Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш – суд-ҳуқуқ ислоҳотлари доирасида

Сўнгги йилларда мамлакатимизда жамият ва давлат ҳаётини кенг кўламли ислоҳ қилиш, шунингдек, амалга оширилган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари доирасида суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини такомиллаштириш соҳасида бир қатор ишлар амалга оширилди.

Шу билан бирга, дунёнинг илғор демократик давлатларида суд ҳужжатларини ижро этиш соҳасида шаклланган тажриба ва амалиёт таҳлили соҳада узоқ муддатли тизимли ислоҳотлар амалга ошириш эҳтиёжи мавжудлигини, мажбурий ижро бюросининг тузилма ва вазифалари мажбурий ижро тизими ривожланишининг замонавий талабларига жавоб бермаслигини кўрсатди.

Суд ҳужжатларини ижро этишдан ҳар қандай бўйин товлашнинг олдини олишга, шунингдек, фуқароларнинг минимал турмуш даражасини таъминлаш учун зарур бўлган пул маблағлари дахлсизлигини кафолатлашга қаратилган суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишга оид қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш зарурати юзага келди.

Шунга мувофиқ қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 3 январдаги “Суд ҳужжатлари ва бошқа орган ҳужжатларини ижро этиш тизимини ислоҳ этиш ва соҳани рақамлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-1-сонли Фармонга асосан “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган вазифаларга мувофиқ, фуқаролар, жамият ва давлатнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, шунингдек, суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини такомиллаштириш орқали судлов самарадорлигини таъминлаш мақсадида 2024 йил 1 майдан бошлаб, суд ҳужжатларини электрон шаклда бериш тартиби жорий этилиб, бунда иқтисодий ишлар бўйича суд ҳужжатлари асосида ижро ҳужжатларини фақат электрон шаклда бериш тартиби жорий этилиши, шунингдек, юридик шахслар томонидан суд ҳужжатлари асосида берилган ижро ҳужжатлари ва ижро иши юритиши доирасида қабул қилинган қарорлар ва бошқа ҳужжатлар уларнинг солиқ тўловчи шахсий кабинети орқали олиниши ва тақдим этилиши белгиланди.

Шунингдек, фуқаролардан қарздорликлари учун ундирув қаратилиши мумкин бўлмаган энг кам кафолатланган даромад белгиланишини, даромадларнинг кафолатланган энг кам миқдори  фуқароларнинг қарздорликлари бўйича пул маблағларини ундиришда қўлланилади ва белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг ярмига мос келиши, фуқаронинг банк ҳисоб варақларидан, жумладан, банк карталаридан ижро ҳужжатлари юзасидан қарздорлик бўйича пул маблағларини меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг ярмидаги маблағлар ҳисобидан ушлаб қолиш тақиқланиши кўзда тутилган.

Шунингдек, 2024 йил 1 декабрдан бошлаб, суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг сўзсиз ижросини таъминловчи “Мажбуриятлар реестри” институти жорий этилиши, ушбу реестр Мажбурий ижро бюроси томонидан юритилиши, реестрда қарздор ҳақида маълумотлар киритиб борилиши, унга нисбатан ижро иши доирасида қўлланилган барча чекловлар сақланиб қолиниши, реестрга киритилган қарздорнинг мол-мулки ва пул маблағлари аниқланганда мажбурий ижро ҳаракатлари давом эттирилиши, қарздор ижро ҳужжати бўйича мажбуриятини бажарганда, у вафот этганда, ижро ҳужжатини беришга асос бўлган суд ҳужжати ёки бошқа органнинг ҳужжати бекор қилинганда ёки ижро ҳужжати бўлган ҳужжат бекор қилинганда ёки ҳақиқий эмас деб топилганда, қарздорнинг 10 йил давомида мол-мулки ёки пул маблағлари ҳақида маълумот аниқланмаганда ёки қарздор банкрот деб топилганда, ундирувчининг аризасига кўра, у ҳақидаги маълумотлар реестрдан чиқарилиши назарда тутилган.

Бундан ташқари 2024 йил 1 апрелдан бошлаб суд ҳужжатлари мажбурий ижроси доирасида мол-мулкни шартнома-воситачилик асосларида сотиш фақатгина мол-мулкни қабул қилишдан уни сотишгача бўлган жараёнларни масофавий мониторинг қилиш электрон тизимини жорий қилган савдо ташкилотлари томонидан амалга оширилиши ҳам белгиланди.

Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, давлат ва жамиятни тубдан модернизация қилишда энг аввало, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, суд мустақиллигини таъминлаш, одил судловга эришиш, қонунийликни мустаҳкамлаш муҳим аҳамият касб этади.

 

Ориф Қурбонов, Қашқадарё вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судьяси

Қашқадарё вилояти судлари мутасаддилари томонидан Касби туманида суд-ҳуқуқ масалалари бўйича сайёр қабул ўтказилди

Жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, аҳолининг ҳуқуқий мавзудаги мурожаатларига ечим излашга қаратилган ишларни жонлантириш мақсадидаги Қашқадарё вилоят судлари раислари ва ўринбосарлари томонидан Касби туманида сайёр қабул ташкил этилди.

Cайёр қабул давомида турли масалаларда ҳуқуқий маслаҳат ва кўмак сўраб келган 31 нафар фуқароларнинг мурожаатлари тингланди. Барча фуқароларнинг мурожаатлари суд масъуллари томонидан атрофлича ўрганилди. Кўмак сўраб келган фуқароларга ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

Бўлиб ўтган сайёр қабул давомида фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида Қашқадарё вилоят суди раиси Абдуқаюм Маҳкамов томонидан бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ва суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар хусусида, шунингдек, қонунчиликка киритилган сўнгги ўзгартириш ва қўшимчалар хусусида тушунтиришлар берилди.

 

Қашқадарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими

Қашқадарё вилоят судида сўз мулкининг султони Алишер Навоий ҳамда буюк саркарда ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуди муносабати билан маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди

Буюк аждодларимиз таваллуд куни муносаби билан ташкил этилган тадбир “Мангуликка дахлдор мутафаккирлар” деб номланди. Унда Қашқадарё вилоят судлари судьялари, ходимлари, адабиётшунослар ва санъат вакиллари иштирок этишди.

Тадбирда буюк сиймоларимиз Навоий ва Бобурнинг ижодий, маънавий мероси халқимизнинг қалб қўридан мустаҳкам жой олганлиги, ёшлар тарбиясида муҳим аҳамият касб этиши, уларни янада кенгроқ тарғиб этиш, ўқиб-ўрганиш зарурлиги, икки буюк шахснинг нафақат ўзбек адабий тили, адабиёти, балки ўзбек давлатчилиги, халқимиз маънавиятини юксалишидаги хизматлари беқиёс эканлиги таъкидланди.

Тадбирда сўз олганлар ва таклиф этилган адабиётшунослар Навоий ва Бобур ижодининг ўзига хос қирралари хусусида сўз юритишди, уларнинг ижодидан намуналар ўқишди. Алломаларимиз ғазалларига басталанган мумтоз қўшиқларнинг ижро этилиши тадбир иштирокчиларига бир олам қувонч бағишлади.

 

Қашқадарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими

Деҳқонобод туманида сайёр суд мажлиси ўтказилди

Жиноят ишлари бўйича Деҳқонобод туман суди томонидан туман ҳокимлиги биносида очиқ сайёр суд мажлиси ўтказилди. Унда жамоатчилик вакиллари ва ёшлар иштирок этишди.

Сайёр суд мажлиси давомида 13 та маъмурий ҳуқубузарликка оид ишлар ва 1 та жиноят иши кўриб чиқилди. Суднинг ҳукми билан 4 нафар шахсга нисбатан маъмурий қамоқ жазоси тайинланди,  1 нафар шахс Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 122-моддаси 1-қисми билан айбли деб топилиб, унга 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, шу жойнинг ўзида қамоққа олинди.

Қашқадарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими

Шаҳрисабзда судьялар иштирокида ўқув-семинари ташкил этилди

Қашқадарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьялари Фазлиддин Чориев, Файёза Қамбарова, жиноят ишлари бўйича Яккабоғ туман суди раиси Адолат Ҳамраева, жиноят ишлари бўйича Шаҳрисабз туман суди раиси Шавкат Турдиев ва жиноят ишлари бўйича Шаҳрисабз шаҳар суди раиси Наврўз Ашуровлар иштирокида Шахрисабз туман ички ишлар бўлими биносида ўқув-семинари ташкил этилди. Унда Шаҳрисабз ва Яккабоғ туман ички ишлар бўлими ҳамда прокуратураси ходимлари, адвокатлар ва бошқа маъмурий органларнинг ҳуқуқшунослари иштирок этишди.

Ўқув-семинари суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш институти такомиллаштирилиши муносабати қонунчиликка киритилган ўзгартиришлар юзасидан ташкил этилди. Тадбирда сўз олганлар Ўзбекистон Республикасининг “Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги 869-сонли, ҳамда “Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги 884-сонли қонунининг мазмун-моҳиятини иштирокчиларга тушунтириб беришди. Мазкур институтнинг амалиётга тадбиқ этилишида мавжуд бўлган муаммолар ҳамда таклифлар юзасидан ўзаро фикр алмашилди.

 

Қашқадарё вилоят суди жамоатчик ва ОАВ билан алоқалар бўлими

ҚОНУН УСТУВОР – ЖАЗО МУҚАРРАР (қўшимча жазо қўллаш амалиёти)

Маълумки, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар доирасида аҳолининг тинч ва осойишта ҳаётини таъминлаш ҳамда жамиятимизда қонунга итоаткорлик ва жамоат хавфсизлиги маданиятини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жумладан, жамоат хавфсизлигини таъминлаш йўналишидаги ишларни “Халқ манфаатларига хизмат қилиш” тамойили асосида ташкил этишнинг мутлақо янги механизм ва тартиблари жорий этилиб, давлат органларининг жамоатчилик тузилмалари билан ўзаро мақсадли ҳамкорлиги йўлга қўйилди.

Жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашишнинг яхлит тизимини шакллантириш, ички ишлар органларининг энг қуйи бўғинидан республика даражасигача самарали фаолиятини йўлга қўйиш ва замонавий иш услубларини жорий этиш орқали мамлакатимизда ҳуқуқ-тартибот ва қонунийликни мустаҳкамлаш, аҳолининг тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш мақсадида 2021 йил 26 мартда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида ички ишлар органлари фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.

Кейинчалик, ушбу фармонга мувофиқ, шунингдек мамлакатимизда жамоат хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада ривожлантириш ҳамда ушбу соҳадаги давлат сиёсатининг истиқболли йўналишларини белгилаш мақсадида 2021 йил 29 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси жамоат хавфсизлиги концепциясини тасдиқлаш ва уни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилиниб, жамоат хавфсизлигини таъминлашдаги илғор хорижий ва миллий тажрибалар асосида ишлаб чиқилган ҳамда аҳолини ҳар қандай таҳдидлардан кафолатли ҳимоя қилишга қаратилган Ўзбекистон Республикаси жамоат хавфсизлиги концепцияси тасдиқланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги Фармони билан тасдиқланган “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси”нинг 16-мақсади ҳам, айнан жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг содир этилишига сабаб бўлган шарт-шароитларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этишнинг самарали тизимини яратишдан иборатдир.

«Ўзбекистон — 2030» стратегиясида ҳам адолат, қонун устуворлиги, хавфсизлик ва барқарорликни кафолатли таъминлаш асосий ғоялардан бири деб эътироф қилинган.

Зеро, фуқароларнинг тинч ва осойишта ҳаёт кечиришини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.

Бироқ, сўнгги вақтларда содир этилаётган жиноятлар, айниқса ўзганинг мулкини ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилиш, фирибгарлик, транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш, шунингдек мансабдор шахслар томонидан мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш билан боғлиқ жиноятлар ортиб бораётганлиги  барчамизни сергак тортишга ундайди.

Маълумки, қўшимча жазо чораларининг янги жиноятлар содир этилиши олдини олишда катта аҳамиятга эга эканлигидан келиб чиқиб, судларга ҳукм чиқариш пайтида асосий жазо билан бирга тегишли қўшимча жазо қўллаш масаласини ҳам муҳокама қилиш тавсия қилинган.

Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 45-моддасида кўрсатилган муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш жазоси бу – суд тайинлаган муддат давомида айбдорнинг корхоналар, муассасалар ёки ташкилотларда у ёки бу мансабни эгаллашини ёхуд у ёки бу фаолият билан шуғулланишини тақиқлашдан иборатдир.

Статистик маълумотларга кўра, 2023 йилнинг ўтган 11 ойи давомида биргина Қашқадарё вилоят жиноят ишлари бўйича судлар томонидан жазо тайинлаб ҳукм чиқарилган 4721 шахснинг 1095 нафари ёки 23,2 фоизиша асосий жазо билан бирга қўшимча жазолар ҳам тайинланган.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 167-моддаси билан судланган 264 нафар, 168-моддаси билан судланган 84 нафар, 209-моддаси билан судланган 163 нафар, 228-моддаси билан судланган 171 нафар, 266-моддаси билан судланган 211 нафар шахсларга нисбатан асосий жазолар билан биргаликда, моддий жавобгарлик ва мансабдорлик вазифаларида ишламаслик ҳамда барча турдаги транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш каби қўшимча жазолар тайинланган.

Жазо маҳкумни ахлоқан тузатиш, унинг жиноий фаолиятни давом эттиришига тўсқинлик қилиш ҳамда маҳкум, шунингдек бошқа шахслар янги жиноят содир этишининг олдини олиш мақсадида қўлланилиши эътиборга олинса, қўшимча жазо чораларини тайинлаш ҳам бу борадаги мақсадга эришиш йўлида муҳим аҳамият касб этади.

Бугунги мураккаб замоннинг ўзи воқеликка очиқ кўз билан, теран ва чуқур мушоҳада юритган ҳолда назар ташлашни, ҳушёр қарашни, жаҳонда ва ён-атрофимизда тобора кучайиб бораётган маънавий таҳдид ва хатарларни тўғри баҳолаб, улардан тегишли сабоқлар чиқариб яшашни талаб этмоқда.

Тинч ва осойишта ҳаёт халқларнинг энг эзгу орзуси. Яратгандан сўраган энг керакли тилагидир. Лекин бир нарсани унутмаслик керак: кўриб турибмиз, дунёнинг ҳамма ерига ҳам бу улуғ неъмат бирдек насиб этмаган. Демак, бу неъматнинг шукрини қилишимиз, қадрига етишимиз зарур.

Айнан тинчлик-осойишталик ҳукм сурган жойда, юксалиш ва тараққиёт бўлади, юрт гуллаб-яшнайди, фуқароларнинг турмуши фаровонлашади. Шу сабабли ҳар биримиз тинчлик-осойишталикка ўз-ўзидан эришиб бўлмаслигини тўғри англашимиз, бу ютуқлар ўз-ўзидан яратилмагани, халқимиз сабр-бардош, ишонч, ҳамжиҳат-ҳамфикрликда яшаш, тинчлик-осойишталикни асраш, бағрикенглик, меҳр-оқибат кўрсатиш орқали эришилганини ёш авлодга тушунтиришмиз лозим.

Бу эса, жиноят ва ҳуқуқбузарликлар сони камайишига, одамларда ҳуқуқий онг, ҳуқуқий маданият ошишига, бевосита халқ манфаатларини рўёбга чиқаришга, унинг турмуш даражасини юксалтиришга хизмат қилади. Бунга мажбурият деб эмас, аксинча кундалик фаолият ва ҳаёт тарзи сифатида қараш талаб қилинади.

 

Шаҳзод Бахтиёров, Қашқадарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси

ДИҚҚАТ, ТАНЛОВ!

Қашқадарё вилоят, туманлараро, туман ва шаҳар судларининг қуйидаги бўш иш ўринларига танлов эълон қилинади:

– Қашқадарё вилоят судининг судья катта ёрдамчиси вазифасига 2 нафар, (Қашқадарё вилоят суди Раёсатининг 2022 йил 22 январдаги РС-2-22-сонли қарорига кўра қуйи судда камида 1 йиллик узлуксиз меҳнат стажига эга бўлиши лозим)

– Фуқаролик ишлари бўйича Касби туманлараро судининг девонхона мудири вазифасига 1 нафар;

– Фуқаролик ишлари бўйича Косон туманлараро судининг судья ёрдамчиси вазифасига 1 нафар;

– Жиноят ишлари бўйича Деҳқонобод туман судининг судья ёрдамчиси вазифасига 1 нафар;

– Жиноят ишлари бўйича Кўкдала туман судининг судья ёрдамчиси вазифасига 1 нафар;

Танловда олий юридик маълумотли, Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган шахслар қатнашиши мумкин.

Номзодлар очиқлик, шаффофлик, тенглик принциплари асосида Комиссия томонидан белгиланган тартибда суҳбатдан ўтказилади.

Аризалар 2023 йил 4 декабрь соат 17:00 га қадар қабул қилинади.

Мурожаат учун тел: (75) 221-05-58.

Электрон почта манзили: qash.kadr@sud.uz

Манзил:  Қашқадарё вилоят суди (180108, Қарши шаҳри А.Орипов кўчаси 10 уй )

Қашқадарё вилоят судида “Жамиятда аёл юристларнинг роли ва суд тизимида ишга жойлаштириш имкониятлари” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди

Бирлашган миллатлар ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарининг Ўзбекистонга ташрифи якунлари юзасидан тавсияларини амалга ошириш, шунингдек, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2023 йил 10 июндаги Қўшма қарори билан тасдиқланган Йўл харитасининг 15-бандида жамиятда аёл юристларнинг роли ҳақида ва суд тизимида ишга жойлаштириш имкониятлари тўғрисида аёлларнинг хабардорлигини ошириш бўйича ахборот кампанияларини ўтказиш назарда тутилган.

Шу мақсадда Қашқадарё вилоят судида “Жамиятда аёл юристларнинг роли ва суд тизимида ишга жойлаштириш имкониятлари” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбирга вилоятимиздаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларда фаолият олиб борувчи ҳуқуқшунос хотин-қизлар ва бўлажак ҳуқуқшунос талабалар таклиф этилди.

Бугун мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллигига алоҳида эътибор қаратилиши натижасида суд тизимида фаолият юритаётган хотин-қизлар сони ҳам салмоқли даражада кўпайди.

Биргина Қашқадарё вилоят судларида бугунги кунда 60 дан ошиқ  хотин-қизлар фаолият юритиб келишмоқда. Уларнинг ўз ишига масъулияти, берилган топшириқ ва вазифаларни ўз вақтида сифатли бажариши тизим нуфузининг ошишига ва одил судловга эришиш борасидаги ислоҳотларда муҳим омил бўлмоқда.

Тадбир давомида суд тизимига ишга кириш, ҳуқуқшунос номзодларнинг судьялик лавозимига тайинланиш тартиби ва имкониятлари тушунтириб ўтилди.

 

Қашқадарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими

Қашқадарё вилоят судида судьялар, прокуратура ва ички ишлар органларининг тергов хизмати ходимлари иштирокида семинар машғулоти бўлиб ўтди

Қашқадарё вилоят судида “Дастлабки тергов ва суриштирув органлари томонидан жиноят ишларини юритишда хато ва камчиликларга йўл қўймаслик ва мавжудларини бартараф этиш” мавзусида семинар машғулоти бўлиб ўтди. Унда Қашқадарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьялари, прокуратура ва ички ишлар органларининг тергов хизмати ходимлари ҳамда шаҳар ва туманлардаги ходимлари эса онлайн тарзда иштирок этишди.

Тадбирда сўз олганлар жиноят процессида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини тўла таъминлаш, жамият ва давлат манфаатларини, мулкни, табий муҳитни, инсоният хавфсизлигини жиноий тажовузлардан ҳимоялаш, жиноятларни тез ва тўлиқ очиш, жиноят содир этган ҳар бир шахсга адолатли жазо берилиши ҳамда айби бўлмаган ҳеч бир шахс жавобгарликка тортилмаслиги хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини баён этишди.

Шунингдек қонунни амалиётга тўғри тадбиқ этишда дастлабки тергов ва суриштирув органлари томонидан йўл қўйилаётган хато ва камчиликлар муҳокама қилиниб, уларни бартараф этиш, келгусида бундай ҳолатларга йўл қуймаслик чора-тадбирларини белгилаб олиш ва судлар томонидан тергов ҳамда суриштирув органларига нисбатан чиқарилган хусусий ажримлар,  далиллар мақбуллиги ҳамда оқлов ҳукми чиқарилган ишлар муҳокама қилинди.

Семинар машғулоти якунида юқорида муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли манзилли чора-тадбирлар белгиланиб, масъуллар олдига аниқ вазифалар қўйилди.

 

Қашқадарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими

ДИҚҚАТ, ТАНЛОВ!

Қашқадарё вилоят, туман, шаҳар ва туманлараро судларининг қуйидаги бўш иш ўринларига танлов эълон қилинади:

– Жиноят ишлари бўйича Яккабоғ туман судининг судья ёрдамчиси вазифасига 1 нафар;

– Фуқаролик ишлари бўйича Шаҳрисабз туманлараро судининг судья ёрдамчиси вазифасига 1 нафар;

Танловда олий юридик маълумотли, Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган шахслар қатнашиши мумкин.

Номзодлар очиқлик, шаффофлик, тенглик принциплари асосида Комиссия томонидан белгиланган тартибда суҳбатдан ўтказилади.

 

Аризалар 2023 йил 17 июл соат 17:00 га қадар қабул қилинади.

Мурожаат учун тел: (75) 221-0558.

Электрон почта манзили: qash.kadr@sud.uz

Манзил:  Қашқадарё вилоят суди (180108, Қарши шаҳри А.Орипов кўчаси 10 уй )

Skip to content