Ер – даромад манбаи

Маълумки, 2021 йил 23 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мева-сабзавотчилик ва узумчиликда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, қишлоқ ҳўжалиги ишлаб чиқаришда дехқон хўжаликларининг улушини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Қарорга мувофиқ республикамиз бўйлаб ер майдонлари электрон танлов асосида ғолиб бўлган фуқароларга топширилиши кўзда тутилган. Ушбу ерлар аҳолига деҳқон хўжалиги ташкил этиш учун, 10 сотихдан 1 гектаргача 10 йил муддатга, очиқ электрон танлов ўтказиш орқали ижарага берилмоқда. Бунда, асосий мезон – ердан самарали фойдаланиш ва яратиладиган иш ўринлари этиб белгиланди.

Қашқадарё вилоят судлари судьялари ва қишлоқ хўжалиги ходимларидан иборат ишчи гуруҳ ҳудудларда бўлиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун ижарага берилган ер эгалари билан учрашиб, уларга ердан фойдаланиш бўйича ҳуқуқий тушунчалар беришди ва Олий суд томонидан тайёрланган «Ижарага берилган ер участкаларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш бўйича» методик қўлланмаларни топширишди.

Ўтказилган тадбирлар давомида ер эгаларига судьялар томонидан ижарага берилган ер участкаларидан самарали фойдаланишнинг ҳуқуқий асослари борасида тушунчалар берилди. Шартноманинг мазмуни, ердан фойдаланиш ҳуқуқи ва мажбуриятлари ҳақида маълумотлар берилиб, бу имкониятдан самарали фойдаланишга чақирилди.

 

Қашқадарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими

Қашқадарё вилоят судларининг Наврўз байрами

Барчамизга маълумки, Наврўз айёми янгиланиш, яшариш, меҳр-муҳаббат байрамидир. Бугун ҳар бир оила, ташкилот, идоралар ҳамда истироҳат боғларида байрам шукуҳи ҳукмрон. Наврўз айёми муносабати билан ташкил этилган Қашқадарё вилоят судларининг байрам тадбири кўтаринки руҳда бўлиб ўтди. Тадбирга Қашқадарё вилоят судлари судьялари, ходимлари ва суд фахрийлари таклиф этилди.

Дастлаб, тадбирни Қашқадарё вилоят суди раиси Абдуқаюм Маҳкамов ҳамда Қашқадарё вилоят маъмурий суди раиси Холис Муҳамедовлар табрик сўзлари билан очиб беришди.

Шундан сўнг барча меҳмонлар байрамона безатилган дастурхон атрофида ширин суҳбатлар қуришди. Тадбирда сўз олганлар йиғилганларни Наврўз байрами қутлаб, юртимизга ярашиб турган байрамлар бардавом бўлишини, осмонимиз ҳамиша бугунгидек мусаффо, юртимиз тинч, халқимиз омон бўлишини, хонадонларимиздан меҳр-оқибат, файзу барака аримаслигини тилашди.

Санъаткорлар томонидан ижро этилган баҳор, севги-муҳаббат ва меҳр-оқибатни тараннум этувчи куй-қўшиқлар байрамга ўзгача шукуҳ бағишлади.

 

Қашқадарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими

Қашқадарё вилоят суд органлари масъуллари томонидан Яккабоғ туманида сайёр қабул ташкил этилди

Қашқадарё вилоят суд органлари томонидан ўтказиб келинаётган сайёр қабуллар инсон ҳақ-ҳуқуқлари ва унинг манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.  Қашқадарё вилоят судлари масъуллари томонидан Яккабоғ тумани  аҳолиси учун ўтказган сайёр қабулда фуқароларнинг суд-ҳуқуқ масалаларига оид мурожаатлари ўрганиб чиқилди.

Сайёр қабул давомида ҳар бир мурожаат атрофлича ўрганилиб, 7 нафар фуқаронинг мурожаати қаноатлантирилди, 4 нафар фуқарога ҳуқуқий тушунтиришлар берилди ва 2 нафар фуқаронинг даъво аризалари қабул қилинди.

Ўтказилган сайёр қабул давомида Қашқадарё вилоят судлари масъуллари томонидан фуқаролар билан очиқ мулоқот ўтказилиб, суд-ҳуқуқ соҳасида фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини янада изчил ва самарали муҳафаза қилиш юзасидан тушунтиришлар берилди.

 

Қашқадарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқлар бўлими

Судлар ва маҳаллалар олдига қўйилган муҳим вазифалар

Қарши туманлараро иқтисодий суди судьялари Л.Абдуллаев, Ҳ.Турсунов ва У.Латиповлар томонидан Қарши шаҳри “Мағзон” маҳалла фуқаролар йиғинида маҳалла фаоллари ва фуқаролар иштирокида “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси“нинг асосий мақсад ва йўналишлари, мамлакатимизда амалга оширилган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 1 мартдаги “Оила ва хотин-қизлар давлат қумитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори ҳамда “Оила ва хотин-қизлар билан ишлаш, маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг мазмун-моҳиятини кенг тарғиб этишга қаратилган очиқ мулоқот ташкил этилди.

Тадбирда муҳтарам Президентимиз томонидан қабул қилинган ушбу қарор ва фармондан келиб чиқиб, судлар ва маҳалла олдига қўйилган вазифалар ҳақида фикр алмашилди. Очиқ мулоқот давомида маҳалла фаоллари ва фуқаролар фаол иштирок этишиб, қабул қилинган қонун ҳужжатлари бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтишди.

 

Қашқадарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими

Давлат чегарасидан ноқонуний ўтган шахсга суд ҳукми ўқилди

Сўнгги вақтларда ноқонуний йўллар билан хорижда ишлаш учун бориб, ҳақ-ҳуқуқлари поймол этилган, арзимаган иш ҳақи эвазига “одам савдоси” қурбонига айланаётган фуқаролар ҳақида кўплаб хабарлар чиқмоқда.

Ўзбекистон фуқароси Парпи Наимов (исми-шарифи ўзгартирилди) ҳам эндигина 19 ёшга кирган бўлиб, 2017 йилдан Қозоғистонга ишга бориб келиб юрарди.

Маълум муддат ишлаб оилавий шароити туфайли Ўзбекистонга қайтишга мажбур бўлади. Ўзбекистонда оз муддат бўлиб, яна Қозоғистонга, аввал ишлаган жойида, яъни қорамол фермасида ишлаш учун боради. Шу давр мобайнида шахсини тасдиқловчи ҳужжати, фуқаролик паспортини йўқотиб қўяди.

Бу вақтда П.Наимов икки тўғри йўл бор эди: биринчиси, Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчихонасига мурожаат қилиш ёки Қозоғистондаги мутасаддилардан йўқолган ҳужжатни излаб топишга эълон бериши мумкин эди. Аммо П.Наимов элчихонага учраб ишининг ижобий ҳал бўлишини ҳам, мутасаддиларга эълон учун хабар беришни ва кутиб ўтиришни ҳам истамади. Шу онда нотаниш шахсларга мурожаат қилди.

Ноқонуний тарзда, давлат чегарасида ўрнатилган сим тўсиқлар остидан қонунга хилоф равишда ўтиб, Ўзбекистонга соғ-саломат етиб келди. Аммо унинг хурсандчилиги узоққа чўзилмади.

Кўп ўтмасдан П.Наимовнинг қинғир ишлари ошкор бўлди. Чегарадан ноқонуний тарзда ўтиб, Ўзбекистонга қайтиб келгани аниқланди.

Унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди ва мазмунан кўриб чиқиш учун судга юборилди.

Мазкур жиноят иши аҳолининг кенг қатламига тарбиявий таъсир кўрсатиши ва шу орқали содир қилишини мумкин бўлган жиноятлар ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида, сайёр суд мажлисида кўрилди.

Судда П.Наимовга ҳукм ўқилди. Унга кўра, Парпи Наимов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 223-моддаси 2-қисмининг “б” банди билан айбли топилиб, қилмишига мувофиқ жазо тайинланди.

Шу ўринда, чет элда ишлаш учун отланаётган юртдошларимиз дунёнинг энг олис бурчакларида ҳам улар ҳаётининг кафолатланиши, аввало, уларнинг ўзларига, қўяётган қадамлари қанчалик тўғри эканига, бу соҳала белгиланган қонун талабларига итоат этишларига боғлиқ эканлигини унутмасликлари лозим.

Қачонки, фуқароларимиз белгиланган тартибга асосан ташқи меҳнат миграция агентлиги орқали қайсики мамалакатда ишламасин, ўзи учун келгусида меҳнат стажи тўплайди, суғурта бадалларини тўлайди ҳамда қариганда ўзи учун муносаб пенсияни кафолатлайди.

 

Ботирали Диёров, Қашқадарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судьяси

“Коррупция – жамият кушандаси”

Инсон умри давомида жамиятда ижтимоий фойдали фаолият билан шуғулланар экан, бу жараёнда унинг шахсий манфаатлари билан халқ манфаатлари тўқнаш келиши табиий ҳолдир. Бундай вазиятда миллат келажагини, давлат ва жамият манфаатларини ҳамда виждонини ўзининг нафсидан, мол-дунёга бўлган ҳою-ҳавасларидан, ўз манфаатларидан устун қўймай туриб, Ватан равнақига ҳисса қўшиб бўлмайди. Бунинг учун инсонда юксак маънавият ва унинг негизида юксак ҳуқуқий маданият шаклланган бўлиши керак.

Қашқадарё вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати судьялари Давлат Раҳимов ва Жамшид Ҳусайиновларнинг ҳам Қарши шаҳри Ойдин маҳалла фуқаролар йиғинида “Коррупция – жамият кушандаси” мавзусида ўтказган давра суҳбатидан кўзланган мақсад ҳам аввало аҳолининг ҳуқуқий маданиятини оширишдан иборат. Ўтказилган давра суҳбатида маҳалла фаоллари ва фуқаролар иштирок этишди. Қизғин тарзда ўтган давра суҳбатида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволлларга жавоб олишди.

 

Қашқадарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими

ДИҚҚАТ ТАНЛОВ!

Қашқадарё вилоят, туманлараро, туман ва шаҳар судларининг қуйидаги бўш иш ўринларига танлов эълон қилинади:

-Қашқадарё вилоят судининг катта консультанти вазифасига 1 нафар, (Қашқадарё вилоят суди Раёсатининг 2022 йил 22 январдаги РС-2-22-сонли қарорига кўра қуйи судда камида 1 йиллик узлуксиз меҳнат стажига эга бўлиш талаб этилади)

-Жиноят ишлари бўйича Қамаши туман судининг судья ёрдамчиси вазифасига 1 нафар;

-Жиноят ишлари бўйича Косон туман судининг судья ёрдамчиси вазифасига 1 нафар;

-Жиноят ишлари бўйича Қарши туман судининг судья ёрдамчиси вазифасига 1 нафар;

-Жиноят ишлари бўйича Чироқчи туман судининг судья ёрдамчиси вазифасига 1 нафар;

Танловда олий юридик маълумотли, Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган шахслар қатнашиши мумкин.

Номзодлар очиқлик, шаффофлик, тенглик принциплари асосида Комиссия томонидан белгиланган тартибда суҳбатдан ўтказилади.

 

Аризалар 2022 йил 18 март соат 17:00 га қадар қабул қилинади.

Мурожаат учун тел: (75) 221-0558.

Электрон почта манзили jib.qash.mh@sud.uz

Манзил:  Қашқадарё вилоят суди (180108, Қарши шаҳри Бунёдкорлик кўчаси 10a уй)

Қашқадарё вилоят судида банкротликка оид тугатиш ишларининг аҳволи бўйича манфаатдор давлат органлари ҳамда суд тугатиш бошқарувчилари иштирокида йиғилиш ўтказилди

Унда Қашқадарё вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати судьялари, туманлараро иқтисодий суди раислари ва судьялари, вилоят солиқ бошқармаси масъуллари, давлат активларини бошқариш агентлиги вилоят бошқармасининг масъул ходимлари, суд тугатиш бошқарувчилари ва суд фаолиятини таъминлаш департаменти вилоят бошқармаси ходимлари иштирок этишди.

 

Дастлаб Қашқадарё вилоят суди раиси ўринбосари – иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси Мўмин Астанов Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ўринбосари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раисининг ўринбосари томонидан жорий йилнинг 7 февраль куни тасдиқланган Қўшма кўрсатма бўйича маъруза қилди.

Шундан сўнг Қашқадарё вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати, туманлараро ва туман иқтисодий судларида банкрот деб эътироф этилган ҳамда тугатиш ишлари бир йилдан ошган ишларнинг муҳокамасига ўтилди.

Мўмин Астанов кун тартибидаги масалалар бўйича ўз фикрларини билдирар экан, йил якунига қадар банкротликка оид муддати бузилиб тугатиш ишлари олиб борилаётган ишлар қолмаслиги ва барча судларда бу бўйича чора-тадбирлар белгиланиши лозимлигини таъкидлади.

 

Қашқадарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими

Skip to content