ОДАМ САВДОСИ – ГЛОБАЛ МУАММО

Маълумки, одам савдоси – қулликнинг замонавий усули, қул савдосининг янги туридир. Жиноятчилар биринчи навбатда аёллар ва болаларни мажбурий меҳнат ва жинсий қуллик қопқонига алдаб туширади.

Одам савдоси инсонларни ҳуқуқ ва эркинликлардан маҳрум қилади, бутун дунёда уюшган жиноятчиликнинг ривожланишига сабаб бўлади. Шу жумладан, бу жиноят шахсларга хавф туғдириш йўли билан қўрқитиш, жисмоний ва руҳий тазйиқ ўтказиш, номусга тегиш, ҳужжатларни ўғирлаш орқали амалга оширилади. Жабрланувчилар меҳнат эксплуатацияси ва жинсий эксплуатацияга мажбур қилинади.

Ўзбекистон Республикасида одам савдосининг олдини олиш, унга чек қўйиш борасида турли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 13-моддасида, инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланиши белгилаб қўйилган.

Конституциянинг 26-моддасига кўра эса, ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмас.

Одам савдосига қарши курашишнинг қонуний тартибга солиниши шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда самарали восита ҳисобланади.

Одам савдосига қарши кураш бўйича олиб борилаётган чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва бошқа идоралар билан ҳамкорликда “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун 2008 йил 17 апрелда қабул қилинди ва расман эълон қилинди.

Қонуннинг мақсади одам савдосига қарши курашиш билан боғлиқ масалаларни ҳал этишдан иборат. Шунингдек, одам савдосига қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи давлат органларининг ваколатлари қонунда аниқ кўрсатилган. Одам савдосига қарши курашиш фаолиятининг идоралараро характерга эга экани инобатга олиниб, одам савдосига қарши курашиш бўйича давлат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш юзасидан одам савдосига қарши курашиш бўйича Республика идоралараро комиссиясини ташкил этиш белгиланган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 135-моддасида одам савдоси, яъни одамни олиш-сотиш ёхуд одамни ундан фойдаланиш мақсадида ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилиш учун жиноий жавобгарлик назарда тутилган.

Шунга қарамасдан, мамлакатимизда одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар содир этилаётгани ачинарли ҳолат.

Масалан, судланган Б.Эркаев ва Х.Шавкатовлар одамлардан фойдаланиш мақсадида ёллаб, уларни келгусида ишчи кучи сифатида ишлатиш орқали бойлик орттиришни мақсад қилиб, 2019 йил апрел ойининг бошларида 14 нафар фуқароларга Россия Федерациясининг об-ҳавоси жиҳатдан юртимизнинг иқлимига яқин бўлган Астрахан шаҳрида қурилиш ишлари билан шуғулланувчи фирмада иш борлигини, ойига 500 АҚШ долларидан ойма-ой иш ҳақи бериб борилишини, меҳнат шароитлари яхши эканлигини айтиб, уларни алдаб, ўзлари айтган фаолият билан шуғулланишга жалб қилиш учун уларга “Россия Федерациясига бориш учун кетадиган йўл ҳақини қурилиш фирмасининг ўзи тўлайди ва бир йиллик иш учун рухсатнома ҳам расмийлаштириб беради, ушбу харажатларни кейинчалик иш ҳақларингдан ушлаб қолаверади, бундан ташқари фирма ётоқ жой, бепул озиқ-овқат ва уст-бош билан ҳам таъминлайди” деб ишонтириб, уларнинг ваъдаларига ишониб, ишлаб келиш ниятида Россия Федерациясига бормоқчи бўлган 14 нафар фуқароларни Россия Федерацияси Астрахан шаҳрига эмас, Калмикия Республикасининг Элиста шаҳрига олиб бориб, фуқаролик паспортларини олиб қўйган ҳолда деярли икки ой давомида турли хил қурилиш ишларида ишлатиб, уларнинг ҳар бирига ишлаган иш ҳақи учун берилиши лозим бўлган 1000 АҚШ долларидан жами 14.000 АҚШ долларини бермасдан, қалмоқ миллатига мансуб “Дарзанг” исмли кишига текин ишчи кучи сифатида топшириб юборган.

Натижада “Дарзанг” исмли Россия Федерацияси фуқароси 14 нафар Ўзбекистон фуқароларини уриб-дўппослаб, жисмоний зўрлик ишлатиш орқали уларни мажбурий меҳнатга жалб қилиб, ишчи кучи сифатида ишлатиб, меҳнатидан фойдаланган.

Юқорида қайд этилган ҳатти-ҳаракатлари учун суд томонидан Т.Эргашевга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 135-моддаси 2-қисмининг “а,б,е,з,и” бандлари билан ЖКнинг 57-моддасига асосан 3 йил  озодликдан маҳрум қилиш, Х.Шоназаровга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 135-моддаси 2-қисмининг “а,б,е,з,и” бандлари билан ЖКнинг 57-моддасини қўллаб, иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 3 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Бу каби ҳолатларни кўплаб учратиш мумкин.

Хулоса қилиб айтганда, инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати ҳурмат ва эъзозга лойиқ.

Инсоний қадриятларни топташга уринган ҳар қандай шахсга қонун олдида жавобгарлик муқаррардир.

 

Фозил Юсупов жиноят ишлари бўйича Косон туман судининг раиси

Тинчлик ва осойишталик – азиз ва бебаҳо неъмат

Ҳеч кимга сир эмас, дунёда энг қимматли, азиз ва бебаҳо неъмат – тинчлик неъматидир.

Тарихдан ҳаммамизга аёнки, ҳар бир давлат миллатига, фуқароларига, ўз маданий бойликларига, урф-одату, анъаналарига катта ҳурмат билан қараган ва уни қўз қорачиғидек асрайди. XXI асрга келиб эса, дунёдаги вазият тубдан ўзгарди, нотинчликлар ортиб борди.

Бугунги мураккаб замоннинг ўзи воқеликка очиқ кўз билан, теран ва чуқур мушоҳада юритган ҳолда назар ташлашни, ҳушёр қарашни, жаҳонда ва ён-атрофимизда тобора кучайиб бораётган маънавий таҳдид ва хатарларни тўғри баҳолаб, улардан тегишли сабоқлар чиқариб яшашни талаб этмоқда.

Тинчлик – халқларнинг энг эзгу орзуси. Яратгандан сўраган энг керакли тилагидир. Лекин бир нарсани унутмаслик лозим, кўриб турибмиз, дунёнинг ҳамма ерига ҳам бу улуғ неъмат бирдек насиб этмаган. Демак, бу неъматнинг шукрини қилишимиз, қадрига етишимиз зарур.

Ўзбекистон бугун жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллади. У янги ҳаёт, янги жамият қуриш йўлида олиб бораётган ислоҳотлари билан, яратувчанлик меҳнати билан, ўзининг мустақил ички ва ташқи сиёсати билан дунё халқларининг ҳурмат-эътиборини, айтиш мумкинки, ҳавасини ўзига тортмоқда. Юртимизда тинчлик-осойишталик ҳукмрон ва, кўп миллатли бағрикенг халқимиз тинч-хотиржам турмуш кечирмоқда.

Бироқ, юртимиздаги ривожланиш ва юксалишларни кўра олмайдиган, ҳар-хил фитналар билан нотинчлик келтириб чиқаришга уринаётган қабиҳ ниятли гуруҳларнинг мавжудлиги бизни ҳар доим огоҳ бўлишга чорлайди. Куни кеча Нукус шаҳрида содир бўлган нохуш воқеалар ҳам бунга яққол мисол бўла олади.

Қандай қийинчиликлар бўлмасин, ҳамиша ўз юртига содиқ қолиб, ўз ерини севиб-ардоқлаб, мардона меҳнат қилаётган, беназир истеъдодларни вояга етказаётган қорақалпоқ халқига ҳар қанча тасанно айтсак, арзийди.

Ўзбекистон – улкан имкониятлар мамлакати, ҳаммамизнинг умумий уйимиз. Ўзаро тотувлигимизни, ягона мусаффо осмон остида яшайдиган барча миллат ва элатлар асрлар давомида эъзозлаб келаётган, барчамизнинг руҳан бойишимизга хизмат қиладиган маънавий ва ахлоқий қадриятларни доимо ёдда тутиш, кўз қорачиғидек асраш лозимлигини асло унутмаслигимиз даркор.

Муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида юртимизда истиқомат қилаётган ҳар бир халқ ва миллатнинг этник ўзига хослиги, тили, урф-одати, анъаналарини сақлаш, одамларнинг тинч ва осойишта ҳаётини таъминлаш йўлида “Инсон қадри учун”, “Инсон-жамият-давлат” тамойили асосида кенг қамровли ислоҳотлар олиб борилмоқда.

Айнан тинчлик-осойишталик ҳукм сурган жойда, юксалиш ва тараққиёт бўлади, юрт гуллаб-яшнайди, фуқароларнинг турмуши фаровонлашади. Шу сабабли ҳар биримиз тинчлик-осойишталикка ўз-ўзидан эришиб бўлмаслигини тўғри англашимиз, бу ютуқлар ўз-ўзидан яратилмаганлиги, халқимизнинг сабр-бардош, ишонч, ҳамжиҳат-ҳамфикрликда яшаш, тинчлик-осойишталикни асраш, бағрикенглик, меҳр-оқибат кўрсатиш орқали эришилганлигини ёш авлодга тушунтиришмиз лозим. Бугунги мураккаб шароитда тинчликни асраш учун огоҳлик, сезгирлик, ҳушёрлик ҳар қачонгидан кўра муҳимлигини ҳаммамиз тўлиқ тушуниб етишимиз даркор.

Тинчлик ва осойишталикни доимий сақламоқ учун эса шу юртнинг ҳар бир фарзанди Ватан тинчлиги ва тараққиётини маълум бир соҳа вакилларининг вазифаси деб қарамасдан, балки менинг бурчим, менинг ор-номусим деб билиб, бирлик ва ҳамжиҳатликда ҳаракат қилмоқликлари ва фидойилик кўрсатмоқлари лозим.

Кўпни кўрган, қанчадан-қанча синов ва қийинчиликларни бошидан кечирган, ҳаётнинг барча оғирликларига бардош бериб, йўлидан адашмаган халқимизнинг ўз олдига буюк вазифа қилиб қўйган “Янги Ўзбекистон”ни барпо этишдек мақсадидан ҳеч ким ва ҳеч қачон қайтара олмайди.

 

Шаҳзод Бахтиёров Қашқадарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судьяси

Кимлар фуқаролик ишлари бўйича судларда давлат божини тўлашдан озод қилинади?

2017 йил 13 июн куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган суд органлари тизимида одил судловни таъминлаш борасидаги ишларнинг аҳволи, муаммолар ва истиқболдаги вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев – адолат халқимиз учун азал-азалдан тинч ва фаровон ҳаёт мезони, барча эзгуликлар манбаи бўлиб келгани, Соҳибқирон Амир Темур бобомиз “Куч – адолатда” деган ҳикматга амал қилиб, давлат бошқарувини ташкил қилиш, эл-юртнинг тинчлиги ва ободлигини таъминлашга эришганини қайд этиб, бугунги кунда мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат, фуқаролик жамияти барпо этишда қонун ва адолат устуворлигини таъминлаш энг муҳим вазифа бўлиб қолаётганини таъкидлади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 44-моддасига мувофиқ ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади.

Жисмоний ва юридик шахслар вакиллари фуқаролик ишлари бўйича судларга мурожаат қилишда даъво ариза, даъвони асословчи ҳужжатлар, почта харажати ва даъвонинг баҳоси бўлган давлат божи тўланганлиги тўғрисидаги ҳужжатни тақдим қилади.

Хўш, давлат божи нима?

Давлат божи юридик аҳамиятга молик ҳаракатларни амалга оширганлик ва бундай ҳаракатлар учун ваколатли муассасалар ва мансабдор шахслар томонидан ҳужжатлар берганлик учун олинадиган мажбурий тўловдир. Давлат божи ставкалари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади. Юридик аҳамиятга молик ҳаракатлар амалга оширилиши ва ҳужжатлар берилиши хусусида ваколатли муассасалар ва мансабдор шахсларга мурожаат қилаётган юридик ва жисмоний шахслар давлат божини тўловчилардир. Давлат божи ундириладиган ҳаракатлар амалга оширилгунига қадар нақд пулли ёки нақд пулсиз шаклда тўланади. Тўловчининг давлат божини нақд пулсиз шаклда тўлаганлиги факти банкнинг тўлов ижро этилганлиги тўғрисидаги белгиси бўлган тўлов топшириқномаси билан тасдиқланади. Тўловчининг давлат божини нақд пул шаклида тўлаганлиги факти Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси белгилаган шаклда банк томонидан тўловчига бериладиган белгиланган шаклдаги квитанция ёки тўловни амалга оширган мансабдор шахс ёхуд давлат органи ва ташкилотнинг кассаси томонидан тўловчига бериладиган квитанция билан тасдиқланади.

Кимлар фуқаролик ишлари бўйича судларга мурожаат қилишда давлат божи тўлашдан озод қилинган?

Ўзбекистон Республикасининг “Давлат божи тўғрисида”ги қонуни
8-моддасида фуқаролик ишлари бўйича судларда давлат божини тўлашдан озод қилинган жисмоний ва юридик шахсларнинг қатъий рўйхати келтирилган бўлиб, улар қуйидагилар:

1) даъвогарлар — иш ҳақини ундириш тўғрисидаги даъволар ва меҳнат ҳуқуқлари муносабатларидан келиб чиқадиган бошқа талаблар юзасидан;

2) даъвогарлар — алиментлар ундириш тўғрисидаги даъволар юзасидан;

3) даъвогарлар — меҳнатда майиб бўлганлиги ёки соғлиғининг бошқача тарзда шикастланганлиги, шунингдек боқувчиси вафот этганлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги даъволар юзасидан;

4) даъвогарлар — қонунга хилоф равишда ҳукм этганлик, жиноий жавобгарликка тортганлик, маъмурий жазо берганлик туфайли жисмоний шахсга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш билан боғлиқ низолар юзасидан;

5) даъвогарлар — жиноят туфайли етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги даъволар юзасидан;

5.1) даъвогарлар — тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга етказилган маънавий ва моддий зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги даъволар юзасидан;

6) юридик ва жисмоний шахслар — алиментларни ундиришга доир фуқаролик ишлари билан боғлиқ ҳужжатларни уларга берганлик учун;

7) қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда бошқа шахсларнинг қонун билан муҳофаза қилинадиган ҳуқуқлари ҳамда манфаатлари ҳимоя қилинишини сўраб судга ариза билан мурожаат этган юридик ва жисмоний шахслар;

8) юридик ва жисмоний шахслар — давлат ижрочисининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоятлар юзасидан;

9) тадбиркорлик субъектлари тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ бўлган ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузадиган давлат органлари ҳамда бошқа органларнинг қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга мурожаат қилганда;

10) истеъмолчилар — ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилиши билан боғлиқ даъволар юзасидан;

11) товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) хавфсиз бўлиши ва сифати устидан назоратни амалга оширувчи давлат органлари ва истеъмолчиларнинг жамоат бирлашмалари — истеъмолчиларнинг (истеъмолчилар номуайян доирасининг) манфаатларини кўзлаб бериладиган даъволар юзасидан;

12) даъвогарлар — ўрмон дарахтларини ўзбошимчалик билан кесиш ҳамда ўрмондан фойдаланиш, ўрмонни қўриқлаш ва муҳофаза қилишнинг тартиби ва шартларини бошқача тарзда бузиш туфайли ўрмон фондига етказилган зарарни ундириш тўғрисидаги ишлар юзасидан;

13) давлат органлари — ўзбошимчалик билан қурилган иморатларни бузиш тўғрисидаги даъволар юзасидан, шунингдек жисмоний шахсларга тегишли бўлган, тарихий, илмий, бадиий қимматга ёки ўзга маданий қимматга эга бўлган мол-мулкни жисмоний шахслар бу мол-мулкка хўжасизларча муносабатда бўлган ҳолларда жисмоний шахслардан давлат мулкига олиб қўйиш тўғрисидаги ишлар юзасидан;

14) Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва унинг ҳудудий бошқармалари — палата аъзоларининг манфаатларини кўзлаб қилинган даъволар бўйича, шунингдек давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан қилинган шикоятлар юзасидан;

15) нодавлат нотижорат ташкилотлари — ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузаётган давлат органларининг ғайриқонуний қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга шикоят қилганда;

16) фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича ҳудудий кенгашлар — фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари манфаатларини кўзлаб қилинган даъволар бўйича, шунингдек фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузаётган давлат бошқаруви органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органларнинг, улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга шикоят қилганда;

17) ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмалари, шунингдек уларнинг муассасалари, ўқув-ишлаб чиқариш корхоналари ва бирлашмалари — барча даъволар юзасидан;

18) Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг ҳудудий бўлинмалари — пенсионерлардан (нафақа олувчилардан) ортиқча (ноқонуний) тўланган пенсияларнинг ва нафақаларнинг суммаларини ундириш билан боғлиқ даъволар юзасидан;

19) Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда унинг жойлардаги органлари — кўчиш жойига бормаган ёки кўчиб борган жойларини ўзбошимчалик билан тарк этган кўчириб келтирилувчиларга нисбатан кўчиш билан боғлиқ бўлган харажатларнинг ўрнини қоплаш тўғрисида тақдим этилган даъволар юзасидан;

20) Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва унинг жойлардаги органлари — атроф-муҳитни ифлослантирганлик, табиатдан ўзбошимчалик билан фойдаланганлик ва табиий ресурслардан фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилиш тартиби ва шартларини бошқача тарзда бузганлик туфайли табиий объектларга ва комплексларга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш ҳақидаги, шунингдек қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари учун мажбурий тўловлар бўйича қарздорликни ундириш тўғрисидаги даъволар юзасидан;

21) Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва унинг жойлардаги органлари — сув тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик туфайли давлатга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш учун маблағларни давлат даромадига ундириш тўғрисидаги даъволар юзасидан;

22) суғурта фаолиятини тартибга солиш ва назорат қилиш органи — мажбурий суғурта операциялари билан боғлиқ ишлар юзасидан;

23) давлат солиқ хизмати органлари, молия ва божхона органлари — барча ишлар ҳамда ҳужжатлар юзасидан, шунингдек алоҳида юритиладиган ишлар бўйича судга аризалар берганлик учун;

24) ички ишлар органлари — алиментлар ва бошқа тўловларни тўлашдан бўйин товлаётган шахсларни қидириш учун қилинган харажатларни ундириш тўғрисидаги ишлар юзасидан;

25) прокуратура органлари — давлатнинг, юридик ва жисмоний шахсларнинг манфаатларини кўзлаб қилинган даъволар ҳамда бериладиган аризалар юзасидан;

26) адлия органлари — давлатнинг, юридик ва жисмоний шахсларнинг манфаатларини кўзлаб қилинган даъволар ҳамда бериладиган аризалар юзасидан;

27) ундирувчи ёки давлат ижрочиси — қонунда назарда тутилган тақдирда, қарздорни ёки унинг мол-мулкини қидириш бўйича харажатларнинг ўрнини қарздор томонидан қоплаш тўғрисидаги ишлар юзасидан;

28) Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва туманлар фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари — фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг манфаатларини кўзлаб қилинган даъволар юзасидан, шунингдек фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузаётган давлат бошқаруви органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг манфаатларини кўзлаб қилинган шикоятлар юзасидан;

29) Ўзбекистон Республикасининг Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва унинг ҳудудий органлари — ўз зиммасига юклатилган ваколатларига мувофиқ судлар кўриб чиқиши учун киритиладиган даъволар юзасидан;

30) Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ва унинг ҳудудий органлари, Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги Бўш турган объектлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш маркази ҳамда унинг ҳудудий органлари — ўз зиммасига юклатилган ваколатларига мувофиқ судларга кўриб чиқиш учун киритиладиган даъволар ва аризалар юзасидан;

31) Ўзбекистон Республикаси Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги ва унинг ҳудудий органлари — ўз зиммасига юклатилган ваколатларига мувофиқ судлар кўриб чиқиши учун киритиладиган даъволар юзасидан;

32) мулкдорлар — хусусий мулк ҳуқуқини амалга ошириш билан боғлиқ бўлган ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги тўғрисида давлат органлари ва бошқа органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга шикоят қилиш ҳақидаги ишлар юзасидан;

33) якка тартибдаги қурувчи билан шартномага кўра қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибда уй-жой қурилиши чоғида зиммасига буюртмачи вазифасини бажариш қонунчиликка мувофиқ юклатилган юридик шахс — қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибда уй-жой қуриш масалалари юзасидан якка тартибдаги уй-жой қурувчилар билан низоларни ҳал қилиш тўғрисидаги даъволар бўйича;

34) қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибда уй-жой қуриш учун имтиёзли кредитлар бериш қонунчиликка мувофиқ қайси тижорат банкларининг зиммасига юклатилган бўлса, ўша тижорат банклари — қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибда уй-жой қуриш учун берилган имтиёзли ипотека кредитлари юзасидан қарз олувчиларнинг кредиторлик қарзларини ундириш тўғрисидаги даъволар бўйича;

35) чет эл инвестициялари иштирокидаги акциядорлик жамиятлари — уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги тўғрисидаги даъволар юзасидан;

36) тадбиркорлик субъектлари — ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорларини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисида ариза берганда;

37) Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги, унинг жойлардаги органлари — ер тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилганлиги билан боғлиқ даъволар бўйича;

38) Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаменти ва унинг ҳудудий бошқармалари — моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланишни кўзлаб қилинган даъволар ҳамда берилган аризалар юзасидан;

39) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси ҳамда унинг жойлардаги органлари — қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасидаги қонунчиликни бузганлик бўйича давлатнинг, юридик ва жисмоний шахсларнинг манфаатларини кўзлаб қилинган даъволар ҳамда бериладиган аризалар юзасидан;

40) Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил — тадбиркорлик субъектлари манфаатларини кўзлаб берилган даъволар, аризалар ва шикоятлар юзасидан;

41) Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, унинг жойлардаги органлари — ер тўғрисидаги қонунчилик бузилганлиги билан боғлиқ даъволар бўйича;

42) Ўзбекистон Республикасининг Ҳисоб палатаси — Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида берилган даъволар, аризалар ва шикоятлар юзасидан.

Ушбу модда биринчи қисмининг 8—10, 14, 32—36-бандларида кўрсатилган шахсларнинг талабларини қаноатлантириш тўлиқ ёки қисман рад этилган тақдирда, давлат божи шу шахслардан талабларнинг қаноатлантирилиши рад этилган миқдорига мутаносиб равишда ундирилади.

 

Яшин Омонов, фуқаролик ишлари бўйича Шаҳрисабз туманлараро судининг судьяси

Қайта талаб қилиш (регресс) талабномалари бўйича судга даъво қилиш

Регресс лотинча сўздан олинган бўлиб “regressus” – “қайтариш, қайта ҳаракат” деган маъноларни англатади.

Регресс талаб бумеранг тамойилига асосан, у ким томонидан улоқтирилган бўлса, ўшанга қайтади, яъни ходим лавозим мажбуриятларини бузади, ташкилот олдин ўзининг ходими айби билан юзага келган жарималарни тўлайди, кейин эса қоплаш тартибида унга молиявий талаблар қўяди. Агар ходим ўзи йўл қўйган қоида бузилишлар учун моддий зарарни ихтиёрий қоплашдан бўйин товласа, иш берувчи судга мурожаат қилишга ҳақли.

Қонунчиликка мувофиқ меҳнат мажбуриятларини бажараётган ходим лавозим мажбуриятларини бажараётганда ходим айби билан бошқа шахсларга етказилган зарарни қоплаш мажбурият, дастлаб иш берувчига юклатилади.

Қонун ходим ўз меҳнат меҳнат мажбуриятларини бажариб турган вақтида келтирган зарарни қоплаган иш берувчига қопланган зарарни ундан компенсация қилишни талаб қилишга ҳуқуқ беради.

Судларга регресс даъво киритишнинг шарти жавобгар томонидан етказилган зарар даъвогар томонидан тўланган бўлиши лозим.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг 1001-моддасида “Бошқа шахс (меҳнат мажбуриятларини бажараётган ходим, транспорт воситасини бошқарувчи шахс ва ҳ.к.) томонидан етказилган зарарни тўлаган шахс бу шахсга нисбатан, агар қонунда бошқача миқдор белгиланмаган бўлса, тўланган товон миқдорида қайта талаб қилиш (регресс) ҳуқуқига эга” эканлиги қайд этилган.

Шунингдек, ушбу моддага кўра суриштирув, дастлабки тергов, прокуратура органлари ва суднинг мансабдор шахслари томонидан етказилган зарарни тўлаган давлат бундай шахсларнинг айби суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан аниқланган ҳолларда, бу шахсларга нисбатан регресс ҳуқуқига эга.

Террорчиликка қарши операция ўтказиш натижасида етказилган зарарнинг ўрнини қоплаган давлат содир этилган айбли ҳаракатлари террорчиликка қарши операция ўтказилишига сабаб бўлган шахсга нисбатан тўланган товон миқдорида қайта талаб қилиш (регресс) ҳуқуқига эга.

Шуни таъкидлаш лозимки, регресс талаб ҳар доим ҳам иш берувчининг барча талафотларини қоплай олмайди, чунки суд айбнинг даражаси ва шакли, аниқ ҳолатлар ва ходимнинг моддий ҳолатини ҳисобга олган ҳолда ундирилиши лозим бўлган зарар миқдорини камайтириши мумкин. Суд унинг миқдорини пасайтириш тўғрисида келишув битимини тасдиқлашга ҳақли.

Агар жиноят ғаразли мақсадда содир этилганлиги аниқланса, ходимдан ундириладиган миқдорнинг пасайтирилишига йўл қўйилмайди.

 

Бегенч Эшқуватов, фуқаролик ишлари бўйича Шаҳрисабз туманлараро судининг судьяси

Тарафларга боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра меҳнат шартномасини бекор қилиш тартиби

Меҳнат низолари – бу иш берувчи ва ходим ўртасида меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатларни, меҳнат шартномасида назарда тутилган меҳнат шартларини қўллаш юзасидан келиб чиққан келишмовчиликлардир.

Меҳнат низоларини суд тартибида ҳал қилиш кўп ҳолларда тарафлар учун зиддиятни бартараф этишнинг энг маъқул воситаси ҳисобланмайди ҳамда сезиларли миқдордаги суд харажатлари кўринишида зарар етказилади, шахсий ва ишга оид муносабатлар бузилади, шунингдек, низоли ҳолатларнинг исталмаган ҳолда ошкор бўлишига олиб келади. Айнан шу сабабларга кўра умумий юрисдикция судларига келиб тушадиган низолар сонини камайтириш мақсадида ишларни ярашиш тартибида ҳал қилиш масаласи долзарб мавзу ҳисобланади. Низоларни тарафлар ўртасида судгача ярашув йўли билан ҳал қилиш тартиби дунёнинг кўпгина давлатларига хосдир. Масалан, АҚШ, Буюк Британия, Испания, Италия, Швецария, Япония, Австралия, Чехия, Венгрия ва Болгария шулар жумласидандир. Шу сабабли, низоларни ҳал қилиш амалиётига медиация институтини жорий қилиш муҳим ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 105-моддасида муддатли меҳнат шартномаси муддати тугаши муносабати билан бекор қилинади.

Муддатли меҳнат шартномалари фақат МКнинг 76-моддасида белгиланган ҳолатлар бўлганлиги сабабли номуайян муддатга мўлжалланган меҳнат шартномаларини тузиш мумкин бўлмаган ҳолларда тузилиши мумкин:

-бажариладиган ишнинг тафсилотига кўра бажариш учун ходим олинган ишни маълум бир муддат ўтгандан кейин объектив сабабларга кўра давом эттиришнинг имкони бўлмаслиги олдиндан маълум бўлганда, яъни у муддатли характерга эга бўлади;

-бажариш учун ходим олинган ишни бажариш шартлари.

Бунда ишнинг ўзи доимий характерга эга бўлса-да, уни бажаришнинг шартлари ходим билан номуайян муддатга меҳнат шартномаси тузишга тўсқинлик қилади.

-ходимнинг манфаатлари, яъни у ёки бу ҳолатларга кўра муддатли меҳнат шартномаси тузилиши ходимнинг манфаатларига асосланган бўлганда.

-МКнинг 76-моддасида келтирилган ходим билан муддатли меҳнат шартномасини тузиш тўғрисидаги рўйхат қатъий чегараланган. Агар ходим билан тузилган муддатли меҳнат шартномаси МКнинг 76-моддаси талабларини ҳисобга олмаган ҳолда тузилган бўлса, бундай ҳолда шартноманинг муддати ҳақидаги шартлари ҳақиқий эмас деб топилади, ходим эса, ишга номуайян муддатга биринчи иш кунидан бошлаб қабул қилинган ҳисобланади.

Агар муддат тугагандан кейин ҳам меҳнатга оид муносабатлар давом этаверса ва тарафлардан бирортаси бир ҳафта давомида унинг бекор қилинишини талаб қилмаган бўлса, шартнома номуайян муддатга узайтирилган деб ҳисобланади.

Иш жойи (лавозими) сақланиши лозим бўлган ходимнинг ишда бўлмаган вақтига мўлжаллаб тузилган меҳнат шартномаси шу ходим ишга қайтган кундан эътиборан бекор қилинади.

МКнинг 105-моддаси биринчи қисмига биноан меҳнат шартномасининг муддати тугаганлиги туфайли бекор қилинишига унинг муддати тугаши кунида, шунингдек, шартномадаги муддатнинг охирги ҳафтаси мобайнида йўл қўйилади.

Меҳнат қонунчилиги шартномадаги муддат тугаши билан уни бекор қилишга қарор қилган тараф бошқа тарафга олдиндан хабар беришни мажбурият сифатида кўзда тутмайди.

Агар муддат тугагандан кейин ҳам меҳнатга оид муносабатлар давом этаверса ва тарафлардан бирортаси бир ҳафта давомида унинг бекор қилинишини талаб қилмаган бўлса, шартнома номуайян муддатга давом эттирилган деб ҳисобланади.

Муддатли меҳнат шартномасида муддатидан олдин бекор қилинган ҳолларда тарафларнинг неустойка тўлаши ҳақидаги ўзаро мажбуриятлари назарда тутилиши мумкин. Тарафлардан бири неустойка тўлашдан бош тортса, уни ундириш суд тартибида амалга оширилади.

Муддатли меҳнат шартномасининг муддати тугаганидан кейин ҳам (муддат тугагач бир ҳафта давомида) меҳнат муносабатларининг давом этиши муддатли меҳнат шартномасининг номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномасига айланганлигини билдиради ва бундан буён шартнома муддат тугаганлиги туфайли ходим томонидан ҳам, шунингдек, иш берувчи томонидан ҳам бекор қилиниши мумкин эмас, яъни шартнома муддати юридик факт сифатида барҳам топганлиги туфайли меҳнат шартномасини бекор қилиш асоси сифатида юридик аҳамиятга эга бўлмайди.

Иш жойи (лавозим) сақланиши лозим бўлган ходимнинг ишда бўлмаган вақтига мўлжаллаб тузилган меҳнат шартномаси шу ходим ишга қайтган кундан эътиборан бекор қилинади.

Ҳомиладорлик ва туғиш таътилига чиққан онанинг ўрнида ишлаш учун, узоқ муддатга хизмат сафарига, малака оширишга, иш ўрганишга, даволанишга юборилган ходимнинг ўрнига вақтинча йўқ ходим ўз ишига қайтиб келгунига қадар бўлган муддатга меҳнат шартномаси тузилиши мумкин. Бунда асосий ходимнинг ишга қайтиш муддати аниқ белгиланган бўлса, бундай ҳолда муддатли меҳнат шартномаси унинг аниқ муддати кўрсатиб тузилади ва ушбу муддатнинг етиб келиши меҳнат шартномсининг бекор қилиниши учун асос бўлиб хизмат қилади.

Меҳнат кодексининг 106-моддасида, меҳнат шартномаси қуйидаги ҳолларда тарафлар ихтиёрига боғлиқ бўлмаган ҳолатлар бўйича бекор қилиниши мумкин.

-Ходим ҳарбий ёки муқобил хизматга чақирилган тақдирда,

-Шу ишни илгари бажариб келган ходим ишга тикланган тақдирда, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутати ва Сенатида доимий асосда ишлаган Сенат аъзоси ваколатлари муддати тугаганлиги ёки Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ҳамда Сенати тарқатиб юборилганлиги муносабати билан аввалги лавозимига (ишига) қайтган тақдирда

-Ходимни жазога маҳкум этган суднинг хукми қонуний кучга кирган тақдирда, башарти бунинг натижасида ходим аввалги ишини давом эттириш имкониятидан маҳрум этилган бўлса, шунингдек ходим суднинг қарорига биноан ихтисослаштирилган даволаш профилактика муассасасига йўлланган тақдирда.

-Ишга қабул қилиш юзасидан белгиланган қоидалар бузилганлиги муносабати билан, агар йўл қўйилган қоидабузарликни бартараф этишнинг имкони бўлмаса ва у ишни давом эттиришга тўсқинлик қилса.

-Ходимнинг вафоти муносабати билан.

-Қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда.

Меҳнат шартномаси тарафларнинг ихтиёрига боғлиқ бўлмаган асослар билан ҳам, яъни шартнома томонларида уни бекор қилиш истаги бўлмаган ҳолда ваколатли давлат органи аралашуви ёки бошқа объектив хусусиятга эга бўлган ҳолатлар туфайли бекор қилиниши мумкин.

Ходим ҳарбий ёки муқобил хизматга чақирилган тақдирда умумий асосга кўра, меҳнат шартномаси ходим бир йиллик муддатли ҳарбий хизматга ёки муқобил хизматга чақирилганда  бекор қилиниши мумкин.

Ғайриқонуний ишдан бўшатилганлиги суд ёки бошқа ваколатли орган томонидан аниқланган ва эътироф этилган ҳамда аввалги вазифаси (лавозими)га қайта тикланган ёки бошқа қонуний асосларга кўра олдинги бажариб турган иши (лавозими) сақлаб турилиши кафолатланганлиги туфайли ўз ишига қайтиб келган шахсларга уларнинг аввалги иши (лавозими) қайтариб берилиши лозим. Бундай ҳолда уларнинг ўрнига ишга қабул қилинган ҳамда ишлаб турган ходим билан меҳнат шартномаси айнан шу ишни илгари бажариб келган ходим ишга тикланиши туфайли бекор қилинади.

Бундай ҳолда иш берувчи ходимни ишдан бўшатишдан олдин уни бошқа ишга ўтказиш чорасини кўришга мажбур ва ана шу мақсадда унга малакаси, ёши, жинси, саломатлиги аҳволига мос келувчи бошқа ишни таклиф қилиши шарт. Ходим бундай ишга ўтиб ишлашдан бош тортиши ёхуд бўш иш жойларининг мавжуд эмаслиги туфайли мазкур асосга кўра ишдан бўшатилиши мумкин.

Шу ишни илгари бажариб келган ходим ишга тикланиши туфайли унинг ўрнида ишлаётган ходимни ишдан бўшатиш чоғида ишдан бўшатилиши керак бўлган ходимнинг ҳомиладорлик ва бола туғиш таътилида, уч ёшга тўлмаган фарзандини парваришлаш таътилида эканлиги унинг ишдан бўшатилишига тўсқинлик қилади ва меҳнат шартномаси фақат она бола парваришлаш таътилидан қайтганидан кейингина амалга амалга оширилиши мумкин.

Шунингдек, вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик вақтида, меҳнат ёки ижтимоий таътилларда бўлган даврларда, ходим давлат ёки жамоат ишларига жалб этилган ва унинг иш жойи (лавозими) қонунга биноан сақланиб қоладиган ҳолларда ходим ишга қайтмагунига қадар ишдан бўшатилиши мумкин эмас ҳамда меҳнат шартномаси у ишга қайтган (қайтиши керак бўлган) кунда бекор қилинади.

Ходимни жазога маҳкум этган суднинг ҳукми қонуний кучга кирган тақдирда, башарти бунинг натижасида ходим аввалги ишини давом эттириш имкониятидан маҳрум этилган бўлса, шунингдек, ходим суднинг қарорига биноан ихтисослаштирилган даволаш-профилактика муассасасига йўлланган тақдира меҳнат шартномаси МКнинг 106-моддаси 3-қисмига мувофиқ тарафларнинг ҳоҳишига боғлиқ бўлмаган ҳолларда бекор қилинади.

Бунда меҳнат шартномаси бекор қилинишининг икки мустақил асоси назарда тутилган:

1)ходимни жазога маҳкум этган суднинг ҳукми қонуний кучга кирганлиги,

2)ходимни суднинг қарорига кўра ихтисослаштирилган даволаш-профилактика муассасасига мажбурий даволаш учун юборилганлиги.

Мазкур икки асос ўз моҳияти ва мақсадларига кўра бир-биридан тубдан фарқ қилади.

Уларнинг биринчиси шахснинг ижтимоий хавфли, қонунга хилоф, жазога сазовор айбли ҳатти–ҳаракати учун қўлланилган давлат жиноий мажбурловидан иборат бўлса, иккинчиси унинг саломатлигини сақлаш, юз берган касаллик туфайли фуқаронинг ўзи, унинг теварак атрофдагилар зиён кўрмаслиги учун мажбурий тарзда даволаш, жамиятга соғлом инсон қилиб қайтаришни кўзлайди ва жазо хусусиятига эга эмас.

Ходимнинг жиноят содир этганлиги суднинг ҳукми билан исботланган ва мазкур ҳукм қонуний кучга кирган бўлиши ҳамда суд ҳукми билан тайинланган жазо ва ушбу жазонинг ижро қилиниши ходимни мазкур корхонада қолиб ишлашини истисно этиши ва меҳнат муносабатлари  давом этишига имкон бермаслиги лозим.

Агар суднинг ходимни жиноят содир қилганликда айбловчи ҳукми қонуний кучга кирганидан сўнг ҳам башарти суд ҳукмида назарда тутилган жиноий жазо уни корхонада ишни давом эттиришига тўсқинлик қилмаса (масалан, жарима, жамоат интизом каби жазо қўлланилганлиги) бундай ҳолда иш берувчи ходим билан бундай асосга кўра меҳнат шартномасини бекор қилишга ҳақли бўлмайди.

Ходим билан тузилган меҳнат шартномасининг бекор қилинишига олиб келадиган жиноий жазо турлари жумласига қуйидагиларни киритиш мумкин:

-муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш,

-аҳлоқ тузатиш ишлари,

-хизмат бўйича чеклаш,

-қамоқ,

-озодликдан маҳрум қилиш,

-умрбод озодликдан маҳрум қилиш.

Кейинчалик ходим оқловчи асослар билан (Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 83-моддаси) жазодан озод қилинган ва барча ҳуқуқлари тикланган тақдирда иш берувчи уни аввалги вазифаси (лавозими)га тиклаши, аввалги вазифаси (лавозими) сақланиб қолмаган бўлса (қисқартирилган ёки тугаб кетган ҳолларда) аввалгисига тенг бошқа вазифа (лавозим) бериши шарт.

Ишга қабул юзасидан белгиланган қоидалар бузилганлиги аниқланган тақдирда иш берувчи бу қоидаларнинг бузилиш сабабларини ўрганиши лозим. Агар қоидалар ходимнинг айби билан (сохта хужжатлар тақдим этилиши, нотўғри маълумотлар бериш ва бошқалар) оқибатида юз берган бўлса, бундай ҳолда унга ҳеч қандай кафолат берилмаган ҳолда меҳнат шартномаси бекор қилиниши ва иш берувчи томонидан бу ҳақда хуқуқни муҳофаза қилувчи органга хабар бериши лозим.

Агар иш берувчининг айби билан (қонун талабларини билмаслик, уларни нотўғри қўллаш ёки нотўғри талқин қилиш, эътиборсизлик кабилар) содир бўлган тақдирда қоидаларга зид тарзда ишга қабул қилинган ходимнинг касби ва малакасини эътиборга олган ҳолда бошқа ишга ўтказиш чоралари кўрилиши шарт. Бошқа бўш иш жойи мавжуд бўлмаган тақдирда ёки ходим таклиф этилган вазифа (лавозим)га ўтиб ишлашдан бош тортган тақдирда унга қонунда назарда тутилган ишдан бўшатиш нафақаси тўланган ҳолда меҳнат шартномаси бекор қилинади.

Ходимнинг вафот этиши меҳнат шартнома муносабатларини ушбу юридик факт билан (ҳодиса) содир бўлганлиги туфайли барҳам топишига олиб келади. Ходимнинг вафот этганлиги ҳодисасининг юз бергани ваколатли давлат идораси томонидан белгиланган тартибда берилган ўлим тўғрисидаги гувоҳнома билан тасдиқланади ва меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳамда чиқарилган иш берувчи буйруғига мазкур гувоҳноманинг тасдиқланган  нухсаси илова қилинади.

Ходим белгиланган тартибда суд томонидан ўлган деб эълон қилинган тақдирда ҳам суд қарори асосида берилган ўлим тўғрисидаги асосида меҳнат шартномаси барҳам топган деб топилади ва расмийлаштирилади.

Ўлган деб эълон қилинган ходим қайтиб келган тақдирда унинг барча ҳуқуқлари тикланади ва жумладан унга аввалги вазифаси (лавозими) қайтариб берилади.

 

Дилфуза Шамсиева, Қашқадарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судьяси

Алимент тўлашдан бўйин товлаганлик учун жавобгарлик мавжуд

Юртимиз аҳолисининг асосий қисмини ёшлар ташкил этишини ҳисобга олиб айтадиган бўлсак, уларни мамлакат тараққиётига ҳисса қўшадиган авлод сифатида ҳар томонлама етук қилиб тарбиялаш муҳим саналади. Бу жараёнга эса ҳеч қандай моддий-маънавий ва ҳатто оилавий вазият таъсир кўрсатмаслиги зарур.
Афсуски, бугунги кунда ёш оилалар ўртасида ажримлар сонининг ошиши фарзандлар руҳиятига, тарбиясига ва моддий таъминотига ҳам жиддий таъсирини кўрсатмоқда. Жумладан, моддий таъминот масаласига тўхталадиган бўлсак, қонунчилигимизда унинг етарли асоси мавжуд.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 64-моддасида ота-она ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурлиги ҳамда Оила кодексининг “Оила аъзоларининг ва бошқа шахсларнинг алимент мажбуриятлари” деб номланган бўлимида ота-онанинг вояга етмаган болаларига, шунингдек, вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга мухтож болаларига таъминот бериш шартлиги белгиланган.
Вояга етмаган ёки вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларига алимент тўлаш ҳақидаги суднинг ҳал қилув қарорини бажаришдан бўйин товлаган шахслар маъмурий ҳамда жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга кўра, алимент тўлашдан бўйин товлаганлик учун 15 сутка муддатга маъмурий қамоққа олиш ёки маъмурий қамоқ қўлланилиши мумкин бўлмаган шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Шунингдек, биринчи марта ҳуқуқбузарлик содир этган шахс, агар у маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриш жараёнида алимент мажбуриятлари бўйича қарздорликни ихтиёрий равишда тўлаган бўлса, жавобгарликдан озод этилади.
Амалдаги қонунда вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаш учун жиноий жавобгарлик белгиланган. Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 122-моддасига биноан, моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш, яъни суднинг ҳал қилув қарорига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслик, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, – икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша қилмиш хавфли рецидивист томонидан содир этилган бўлса – икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Хулоса қилиб айтганда, алимент тўловларидан кўзланган мақсад, аввало, болаларнинг таълими, сифатли овқатланиши, руҳан соғлом ва баркамол улғайишидир. Шундай экан, алимент ундириш тўғрисидаги мурожаатларни тўғри ва ўз вақтида ҳал қилиш нафақат болалар ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлайди, балки ота-оналар масъулиятини оширишга ҳам хизмат қилади.

 

Ҳамид Бобоқулов, Қашқадарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судьяси

Ярашув институтининг жорий қилиниши – инсонпарварлик принципининг яққол ифодасидир

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида либераллаштириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар инсонпарварлик принципининг ҳаётий ифодаси сифатида ўзини намоён этмоқда.

Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 4 октябрдаги ЎРҚ-720-сонли Қонунига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси янги 212-моддаси билан тўлдирилди.

Унга кўра кодекснинг 40-моддасида (туҳмат), 41-моддасида (ҳақорат қилиш), 45-моддасида (фуқароларнинг турар жойи дахлсизлигини бузиш), 46-моддасида (фуқарога маънавий ёки моддий зарар етказиши мумкин бўлган маълумотларни ошкор этиш), 461-моддасида (шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш), 52-моддасида (енгил тан жароҳати етказиш), 612-моддасида (мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш), 104-моддасида (экинзорларни пайҳон қилиш, қишлоқ хўжалик экинларининг далада тўплаб қўйилган ҳосилига зарар етказиш ёки уни йўқ қилиб юбориш, кўчатларга шикаст етказиш), 133-моддасида (транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши жабрланувчига енгил тан жароҳати ёки анча миқдорда моддий зарар етказилишига олиб келиши), 134-моддасида (ҳайдовчиларнинг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши транспорт воситаларининг ёки бошқа мол-мулкнинг шикастланишига олиб келиши), 183-моддасида (майда безорилик) ҳамда 200-моддасида (ўзбошимчалик) назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир этган шахс агар у ўз айбига иқрор бўлса, жабрланувчи билан ярашса ва етказилган зарарни бартараф этса, маъмурий жавобгарликдан озод этилиши мумкин.

Юртимизда босқичма-босқич амалга оширилаётган бу каби суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг асосий мақсади, инсоннинг қонун билан қўриқланадиган ҳуқуқ ва манфаатларини самарали ҳимоя қилишдир.

 

Фозил Юсупов, жиноят ишлари бўйича Косон туман суди раиси  

Skip to content