«Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизлар учун сайёр қабул ташкил этилди

Бугун жиноят ишлари бўйича Миришкор туман суди судьяси Б. Тагаев ва Касби туманлараро иқтисодий суди судяси Ҳ. Абраевлар иштирокида Миришкор тумани «Ободон» маҳалла маскани биносида «Аёллар дафтари»да турувчи хотин-қизлар учун сайёр қабул ўтказилди. Унда туманнинг «Ободон” ва Ўзбекистон» маҳалласида истиқомат қилувчи «Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизларнинг ҳуқуқий мавзудаги мурожаатлари тингланди.

Қабул давомида ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий, психологик қўллаб-қувватлашга эҳтиёжи, билим ва касб-ҳунар ўрганишга иштиёқи бўлган, ишсиз хотин-қизларнинг муаммоларини аниқлаш, бартараф этиш ва назоратини олиб бориш ҳамда “Аёллар дафтари”га киритилган ва тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган хотин-қизларнинг тадбиркорлигини йўлга қўйиш ва ривожлантириш бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

 

Қашқадарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими

“Ярашув тўғрисидаги ишлар бўйича иш юритиш” мавзусида семинар машғулоти ташкил этилди

Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси жамоат хавфсизлигини таъминлашда муҳим ҳисобланади. Шу сабабдан ҳуқуқбузарликлар профилактикасига доир тадбирларни амалга оширишда мавжуд бўлган муаммоларни бартараф қилиш мақсадида ички ишлар ва суд органлари ҳамкорлигида бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Ғузор туман Ички ишлар бўлимида профилактика инспекторлари иштирокида семинар машғулоти бўлиб ўтди. “Ярашув тўғрисидаги ишлар бўйича иш юритиш” мавзусида ташкил этилган мазкур семинар машғулотида жиноят ишлари бўйича Ғузор туман суди раиси Л.Расулова иштирок этди.

Маълумки, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, қадр-қимматини юксалтириш ҳар қайси жамиятда долзарб аҳамиятга эга.  Шу муносабат билан, тадбирда ярашув институтини кенг қўллаш, бу орқали фуқароларнинг ортиқча оворагарчилигига барҳам берилиши ва ҳар бир фуқаронинг  давлатимиз раҳбарининг «Инсон қадри учун» ғояси шу соҳада ҳам ҳукм сураётганлигига ишончи мустаҳкамланишига эришиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

Семинарда профилактика инспекторлари билан “Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш бўйича ярашув институтини тадбиқ қилиш” қўлланмаси хусусида фикр алмашилди.

Бундан ташқари, тадбирда профилактика инспекторларининг фаолиятида, шу жумладан суд органлари билан юзага келаётган муаммолари атрофлича муҳокама қилиниб, уларни баратаф қилиш борасида тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди.

 

Қашқадарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими

Қашқадарё вилоят судлари масъуллари томонидан Қарши шаҳрида сайёр қабул ташкил этилди

Ҳуқуқий жиҳатдан кўмакка муҳтож бўлган фуқароларни қийнаб келаётган муаммоларни аниқлаб, жойида ижобий ҳал этиш, уларга зарур ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш мақсадида Қашқадарё вилоят судлари масъуллари томонидан ўтказиб келинаётган сайёр қабулларнинг навбатдагиси Қарши шаҳри аҳолиси учун ўтказилди. Унда Қашқадарё вилоят суди раиси Абдуқаюм Маҳкамов ва ўринбосарлари, Қашқадарё вилоят маъмурий суди раиси Холис Муҳаммедовлар иштирок этишди.

Дастлаб, вилоят суди раиси Абдуқаюм Маҳкамов бугунги кунда суд-ҳуқуқ соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар, ушбу ислоҳотларнинг асл мақсади аҳолининг одил судловга бўлган ишончини ошириш, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш ва қонунийликни мустаҳкамлаш эканлиги ҳақида маълумотлар берди.

Сайёр қабул давомида 15 нафар фуқароларнинг суд-ҳуқуқ масалаларига оид мурожаатлари тингланиб, зарур бўлган ҳуқуқий кўмак ва маслаҳатлар берилди.

Шу куни сайёр қабул доирасида ЖИБ Қарши шаҳар суди томонидан сайёр суд тартибида ўтказилган мажлисда озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо ўтаётган 10 нафар маҳкумлар жазоларидан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди.

 

Қашқадарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими

Қашқадарёда республика ишчи гуруҳи иштирокидаги оммавий сайёр қабуллар давом этмоқда

Қашқадарё вилоятида республика ишчи гуруҳининг фуқаролар муаммолари билан ишлашни самарали ташкил этиш ва ечимини кутаётган масалаларни «маҳаллабай» ўрганган ҳолда жойида ва тезкор ҳал этишга қаратилган оммавий сайёр қабуллар давом этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг сайёр қабуллар ўтказиш ҳақидаги топшириғига асосан Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг ўринбосари Х.Тўрахужаев томонидан 2022 йил 26 июн куни Қашқадарё вилоятининг Ғузор, Деҳқонобод ва Нишон туманлари аҳолиси учун ўтказилган сайёр қабулларида жами 23 нафар фуқаролар қабул қилинди.

Қабул қилинган фуқароларнинг 11 таси жиноят ишлари бўйича,
7 таси фуқаролик ишлар бўйича, 4 таси маъмурий ишлар буйича,
1 таси ҳарбий суд буйича судларга оид мурожаатларни ташкил этади.

Шундан 16 та фуқаронинг оғзаки мурожаати, 7 та фуқаронинг ёзма мурожаатлари қабул қилинди.

Жами 23 та мурожаатлардан 16 таси бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди, 7 та мурожаат бўйича аризалар Олий суд томонидан кассация тартибида ҳамда вилоят суди томонидан апелляция тартибида ҳал қилиш учун қабул қилинди.

Жиноят ишлари бўйича судлар томонидан жазодан озод қилиш бўйича киритилган тақдимномалар асосида судлар томонидан 9 нафар маҳкумлар Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 73-моддасига кўра жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 74-моддасига асосан 13 нафар маҳкумларнинг жазоси енгилроғи билан алмаштирилди. Ўзбекистон Республикаси ЖИКнинг 113-моддасига асосан 50 нафар маҳкумларнинг сақлаш шароитлари ўзгартирилди.

Фуқаролик ишлари бўйича судлар тмонидан иш ҳақини ундириш юзасидан,  алимент ундириш юзасидан суд буйруғи чиқарилиб, ижрога қаратилди. Ажрашиш ёқасига келиб қолган оилалар билан суҳбат ўтказилиб, оилалар яраштирилди.

Муаммолари ҳал бўлган фуқаролар Ўзбекистон Республикаси Президенти номига ёзма ташаккурнома билдиришди.

Республика ишчи гуруҳининг Қашқадарё вилоятидаги оммавий сайёр қабуллари давом этмоқда.

 

Қашқадарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими

Судьяларнинг аҳоли билан очиқ мулоқотлари давом этмоқда

Маълумки, оилалар ва маҳаллалардаги ижтимоий-маънавий муҳитга салбий таъсир кўрсатувчи омилларнинг сабаб ва шарт-шароитларини аниқлаш ҳамда бартараф этишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларида жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, шу жумладан, хотин-қизлар ҳуқуқбузарлиги профилактикаси, вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ҳамда ҳуқуқбузарликларга доир ишларда ва уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга кўмаклашишда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг давлат органлари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари билан яқин ҳамкорлиги муҳим ўрин тутади.

Қашқадарё вилоят суди судьяларининг аҳоли билан ўтказиб келаётган очиқ мулоқотлари 2022 йил 24 июнь куни Қарши шаҳридаги “Комилон”, “Мағзон”, “Қарши” ва “Наврўз” МФЙларида давом эттирилди.

Учрашувда Қашқадарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьялари Ш.Бахтиёров, Ш.Ражабов ва А.Ғоппоровлар иштирок этишиб, номусга тегиш, гиёҳвандлик воситалари билан ноқонуний муомала қилиш, одам савдоси, ўғирлик жиноятлари ҳамда коррупцияга қарши кураш хусусида маърузалар қилишди.

Бундан ташқари, суд-ҳуқуқ соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар, ушбу ислоҳатларнинг асл мақсади аҳолининг одил судловга бўлган ишончини ошириш, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш ва қонунийликни мустаҳкамлаш эканлиги ҳамда муҳим сиёсий жараён – Конституциявий ислоҳотлар ҳақида маълумотлар берилди.

 

 

Қашқадарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими

“Менинг маҳаллам – менинг судьям” институти амалда

Маълумки, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жиноятчиликка қарши курашиш, шунингдек фуқароларнинг ҳуқуқий масалалар юзасидан муаммоларини тизимли ҳал этиш ва аҳолининг ҳуқуқни онгини доимий ошириб бориш давр талаби.

Айни шу мақсадда жорий йилнинг 23 июн куни Қашқадарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьялари Ш.Бахтиёров, Ш.Ражабов ва А.Ғоппоровлар Қарши шаҳридаги “Қарлиқхона”, “А.Темур”, “Наво” ва “Кат” маҳалла фуқаролар йиғинларида ташкил қилинган учрашувларда, иштирок этишиб, қасддан одам ўлдириш, соғлиққа ва жамоат тартибига қарши жиноятлар хусусида маърузалар қилишди.

Учрашувлар давомида судьялар суд-ҳуқуқ соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар, ушбу ислоҳатларнинг асл мақсади аҳолининг одил судловга бўлган ишончини ошириш, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш ва қонунийликни мустаҳкамлаш эканлиги ҳамда муҳим сиёсий жараён – Конституциявий ислоҳотлар ҳақида ҳам маълумотлар беришди.

Шунингдек, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликнинг барвақт олдини олиш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, вояга етмаганлар ва ёшларни Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш бўйича ўз фикрларини билдирдилар.

 

Қашқадарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими

Ярашилганлиги муносабати билан маъмурий жавобгарликдан озод қилиш институтининг мазмун ва моҳияти тўғрисида семинар-машғулоти ташкил этилди

Қарши шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси биносида жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар суди раиси Анвар Элмуродов томонидан профилактика инспекторлари учун семинар-машғулоти ўтказилди. Мазкур семинар-машғулотида Қарши шаҳар ИИО ФМБ раҳбарияти ҳамда Қарши шаҳрида хизмат ўтаётган барча профилактика инспекторлари иштирок этишди.

Семинарда жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар суди раиси Анвар Элмуродов томонидан ҳудуд профилактика инспекторларига, Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 4 октябрдаги ЎРҚ-720-сонли Қонуни билан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига киритилган “Ярашилганлиги муносабати билан маъмурий жавобгарликдан озод қилиш” институтининг мазмун ва моҳияти хусусида тўлиқ маълумот бериб ўтилди. Унинг ўзига хос хусусиятлари ва амалиётда қўллаш жиҳатлари юзасидан, шунингдек, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни расмийлаштиришда йўл қўйилаётган хато ва камчиликлар профилактика инспекторлари эътиборига етказилиб, келгусида бу тоифадаги ишларни тўғри расмийлаштириш борасида тегишли тушунтиришлар берилди. Тадбир давомида Қарши шаҳар ИИО ФМБ раҳбарияти ҳамда ҳудуд профилактика инспекторлари ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

 

Қашқадарё вилоят суди жамоатчилик  ва ОАВ билан алоқалар бўлими

Қашқадарё вилоят суди ва Қашқадарё вилоят Адлия бошқармаси ҳамкорлигида ўқув семинари ташкил этилди

Қашқадарё вилоят суди ва Қашқадарё вилоят Адлия бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган “Давлат органлари ва ташкилотларида меҳнат қонунчилигига риоя этилиши” мавзусида ўтказилган ўқув семинарида вилоят давлат органлари ва ташкилотларининг раҳбар ўринбосарлари, юридик хизмат ходимлари ва кадрлар бўйича масъул ходимлари иштирок этишди. Тадбир ташкилотчилари томонидан Меҳнат кодекси ва бошқа меҳнат қонунчилигига доир қонун ҳужжатлари ҳақида батафсил тушунчалар берилди. Қашқадарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлари томонидан 2021 йилда ишга тиклаш билан боғлиқ ишларнинг кўриб чиқилганлиги, хусусан, 2021 йил ҳамда жорий йилнинг биринчи чораги давомида халқ таълими, мактабгача таълим, соғлиқни сақлаш, олий ва ўрта махсус таълим ва солиқ органлари соҳасида ишга тиклаш юзасидан фуқаролик ишлари бўйича даъво аризалари кўриб чиқилганлиги юзасидан маълумотлар бериб ўтилди.

Қашқадарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлари томонидан  2021 йил ҳамда 2022 йилнинг биринчи чораги давомида Халқ таълим соҳасига ишга тиклаш юзасидан 62 та, Мактабгача таълим соҳасига ишга тиклаш юзасидан 12 та, Соғлиқни сақлаш соҳасига оид ишга тиклаш юзасидан 22 та, Олий ва ўрта махсус таълим соҳасига ишга тиклаш юзасидан 4 та ҳамда Давлат солиқ қўмитаси соҳасига оид ишга тиклаш юзасидан 5 та фуқаролик ишлари бўйича даъво аризалари қаноатлантирилиб, даъвогарлар ишга тикланган. 2021 йил давомида даъвогарларнинг ишга тикланиши натижасида 1.217.607.330 сўмлик иш ҳақлари ундириб берилган. Юқоридаги келтириб ўтилган ташкилот ва идораларга нисбатан киритилган даъво аризаларининг қаноатлантирилишига асос ушбу ташкилот ва идоралар томонидан ходимни ишдан бўшатишга оид меҳнат қонунчилиги талабларига тўлиқ риоя қилинмаган ҳолда буйруқ расмийлаштирилиши сабаб бўлган.

Қашқадарё вилояти суди фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман судлари томонидан одил судловни амалга ошириш, қонун устуворлигини таъминлаш ва фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда меҳнат низолари билан боғлиқ ишларни кўришда бир қатор ишлар амалга оширилган. Ноқонуний ишдан бўшатилган шахсни қайта эгаллаб турган лавозимига тиклаш, мажбурий прогул учун иш ҳақи ундириш, ишдан бўшатиш тўғрисидаги мансабдор шахсларнинг қарор ва буйруқларини ғайриқонуний деб топиш каби фуқаролик ишлари шулар жумласидандир. Мазкур ўқув семинарини ташкил этишдан кўзланган мақсад ҳам давлат органлари ва ташкилотларида меҳнат қонунчилигига риоя этилишини таъминлаш ва меҳнат қонунчилиги талабларига тўлиқ риоя қилинмаган ҳолда буйруқлар расмийлаштирилиши оқибатида юзага келадиган муаммоларнинг олдини  олишдан иборатдир.

 

Қашқадарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими

Skip to content