Коррупция – тараққиёт кушандаси
Коррупция дунё миқёсида ҳал этилиши лозим бўлган глобал муаммолардан биридир. Ушбу иллат ҳар қандай давлат ва жамиятнинг сиёсий-иқтисодий ривожланишига жиддий путур етказади, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг поймол бўлишига олиб келади. Шу боис унга қарши кураш халқаро аҳамият касб этиб, жаҳон сиёсатининг муҳим масалалари қаторидан жой олган.
2017 йил 3 январ куни Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилиниб, коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий механизми яратилди. Мазкур Қонуннинг 3-моддасида коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларга доир тушунчаларга таъриф берилган. Яъни, коррупция –шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқейидан шахсий манфаатларини, ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этишидир.
Юртимизда коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қилиб, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ривожлантириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлаш каби вазифалар белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев “Коррупция билан ҳеч қачон мақсадимизга эриша олмаймиз” деб таъкидлаган эди. Дарҳақиқат, коррупцияга қарши курашиш борасида ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, порахўрлик, таъмагирлик каби ҳуқуқбузарликларни аниқлаш ва уларга чек қўйиш, бундай жиноятларга қарши жазо муқаррарлигини ҳар бир шахс билиши зарур. Коррупция балосининг нақадар мудҳиш иллат эканини тушунган, уни онгли равишда идрок этган одам бу жиноятга қўл урмайди.
Давлатимиз раҳбари 2020 йил 24 январ куни Олий Мажлисга қилган мурожаатида коррупция ҳолатлари тараққиётга ғов бўлаётгани, бундай ёвуз балонинг олди олинмаса, ҳақиқий ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яратиб бўлмаслиги, умуман, жамиятнинг бирорта тармоғи ривожланмаслигини алоҳида таъкидлаб, коррупцияга қарши кураш фаолиятига энг яхши мутахассислар жалб қилинмаса, жамиятимизнинг барча аъзолари, таъбир жоиз бўлса, “ҳалоллик вакцинаси” билан эмланмаса, олдимизга қўйган юксак марраларга эришишимиз даргумонлиги хусусида гапириб ўтган эди.
Коррупцияга қарши курашишда юқори натижаларга эришган, Швеция, Сингапур, Гонконг, Португалия каби давлатларнинг тажрибасини ўрганиш шуни кўрсатадики, коррупцияни юзага келтирувчи омилларни бартараф этиш коррупцияга қарши курашишда муҳим ўрин эгаллайди.
Давлатимиз томонидан коррупцияга қарши курашиш борасида потенциал аҳамиятга эга бўлган қонун ҳужжатлари базаси яратилган. Хусусан, бугунги кунга қадар мазкур иллатга қарши курашиш учун 10 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 майдаги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5729-сон Фармони қабул қилиниб, Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралаларо комиссиясининг янгиланган таркиби ва Коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги фаолият самарадорлигини оширишга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш бўйича махсус комиссия тасдиқланди.
Қонунларни билмаслик бирор кишини жазодан қутилишига баҳона бўлолмайди. Кимдир билиб, кимдир билмай бундай салбий иллатларнинг кўчасига кириб қолганларини сезмай қоладилар. Ачинарли томони шундаки, мансаб курсисида ўтирганлар била туриб коррупцияга, порахўрликка, таниш-билишчиликка берилиб кетаётгани ижтимоий ҳаётимизга жиддий хавф солмоқда.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, жамият тараққиётига асосий тўсиқ бўлувчи коррупцияга барҳам бериш ва бу борада нафақат давлат, балки фуқароларимиз томонидан ҳам биргаликда коррупцияга қарши курашиш тизимининг яратилиши, ўз навбатида мамлакат тараққиёти йўлидаги муҳим қадамдир.
Саттор Ақанов, Қашқадарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судьяси