Маълумки, оилалар ва маҳаллалардаги ижтимоий-маънавий муҳитга салбий таъсир кўрсатувчи омилларнинг сабаб ва шарт-шароитларини аниқлаш ҳамда бартараф этишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларида жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, шу жумладан, хотин-қизлар ҳуқуқбузарлиги профилактикаси, вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ҳамда ҳуқуқбузарликларга доир ишларда ва уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга кўмаклашишда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг давлат органлари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари билан яқин ҳамкорлиги муҳим ўрин тутади.

Қашқадарё вилоят суди судьяларининг аҳоли билан ўтказиб келаётган очиқ мулоқотлари 2022 йил 25 август куни Қарши шаҳридаги “Ишга марҳамат” моно марказида давом этди.
Шу куни Қашқадарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьялари Ш.Бахтиёров, Ф.Қамбарова, А.Ғаппоров ва Н.Абдуллаевлар Қарши шаҳридаги “Ойдин” ва “Пахтазор-1” МФЙ фуқаролари ва моно марказда иш ўрганадиган тингловчиларга жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликка қарши кураш, фирибгарлик, одам савдоси ва гиёҳвандлик воситалари билан қонунга хилоф равишда муомала қилиш жиноятлари, жазо турлари ҳақида маърузалар қилишди.
Бундан ташқари, Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар суди судьяси Б.Умиров томонидан бир қатор жиноят ишлари очиқ сайёр суд мажлисида кўрилиб, суд ҳукмлари ва хусусий ажримлар муҳокамаси ўтказилди.

Учрашувда суд-ҳуқуқ соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар, ушбу ислоҳотларнинг асл мақсади аҳолининг одил судловга бўлган ишончини ошириш, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш ва қонунийликни мустаҳкамлаш эканлиги ҳамда муҳим сиёсий жараён – Конституциявий ислоҳотлар ҳақида маълумотлар берилди.
Шунингдек, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликнинг барвақт олдини олиш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, вояга етмаганлар ва ёшларни Ватанга муҳаббат, ватанпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш бўйича ўз фикрларини билдирдилар.
Очиқ мулоқотда фуқаролар томонидан турли мавзуларда берилган саволларга жавоблар ва тушунтиришлар берилди, айрим масалалар тегишли сектор раҳбари эътиборига етказилиши маълум қилинди.
Қашқадарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими