ОДАМ САВДОСИ – ЖАМИЯТ ИЛЛАТИ

Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас деганлари рост. Бўлмаса Шуҳрат Қўлдошев (исми ва шарифлари ўзгартирилган) аввал қилган жинояти учун 4 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини олган бўлсада ундан тўғри хулоса чиқармади.  Мўмай пул борлигини эшитиб  қариндошлари Орзигул Жўраева ва Улғўзи Шароповалар билан тил бириктирди ва бир гуруҳга бирлашдилар. Орзигул Жўраеванинг ҳали 3 ёшга ҳам тўлмаган фарзанди Қундузни сотиб даромад орттирмоқчи бўлдилар.

Жиноий гуруҳ аъзоларининг ҳар бири “харидор” З. Аҳмедовадан  2 миллион сўмдан пул олиб  вояга етмаган Қундузни унга сотмоқчи бўлганларида маъмурий орган ходимлари томонидан жиноят устида ушландилар. Пул ўлсин-а, пул ўлсин. Жиноят иши судга оширилди.

Судда судланувчи  Ш. Қўлдошев, У. Шаропова ва О. Жўраеваларнинг айби ариза ва билдирги, пулни бериш баённомаси, ҳодиса содир бўлган жойни кўздан кечириш баённомаси ҳамда ишдаги бошқа ҳужжатлар ва далиллар билан исботланди.

Суд судланувчиларга жазо тури ва меъёрини тайинлашда шахсини, ёшини, қарамоғида фарзандлари борлигини – жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар сифатида баҳолади. Уларнинг ҳаракатларида жазони оғирлаштирувчи ҳолат мавжуд эмас деган хулосага келди. Содир этилган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражаси ҳам, албатта эътиборга олинди. Уларнинг ўз айбларига иқрор ва пушаймонлиги ҳам эътиборга олинди. Ш.Қўлдошев ва О.Жўраеваларни жамиятдан ажратмасдан туриб ахлоқан тузатиш мумкин эмас, У.Шароповани эса жамиятдан ажратмасдан туриб ҳам ахлоқан тузатиш мумкин деб ҳисоблади.

Суд судланувчиларни Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 135-моддаси 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни қасддан содир этганликда айблади. Судланувчилар Шуҳрат Қўлдошев ва Орзигул Жўраеваларга 3 (уч) йил озодликдан маҳрум этиш, Улғўзи Шароповага эса 3 (уч) йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Ҳа, айтгандек, она бўлишга маънан нолойиқ Орзигул Жўраеванинг никоҳсиз туғилган 2 нафар қиз фарзандлари туман ҳокимининг тегишли қарорлари билан болалар уйига топширилди. Ҳайф сенга, Орзигул, ОНА деган улуғ ном.

 

Нурбек Абдуллаев, Қашқадарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судьяси.

ИНСОНИЯТНИ ТАШВИШГА СОЛАЁТГАН ИЛЛАТ

Бугунги кунда трансмиллий уюшган жиноятчиликнинг узвий таркибий қисми бўлган одам савдоси жинояти кенг тарқалаётганлиги  дунё ҳамжамиятини ташвишга солаётганлиги ҳеч кимга сир эмас. БМТ ва Миграция бўйича халқаро ташкилот мутахассисларининг таҳлилий хулосаларига кўра ундан жабр кўрганлар сони бир неча миллионларни ташкил қилади. Ташвишланарлиси одам савдоси жиноятидан жабрланганларнинг асосий қисми аёллар ва болалардир. Шу боис дунё миқёсида одам савдосига қарши курашга алоҳида аҳамият қаратилиб, бир қатор халқаро ҳужжатлар ҳам қабул қилинди.

Республикамизда ҳам одам савдосининг олдини олиш ва унга қарши курашиш борасида бир қатор ишлар амалга оширмоқда. Бугун юртимизда олиб борилаётган барча йўналишдаги ислоҳотларнинг марказида инсон омили турибди. Бу ҳаётий ҳақиқатни Прзидентимиз Ш.Мирзиёевнинг Олий Мажлисга йўллаган мурожаатномасидаги “Инсон манфаатлари ва яна бир бор инсон манфаати ислоҳотларнинг бош мақсади этиб белгиланди”-деб  билдирган сўзлари ҳам исботлаб турибди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги 2020 йил 17 августдаги Қонунига мувофиқ одам савдосига қарши курашишга доир маълумотларни шакллантириш тартибини такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 24-моддасида, «Яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг узвий ҳуқуқидир. Инсон ҳаётига суиқасд қилиш энг оғир жиноятдир», – деб эътироф этилган. Бугунги кунда одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар жаҳон ҳамжамиятида жиддий ташвиш ва хавотирларни келтирмоқда. Энг ачинарлиси, бу жиноятни содир этувчиларнинг ҳам, бундан жабр кўрувчиларнинг ҳам муддаолари муштарак. Яъни, енгил йўл билан даромад топиш истагида жиноят содир этиш икки тоифадаги одамларни ҳам ҳалокат домига тортмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 135-моддаси биринчи қисми диспозицияси мазмунига кўра, одам савдоси деганда одамни олиш-сотиш ёки одамни эксплуатация қилиш мақсадида ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилиш тушунилади.

Олди-сотди тариқасидаги одам савдоси одамнинг бир шахс томонидан бошқасига пул, бошқа моддий қимматликлар (мулк), мулкий характердаги хизматлар, мулкий ёки пул шаклидаги қарздан воз кечиш  каби ҳақ эвазига берилиши тўғрисида ёзма ёки оғзаки битим тузилишини назарда тутади.  Шунингдек, бошқа барча ҳоллар (ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш, қабул қилиш) да жиноий жавобгарлик юзага келишининг зарур шарти одамни эксплуатация қилишга қаратилган мақсад мавжудлиги ҳисобланади.

Одамни эксплуатация қилиш бошқа шахслар фоҳишабозлигидан фойдаланиш ёки бошқа кўринишдаги шаҳвоний эксплуатацияни, мажбурий меҳнат ёки хизматлар, қуллик ёки қулликка ўхшаш одатлар, эрксизлик ҳолати ёки одам аъзолари ёки тўқималари олинишини англатади. Одам савдоси – инсоннинг ҳаёти, эркинлиги ва ҳуқуқларидан маҳрум қилиб, бировларнинг қўлида қул бўлишга маҳкум этиш, инсонлар умрига зомин бўлиш, уларнинг эрки, тақдири ва келажагини оёқ ости қилишдек жиноятлардан энг хавфлиси саналади.

Амалиётда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар доирасида Ўзбекистонда (хорижий мамлакатларда бундай ҳолат кузатилмайди) чақалоқ савдоси билан боғлиқ ҳолатлар жуда кўп учрамоқда.

Бунда жиноятнинг иккинчи иштирокчиси – бу чақалоқни сотиб олувчи шахс ҳисобланади.

Тергов ва суд амалиётига кўра ушбу шахс ҳам жиноят иштирокчиси деб баҳоланади. Аммо унинг чақалоқни олишдан мақсади ундан эксплуатация қилиш ниятида фойдаланишми ёки йўқми, ёхуд фарзанди йўқ оила келгусида оила мустаҳкамлигини сақлаб қолиш учун кимнингдир фарзандини тарбиялашни, вояга етказишни, ўзининг ҳақиқий фарзандидек қараш каби ота-она сифатида фуқаролик бурчини бажариш нияти бўлсачи, бу одам савдоси бўладими?

Ўзбек урф-одатларига кўра, фарзандсизлик – тақдирнинг энг оғир синовларидан бири деб қабул қилинади. Шунинг учун фарзанди йўқ оилалар иложи борича асраб олмоқчи бўлган фарзандини гўдаклигидан, яъни чақалоқлигидан вояга етказмоқчи ёки тарбияламоқчи бўлишади. Бундан кўзланган хайрли мақсад шуки – фарзанд асраб олаётган инсон – фарзандга ўзини ҳақиқий ота-онасидек деб кўрсатишни чин кўнгилдан истайди ва шунга ҳаракат қилади.

Чақалоқни ўз фарзанди сифатида ўзига қабул қилиш учун чақалоқни топшираётган шасхга пул берилиши ҳолатини оқлаб бўлмайди албатта. Аммо, одам савдоси жиноятининг зарурий белгиси – одамни ундан фойдаланиш мақсадида эксплуатация қилишга қаратилган ғараз мақсад ёки қасднинг мавжудлиги эмасми? Хаттоки, қонунларимизда ҳам, “чақалоқ савдоси” деган иборанинг ўзи йўқ, бунга ҳеч қандай таъриф берилмаган.

Масаланинг ачинарли яна бир томони шундаки, Ўзбекистонда шунга  ўхшаш ҳолатларнинг юридик жиҳатдан жиноят деб баҳоланиши статистик рақамларнинг ортишига, бу эса халқаро ҳамжамиятда Ўзбекистонда одам савдоси каби жиноятнинг ортиб бораётгани ҳақидаги ишонарсиз маълумотларнинг тўлиб-тошиб кетаётганидир.

Ҳаттоки мазкур соҳада катта ҳаётий ва амалий тажрибага эга бўлган халқаро экспертлар ҳам “чақалоқ савдоси” деган иборани эшитганида баъзида тушунмаётгани ва ушбу иборани қабул қила олмаётгани ҳам айни ҳақиқатдир.

Агарда фарзандталаб инсонларга меҳрибонлик уйларидан болани асраб олиш механизми соддалаштирилса, ҳужжатлар тузиш ва ортиқча қоғозбозликка сабаб бўладиган бюрократик тўсиқлар бартараф этилса, фикримча шифохоналардан, туғруқхоналардан ёки бегона қўллардан чақалоқларни сотиб олишга чек қўйилган бўлар эди.

Нурбек Абдуллаев, Қашқадарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси.

Она тилим – миллатим ғурури

Ҳаммамизга аёнки, она тили – миллат маънавиятининг мустаҳкам пойдевори ҳисобланади.

Бундан беш ярим аср муқаддам ҳазрат Навоийнинг беқиёс ижодининг ижобий самараси ўлароқ адабий тил сифатида ўз қаддини тиклаган она тилимиз, бу буюк мутафаккир бобомизнинг саъй-ҳаракатлари туфайли қадимги туркий, форс, араб ва бошқа тиллар ҳисобидан бағоят бойитилган.

Собиқ шўро даврида эса ўзбек тилига, уни ўрганишга эътиборсизлик, ҳурматсизлик билан қаралиб, сунъий равишда ўзбек тилининг амалий имкониятларини йўққа чиқарилган, унинг қадрини камайтаришдан кўзланган асосий мақсад эса миллатимизнинг ғурури, шаъни ва қадр-қимматини таҳқирлаш бўлган.

Собиқ иттифоқ таркибидаги республикаларнинг суверенитети ва инсон ҳуқуқларини поймол қилган тоталитар буйруқбозлик бошқаруви даврида, яъни 1989 йил 21 октябрда Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши сессияси томонидан “Давлат тили тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилинганлиги, мамлакатимизнинг мустақиллик сари ташлаган биринчи қадами бўлди.

Қонуннинг 1-моддасида «Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир» дейилиб, ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланди. Мазкур Қонунда жамиятимизнинг барча сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ва маданий соҳаларида ўзбек тилига тўла амал қилишни таъминлаш вазифаси қўйилиб, бу вазифанинг бажарилиши давлат органлари, жамоат ташкилотлари, мансабдор шахслар ва ҳар бир фуқаронинг бурчи эканлиги алоҳида белгилаб қўйилди.

1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 4-моддасида ўзбек тили давлат тили мақомига эга эканлиги мустаҳкамлаб қўйилди. Шу тариқа ўзбек тили мустақил давлатимизнинг байроғи, герби, мадҳияси, Конституцияси қаторида турадиган қонун йўли билан ҳимоя қилинадиган муқаддас тимсоллардан бирига айланди.

Кейинчалик, яъни 1995 йил 21 декабрда “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ҳақида”ги Қонунига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритилиб, унинг янги таҳрири тасдиқланди.

Мустақиллик йилларида тил борасида бошқа соҳалар қаторида қонунчилик ва ҳуқуқий атамашунослик соҳасида ҳам катта ютуқларга эришилди. Жамият иқтисодий жиҳатдан тараққий этгани, ижтимоий муносабатларнинг кўлами кенгайгани туфайли ҳуқуқ тизими ва қонунчилик тизимига янги тушунчалар, категориялар ва атамалар кириб келди.

Айниқса, кейинги йилларда бу борада бевосита Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг ташаббуслари билан бир қатор амалий ишлар қилинганини эътироф этиш лозим.

Жумладан, 2019 йил 21 октябрда “Ўзбек тилининг давлат тили сифатида нуфузини ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон қабул қилинди ва Фармон билан бу кун байрам куни деб эълон қилинди. Шунингдек, давлат тилини ривожлантириш департаменти ташкил қилинди.

2019 йил 12 декабрда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат тилини ривожлантириш департаменти тўғрисида”ги Низоми тасдиқланди, департаментнинг асосий вазифалари ва функциялари, ҳуқуқ ва жавобгарлиги, тузилмаси, фаолиятини ташкил этиш белгилаб берилди.

Халқаро муносабатларда ҳам ўзбек тили кенг ва фаол мулоқот воситасига айланиб, унинг хорижий давлатлар раҳбарлари билан олиб борилаётган музокара ва учрашувларда, юксак даражадаги расмий тадбирларда қўлланилаётганлиги барчамизда ғурур ва ифтихор туйғусини уйғотади.

Шу ўринда, Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг 2020 йил 23 сентябрда БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида ўзбек тилида сўзлаши ва бу жаҳон ҳамжамияти томонидан илиқ кутиб олинганлиги ҳеч шубҳасиз барчамизга фахр ҳиссини тақдим қилди.

Ўзбекистоннинг Туркий давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо бўлиши ҳам, нафақат ўзаро иқтисодий ҳамкорликни кучайтириш, балки туркий тиллар, жумладан ўзбек тилимизнинг халқаро мақомини юксалтиришга хизмат қилмоқда.

Улуғ байрам арафасида, яъни 2020 йил 20 октябр куни давлат тили сифатида ўзбек тилини ўрганиш учун шарт-шароитлар яратиш, ўзбек тили ва тил сиёсатини ривожлантиришнинг стратегик мақсадлари, устувор йўналиш ва вазифаларини ҳамда истиқболдаги босқичларини белгилаш борасида Президентимизнинг “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги навбатдаги Фармонлари қабул қилинганлиги бу масала давлат сиёсатининг устувор йўналиши эканлигини кўрсатиб берди.

Ҳеч шубҳасиз Фармонда белгиланган вазифаларни ўз вақтида бажарилиши ўзбек тилининг халқимиз ижтимоий ҳаётида ва халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини тубдан ошириш, униб-ўсиб келаётган ёшларимизни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларга садоқат руҳида тарбиялаш, мамлакатимизда давлат тилини тўлақонли жорий этишни таъминлаш, Ўзбекистондаги миллат ва элатларнинг тилларини сақлаш ва ривожлантиришга асос бўлиб хизмат қилади.

Атоқли олим Исҳоқхон Ибрат “Бизнинг ёшлар албатта бошқа тилни билиш учун саъй-ҳаракат қилсинлар, лекин аввал ўз она тилини кўзларига тўтиё қилиб, эҳтиром кўрсатсинлар. Зеро, ўз тилига садоқат – бу ватаний ишдир”-деб, айтгандилар.

Бу бежизга эмас албатта. Зеро, она тилимиз – миллий маънавиятимизнинг битмас-туганмас булоғи, унга муносиб ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш барчамизнинг нафақат вазифамиз, балки муқаддас бурчимиздир.

Шундай экан, ўзбек тилимизни асраб-авайлаш, ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш ҳаракатини ўз оиламиздан ва жамоамиздан бошлашимиз, она тилимизга, урф-одат ва қадриятларимизга ҳурмат, Ватанга меҳримизни амалий фаолиятда намоён этишимиз керак.

 

Шаҳзод Бахтиёров, Қашқадарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судьяси

Ўзбек тили буюк ва муқаддасдир

Инсон гўзаллиги, маънавияти ва буюк меъроси бу – тилдир. Шу сабаб онадек азиз ўз она тилимизни асраб-авайлаш, эъзозлаш барчамизнинг муқаддас бурчимиздир. Инсон ўз она тили билан уйғаяди, камолга етади. Мана шу тил билан яшаб ўтади.

Барчамизга яхши маълумки, 1989 йил 21октябрда ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилди. Демак, бу кунни чексиз қувонч ва ифтихор билан байрам сифатида нишонлаймиз.

Ушбу сана шубҳасиз, мамлакатимиз ўтмишидаги энг қутлуғ саналардан бири. Зеро бу кунда Ўзбекистон Республикасининг «Давлат тили ҳақида»ги Қонуни қабул қилиниб, мустабид тузум ҳукмронлиги давридаёқ халқимизнинг ўзига хос жасорати тимсолига айланган эди. Ва шуни алоҳида эътироф этиш лозимки, бу ҳужжат ўз вақтида халқимизнинг истиқлолга бўлган умид-ишончини, миллий ғурур туйғусини кучайтирди. Мустақиллигимизнинг ўзига хос пойдевори вазифасини бажарди десак, асло муболаға бўлмайди.

Бош Қомусимизнинг 4-моддасида “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир”, деб белгилаб қўйилганлиги ҳеч бир тилдан кам бўлмаган гўзал Она тилимиз ўз забонимизга тўлақонли қайтариб берилганига ва эркимиз қуёши бошимизда порлаб турганидан далолатдир.

Дунёдаги қадимий ва бой тиллардан бири бўлган ўзбек тили халқимиз учун миллий ўзлик ва мустақил давлатчилик тимсоли, бебаҳо маънавий бойлик, мамлакатимизнинг сиёсий-ижтимоий, маънавий-маърифий тараққиётида ғоят муҳим ўрин эгаллаб келаётган буюк қадриятдир.

Ўзбекистон тараққиётининг бугунги янги босқичи — миллий юксалиш даври талабларидан келиб чиқиб, она тилимизнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Ўтган йиллар давомида она тилимиз мустаҳкам ҳуқуқий асос ва юксак мақомга эга бўлди. Ҳозирги кунда ўзбек тили ҳаётимизнинг барча жабҳаларида — давлат ва жамият бошқаруви, давлатлараро муносабатлар, илм-фан, таълим-тарбия, тиббиёт, маданият ва санъат соҳаларида фаол қўлланилмоқда, халқаро минбарлардан баралла янграмоқда.

Она тили – бу миллатнинг руҳидир. У эзгу фазилатлар, юксак туйғулар манбаи ва инсон камолотида бетакрор ўрин тутади. Инсон учун ҳаётий зарурат билим ва тушунчаларни тил воситасида онг-у шууримизга сингдиради. Одоб ахлоқимиз, феъл-атворимиз тил орқали берилган ўгит ва насиҳатлар асосида шаклланади.

Инсон туғилиб ўсган жойи – Она тупроқ муқаддас Ватандир. Биз дунёга келибоқ онажонимизни, она Ватанимизни кўрамиз, эндигина тилимиз чиққан дамларда айтилаётган сўзимиз бу – “Она” сўзидир. Биз энг азиз, энг мўътабар инсон номини ўз тилимизда онадек муқаддас атаймиз. Она бизга жон бахш ато этган бўлса, тил бизга ақл-заковат ато этади. Шунинг учун ҳам ўзбек тили буюк ва муқаддасдир.

 

Саддам Орзиқулов, Қашқадарё вилоят суди кадрлар бўлими бош консультанти

Коррупция – хавфли иллат

Коррупция  ҳар  қандай  давлатнинг тараққий  этишига тўсқинлик қилувчи ғовдир.  Унга  қарши курашиш бутун дунё мамлакатларининг долзарб муаммоси бўлиб қолмоқда. Коррупцияга қарши кураш борасида ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, порахўрлик, таъмагирлик каби ҳуқуқбузарликларни аниқлаш ва уларга чек қўйиш, бундай жиноятларга қарши жазо муқаррарлигини ҳар бир шахс билиши зарур. Коррупция балосининг нақадар мудҳиш иллат эканини тушунган, уни онгли равишда идрок этган одам эса бу жиноятга қўл урмайди.

Ҳозирги вақтда ҳар бир давлатда коррупцияга қарши кураш давом этмоқда. Ҳар бир давлат ва жамият коррупцияга қарши курашиш йўлини ўзи танлайди, аниқроғи, қандай йўл тўғри эканини ҳаётнинг ўзи  кўрсатади. Коррупцияга қарши курашни кенг қамровда олиб бориш, бу борада ҳар бир масалага алоҳида эътибор қаратилиши эса муҳим масала.

Маълумки, тараққиётга тўсиқ бўлаётган бир қатор омиллар, иллатларнинг энг хавфлиларидан бири – коррупциядир. Бу иллат аввало, халқнинг давлат ва ислоҳотларга ишончини сўндириши, жамиятда норозилик кайфиятини кучайтириши билан ҳам ғоят хатарлидир.

Истиқлол йилларида мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш борасида қатор ишлар амалга оширилди. Ўзбекистон 2008 йил 7 июлда БМТнинг Коррупцияга қарши курашиш  Конвенциясига ва бошқа халқаро ҳужжатларга қўшилди. Президентимиз ташаббуси билан 2017 йил 4 январда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни кучга киргани эса бу борадаги муҳим қадам бўлди. Мазкур қонун 6 боб, 34 моддадан иборат бўлиб, унда коррупция билан боғлиқ тушунчалар батафсил баён қилинган.

Амалдаги қонунимизда коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат сиёсатининг асосий принциплари ва йўналишлари мустаҳкамланган. Унга кўра, қонунийлик, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги, очиқлик ва ошкоралик, тизимлилик, давлат ва фуқаролик жамияти институтларининг ҳамкорлиги, коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар устуворлиги, жавобгарликнинг муқаррарлиги коррупцияга қарши курашишнинг асосий принципларидир.

Барча соҳаларда коррупциянинг намоён бўлишига йўл қўймаслик, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш орқали жамиятда коррупциянинг барча шаклларига нисбатан муросасиз муносабат қарор топишига эришиш мумкин.

Коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари сирасига аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш киради. Давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар амалга оширилади.

Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга чек қўйиш, уларнинг оқибатларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлаш ҳам шулар жумласидандир.

Коррупция балосидан батамом қутулиш, бу борадаги ислоҳотларнинг фаол иштирокчиси бўлиш барчамизнинг шарафли бурчимиз эканлигини ҳамма бирдек тушунмоғи даркор. Акс ҳолда, ўзига тегишли хулоса чиқармай, порахўрлик ва таъмагирликдан ўзини тия олмайдиган шахслар жазога тортилиши муқаррар.

Дарҳақиқат, ҳар қандай вазиятда ҳам ҳалол одам ҳаётда ғолиб бўлиб, бахтли-саодатли яшайди. Зеро, бугун бутун жамиятимиз ана шундай покиза ҳаётга интилмоқда.

 

Давлат Раҳимов, Қашқадарё вилоят суди судьяси

Ходимлар манфаатлари қонун ҳимоясида

Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси ва бошқа меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ходимлар, иш берувчилар ва давлат манфаатларини эътиборга олган ҳолда, меҳнат бозорининг самарали амал қилишини, ҳаққоний ва хавфсиз меҳнат шарт-шароитларини, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқи ва соғлиғини ҳимоя қилинишини таъминлайди, меҳнат унумдорлигининг ўсишига, иш сифати яхшиланишига, шу асосда барча аҳолининг моддий ва маданий турмуш даражасини юксалишига кўмаклашади.

Иш берувчига нисбатан киритилган даъво аризаларининг судлар томонидан қаноатлантирилишига асос ходимни ишдан бўшатишга оид меҳнат қонунчилиги талабларига тўлиқ риоя қилинмаган ҳолда буйруқ расмийлаштирилиши сабаб бўлади.

Хусусан, иш берувчининг ташаббусига кўра меҳнат шартномаларини бекор қилишда амалдаги меҳнат қонунчилиги талабларига риоя қилинмаганлиги меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги буйруқнинг ғайриқонуний деб топилиши ва бекор қилинишига, ходимни ўз вазифасига ишга тикланишига, етказилган зарарларни ундирилишига олиб келади.

Аслида ходим билан тузилган меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббуси билан қандай ҳолларда ва асосларда бекор қилинади?

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 100-моддаси 2-қисмига асосан қуйидаги сабаблардан бирининг мавжудлиги меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилишнинг асослари ҳисобланади:

1) технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги ёхуд корхонанинг тугатилганлиги;

2) ходимнинг малакаси етарли бўлмаганлиги ёки соғлиғи ҳолатига кўра бажараётган ишига нолойиқ бўлиб қолиши;

3) ходимнинг ўз меҳнат вазифаларини мунтазам равишда бузганлиги;

4) ходимнинг ўз меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузганлиги;

5) ўриндошлик асосида ишламайдиган бошқа ходимнинг ишга қабул қилиниши муносабати билан, шунингдек меҳнат шартларига кўра ўриндошлик иши чекланиши сабабли ўриндошлар билан меҳнат шартномасининг бекор қилинганлиги;

6) корхона раҳбари, унинг ўринбосарлари, бош бухгалтер билан, корхонада бош бухгалтер лавозими бўлмаган тақдирда эса, бош бухгалтер вазифасини амалга оширувчи ходим билан тузилган меҳнат шартномаси мулкдорнинг алмашиши сабабли бекор қилинганлиги;

7) ходимнинг пенсия ёшига тўлганлиги, қонун ҳужжатларига мувофиқ ёшга доир давлат пенсиясини олиш ҳуқуқи мавжуд бўлганда.

Ўз ўрнида низо судгача келганда албатта судлар томонидан иш берувчи ўз ташаббусига кўра меҳнат шартномасини бекор қилишда амал қилмоғи зарур бўлган қуйидаги ҳолатларга риоя этилган ёки этилмаганлиги ўрганилади:

Жумладан:

  1. Иш берувчи ходимни Меҳнат кодексининг 102-моддаси талабларидан келиб чиқиб тегишли асосга кўра меҳнат шартномасини бекор қилмоқчи бўлганлиги тўғрисида огоҳлантирганлиги;
  2. Интизомий жазони қўллаш тартибга риоя қилинган ёки қилинмаганлиги;
  3. Ходим вақтинча ишга қобилиятсиз ва таътил вақтида бўлган ёки бўлмаганлиги;
  4. Алоҳида тоифадаги ходимлар билан меҳнат шартномаларини бекор қилишда қонунларда белгиланган қўшимча кафолатлар ҳисобга олинганлиги;
  5. Жамоа келишувида, шунингдек жамоа шартномасида ёки корхонанинг локал норматив ҳужжатларида белгиланган кафолатларга риоя этилган ёки этилмаганлигини ўрганади.

Ушбу ҳолатларга риоя қилинмаганда ёхуд ушбу талабларнинг бирортаси бузилган тақдирда ҳам суд ходимни аввалги вазифасига тиклайди.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 111-моддасига кўра, меҳнат шартномаси ғайриқонуний равишда бекор қилинган ёки ходим ғайриқонуний равишда бошқа ишга ўтказилган ҳолларда, у иш берувчининг ўзи, суд ёки бошқа ваколатли орган томонидан аввалги ишига тикланиши лозим.

Демак, иш берувчи ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилишни амалдаги меҳнат қонунчилигига риоя этмаган ҳолда амалга оширдими, унинг ҳаракатлари ғайриқонуний деб топилади, ноқонуний чиқарилган буйруқ бекор қилиниб, ходим ишга тикланади.

Ходимнинг ҳуқуқлари аввало бош қомусимизда мустаҳкамлаб қўйилганлигини унутмаслигимиз даркор, яъни Ўзбекистон Республикаси конституциясининг 37-моддаси биринчи қисмига кўра “Ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эгадир.”

Шу асносда, судлар томонидан ҳар қандай ҳуқуқнинг, ҳусусан ходимнинг меҳнат ҳуқуқларининг бузилишига, инсоннинг ҳуқуқ-манфаатларининг поймол этилишига, кескин муносабат билдирилади ва уларнинг бузилган ҳуқуқлари албатта тикланади.

 

Бекзод Остонов, Қашқадарё вилоят суди судьяси

Маҳсулот етказиб бериш шартномасининг мазмун ва моҳияти

Маҳсулот етказиб бериш шартномасига мувофиқ тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган маҳсулот етказиб берувчи — сотувчи шартлашилган муддатда ёки муддатларда ўзи ишлаб чиқарадиган ёхуд сотиб оладиган товарларни сотиб олувчига тадбиркорлик фаолиятида фойдаланиш учун ёки шахсий, оилавий мақсадларда, рўзғорда ва шунга ўхшаш бошқа мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлмаган бошқа мақсадларда фойдаланиш учун топшириш, сотиб олувчи эса товарларни қабул қилиш ва уларнинг ҳақини тўлаш мажбуриятини олади.

Маҳсулот етказиб бериш шартномаси бир йилга, бир йилдан ортиқ муддатга ёки тарафлар келишувида назарда тутилган бошқа муддатга тузилиши мумкин.

Агар маҳсулот етказиб бериш шартномасида унинг амал қилиш муддати белгиланмаган бўлса, шартнома бир йилга тузилган деб ҳисобланади.

Агар узоқ муддатли шартномада етказиб берилиши лозим бўлган товарлар миқдори ёки шартноманинг бошқа шартлари бир йилга ёки ундан ортиқ муддатга белгиланган бўлса, шартномада тарафларнинг бу шартларни шартноманинг амал қилиш муддати тугагунга қадар кейинги даврлар учун келишиб олиш тартиби белгиланиши лозим. Шартномада бундай тартиб бўлмаса, шартнома бир йилга ёки шартнома шартлари келишилган муддатга тузилган ҳисобланади.

Узоқ муддатли шартнома тарафларидан бири етказиб берилиши лозим бўлган товарлар миқдорини ёки шартноманинг бошқа шартларини кейинги даврлар учун шартномада белгиланган тартибда келишиб олишни рад қилган ёки ундан бош тортган тақдирда бошқа тараф тегишли даврларда товарларни етказиб бериш шартларини белгилаш тўғрисидаги ёхуд шартномани бекор қилиш тўғрисидаги талаб билан судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Бир тарафнинг товарлар етказиб бериш шартномасини тузиш ҳақидаги таклифи шартнома лойиҳаси шаклида бошқа тарафга юборилган тақдирда, иккинчи тараф шартномани бошқа шартларда тузишга рози бўлса, лойиҳани олганидан сўнг кечи билан ўттиз кун ичида келишмовчиликлар баённомасини тузади ва уни имзоланган шартнома билан қайтаради, келишмовчиликлар баённомасини олган тараф ўттиз кунлик муддатда шартнома шартларини келишиш чораларини кўриши ёки шартнома тузишни рад этишини бошқа тарафга ёзма равишда билдириши лозим.

Маҳсулот етказиб бериш шартномаси шартлари бўйича келишмовчиликлар баённомасини олган, бироқ шартнома шартларини келишиш чораларини кўрмаган ва шартнома тузишни рад этишини ушбу модданинг биринчи қисмида белгиланган муддатда бошқа тарафга маълум қилмаган тараф шартнома шартларини келишиб олишдан бош тортиш оқибатида етказилган зарарни қоплашга мажбур.

Шартномада маҳсулот етказиб бериш даврларини белгилаш билан бир қаторда товарларни етказиб бериш (ўн кунлик, суткалик, соатлик ва ҳоказо) жадвали ҳам белгиланиши мумкин.

Товарларни муддатидан олдин етказиб бериш сотиб олувчининг розилиги билан амалга оширилиши мумкин. Муддатидан олдин етказиб берилган ва сотиб олувчи томонидан қабул қилинган товарлар кейинги даврда етказиб берилиши лозим бўлган товарлар миқдорига киритилади.

Товарларни олиб бориб бериш етказиб берувчи томонидан уларни маҳсулот етказиб бериш шартномасида назарда тутилган транспортда ва унда белгиланган шартларда жўнатиш йўли билан амалга оширилади.

Агар маҳсулот етказиб бериш шартномасида товарлар ҳақи олувчи томонидан тўланиши назарда тутилган бўлса ва у ҳақ тўлашдан асоссиз бош тортса ёки товарлар ҳақини шартномада белгиланган муддатда тўламаган бўлса, етказиб берувчи сотиб олувчидан етказиб берилган товарлар ҳақини тўлашни талаб қилишга ҳақли.

 

Акмал Арзиев, Қашқадарё вилоят суди судьяси

Жоҳил қайнота ўз келинини ўлдиришига бир баҳя қолди

(суд очерки)

Ҳа, ўша куни қонга беланган жувоннинг катта йўл бўйлаб бақириб, югуриб бораётганлиги атрофдагиларни ҳушёр торттирди. Ҳаял ўтмай одамлар уни тўхтатиб, атрофини ўраб олганича, ким бу кўйга солганини сўраб, суриштира бошлади. Қўрқув  ва кўп қон йўқотишдан ранги бўздай оқариб кетган аёл ерга мук тушганича, зўрға:  “Қайнотам, қайнотам пичоқлади”, дея олди холос. Шу  алпозда кимдир тез ёрдамга қўнғироқ қилишга, яна бирови ҳолсизликдан ҳушини йўқотаёзган аёлга ёрдам беришга шошилди…

Косон туманида оиласи ва уч фарзанди билан истиқомат қилувчи Манзура Жўрабоеванинг (исм-шарифлар ўзгартирилган) турмуш ўртоғи Жавлон Қобилов анча йилдан буён тирикчилик важидан чет элда ишлар, йилида бир келиб, икки-уч ой уйда бўлгач, яна ишлаш учун қайтиб кетарди. Манзура фарзандлари билан қайнотаси ва унинг бошқа оила аъзолари яшаётган ҳовлининг бир томонида девор миён қўшни бўлиб, алоҳида яшар, улар бир-бирларидан бот-бот хабардор бўлиб турарди.

Аввалига бир оиладек аҳил яшаётган қайнота-келиннинг негадир кейинчалик муносабатлари дарз кета бошлади. Боиси Манзура ҳеч жойга ишламасада сўнгги пайтларда сўрамай-нетмай, уйдан тез-тез чиқиб кетиб, баъзида эса кечда уйга кириб келадиган одат чиқарди. Табиийки, уни бундай ўзбошимчалик билан иш тутиши қайнота-қайнонасига ёқмайди. Улар сўраб-суриштиргидай бўлса, Манзура ҳар гал турли баҳоналарни рўкач қилиб, терс жавоб берадиган бўлди.

Шу куни ҳам эрталабданоқ кичик ёшдаги набираси Бегзодни мактабга олиб бориш учун уйга кирган Йўлдош ака билан келини  ўртасида ҳар галгидек гап қочди.

Сўнг эса бу тортишув катта можарога айланди. Келин қайнотасини уйдан чиқиб кетишини талаб этиб, қатьий туриб олди ҳамда уни дарвозасидан чиқариб, ичкаридан беркитиб олди. Бу машмашадан жаҳл отига минган қайнота уйга қайтиб келиб, ошхона пичоғини олганча, келинининг уйига томон югурди. Дарвоза ичкаридан беркитилганлигини билгач эса, келин яшайдиган ҳовлини айланиб ўтиб, келинининг фарзандлари билан турган хонасига бостириб кирди. У пичоқни қўлга тутганича, куракда турмайдиган сўзлар билан келинини ҳақорат қила бошлади:

-Мен сенинг қилиб юрган ишингни, юриш-туришингни кузатиб юрибман. Сен эса кейинги пайтларда бизни менсимасдан, билган ишингни қилиб юрибсан. Сендай келинни энди ўлдирмасдан бошқа чорам  қолмади.

Келин бу гапларга чидолмай, “исботлаб берасиз” деганча қайнотага юзланди. Қисқаси, келиннинг ножўя гап-сўзларидан тамом  жазавага тушган қайнота унинг сочидан тортиб, мушт тушира бошлади. Кейин эса қўлидаги пичоқни келинининг дуч келган жойига санча бошлади. Ёш гўдаклар онасини бобосининг чангалидан қутултириш учун бақириб йиғлаганларича,  унга ташланишди.  Қани  энди ажратиб бўлса?!  Шу алпозда бир амаллаб қайнотанинг қўлидан юлқиниб қутулган  Манзура жон ҳолатда кўча дарвозаси томон қоча бошлади.  Дарвозагача ортидан югурган қайнота хайриятки, қувиб ета оламади.

Энг ёмони – қилиб қўйган ишидан эндиликда пушаймон бўлган қайнота билмадим, қўрқув исканжасиданми ёхуд бошқа муддаодами, пичоқни  биқинига бир-икки марта санчиб олди: Ҳайриятки, қўни-қўшни,  шифокорларнинг тезкор ҳаракатлари билан қайнота-келинларнинг ҳаёти сақлаб қолинди.

Узоқ давом этган суриштирув ва тергов асносида қайнота Йўлдош Қобилов ўз жиноятини хаспўшлаш илинжида кўп найрангларни ишга солишга уриниб кўрди. Ҳаттоки ўз келинига нисбатан, “келиним мени пичоқлади”,  деган туҳматдан ҳам қайтмади.  Бироқ суд-тиббий экспертиза хулосалари Й. Қобиловнинг ўзига пичоқ урганлиги туфайли ўзига  тан жароҳати етказганлигига  аниқлик киритди.

Бу ҳаётда ҳар қандай жиноий  қилмиш жазосиз қолмайди, албатта.  Таассуфки, Й. Қобиловнинг  ҳаётида ҳам шундай бўлди.

Суд ҳайъати Й. Қобиловнинг  кирдикорларини   атрофлича муҳокама этиб, унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг тегишли модда ва  бандларига асосан муайян муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинлади.

Юқорида баён этилган воқеалар баёни билан таниша  бориб, ўйланиб қоласан,  киши. Ёши аллақачон 60 дан ошган,  ҳаётнинг паст-баландини тушунган қариянинг разолатга бориб, бу каби  мудҳиш жиноятга қўл уриши кечирилмас ҳолдир. Инчунин, бу борада келин Манзура Жўрабоевани ҳам оқлаб бўлмайди. Боиси, у ёши анча улуғ,  ҳар ҳолда шу хонадоннинг бошлиғи, қайнотасига нисбатан қўполлик қилмасдан, бўлган воқеаларни ётиғи билан тушунтирганида, балки ўзи ҳам жабрланмаган,  қайнота ҳам жазога ҳукм этилмаган   бўлармиди?!

Айтиш керакки, ҳар бир оиланинг аҳиллиги, ҳамжиҳатлиги, бир-бирига бўлган муомала-муносабатлари билан белгиланади,  албатта.  Қачонки оилада соғлом муҳит барқарор бўлса, ўша хонадон, маҳалла-куй, эл-улус олдида обрў-эътибор қозониш баробарида, бу ердаги фарзандлар ҳам тўлақонли меҳр ардоғида камолга етади.

Юқорида гувохи бўлганингиз, киши қалбида оғриқ уйғотувчи  бу каби нохуш воқеалар гумроҳлик ва юзшувутликдан ўзга нарса эмас.

 

Аҳрор Ғоппоров, Қашқадарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судьяси 

Боқувчисини йўқотганлар давлат ҳимоясида

Яқин кишисининг ўлими нафақат қайғу, балки, фуқароларнинг айрим тоифалари учун тирикчиликдан маҳрум қилишдир. Бироқ ўзбек халқи азал-азалдан бағрикенг, инсонпарварлик туйғулари кенг шаклланган, етимнинг, ночорнинг бошини силаган ва унга ғамхўрлик қилиб келган миллат ҳисобланади. Шундай экан, жонажон юрт, мустақил Ўзбекистонда ҳеч бир фуқаро эътибордан, меҳрдан мосуво эмас.

Ўзбекистон Республикаси “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонуннинг 19-моддасига мувофиқ:

Вафот этган боқувчисининг қарамоғида (20-модда) бўлган меҳнатга қобилиятсиз оила аъзолари боқувчисини йўқотганлик пенсияси олиш ҳуқуқига эга бўлади. Бунда фарзандларга ва ушбу модданинг “в” бандида кўрсатиб ўтилган шахсларга пенсия улар боқувчисининг қарамоғида турган-турмаганидан қатъий назар тайинланади.

Марҳумнинг қарамоғида турмаган ота-онаси ва эри (хотини) ҳам, кейинчалик кун кечириш учун зарур маблағ манбаидан маҳрум бўлиб қолсалар, пенсия олиш ҳуқуқига эга бўладилар.

“Фуқароларнинг давлат пенсияси таъминоти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни бўйича давлат пенсияси олиш ҳуқуқига эга бўлмаган шахснинг қарамоғида бўлган оиланинг меҳнатга лаёқатли бўлмаган аъзоларига боқувчисини йўқотганлик нафақаси тайинланади. Боқувчисини йўқотганлик нафақаси вафот этганнинг оила-аъзоларига вафот этган фуқаро олган ёки олиш ҳуқуқига эга бўлган нафақага фоиз нисбатида қуйидаги миқдорда белгиланади:

оиланинг уч ва ундан ортиқ меҳнатга лаёқатсиз аъзосига – нафақанинг 100 фоизи;

оиланинг меҳнатга лаёқатсиз икки аъзосига – нафақанинг 75 фоизи;

оиланинг меҳнатга лаёқатсиз бир аъзосига – нафақанинг 50 фоизи.

Бу нафақалар бўйича харажатлар ҳам Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан Пенция жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

“Фуқароларнинг ва тадбиркорлик субектларининг ҳуқуқлари, кафолатлари янада кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун Президент томонидан имзоланиши муносабати билан оиланинг меҳнатга қобилиятсиз аъзолари (болалар, ака-укалар, опа-сингиллар ва набиралар) ёши 18 ёшгача этиб белгиланган (илгари 16 ёшгача эди). Ўқувчилар ва талабалар ўқиш давомида 23 ёшгача боқувчисини йўқотганлик нафақасини олиши мумкинлиги белгиланган (илгари 18 ёшгача эди).

Боқувчисини йўқотганлик пенсияси тайинланган оила аъзолари уни оилада қарамоғида бўлганларни боқиш вазифасини ўз зиммасига олган меҳнатга лаёқатли аъзоси бўлгунга қадар олишлари мумкин.

Қонунда назарда тутилган қуйидаги ҳолларда оиланинг янги боқувчиси бўлиши мумкин:

қарамоғидаги шахс вояга етганида;

қарамоғидаги вояга етган шахс университетни тугатган ёки чиқариб юборилганда;

агар пенсия 8 ёшгача бўлган боланинг қарамоғида бўлган марҳумнинг қариндоши томонидан олинган бўлса ва бола шу ёшга етган бўлса.

Ижтимоий пенсиялар жамиятимиз учун давлат томонидан муҳим қўллаб-қувватланади. Чунки, улар ҳақиқатдан ҳам зудлик билан муҳтож бўлган аҳоли тоифалари учун мўлжалланган.

Зеро, пенсионерлар, ногиронлар, кам таъминланган болаларга қўшимча моддий ёрдам кўрсатилиши уларнинг ҳаётини яхшилаш, енгиллаштиришга хизмат қилади.

 

Олламурод Суюнов, фуқаролик ишлари бўйича Яккабоғ туманлараро суди раиси

 

УСТОЗЛИК – ЭНГ УЛУҒ ВА ШАРАФЛИ КАСБ

 

“Агар шогирд шайҳулислом, агар қозидур,

Агар устоз рози – Тангри розидур”

Алишер Навоий

 

Ҳаммамизга маълумки, дунёда инсонлар турли касблар билан шуғулланади. Бироқ, ушбу касблар ичида шундай бири борки, у ҳам шарафли, ҳам маъсулиятлилиги билан бошқа барча касблардан ажралиб туради. Бу устозлик ва мураббийликдир.

1997 йилдан буён юртимизда «1 октябр – Ўқитувчилар ва мураббийлар куни» умумхалқ байрами сифатида кенг нишонлаб келинмоқда, бу сана устозларни зиёрат қилиш куни ҳамдир. Шу сабабли бизга сабоқ берган, устозлик қилган ва ўз вазифаларини шараф билан адо этиб келаётган инсонларни касб байрамлари билан табриклашга интиламиз.

Эртанги кунимизнинг қандай бўлиши мактаб, билим юртларидаги таълим-тарбияга боғлиқдир, айнан фарзандларимизнинг онги-тафаккури шу жойларда шаклланади. Устозларни улуғлаш, уларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш халқимизнинг азалий қадрияти ҳисобланади.

Сиздан бошланади асли тафаккур,

Мунис муаллимлар, сизга ташаккур! 

Абдулла Орипов

Янги Ўзбекистонимизнинг келажаги, юртимизнинг дунёдаги ривожланган, замонавий давлатлар қаторидан муносиб ўрин эгаллаши, ҳеч иккиланмасдан айтишимиз мумкинки, илм-фан ва таълим-тарбия соҳасининг ривожига боғлиқ.

Айниқса сўнгги йилларда давлатимиз томонидан таълим-тарбияга алоҳида эътибор қаратилди, барча соҳаларнинг моддий-техник базаси мустаҳкамланиб борилмоқда, чет давлатлардаги етакчи таълим муассасалари билан илмий-педагогик ҳамкорлик кучайтирилди. Ўқув-тарбия жараёнларига замонавий таълим ва ахборот технологиялари, янги ўқув методикалари жорий қилинди.

Албатта, ҳар биримиз исталган соҳада меҳнат қилмайлик, устоз ва мураббийларга эҳтиёж сезамиз.

Барча касбларга катта ҳурмат билан айтиш мумкинки, судьялик – инсон тақдири билан боғлиқ маъсулиятли лавозим.

Зеро, судья нафақат муайян суд ишини ҳал қилиш ваколатига эга бўлган мутлоқ ҳуқуқли процессуал шахс, балки у, аввало жамиятдаги энг обрўли инсондир. Айнан судьялик маданияти, судьянинг илм-маърифати орқали одил судловга ҳурмат, Конституция ва Қонунлар устуворлиги ҳамда адолатга ишонч шаклланади. Инсон тақдири билан бевосита боғлиқ лавозимнинг талаби ҳам шунга яраша бўлиши табиий.

Азал-азалдан халқимиз устоз-шогирд муносабатларини олий қадрият даражасига кўтариб келган, устозлар отадек улуғ инсонлар ҳисобланишган. Кимки бу ҳаётда ютуқ, обрў-эътиборга эришса, ўз касбидан эъзоз топса, биринчи навбатда устозларига раҳмат айтади, ўз ҳурматини билдиради.

Президентимиз Ш.Мирзиёев ҳам “устоз-шогирд” муносабатлари ҳақида тўхталиб, “Бугунги кунда Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даври пойдеворини яратяпмиз. Бунда бизнинг энг яқин кўмакчиларимиз устоз ва мураббийлар, илмий ва ижодкор зиёлилардир, ҳудудларда “устоз-шогирд” анъанасини кучайтирсак, ўйлайманки, нур устига нур бўлади”-деган эдилар.

Бугунги кунда устоз-шогирдлик анъаналари кўплаб меҳнат жамоалари қатори, суд тизимида ҳам кенг қўлланиб келинмоқда. Бу эса, етук малакали судьяларни тарбиялашда, одил ва адолатли суд қарорларини қабул қилишда ўта муҳим аҳамият касб этмоқда. Айниқса,  лавозимларга илк маротаба тайинланган ёш судьяларга илгари ушбу тизимда самарали фаолият юритиб, меҳнат йўллари барчага ўрнак бўлган, тажрибали фахрий судьялар устоз қилиб бириктирилган. Улар мунтазам равишда қонуний ва адолатли қарор қабул қилишда ўзларининг билим ва тажрибалари билан ёшларга йўл-йўриқ кўрсатиб келмоқдалар.

Бундан ташқари, катта ҳаётий таж­рибага эга бўлган суд тизими фахрийлари ҳамда жамиятда катта обрў-эътиборга эга бўлган нуронийлар билан «Уч авлод учрашувлари» мунтазам равишда ўтказиб келинмоқда. Бу каби тадбирлар доирасида суд тизими фахрийлари, фаолият кўрсатаётган судьялар ва судьялик лавозимига захирада турган ёш номзодлар билан учрашиб, фахрий ҳамкасбларнинг ҳаётий тажрибаси билан ўртоқлашмоқдалар.

Судьялар одоби кодексининг 10-моддасида, тажрибали судьялар “устоз-шогирд” анъаналарига таянган ҳолда ўз тажриба ва билимларини илк бор тайинланган судьяларга ўргатишлари шартлиги белгиланган.

Бежизга халқимиз устозларни эъзозлаб: «Устознинг умри – мангу, чунки шогирдлар умри унга уланади»-деб, айтишмаган.

Бугунги кунда суд-ҳуқуқ тизимидаги кенг қамровдаги ислоҳотлар, судьяларга берилаётган имтиёз ва қулайликлар судьяларнинг масъулиятини ҳам оширади. Бу жараёнда, айнан устоз судьяларнинг соҳада босиб ўтган ва ўтаётган йўллари ёш судьялар учун катта мактаб бўлмоқда.

Ҳар йили турли байрамлар муносабати билан қонун устуворлиги ва тинчликни таъминлаш, соҳада юқори малакали кадрларни тайёрлаш, ёш авлодни она Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш йўлидаги кўп йиллик самарали меҳнати ҳамда ижтимоий ҳаётдаги фаол иштироки учун суд тизимида узоқ йиллардан буён самарали фаолият кўрсатиб келаётган судьялар ва фахрийлар юксак давлат мукофотлари билан тақдирланиб келинмоқдалар. Бу эса, тизимда фаолият олиб бораётган ёш судьялар ва судья бўлиш истагида юрган ходимлар учун ажойиб “мотивация” бермоқда десак хато бўлмайди.

Зотан, юксак ва масъулиятли лавозимига бўлган муносабатни тубдан ўзгартириш, эл-юртнинг ҳурмат ва назаридан олий бахт йўқлигини, одил судловни амалга оширишда фуқароларнинг ва тадбиркорлик субъектларининг қонуний ҳуқуқ ва эркинликларини, давлат ва жамият манфаатларини муҳофаза қилишни тўлиқ таъминлашни энг асосий бурч деб билиб, бу ишда фидойилик кўрсатиш орқалигина бу каби эътироф ва эътиборда бўлиш мумкин.

Барча устоз ва мураббийларимизни, устоз судьяларимизни «1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни» билан чин қалбдан муборакбод этиб, машаққатли, шу билан бирга, шарафли ва маъсулиятли фаолиятларида куч-қувват, мустаҳкам соғлиқ ва муваффақиятлар тилаймиз.

 

Шаҳзод Бахтиёров, Қашқадарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судьяси

Skip to content