Қашқадарё вилоят судида бир гуруҳ судьялар ва суд ходимларини «Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги» эсдалик нишони билан тақдирлаш маросими бўлиб ўтди

 

Тадбирда вилоятдаги барча судьялар ва суд ходимлари иштирок этишди. Тадбирни Қашқадарё вилоят суди раиси Абдуқаюм Маҳкамов олиб борди.

Тадбир давомида мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлардаги фаол иштироки, жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш борасидаги ҳуқуқий тарғибот ишларига катта ҳисса қўшаётган Қашқадарё вилоят судларида фаолият юритаётган судьялар ва суд ходимларининг фаолиятлари ҳақида илиқ фикрлар айтилди.

 

Абдуқаюм Маҳкамов барча судьялар ва суд ходимларини Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг ўттиз йиллиги байрами муносабати билан муборакбод этар экан, уларнинг меҳнат фаолияти давомидаги ютуқларини ҳам эътироф этиб ўтди. Суд-ҳуқуқ тизимини демократлаштириш, одил судловнинг сифат ва самарадорлигини ошириш, судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, бир сўз билан айтганда, ушбу соҳадаги муҳим ислоҳотларни изчиллик билан амалга оширишдаги фаолиятларида уларга омад тилади.

 

Қашқадарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими

Қашқадарё вилояти прокуратурасида Қарши шаҳрида бир гуруҳ шахслар томонидан спорт мураббийи Элбек Раҳимовнинг ўлдириб кетилгани билан боғлиқ жиноят тафсилотлари хусусида матбуот анжумани бўлиб ўтди

Қашқадарё вилояти прокуратурасида Қарши шаҳрида бир гуруҳ шахслар томонидан спорт мураббийи Элбек Раҳимовнинг ўлдириб кетилгани билан боғлиқ жиноят тафсилотлари хусусида Ўзбекистон Бош прокуратураси, Олий суд ҳамда Ички ишлар вазирлиги раҳбарлари ва масъул ходимлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Айтиш жоизки, ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида ушу-санда бўйича жаҳон чемпиони, MMA жангчиси Элбек Раҳимов ўлдириб кетилгани ҳақидаги хабарлар жамоатчиликнинг кенг муҳокамасига сабаб бўлди. Маълумот учун, жорий йил 17 август куни Қарши шаҳрида бир гуруҳ шахслар одамлар кўз ўнгида спорт мураббийи Элбек Раҳимовни уриб, калтаклаган. Сўнг, машинага ўтқазиб, номаълум томонга олиб кетган. Бир гуруҳ шахслар унга оғир тан жароҳатлари етказиб, спортчини Чироқчи туманига ташлаб кетган. Кўрсатилган тиббий ёрдамларга қарамасдан Элбек Раҳимов шу куни шифохонада вафот этган. Анжуманда Қарши шаҳрида бир гуруҳ шахслар томонидан спорт мураббийи Элбек Раҳимовнинг ўлдириб кетилгани билан боғлиқ жиноят тафсилотлари ҳақида журналист ва блогерларга маълумот берилди.

Ўзбекистон Республикаси Бош Прокурори Ниғматилла Йўлдошев ушбу жиноят тафсилотлари ҳақида тўхталар экан марҳум Элбек Раҳимов жиноят содир этган фуқаро Боймирзаев билан олдиндан низоли вазиятда бўлганини таъкидлади. Маълумотларга кўра, Тезкор ҳаракатлар натижасида ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилган. Иш доирасида гумонланувчи шахслар ишга жалб қилинган.

Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов томонидан бу мудҳиш жиноятнинг ташкилотчиси Боймирзаев кеча қамоққа олингани маълум қилинди. “Бу жиноят учун қонуний чоралар кўрилади. Бу воқеа жиддий назоратга олинади. Бу жанжалнинг бошланиши авввало икки спортчининг илк кураши – спорт мусобақасидан келиб чиққан. Улар бири ютиб бири ютқизгани сабаб низо юзага келган. Улар ҳеч кимга мурожаат қилмаган. Ўзларича “разбор” қилиб олмоқчи бўлган. Албатта бу жараёнлар масъул ташкилотлар томонидан эътиборга олиниши керак эди. Бу масала ҳам назорат қилинади. Керак бўлса хизмат текшируви ҳам ўтказилади”, деди ички ишлар вазири.

Олий суд раиси Козимжон Комилов вазиятга изоҳ берар экан бу бўйича суд иши барча учун очиқ тарзда ўтказилиши маълум қилди.

Шундан сўнг ОАВ вакиллари мазкур жиноят бўйича ўзларини қизиқтирган саволларга масъуллардан жавоб олишди.

 

Қашқадарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими

КОНСТИТУЦИЯ УСТУНЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШНИНГ МУҲИМ ҲУҚУҚИЙ ҲУЖЖАТИ

Барчамизга маълумки, Конституциявий суд инсоният тарихида фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, Конституциянинг устунлигини таъминлаш ва уни муҳофаза қилиш мақсадида ташкил этилади. Конституциявий судлов – демократик давлатчиликнинг муҳим сифат белгисидир.

1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Конституцияда конституциявий назоратни амалга оширувчи махсус орган – қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятларнинг ҳужжатлари Конституцияга қанчалик мослигига доир ишларни кўрадиган Конституциявий судни ташкил этиш ва фаолият юритиш белгиланди. 1995 йил 30 августда эса “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги алоҳида Қонун қабул қилинди.

Кейинчалик, 2017 йил 31 майда “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги янги таҳрирдаги Қонуни қабул қилинди.

Мазкур қонунлар ўтган давр мобайнида Конституцияни ҳимоя қилиш, унинг нормалари ва принципларини ҳамда унда қатъий мустаҳкамланган инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш йўлида муҳим ҳуқуқий ҳужжат бўлиб келди.

Ҳеч иккиламасдан Конституциявий судни инсон ва фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларининг ҳимоячиси бўлган судлов органи дейиш мумкин ва Конституциявий суднинг мустақиллигини таъминлаш алоҳида аҳамият касб этади.

Давлат ҳокимияти тизимини изчиллик билан такомиллаштириш ва мазкур ҳокимиятни мунтазам ўзгараётган ижтимоий муносабатлар билан уйғунлашиб бориши Конституциявий суд фаолиятини қайта кўриб чиқишни ва такомиллаштириш тақозо қилганлиги сабабли 2021 йил 27 апрелда «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги янги таҳрирдаги Қонуни қабул қилинди.

Қонунга кўра, Конституциявий суд доимий фаолият юритувчи суд ҳокимияти органи бўлиб, қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимият ҳужжатларининг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисидаги ишларни кўради.

Конституциявий суд конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари муайян ишда қўлланилган ва Конституцияга мувофиқ бўлмаган қонунда бузилган деб ҳисобловчи фуқаролар ҳамда юридик шахсларнинг шикоятларини ҳам кўриб чиқиши белгиланди.

Қонун таҳрири 13 боб ва 101 моддадан иборат (аввалги таҳририда 5 боб ва 45 та модда бўлган) бўлиб, унда эски таҳрирдаги Қонундан фарқли бўлган бир қатор янгиликлар мавжуд.

Жумладан, Конституциявий суд ўзи киритган қонун лойиҳасини Қонунчилик палатасида кўриб чиқиш чоғида иштирок этиш учун ўз вакилини тайинлайди, суд таркибига киритилган судьялар сони, раис ва унинг ўринбосарини қўшган ҳолда, 7 нафардан 9 нафаргача оширилди.

Бундан ташқари, Қонунда Конституциявий суд судьяларининг мустақиллигини таъминлашга қаратилган қатор янгиликлар жорий этилди.

Хусусан, Конституциявий суд судьясининг ваколат муддати қайта кўриб чиқилди. Илгари Конституциявий суд судьясининг ваколат муддати беш йилни ташкил этган бўлса, янги қонунга кўра биринчи марта сайланганда беш йилни, навбатдаги сайланганда ўн йилни ташкил этади. Аввалги қонунда айни бир шахс икки мартадан ортиқ Конституциявий суднинг судьяси этиб сайланиши мумкин эмаслигига доир қоида янги қонунда ҳам сақланиб қолди. Демак, аввал Конституциявий суднинг судьяси бўлиш муддатининг энг кўп узоқ муддати 10 йилни ташкил этган бўлса, эндиликда бу муддат 15 йилни ташкил этади. Қонунда Конституциявий суд раиси ва унинг ўринбосари Конституциявий суд мажлисида унинг судьялари орасидан сайланиши назарда тутилиб, уларнинг ушбу лавозимдан озод қилиниши тартибга солинмаганди. Янгиликлардан яна бири, Конституциявий суд раиси ва унинг ўринбосари ёзма аризаларига кўра Конституциявий суд томонидан эгаллаб турган лавозимидан озод қилинишлари мумкин.

Бундан ташқари, илгари Конституциявий суд судьясига олий ёки биринчи малака даражаси берилган бўлса, эндиликда биринчи малака даражаси Конституциявий суд томонидан бериладиган бўлди (аввал – иккала малака даражалари Президент томонидан берилган).

Янги Қонуннинг 14-моддасига кўра, Конституциявий суд судьясига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси ўта оғир жиноят содир этганлик ёки одамнинг ўлимига сабаб бўлган бошқа қасддан жиноят содир этганлик айби қўйилган ҳоллардагина қўлланилиши мумкин. Бундай қоида Конституциявий суднинг собиқ судьясига нисбатан ҳам қўлланилади.

Конституциявий суд раиси Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг, уларнинг органларининг, шунингдек Олий суд Пленумининг мажлисларида иштирок этиши мумкин. Конституциявий суд ишларини юритиш коллегиал тарзда амалга оширилади (илгари – ишларни кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш тўрт судьядан кам бўлмаган таркибда коллегиал тарзда амалга оширилган).

Янги Қонуннинг аҳамиятга молик томонларидан яна бири бу – «Конституциявий судга мурожаат қилиш. Мурожаатни дастлабки тарзда кўриб чиқиш ва ўрганиш. Ишни кўриш учун қабул қилиш»-деб номланган 5-бобидир.

Унга кўра, Конституциявий судга мурожаат қилувчи субъектлар қаторига ҳисоб палатаси аъзолари (илгари – ҳисоб палатаси раиси), Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ, Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили билан бирга, фуқаролар ва юридик шахслар ҳам киритилди.

Яъни, агар қонун фуқаролар ва юридик шахсларнинг фикрича, уларнинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларини бузаётган бўлса, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ келмаса ҳамда судда кўрилиши тугалланган муайян ишда қўлланилган бўлса ва судда ҳимоя қилишнинг барча бошқа воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, улар қонуннинг Конституцияга мувофиқлигини текшириш тўғрисидаги шикоят билан Конституциявий судга мурожаат этишга ҳақлидир.

Давлат ичидаги барча қонун, кодекс, фармон, қарор, низом ва бошқа ҳужжатлар Конституцияга мос бўлиши шарт.

Хулоса қилиб айтганда, халқимизнинг ҳоҳиш-иродасини ифода этган Конституциямизни ўрганиш, унинг мазмун-моҳиятини чуқур англаб етиш, тарғиб этиш ва унга қатъий риоя этиш ҳар биримизнинг жамият олдидаги муқаддас бурчимиздир.

Янги Қонун Конституциявий суд фаолиятининг самардорлигини ва нуфузини ошириш, мустақиллигини мустаҳкамлаш, ваколатларини кенгайтириш билан бир қаторда, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишга ва Конституция устунлигини таъминлашга хизмат қилади.

 

Қашқадарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судьяси Ш.Бахтиёров

Аёлларнинг оилада ҳам, жамиятда ҳам ўз ўрни бор

Бугунги кунда аёллар ва эркаклар тенг ҳуқуқларга эга бўлган шароитда умргузаронлик қилмоқдамиз ва ҳатто ҳозирда хотин-қизларга берилган имтиёз ва имкониятлар ҳар қачонгидан яхшироқ десак муболаға бўлмайди.

Мамлакатимиз ҳуқуқий давлат ва демократик жамият қуриш йўлида дадил одимлаб борар экан, хотин-қизларнинг эркаклар билан барча соҳада тенглигини таъминлашга, уларни улуғлаш ва қадрлашга, қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган миллий ҳуқуқ тизими яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бинобарин, барча қонун ҳужжатларимизга асос ҳисобланмиш Конституциямиз ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат Кодекси, Оила Кодекси, Фуқаролик Кодекси, Жиноят Кодекси, “Ўзбекистон Республикасида ногиронларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид сиёсат тўғрисида”ги, “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги, “Меҳнат муҳофазаси тўғрисида”ги, “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги, “Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш тўғрисида”ги, “Таълим тўғрисида”ги ва бошқа норматив ҳуқуқий ҳужжатларда асосий мақсад юртимиз аёлларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга, опа-сингилларимизнинг фаоллигини оширишга, уларга маънавий-руҳий мадад беришга, қолаверса, уларни турли таҳдидлардан ҳимоя қилишга қаратилган.

Дарҳақиқат, хотин-қизларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган барча қонун ҳужжатлари халқаро ҳуқуқий меъёрларга асосланган бўлиб, мамлакатимиз Марказий Осиёда биринчилардан бўлиб аёллар ҳуқуқини халқаро меъёр ва ҳуқуқий стандартларга мувофиқлигини таъминлаш мақсадида аёллар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги, аёлларнинг сиёсий ҳуқуқлари ҳақидаги, оналикни муҳофаза қилиш ҳақидаги халқаро конвенцияларга қўшилган.

Ривожланган давлатларни кузатар эканмиз аёлларга бўлган эътиборни, уларнинг жамиятда ва давлат органлари ва ташкилотларининг юқори поғоналарини эгаллаганликларини кўриб хулоса қилишимиз мумкин. Бироқ, ўринли савол туғилади, ҳар доим ҳам шундай бўлганмикан?!

Аёллар ҳуқуқлари учун курашнинг асосий майдони АҚШ бўлиб, бу ерда мустақиллик учун кураш кетаётган бир пайтда тарихга жаҳондаги илк феминист сифатида кирган Эбигейл Смит Адимс “Биз қабул қилинишида шахсан иштирок этмаган қонунларга бўйсунмаймиз” деган эди. Тўғрироғи, бу даъватдан олдин ҳам аёллар ҳуқуқсизлигига қарши эътирозлар бўлган бўлсада, ё уларга эътибор берилмаган ёхуд чиқишлар бостирилган, қаҳрамонлар эса қолганларга “ўрнак” сифатида шафқатсиз жазоланган.

1405 йилда Кристина Пизанская ўзининг “Аёллар туғёнлари тўғрисида» китобида уйда таълим олиш ва сиёсий ҳаётда иштирок этиш каби ғояларни илгари суради, бироқ замондошларидан ҳеч ким унинг чақириқларига эътибор қилмайди. Франциялик аёллар ҳуқуқлари ҳимоячиси Олимпи де Гуж эса ўзининг “Аёллар ҳуқуқлари тўғрисидаги декларация” китоби учун жазоланади.

1804 йилда Европадаги Машҳур Напалеон томонидан фуқаролик кодексига аёллар ҳуқуқларини буғувчи қоида киритилади. Унда “Аёллар ҳеч қандай фуқаролик ҳуқуларига эга бўлмайдилар ва эркакларнинг васийлигида турадилар” деб қайд этиб ўтган.

Ҳаммаси 1848 йилги АҚШда имзоланган “Ҳиссиётлар декларацияси”дан кейин ўзгариб кетади. Бу ҳужжатда жаҳон тарихида илк марта бугунги кунда деярли ҳар кун қулоғимизга чалинадиган “аёллар ва эркаклар тенг яратилган” деган сўзлар бор эди. Бу ҳужжат ўшанда том маънода курашнинг янги тўлқинини бошлаб берган. Аёллар аввало сиёсий ҳуқуқларга эга бўлишга алоҳида эътибор берадилар ва бу мантиқий жиҳатдан олиб қаралса тўғри йўналиш бўлган эди.

Сиёсий ҳуқуқларнинг дастлабкиси ва шу билан биргаликда асосийси ўша вақтда сайлаш ҳуқуқи эди. Бу соҳада Америка Қўшма Штатлари биринчи бўлди. 1850 йилда АҚШда “Биринчи аёллар умуммиллий съезди” бўлиб ўтади ва аёлларнинг сайлов ҳуқуқлари бўйича миллий ассосация ташкил этилади.

Бугун мамлакатимизда ҳам аёллар ҳуқуқлари ҳимоясига алоҳида аҳамият қаратилганлиги боис барча хотин-қизларимиз эъзоз ва эҳтиромда.

 

Нурбек АБДУЛЛАЕВ, Қашқадарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судьяси

Қашқадарё вилоят суди Раёсати йиғилиши бўлиб ўтди

Йиғилиш Қашқадарё вилоят, туманлараро, туман, ва шаҳар судларининг 2021 йилнинг 1-ярми давомида одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолияти якунлари ва навбатдаги вазифалар хусусида бўлди.

Йиғилишда Қашқадарё вилоят судлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг 2021 йил 9 мартда тасдиқланган “Йўл харитаси”да белгиланган вазифаларни ижро этиш бўйича Қашқадарё вилоят суди томонидан ишлаб чиқилган “Йўл харитаси”да белгиланган вазифаларнинг ижроси ҳамда натижадорлиги муҳокама қилинди.

Шунингдек, Қашқадарё вилоят судларининг 2021 йилнинг 2-ярмига мўлжалланган иш режаси муҳокама қилинди ва тасдиқланди.

  •                                                                        Қашқадарё вилоят суди
  •                                                                            жамоатчилик ва ОАВ
  •                                                                       билан алоқалар бўлими
Skip to content