Қашқадарёда ўттизга яқин вазирлик ва идора раҳбарлари иштирокида оммавий сайёр қабуллар бошланди
Фуқаролар муаммолари билан ишлашни самарали ташкил этиш ва ечимини кутаётган масалаларни «маҳаллабай» ўрганган ҳолда жойида ва тезкор ҳал этиш мақсадида Қашқадарё вилоятида республика ишчи гуруҳининг оммавий сайёр қабуллари бошланди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг сайёр қабуллар ўтказиш ҳақидаги топшириғига асосан Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг ўринбосари Х.Тўрахужаев томонидан 2022 йил 25 июн куни Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳри, Косон ва Қарши туманлари аҳолиси учун ўтказилган сайёр қабулларида жами 47 нафар фуқаролар қабул қилинди.
Қабул қилинган фуқароларнинг 15 таси жиноят ишлари бўйича,
17 таси фуқаролик ишлар бўйича, 9 таси маъмурий ишлар буйича,
6 таси иқтисодий ишлар буйича судларга оид мурожаатларни ташкил этади.
Шундан 21 та фуқаронинг оғзаки мурожаати, 26 та фуқаронинг ёзма мурожаатлари қабул қилинди.
Жами 47 та мурожаатлардан 21 таси бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди, 26 та мурожаат бўйича аризалар Олий суд томонидан кассация тартибида ҳал қилиш учун қабул қилинди.
Оммавий сайёр қабул доирасида жиноят ишлари бўйича судлар томонидан жазодан озод қилиш бўйича киритилган тақдимномалар асосида ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўтаётган маҳкумлар жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди.
Фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан иш ҳақини ундириш юзасидан, алимент ундириш юзасидан суд буйруғи чиқарилиб, ижрога қаратилди. Ажрашиш ёқасига келиб қолган оилалар билан суҳбат ўтказилиб, оилалар яраштирилди.
Иқтисодий ишлар бўйича судлар томонидан суд мажлисларида тадбиркорлар(даъвогар)нинг даъво талаблари қаноатлантирилди.
Республика ишчи гуруҳининг Қашқадарё вилоятидаги оммавий сайёр қабуллари давом этмоқда.
Қашқадарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими