барча ҳолатлар суд томонидан ҳар томонлама текширилиб, далилларга холисона баҳо берилиши ва ишнинг ҳақиқий ҳолатларини аниқланишига, натижада оқлов ҳукмлари кўпайишига асос яратиб, фуқароларнинг судга бўлган ишончининг ошишига замин яратади.

 

Адҳам Абдиев, жиноят ишлари бўйича Китоб туман судининг судья ёрдамчиси

Одил судлов ишончли ҳимоя

Ўтган қисқа даврда суд-ҳуқуқ тизимини тубдан ислоҳ қилишга қаратилган тарихий ўзгаришларга қўл урилди. Мамлакатимизда инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадрият даражасида белгиланди. Янги таҳрирдаги Конституцияда ҳам суд органларини фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи мустақил органга айлантириш энг муҳим вазифа этиб белгиланди.

Хусусан, бош қомусимизнинг 136-моддасида “Судьялар мустақилдирлар, фақат Конституция ва қонунга бўйсунадилар. Судьяларнинг одил судловни амалга оширишга доир фаолиятига ҳар қандай тарзда аралашишга йул қўйилмайди ва бундай аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади. Судьялар муайян ишлар бўйича ҳисобдор бўлмайди”, деб белгилаб қўйилди.

Президентимизнинг “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлов фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ҳам ушбу йуналишдаги ислоҳотларимизни тубдан янги босқичга олиб чиқишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Мазкур ҳужжатда суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, судлар фаолияти самарадорлиги ва одил судлов сифатини оширишга қаратилган кенг қамровли чора-тадбирлар белгиланди. Хусусан, 2023-2026 йилларда суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг Стратегияси ва уни амалга ошириш бўйича Ҳаракатлар дастури тасдиқланди. Ҳаракатлар дастурида суд тизимини янада ислоҳ қилишга қаратилган асосий устувор йуналишлар, мақсад ва вазифалар сифатида “Хабеас корпус” институтини амалиётга янада кенгроқ жорий этиш судьялар ихтисослашувини янада кенгайтириш, суд ишларини кўришда ягона суд амалиётини таъминлаш, судьялар мустақиллигини таъминлашнинг янги механизмларини яратиш, суд ҳокимиятининг нуфузи, мавқеи ва обрўсини янада юксалтириш чораларини кўриш ва бошқа муҳим масалалар ҳамда уларни амалга ошириш механизмлари, муддатлари ва масъул органлар аниқ белгилаб берилди.

 

Алишер Ўралов, жиноят ишлари бўйича Қамаши туман суди раиси

Одил судловни амалга оширишда Конституция нормаларини тўғридан-тўғри қўллашнинг зарурияти

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 55-моддасида ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, уларнинг мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш, бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш учун иши қонунда белгиланган муддатларда ваколатли, мустақил ҳамда холис суд томонидан кўриб чиқилиши ҳуқуқи кафолатланган.

Мазкур норманинг конституцияда алоҳида мустаҳкамлаб қўйилиши   судлар томонидан конституциявий нормаларни тўғридан-тўғри ва бир хилда қўлланилиши борасида кечиктириб бўлмайдиган устувор вазифаларни белгилаб олишни тақозо этади.

Чунки Конституциянинг 15-моддасида “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эга,
тўғридан-тўғри амал қилади ва ягона ҳуқуқий маконнинг асосини ташкил этади”, деб кўрсатилган.

Маълумки, Конституциянинг олий юридик кучга эгалиги ҳақидаги қоида унинг нормалари барча қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан устун туришини англатади.

Шу маънода, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2023 йил
23 июндаги “Одил судловни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси нормаларини тўғридан-тўғри қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги 16-сонли Қарори қабул қилинди.

Ушбу Пленум қарорининг 1-бандида судлар кўриб чиқилаётган ҳуқуқий муносабатларни тартибга солувчи қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг мазмунини баҳолаши ва Конституция нормаларини тўғридан-тўғри амал қилувчи олий юридик кучга эга норматив-ҳуқуқий асос сифатида қўллаши лозимлиги қайд этилган.

Бугунги кунга қадар судлар томонидан Конституцияда мустаҳкамлаб қўйилган инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари кафолатлаб қўйилган нормалар изчил қўлланиб келинмоқда.

Жиноят ишлари бўйича судлар томонидан ЖКнинг 165-моддасида назарда тутилган жабрланувчи учун сир сақланиши лозим бўлган маълумотларни ошкор қилиш, уни шарманда қиладиган уйдирмалар тарқатиш билан қўрқитиб ўзгадан мулкни ёки мулкий ҳуқуқни топширишни, мулкий манфаатлар беришни ёхуд мулкий йўсиндаги ҳаракатлар содир этишни талаб қилиш ёхуд жабрланувчини ўзининг мулкини ёки мулкка бўлган ҳуқуқини беришга мажбур қиладиган шароитга солиб қўйиш билан боғлиқ жиноят ишларини кўриб чиқиш Конституциянинг 31-моддасида мустаҳкамлаб қўйилган:

-Ҳар бир инсон шахсий ҳаётининг дахлсизлиги, шахсий ва оилавий сирга эга бўлиш, ўз шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга;

-Ҳар ким ёзишмалари, телефон орқали сўзлашувлари, почта, электрон ва бошқа хабарлари сир сақланиши ҳуқуқига эга.

Ушбу ҳуқуқнинг чекланишига фақат қонунга мувофиқ ва суднинг қарорига асосан йўл қўйилади.

Ҳар ким ўз шахсига доир маълумотларнинг ҳимоя қилиниши ҳуқуқига, шунингдек нотўғри маълумотларнинг тузатилишини, ўзи тўғрисида қонунга хилоф йўл билан тўпланган ёки ҳуқуқий асосларга эга бўлмай қолган маълумотларнинг йўқ қилинишини талаб қилиш ҳуқуқига эга эканлиги тўғрисидаги нормалар тўғридан-тўғри қўлланиб келинмоқда.

Шу ўринда, Конституция нормаларини фақатгина содир этилган жиноят учунгина эмас, балки процессуал ҳаракатларга нисбатан ҳам қўлланишини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Хусусан, Жиноят-процессуал кодекснинг 116-моддасига кўра гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг яқин қариндошлари гумон қилинувчига, айбланувчига тааллуқли ҳолатлар ҳақида гувоҳ ёки жабрланувчи тариқасида фақат ўзларининг розиликлари билан сўроқ қилинишлари мумкин.

Ўз навбатида Конституциянинг 28-моддасида ҳеч ким ўзига ва яқин қариндошларига қарши гувоҳлик беришга мажбур эмаслиги тўғрисида норма қайд этилган.

Барча давлат органларининг конституциявий қонунийликни таъминлаш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатлари мамлакатда инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият эканлиги тўғрисидаги умуминсоний принципларнинг амалга оширилишини кафолатлайди. Бу борада ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ўртасида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, ўқув-семинар машғулотлари ташкил этиш ҳамда аҳолининг конституциявий билимларини оширишга қаратилган ҳуқуқий тарғиботларни кўпайтириш мақсадга мувофиқдир.

 

Адҳам Абдиев, жиноят ишлари бўйича Китоб туман судининг судья ёрдамчиси

Фарзандликка олишнинг ҳуқуқий асослари

Фарзандликка олиш болани фарзандликка олишни истаган шахсларнинг (шахснинг) аризасига кўра васийлик ва ҳомийлик органларининг фарзандликка олишнинг асослилиги ва фарзандликка олинаётган бола манфаатларига тўғри келиши ҳақидаги хулосаси ҳисобга олинган ҳолда суд томонидан амалга оширилади.

Ака-укалар ва опа-сингилларни турли шахслар томонидан фарзандликка олишга, қоида тариқасида, йўл қўйилмайди.

Фарзандликка олиши мумкин бўлмаган шахслар:

Фарзандликка олувчи ва фарзандликка олинувчилар ёшидаги фарқ 15 ёшдан кам бўлмаслиги шарт (ўгай ота ва ўгай она томонидан фарзандликка олиш ҳоллари бундан мустасно).

Фарзандликка олишда устунлик ҳуқуқига эга бўлган шахслар:

  • фарзандликка олинувчининг қариндошлари;
  • фарзандликка олинувчи бола оиласида яшаётган шахс;
  • ака-ука, опа-сингилларни улар ўртасидаги қариндошлик алоқаларини бузмасдан фарзандликка олаётган шахслар;
  • ўгай ота ва ўгай она;
  • Ўзбекистон Республикаси фуқаролари;
  • касаллик, бахтсиз ҳодиса оқибатида фарзандларидан ажралган шахслар.

Фарзандликка олинаётган боланинг фарзандликка олинишига розилиги:

10 ёшга тўлган болани фарзандликка олиш учун унинг розилиги талаб қилинади.

Фарзандликка олишда боланинг розилиги васийлик ва ҳомийлик органлари ёки суд томонидан фарзандликка олиш тўғрисидаги иш кўриб чиқилаётганда аниқланади.

Агар бола фарзандликка олувчиларнинг оиласида тарбияланаётган бўлса ва уларни ўз ота-онаси деб эътироф этса, фарзандликка олиш фарзандликка олинаётган боланинг розилигисиз амалга оширилиши мумкин.

Ота-онанинг боланинг фарзандликка олинишига розилиги:

Фарзандликка олиш учун фарзандликка олинаётган бола ота-онасининг розилиги талаб этилади.

Суд томонидан фарзандликка олиш тўғрисида қарори чиқарилгунга қадар ота-она берган розилигини қайтариб олишга ҳақли.

Фарзандликка олиш қуйидаги ҳолларда ота-онанинг розилигисиз амалга оширилади:

  • ота-онанинг кимлиги номаълум бўлса;
  • ота-она ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган бўлса;
  • ота-она муомалага лаёқатсиз, бедарак йўқолган деб топилган ёки вафот этган деб эълон қилинган бўлса;
  • ота-она бир йилдан ортиқ муддат давомида болалар ёки даволаш муассасаларидаги боласидан узрли сабабларсиз хабар олмаган бўлса.

Фарзандликка олишнинг ҳуқуқий оқибатлари:

Фарзандликка олинган болалар барча шахсий ва мулкий ҳуқуқларда фарзандликка олувчининг ўз болаларига тенглаштирилади.

Фарзандликка олинганлар ва уларнинг ота-онаси бир-бирларига нисбатан шахсий ва мулкий ҳуқуқларни йўқотадилар ҳамда ўзаро мажбуриятлардан озод бўладилар.

Бола битта шахс томонидан фарзандликка олинган тақдирда, унинг манфаатларини кўзлаб, боланинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, агар фарзандликка олувчи эркак бўлса, онасининг илтимосига кўра, агар фарзандликка олувчи аёл бўлса, отасининг илтимосига кўра сақланиб қолиши мумкин.

Агар фарзандликка олинаётган боланинг отаси ёки онаси вафот этган бўлса, вафот этган отанинг ёки онанинг ота-онаси (бува ёки буви) илтимосига кўра боланинг шахсий номулкий ҳамда мулкий ҳуқуқ ва мажбуриятлари, агар боланинг манфаатлари шуни талаб этса, вафот этган отасининг ёки онасининг қариндошларига нисбатан сақланиб қолиши мумкин.

Фарзандликка олишни сир сақлаш қонун билан ҳимоя қилинади. Фарзандликка олишга оид маълумотларни фарзандликка олувчиларнинг розилигисиз, агар улар вафот этган бўлса, васийлик ва ҳомийлик органининг розилигисиз бериш тақиқланади.

Фарзандликка бола олувчиларнинг ёки васийлик ва ҳомийлик органининг эркига қарши, етим ёки ота-она ғамхўрлигидан маҳрум бўлган болаларни фарзандликка олишнинг қонун билан қўриқланадиган сирини ошкор қилиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлади

Чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс бўлиб, бошқа давлат ҳудудида доимий яшаётган болани Ўзбекистон фуқаролари томонидан фарзандликка олиш мазкур бола доимий яшаётган давлатнинг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда, фарзандликка олинаётган бола етим ва фарзандликка олувчиларнинг (олувчининг) яқин қариндоши бўлган ёки ўз ватанида турли сабабларга кўра фарзандликка олиниши мумкин бўлмаган ҳолларда амалга оширилади.

Чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс бўлиб, бошқа давлат ҳудудида доимий яшаётган болани Ўзбекистон фуқаролари томонидан фарзандликка олишда фарзандликка олинаётган боланинг Ўзбекистонга кириши ва Ўзбекистонда доимий яшаши учун Ўзбекистон ваколатли органининг (ички ишлар органлари миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимлари) рухсатномаси талаб қилинади.

Фарзандликка олинувчининг хулқ-атвори фарзандликка олувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказаётган, уларнинг ҳаёти ёки соғлиғига хавф солаётган бўлса, фарзандликка олинувчи вояга етганидан кейин фарзандликка олиш бекор қилинишига йўл қўйилади.

Фарзандликка олинганнинг ота-онаси, прокурор, васийлик ва ҳомийлик органлари, вояга етмаганлар ишлари бўйича идоралараро комиссиялар, шунингдек, 16 ёшга тўлган фарзандликка олинган бола фарзандликка олишни суд тартибида бекор қилишни талаб этиш ҳуқуқига эга.

Фарзандликка олишни бекор қилишга фақат суд тартибида йўл қўйилади.

 

Хуршид Мухторов, фуқаролик ишлари бўйича Касби туманлараро суди раиси

Фарзандга ғамхўрлик – муқаддас бурч

Оила қурган эр-хотин олдида турган энг шарафли ва масъулиятли вазифалардан бири фарзанд кўриш ва унга келажакда миллатига, ота-онасига, жамиятига манфаат келтирадиган қилиб, муносиб тарбия беришдир. Бироқ айрим оилаларда юзага келаётган тушунмовчиликлар сабаб фарзандлар тақдири издан чиқиб, сарсон ва саргардон бўлмоқда.

2017 йилда қонуний никоҳдан ўтган ёш оила тинч рузғор тебратиб, аҳил турмуш кечиришган. Ҳамма тушунмовчиликлар 2023 йилнинг август ойида эрнинг ҳорижга ишлаш учун кетганидан сўнг бошланади.

Қайнота ва қайнонанинг ўз келинига нисбатан ишончсизлиги сабаб оилада келиб чиққан низо туфайли 2023 йил сентябрь ойида аёл 2 нафар фарзандини олиб, уйдан чиқиб кетади. Кейинчалик эр томон 1 нафар вояга етмаган фарзандларини кўриш учун олиб кетиб, онаси тарбиясига беришдан бош тортган.

Низо юзасидан даъвогар Д.А. (исм-шариф ўзгартирилган) жавобгар А. К.га нисбатан болани олиб бериш ҳақида судга мурожаат қилган.

Унинг даъво талаби фуқаролик ишлари бўйича Шаҳрисабз туманлараро судининг 2024 йил 17 январдаги ҳал қилув қарори билан қаноатлантирилиб, жавобгар тарбиясидаги бир нафар вояга етмаган фарзанди даъвогар, яъни онаси тарбияси ва қарамоғига олиб берилган.

Жавобгар томонидан Қашқадарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатига берилган апелляция шикоятида Д.А.нинг тарбиясига ва унинг уйида боланинг тўлақонли баркамол инсон қилиб вояга етказишига ишончи йўқлигини важ қилиб кўрсатган.

Қашқадарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанцияси ишни кўриб чиқиб, 2024 йил 13 августдаги ажрими билан фуқаролик ишлари бўйича Шаҳрисабз туманлараро судининг 2024 йил 17 январдаги ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

Суд вояга етмаган болани онаси тарбиясига олиб бериш ҳақида хулосага келди. Вояга етмаган, норасида фарзанднинг тарбиясини ўз ҳолига ташлаб қўйиб, унинг келажагига бефарқ ва лоқайд қараб туриб бўлмайди.

Зеро ёш авлоднинг ахлоқ ва одоби, таълим ва тарбияси тўғрисида ғамхўрлик қилиш муқаддас бурчимиздир.

 

Камол Намазов, Қашқадарё вилоят суди раиси ўринбосари – фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси

Судланганликнинг ҳуқуқий аҳамияти

Маълумки, судланганлик фақат шахснинг содир этган жинояти учун ҳукм қилиниш факти билан боғлақ. Яъни, шахсга нисбатан жазо тайинланган айблов ҳукми қонуний кучга кирган кундан бошлаб судланган деб ҳисобланади. Суд томонидан жазодан озод қилинган шахс эса, судланмаган деб ҳисобланади.

Шахсни жазодан озод қилиш, ҳатто жиноий жазо ўрнига унга нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси ёхуд, агарда мақкум вояга етмаган бўлса, тарбиявий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланилган ҳолларда ҳам, унинг судланганлигини келтириб чиқармайди.

Судланганлик – бу шахс учун салбий, биринчи навбатда, жиноят-ҳуқуқий хусусиятдаги оқибатларнинг келиб чиқаришига олиб келган, жазонинг муайян тури ва миқдорига ҳукм қилинишидан келиб чиққан шахснинг алоҳида ҳуқуқий ҳолатидир.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 77-моддасининг 3-қисмида, судланганлик жиноят қонунида назарда тутилган ва фақат шахс томонидан янги жиноят содир этилган ҳоллардагина ҳуқуқий аҳамиятга эгалиги кўрсатилган.

Шахсни ҳукм қилиш деганда, шахсни қилмишида жиноят таркибининг барча элементлари мавжуд бўлган аниқ жиноятни содир этишда айбдор деб топиш, шунингдек бу шахсга нисбатан муайян турдаги ва миқдордаги жазонинг тайинланиши тушунилади. Жазонинг тури ва миқдори шахсни судланган деб топиш ва ҳисоблаш учун аҳамиятга эга эмас, лекин, бу судланганликнинг тугалланиши ёки олиб ташланишига таъсир қилади.

Шахсни судланган деб топишнинг бошланғич вақтини ҳукм кучга киргандан кейинги вақт деб белгилайди. Жиноят-процессуал қонунга мувофиқ, ҳукм унинг апелляция шикояти бериш ёки протест билдириш муддати ўтиши билан қонуний кучга киради. Апелляция шикояти берилган ёки протест билдирилган тақдирда ҳукм, агар у бекор қилинмаган бўлса, ишни юқори суд кўриб чиққан куни қонуний кучга киради.

Судланганликнинг жиноий-ҳуқуқий аҳамияти қуйидагилардан иборат:

-шахсда судланганлик ҳолатининг мавжудлиги хавфли ва ўта хавфли рецидивист деб топилишига таъсир этади (ЖКнинг 34 чоддаси);

-шахсни жиноий жавобгарликдан озод қилишга тўсқинлик қилади;

-қилмишни квалификация қилишга таъсир кўрсатади (ЖКнинг 140-моддаси);

-жазо тайинлашда оғирлаштирувчи ҳолат сифатида эътироф этилади;

-судланганлик озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлашда жазони ижро этиш муассасаси турини аниқлашга таъсир қилади (ЖКнинг 50-моддаси);

-алоҳида тартибда жазо тайинланишига сабаб бўлади.

Шу ўринда судланганлик ҳолати қачон тугалланган деб ҳисобланиши ҳақида тўхталсак.

Шахснинг судланганлик ҳолати қуйидаги пайтларда тугалланади:

а) шартли ҳукм қилинганларга нисбатан — синов муддати тугаган кундан бошлаб;

б) мажбурий жамоат ишлари, хизмат бўйича чеклаш ёки интизомий қисмга жўнатиш тарзидаги жазоларини ўтаб чиққач;

в) жарима жазоси ижро этилган кундан кейин, шунингдек муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки ахлоқ тузатиш ишлари жазолари ўталганидан кейин бир йил ўтгач;

г) озодликни чеклаш жазоси ўталганидан кейин — икки йил ўтгач;

д) беш йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси ўталганидан кейин — тўрт йил ўтгач;

е) беш йилдан ортиқ, лекин ўн йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси ўталганидан кейин — етти йил ўтгач;

ж) ўн йилдан ортиқ, лекин ўн беш йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси ўталганидан кейин — ўн йил ўтгач.

Судланганлик ҳолати тугалланганда эса, шахс судланмаган деб ҳисобланади. Судланганлик ҳолатининг тугалланиши шахснинг янги жиноят содир этиши билан узилади. Бундай ҳолда, судланганликнинг биринчи жиноят бўйича тугалланиш муддати айбдорнинг охирги жиноят учун жазони ҳақиқий ўтаб бўлганидан сўнг ҳисобга олинади. Судланганлик ҳолати туталланиши билан унинг барча хуқуқий оқибатлари бекор бўлади ва шахс янги жиноят содир этган тақдирда, унинг жиноий жавобгарлигини оғирлаштирувчи ҳолат деб ҳисобланмайди.

Маълумки, собиқ тузум даврида, айниқса, ўтган асрнинг 30-йилларида сиёсий қатағонлардан мерос бўлиб қолган бир аламли, аччиқ ва адолатсиз чеклов, қараш бўлган. Яъни, бир жиноят учун бутун авлод жавоб бериши, отасининг қилмиши учун фарзандлари ёки ака учун ука жавоб бериши қанча йиллар давомида инсонлар ҳуқуқи паймол бўлиши, эркин ишлаш, эркин касб танлаш имкониятидан маҳрум этилишига олиб келган. Мазкур «тизим» халқимизга нисбатан адолатсиз бўлганини яхши биламиз.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Конституциямиз қабул қилинганининг 25 йиллигига бағишланган маросимда ҳам яқин қариндошлари судланган, деб фуқароларни ишга қабул қилмаслик ёки юқори лавозимларга тайинламаслик билан боғлиқ масалага алоҳида тўхталган эди. Бунинг замирида кенг маъно, кўплаб юртдошларимизни чуқур ўйлантириб келган масала бор. Яқин-яқингача ҳам отаси учун боласи сиқувга олинган ёки аксинча ҳолатлар йўқ эмасди.

Айтиш керакки, судланганлик шахснинг ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлмаслиги демократия талабларидан келиб чиқади.

Айнан Президентимиз таклиф ва ташаббуси билан янги Конституциямизда, шахснинг судланганлиги ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлиши мумкин эмаслиги қатъий норма киритилди.

Шахснинг судланганлиги ва ундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклашга асос бўлиши мумкин эмаслиги Конституцияга киритилиши умуминсонийлик тамойилларига мувофиқ экани энг муҳим асослардан биридир.

 

Шаҳзод Бахтиёров, Қашқадарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси

Конституцияга киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳияти

Янги таҳрирдаги Конституцияда инсон қадрини юксалтириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини тўғридан-тўғри муҳофаза этишга оид нормалар сони сезиларли даражада оширилганлигини эътироф этиш мумкин.

Эндиликда судлар ва бошқа давлат органлари, мансабдор шахслар қарорлар қабул қилишда Конституцияга таяниши мажбурий этиб белгиланди. Бу эса ҳар бир фуқарога Конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларидан
тўғридан-тўғри фойдаланиш имкониятини яратади.

Янгиланган Конституцияда сифатли таълим, малакали тиббий ёрдам, оилалар, болалар, аёллар, қариялар ва ногиронлиги бор шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, муҳтожларни уй-жой билан таъминлаш, бандлигини таъминлаш, хавфсиз меҳнат шароитини яратиш, камбағалликни қисқартиришга қаратилган қатор нормалар ҳам белгиланди.

Шунингдек, Янги Конституцияда фуқаролик жамияти институтлари фаолиятининг кафолатига қаратилган алоҳида норма ҳам белгиланганлиги ННТлар фаолияти мамлакатнинг бутун ҳудуди бўйлаб олий юридик кучга эга бўлишини таъминлайди.

Фуқароларнинг ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг бюджет жараёнида иштирок этиш тартиби ва шакллари қонун билан белгиланиши алоҳида норма сифатида ўз аксини топди.

Ушбу норма мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида жамоатчилик назоратининг турли шаклларидан самарали фойдаланишда ННТлар ҳуқуқларини тўлақонли таъминлаб беради.

Хулоса ўрнида, Конституциявий ислоҳотлар ҳуқуқий тизим тараққиётининг муҳим омили ҳисобланиб, мамлакатимиз тараққиёти, аҳолининг турмуш фаровонлигини янада яхшилашга хизмат қилади.

 

Шерқул Холиқов, фуқаролик ишлари бўйича Косон туманлараро суди раиси

Skip to content